Сўз излайман тасаввурдан кенг…

Башорат

“СЕН” дейман уни,

“СИЗ” дейди у майин товушда.

Ва биламанки бир куни,

Бу икки сўз қовушгай.

Шунда мени бурдалаб ташлар

“СЕНСИЗ” деган улкан аждаҳо…

 

* * *

Сенинг қалбинг ҳақиқий олмос,

Ички дунёнг нақадар ойдин.

Менинг кўнглим кўнгилдир, холос,

Йўқ, шунчаки бир сиқим лойдил.

Ўзгармайди чиройинг – арча,

Хазон сен-ла келмас рўбарў.

Юрагимни олмадек арчиб,

Қўлларинга тутқаздим, гулрў.

Муҳаббат бу аслида қимор,

Десам, кимлар йиғлади… Кулди.

Мендан олдин висолингни, ёр,

Ўзга ютиб олмаса бўлди.

 

* * *

Сўз излайман бардошдан улкан,

Сўз излайман тасаввурдан кенг.

Тегмайдиган бирор кўнгилга,

Энг оғриқли, энг покиза, энг…

Гўдак кулгусидек жарангдор,

Ғарқ пишган узумдек бир шингил,

Пикассо суратидек рангдор,

Тамаки дудидек енгил.

Қайғудан минг карра қайғули,

Тутқун эр бўғзидаги эрк.

Даҳшатга солувчи оҳуни,

Оч арслоннинг бўкириғидек

Сўз излайман.

Сўз…

 

* * *

Тоғларга чиқ, ҳолини сўра,

Ҳар бир майса, ҳар битта тошни.

Эркалатгин: дагарим, тўрам,

Елкангга миндириб қўёшни.

Пастда қолсин чўққилар, шамол,

Пуфлаб учир юлдуз уюрин.

Миррихга бош кўйиб ором ол,

Юрагингни эркин қўйириб.

Ортиқ сени чўчитмас соя,

Ахир шуни истардинг мудом.

Қара, қандай мукаммал ғоя,

Тоғ! Чексизлик! Инсон ва Худо!

Энди қўрқмай яшашинг мумкин,

Сингиб кетди руҳингга виқор.

Ўлимга тик боқасан,

Чунки

Елкангда қўёшнинг изи бор!

 

Кун ботди

Кун ботди. Кайтмоқда пода,

Чўпон келар ўйнатиб заранг.

Ёмғирга чайилган ҳаводан,

Тўйиб-тўйиб нафас олар чанг.

Юлдузларни шикорга чорлаб,

Самода ой уюштирар ов.

Мизғир зулмат кучоғи – ғорда,

Туёқлардан ҳориган яйлов.

Кун ботди. Енгилди қуёш,

Жонсарак япроқлар титрар…

Увлаб чиқар кўзларида ёш,

Эрксираган занжирбанд итлар.

 

* * *

Кўзёшингни арт,

Бошингни кўтар!

Қалтиратма тиззаларингни.

Чўчима (қаттиқроқ йўтал!),

Бўронларга бўшатиб бер

Юрак қаърингни.

Ожизлигинг сезмасин биров,

Йўқса, жонинг қолар хатарда.

Зарбаларга беролмасанг дов,

Чиқариб ташлашар қатордан.

Ҳар лаҳзани мардона яша,

Теккунича ўлим қамчиси.

Кучсизман деб қилма хархаша,

Туғулдингми, демак,

Жангчисан!

 

Қачондир

Човушар ишқ-ла жунун,

Мум тишлагай фаросат.

“Аё, Ҳақ” деб минг Мажнун,

Тарқаб кетар саросар.

Майсалар етар кўкка,

Соясин қирга ташлаб.

Дордан дунёни сўка,

Сакраб тушар шоҳ Машраб.

Излаб асл ботирин,

Заминга қўнар Семурғ.

Қабатида Қодирий,

Совутин кияр Темур.

Тулпорларин нафаси

Ҳавони қилиб фалаж.

Иблиснинг араваси

Адо этиб қайтар ҳаж.

Тоғлар чайқалар карахт,

Чақмоқ ойга тортар мил.

Оёқ чиқарар дарахт,

Қудуқларга битар тил.

Муштдек изидан отнинг

Етмиш минг шаҳид нишлар.

Болтасида жаллоднинг

Соқол олар дарвешлар.

Ёмғурмас ёғар юлдуз,

Сир қолмагай самода.

Худо билан юзма-юз

Туриб сўзлашгай одам…

 

* * *

Бошлаб кирар тунни қишлоққа

Безовта итларнинг ҳуриши.

Борлиқни бўяган қиш оққа,

Тутзор мудрар афти буришиб.

Чопонлар, пальтолар кезар кўчада,

Тезак ҳидин бурқситар ўчоқ.

(Ҳали замон чироқ ўчади)

Жой тўшайди эринчоқ чарчоқ.

Зерикканми, бетус осмонда,

Дафъатан ой бир совуқ порлар.

Ҳув юксалган тоғлар томонда

Ой нурида эрийди қорлар…

 

* * *

Тун сеп ёяр. Кундуз қариди,

Йўғонлашар заиф товушлар.

Ёритай деб осмон қаърини,

… Юлдуз сочар ҳовуч-ҳовучлаб.

Ёмғир… кўча томоғин ҳўллаб,

Юмшоқ юзи айланар лойга.

Симёғочлар – пичилган қуллар,

Тикилишар яланғоч ойга.

Иймон ўқиб қайтгач хуфтонни,

Соат ўнгга урганида бонг;

Биз учрашган ҳу-ув хиёбонни,

Хотирамда қилгайман меҳмон.

Ахир, билсанг, сенга тегишли

Ёшлигимнинг катта бўлаги.

… Чак-чакиллаб қўзғайди ғашлиқ

Тарновларнинг муздек сўлаги.

Уйқу бермас эртаклар хасис,

Тун. Хаёлга ўтмиш қуйилар.

У ҳам мени ўйлар, шубҳасиз,

Балки менга шундай туюлар…

 

 

ЖОНТЕМИР

 

1994 йили туғилган.

Тошкент давлат техника университетининг

электроника ва автоматика факультети талабаси.

Шеърлари матбуотда эълон қилинган.

 

 

“Ёшлик”, 2018/1

https://saviya.uz/ijod/nazm/soz-izlayman-tasavvurdan-keng/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x