Ревматик иситма ва юракнинг ревматик касаллиги ревматизм (бириктирувчи тўқиманинг яллиғланиши) билан кечадиган касаллик тури бўлиб, бунда асосан юрак клапанлари, бўғим ва бошқа аъзолар жароҳатланади. Ангина билан тез-тез оғриган беморлар юрак ревматик касаллигига кўпроқ чалинишади. Совуққотиш эса бу дарднинг авж олишида муҳим омил ҳисобланади. Шунинг учун юрак ревматик касаллиги кўпроқ йилнинг совуқ фасллари (куз, қиш)да учрайди.
Кўп ҳолларда бемор b-гемолитик (ревматоген) стрептококк чақирувчи ангинадан батамом тузалиб кетмаса, ҳарорати яна кўтарилади, тизза, тирсак, билак-кафт усти, болдир-оёқ панжаси бўғимларида оғриқ пайдо бўлади, бўғимлар қизариб шишади, ревматик полиартрит бошланади. Юрак ревматик касаллигининг асосий белгиларидан бири ҳисоблангани учун бу касаллик “Юракни тишлайди, бўғимларни эса ялаб ўтади” деган гап бор.
Ревматик полиартрит аспирин ва бошқа антиревматик дорилар қабул қилгандан кейин тузалади, оғриқ камайиб, шишлар йўқолади. Бунда бўғимлар зарарланиши турғун бўлмайди, одатда 10-2 кун ўтгач, полиартритнинг ҳамма аломатлари йўқолиб кетади. Айни пайтда юрак клапанлари, мушак қавати, ташқи пардаси ҳам зарарланади. Клапанларнинг ревматик зарарланиши уларнинг шакли ўзгаришига ва юрак нуқсони (пороги) пайдо бўлишига олиб келади. Юрак ревматик касаллиги юракнинг зарарланиши (ревмокардит) полиартритсиз ҳам кечиши мумкин.
Ревматик иситма ва юракнинг ревматик касаллигида бошқа аъзолар ҳам зарарланади, айниқса, нерв тизими зарарланиши (хорея) кузатилиши мумкин. Бунда беморнинг оёқ-қўллари беихтиёр учиб туради, у жуда безовта бўлади ва тез толиқиб қолади. Ўпка зарарланиши эса юрак ревматик касаллигининг клиник белгиларидан биридир. Ревматик пневмонияда, хусусан, беморга ҳаво етишмайди, иситмаси кўтарилади, ўпкасида турли хириллашлар эшитилади. Рентгенда ўпка тўқимасининг зичлашгани ва шакли ўзгаргани аниқланади. Ревматик ўпка васкулитида эса бемор йўталади, айрим ҳолларда қон аралаш балғам ташлайди. Юрак ревматик касаллигида ўпка пардаси зарарланиши (ревматик плеврит) ички аъзолар яллиғланиши сингари бўлади. Ревматик плевритда нафас олишда кўкрак қафасида оғриқ бўлади, плеврада экссудат йиғилади.
Юракнинг ревматик касаллиги бошланишидаёқ беморнинг ҳоли қурийди, юраги гупиллаб уради, ҳансираб туради, тана ҳарорати бироз кўтарилиши мумкин. Бироқ беморлар шуни унутмасликлари керакки, бўғимларнинг қизариб шишиши билан кечадиган ҳар қандай оғриқ юрак ревматик касаллиги бўлавермайди. Шунингдек, юрак тез уриши, юрак соҳасидаги нохуш сезгиларнинг барчаси ҳам ревмокардит эмас. Юрак ревматик касаллигини фақат врач аниқлаб, даволайди. Агар юқоридаги белгилар кузатилса, зудлик билан шифокорга мурожаат этиш ва тегишли муолажаларни олиш керак, шундагина тузалиб кетади.
Оғир асорат қолдирмаслиги учун
Юрак ревматик касаллигининг олдини олиш ва уни даволашда қуйидаги маслаҳатларга амал қилганингиз маъқул:
- беморда сурункали тонзиллит, гайморит, отит каби хасталиклар бўлса, вақтида даволатиш зарур, акс ҳолда бу хасталиклар бора-бора юрак ревматик касаллигини келтириб чиқаради;
- йил давомида бактериялар қўзғатадиган касалликларга қарши профилактик даво чоралари кўриш юрак ревматик касаллигининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади;
- бемор истеъмол қиладиган овқатнинг тузи паст бўлиши, углеводлар миқдори камайтирилгани маъқул, шундай экан, юрак ревматик касаллиги билан оғриган беморнинг овқатида етарли миқдорда оқсиллар ва витаминлар, айниқса, витамин С бўлиши жуда муҳим;
- юрак ревматик касаллигини тузатишда бўғимларни уқалаш (массаж)нинг фойдаси катта, чунки уқалаш машқларидан сўнг мушакка кўрсатилган таъсир туфайли қон оқими яхшиланади, бўғимлардаги шишлар сўрилади, уқаланган жойларда қон юриши яхшиланиб, юрак иши меъёрига тушади;
- юрак ревматик касаллигида даво ванналари ҳам яхши ёрдам беради. Бунда мушаклар бўшашиб, оғриқ камаяди, шунингдек, асаблар тинчланади ва моддалар алмашинуви яхшиланади;
- касалликнинг бошланғич даврида даволовчи бадантарбия машқларини ўтказиш лозим. Агар шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда бадантарбия машқлари билан доимий шуғулланиб борилса, дарднинг зўрайиши ва хуружининг олди олинади.
Спорт машқлари — профилактик чора
Болалар 7-15 ёшларда салга шамоллайди, томоғи оғрийди, юрак ревматик касаллигига осон чалинади, шунинг учун мавсумга қараб кийинтириш, кичик ёшдагиларни ўткир респиратор касалликлардан асраш керак.
Грипп, ангина ва шамоллашларни оёқда ўтказмасдан, уйда ётиб даволаниш анча наф беради ва бу нарса уларни юракнинг ревматик кассалиги ва ревматик иситмага чалинишдан сақлайди;
- бир маротаба бўлсада, ангина билан оғриган бемор ўзи яшаётган жойдаги даволаш муассасасида рўйхатга олиниши ва доимий равишда шифокор назоратида бўлиши зарур;
- ревматик иситма ва юрак ревматик касаллигининг олдини олишда оилавий спорт машқларининг роли катта. Айниқса, эрталаблари югуришни одат қилинса, тана чиниқади, бақувватлашади, ўсмирлар касалликка камроқ чалинишади;
- ревматик иситма ва юрак ревматик касаллигининг илк аломатлари (айниқса, ангинадан сўнг) сезилиши биланоқ, дарҳол ревматолог шифокорга бориш ва унинг маслаҳатлари асосида даволанишни бошламоқ зарур.
Шуни унутмангки, ўз вақтида кўрилган профилактик чора-тадбирлар ревматик иситма ва юрак ревматик касаллигини келтириб чиқарадиган юрак иллатларининг кескин камайишини таъминлайди ва беморнинг тезроқ тузалишига имкон яратади.
Машҳура РИЗАМУҲАМЕДОВА,
тиббиёт фанлари доктори, профессор.