Теодор ДРАЙЗЕР
XX аср Америка насрининг йирик вакилларидан бири Т.Драйзер дунё китобхонларига “Сармоядор” (1912), “Титан” (1914), “Матонат” (1947), “Америка фожиаси” (1925) каби салмоқли асарлари билан танилган. Адиб романларида ҳам, ҳикояларида ҳам ижтимоий ҳаётдаги иллатларга холисона баҳо бериб, америкаликлар турмушининг асл манзарасини чизган.
Мен уни илк дафъа Спайк шаҳри таъмирлаш устахонасида учратдим. Машина бўлимида кичикроқ динамо учун тагкурси ётқизаётган эдилар, у ишни бошқараётганди: гоҳ кимнидир бақириб сўкар, гоҳ амрона овоз билан ниманидир буюрарди. Унинг қўл остида ўнтача италиялик ишлар, уларнинг ҳаммаси бир хил – ўрта бўйли, буғдойранг, чорпаҳилдан келган одамлар; каттаси эллик ёшларда, кичиги йигирма бешдан ошмаган, улар бинодан унча узоқ бўлмаган захира йўлда турган вагондан қурилиш материалларини ташимоқда эдилар. Вагонда цемент, шағал, эски-туски тахталар, замбилғалтак ва бошқа меҳнат қуроллари бор эди.
У бўлса, пиджаксиз, енглари шимарилган, машина бўлмаси эшиги олдида турар ва асл ирланд лаҳжасида жон куйдириб қичқирарди:
– Эй, Мэтт! Эй, Жимми! Белкуракни ол! Қум таши, тош таши! Цемент қани, а? Цемент деяпман! Менга цемент керак! Бу ерда нега ивирсиб юрибсиз? Сизни лайлак ҳайдаш учун ёллашганми? Тезроқ! Қани, жонли-жонли ишланглар-чи! – у дағдағани тугатгач, ёруғ оламда фақат ўзигина шошилмасдан ҳаракат қилишга ҳақли эканлигини кўрсатмоқчи бўлаётгандек у ён-бу ёнга бўйнини секин буриб, ғоз қараш қилиб қўйди.
Бу пайтда мен бошимдан унча-мунча саргузаштларни кечириб, ҳар хил хўжайинларга нисбатан норозилик кайфиятим, айниқса, мана бунақа бақироқларига нисбатан нафратим шаклланиб бўлганди. “Буни қаранг, нақ қулдорнинг ўзгинаси! Ҳўкизга ўхшамай ўл!” деб ўйладим ичимда. Ваҳоланки, у ташқи кўринишидан ёқимтойгина кўринарди. Бу ўрта бўйли, митти гавдали, бўйни йўғон бир киши эди. Оқ оралаган мўйлаби ва сочлари калта қилиб кузалган. Таъсирчан, ўйноқи, жигарранг кўзлари асл ирландларга хос ялтираб, оловланиб турарди. У ўзини шундай ҳокимона тутардики, менга кимдир бўйсунмаслиги ҳам мумкин, деган фикрни хаёлига яқин йўлатмасди, чамаси. Барча хатти-ҳаракатлари билан: “Мен бу ерда хўжайинман”, деяётгандай эди. Дарҳақиқат, у бу ернинг ҳақиқий хўжайини эди. Ирландлардан ер юзининг барча бурчакларида аъло даражали бошлиқлар чиқаётганига сабаб ҳам айнан шу хусусият эмасмикин?
Унинг бу ерда олиб бораётган иши нечоғли мураккаб ва муҳим эканлиги ёлғиз худога аён, аммо бу қизиқарли иш эди. Ўнга ўн икки фут ўлчамда чуқур қазиб, ичида тахтадан шакл ҳосил қилиш, кейин бетон қориб, бу шаклларга қуйиш ва мотор ўрнатиш учун унда темир излар қолдириш керак эди. Бу иш у қадар ҳам шошилинч бўлмай, хотиржамроқ бажариш ҳам мумкин эди. Аммо кишининг ғайрати ошиб-тошиб ётган бўлса, агар унга атрофидаги шовқин-сурон ва ғала-ғовур ёқса, иш гарчи бир жойда турган бўлса-да, киши ишим олға кетяпти, деб ўйлашни ёқтирса, нима ҳам қила олардингиз. Афтидан, у бу шовқин-сурон ва шошма-шошарликдан қониқиш ҳосил қиларди. У бошлаган ишни тезроқ тугатишни шу қадар истардики, чарчаш нималигини билмасдан цех бўйлаб елиб-югурар ва қичқирарди.
– Эй, Мэтт! Эй, Жимми! Жимми! Белкуракларни келтир! Керкини обкел! Қани, тезроқ! – вақти-вақти билан оғзидан буйруқ гаплар шаршарадай отилиб турарди.
– Ол! Пастга! Ўнгга! Ҳа, юқорига! Чапга! Тўғрига! Орқага! Олға! – ва бу буйруқларнинг ҳар бирини ўзининг тенгсиз “Жин урсин” жумласи билан қувватлантириб турарди. Кейинчалик мен шунга ишонч ҳосил қилдимки, “Жин урсин” унинг оғзида ҳар қандай дўстона мурожаатдан ҳам беозорроқ янграйди. Қисқаси, бу ўзининг беқиёс таланти билан атрофдагиларни мафтун қилувчи, Киплингнинг Нэмгей Дуласига ўхшаган ўзига хос, ажойиб нусха эди.
Аввал айтганимдай, дастлаб у менда даҳшатли, тўғриси, жирканч таассурот қолдирди. “Ирланд махлуқи! – дедим ичимда. – Тирик одамлар унинг учун ишлаши керакмиш, гўё. Унинг зардаларию, таҳқирлашларини ким кўтаради?” Ваҳоланки, тез орада унинг кўпам аҳмоқ эмаслигини англаб етдим, кейинчалик у менга ёқиб қолди.
Мендаги бундай тез ўзгаришга қўл остидагиларнинг унга муносабати сабаб бўлди. У қанча қўполлик билан уларни ишга ҳайдамасин, ишчилар асло кўнглига олмас, нима бўлганда ҳам ишдан чалғимасди. У ишчилар тепасида туриб: “Тепага! Тепага! Тепага! “ ёки “Пастга! Пастга! Пастга!” – деб бақириши, бунга асаб толалари эмас, арқон ҳам дош беролмаслиги мумкин. Улар бўлса, шовқинга соатнинг чиқиллашидан ортиқ эътибор беришмасди. Улар бу шундай бўлиши керакдай, одатдан ташқари ҳеч иш бўлмаётгандай қабул қилишарди, афтидан, ишчилар аллақачон ўрганиб қолишганди. Ўзларининг эринчоқ қадам ташлашлари билан улар чорбоғда ёки хиёбонда сайр қилувчи бекорхўжани эслатар, тахта ва тошларни бебаҳо ва нозик нарсадай авайлаб кўтариб ўтарди. Бу манзарани кўрган ҳар қандай кишининг лабига табассум югурарди. Бўлиб ўтаётган воқеаларнинг кулгили моҳиятини англаб етгач, мен чидай олмадим ва беихтиёр кулиб юбордим. Рурк менга ўгирилди ва истеҳзо билан, аммо беғараз танбеҳ берди.
– Ҳа-ҳа-ҳа! Булар каби ишласанг эди, бундай кулмаган бўлардинг!
“Ишчиларинг қурсин!” деб жавоб бермоқчи бўлдим, аммо бунинг ўрнига оғзимдан қуйидагилар чиқди:
– Қўйсангиз-чи? Мен уларнинг ҳаддан зиёд қийналганини кўрмаяпман. Ўзингиз ҳам қийналмаяпсиз! Сиз сиртдан шафқатсиз кўринсангиз-да, аслида, унчалик шафқатсиз эмассиз.
Шундан кейин италияликларнинг эмас, унинг устидан кулаётганимни тушунтирдим. У эса буни бағрикенглик билан қабул қилди. Биз секин-аста темир йўл ишлари ҳақида гаплашдик. (Камина номигагина ишчи ҳисобланардим, соғлиғим туфайли қанча ишлай олсам, шунча ишлашга рухсат берилган эди. Бу ишим учун соатига ўн икки цент олардим.) Бизнинг дўстлашувимиз шундай бошланганди.
Ўша куни эрталаб Руркнинг қурилиш ишлари бўйича пудратчи эканлигини билдим. У Нью-Йоркдан эллик учинчи километргача чўзилган ҳудудда мураккаб бўлмаган ҳар хил ишларни бажарарди – бетон платформалар, сув юриши учун зовурлар, тошкўмир бункерлари, йўлаклар, кўприклар учун таянчлар, иморат деворлари – умуман, бетон, ғишт ёки тошдан нимаики қуриш мумкин бўлса, барини қурарди. Қўл остида ўнлаб ишчилар меҳнат қилар, ихтиёрида вагон ҳам бор эди, Рурк қаёққа борса, вагон ҳам ўша ёққа олиб бориларди. Уни эса қаерда хизмати керак бўлишига қараб, гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа жўнатиб турардилар. Ўзининг айтишига қараганда, баъзан соат еттида иш жойига улгуриш учун тонгги соат тўртда уйқудан уйғонарди. У хизмат қилаётган катта темир йўл компанияси фақат ўз манфаатларини кўзлаб ишларди. Рурк ва ишчилари дам оладими, йўқми, бу уларни асло қизиқтирмас эди. Рурк бўлса, ўзининг тан олиб айтишича, оғир ишдан қочмасди ҳам. У оғир ишни ёқтирарди. У бу компанияда роппа-роса йигирма икки йил ишлаганди. “Ёмғирдаям ивидим, қуёшдаям қорайдим – ҳаммасини кўрдим”. Бўрон ҳам, момақалдироқ ҳам, гўристондагидай зулмат ҳам, ҳеч нарса уни тўхтата олмасди.
– Ўз вақтида иш жойимда бўлишим керак-ку, ахир, – деди у бир куни ўзининг ўйноқи ирландча табассуми билан. – Менга тўшакда ётганим учун ҳақ тўламайдилар-ку! Мана, сен, – қўшимча қилди у менинг озғин ва сўлғин гавдамга ишора қилиб, – бир йилгина шундай ишлаганингда эди, худонинг бермиш куни хўроз қичқириғи билан уйғонганингда эди, балки сендан ҳақиқий эркак чиққан бўлармиди?
– Шундай деб ўйлайсизми? – хотиржам оҳангда сўрадим мен. – Сиз қанча пул оласиз?
– Кунига икки ярим.
– Нималар деяпсиз! – қичқирдим ясама ҳайрат билан.
Мана, қандай саховат кўрсатмоқда бу темир йўл корпорацияси, ўзимча ўйладим мен. Ўн соатлик иш куни, шундай муҳим қурилиш ишини олиб бориш ва назорат қилиб туриш учун икки ярим доллар! Рурк бизнинг америкача шиоримизга кўра “бахтли бўлишга ҳақли” эди, шубҳасиз, аммо бу бахт унинг қўлига тегиши даргумон эди. Мен ўзим бу вақтда ундан ҳам баттарроқ аҳволда эдим. Узоқ беморликдан сўнг ўн соатлик иш кунида соатига ўн икки цент ола бошлагандим. Энг ёмони, ўз иш бошқарувчимни ўлгудай ёмон кўрардим. У сурбет ва бақироқ, жоҳил бир киши бўлиб, пешонасида оловранг кокили ёқимсиз ҳурпайиб турарди. Ундан жон-жон деб кетишга тайёр эдим. Бу унчалик қийин эмасди: темир йўлда менинг ўзимга яраша алоқаларим мавжуд бўлиб, энди каминага муносиброқ бир ишни берадиган одамни топишим керак эди. Мана шундай одамни топишим қийин кечаётганди. Руркни кузатганим сайин у менга ёқиб қолаётганди. Кўриниб турибди, яхши одам, ҳақиқий дилкаш, муомалада ҳайратланарли даражада содда, самимий одам. Мен унинг қўлида ишлашга қарор қилдим.
– Мени ўзингизга ишга олмайсизми, мистер Рурк? Сизда ишлашни жуда хоҳлайман, – бу ерга қандай келиб қолганимни айтиб бергач, тортинибгина сўрадим.
– Яхши, нега олмас эканман. Керак бўлиб қоларсан, – дея жавоб берди у.
– Италияликлар билан ишлайманми? – белкурак ва керки билан ишлай олишимга кўзим етмай сўрадим мен. Бу савол афтидан унинг завқини қўзғатди – каминанинг заифгина қоматим унинг тасаввуридаги жисмоний меҳнатда чиниққан кишилар образига тўғри келмасди.
– Сенга шундоғам иш топилади. Белкурак ва керки оқ танлилар учун эмас, – мени тинчлантирди у, – майли, негрлар азобланаверсин. Уларнинг белига қара, елкаларини кўр! Қандай бақувват! Сеники-чи?
Уятдан қизара бошлаганимни сездим. Мен юқоридан қарашга мойил бўлган бу италияликлар жисмоний ривожланишда каминадан ўзиб кетишганди.
– Рурк, нега сиз уларни негрлар деб атайсиз? – деб сўрадим бироз жим тургач, – улар қора эмас-ку?
– Эй-й, оқ ҳам эмас-да, – сўнг қатъий ишонч билан қўшимча қилди. – Буни уларга қараган ҳар қандай одам дарҳол тушунади.
Бу бемаъни гапни у шундай ишонч билан айтдики, мен ҳатто кулиб қўйдим.
– Майли, – рози бўлдим мен, – қора бўлсалар, бўла қолишсин.
Шу билан бу мавзуга чек қўйдик.
Тез орада Руркнинг таклифига кўра, унинг бошқарувига ўтказишларини сўраб ариза ёздим. Талабимни қондиришди. Унинг жамоасига ўтганимда улар Нью-Йорк шимолидаги Харлем дарёси бўйидаги кичик станцияда, Вильямсбриж олдида тошкўмир сақлаш учун бетон бункер қуришаётганди. Бу ғоят гўзал манзарали гўша бўлиб, тўрт тарафда майсазору дарахтлар. Қоронғи ва диққинафас устахонага нисбатан беқиёс хушманзара маскан. Менга бу ер жаннатдай кўринди. Эркаловчи тонг қуёши! Дарахтлардаги ям-яшил япроқлар! Ёқимли, салқин шабада! Қандай гўзал!
Руркни платформа остидаги ҳозиргина қазилган чуқурликдан топдим, у ҳар хил асбоблар ёрдамида ниманидир ўлчаб, белгиламоқда эди. Мени кўриб, жилмайиб қўйди.
– Аҳ-а, ахийри бизга келибдилар-да, – деди у табассум аралаш.
– Ҳа, – жавоб бердим мен ҳам жилмайиб.
– Айни вақтида келдинг. Сенга иш бор! Идорага кир.
“Хўп” деб улгурмасимданоқ, янги қазилган тупроқ ҳидини таратганча чуқурдан сакраб чиқди ва ўзининг эскириб қолган малла пиджагига эгилди, унинг чўнтакларини кавлаштириб, ўралган ва ифлосланиб кетган хат чиқарди. Хатни йўғон ва қўпол бармоқлари билан очиб, нафрат билан кўз югуртириб чиққач, менга тутқазди.
– Вудлонга жўна, – давом этди у, – у ердан болт ол – бир бочка болт бор, талабномани тўлдириб бу ёққа жўнат. Сўнг идорага кириб уларга мана бу нарсани бер. – шундай деб у яна чўнтакларини кавлаштирди ва ғижимланиб кетган бошқа бир қоғозни топди, буниси сариқ рангли эди (улар менинг хотирамда шундай ўрнашиб қолди). Бу муҳрланган бланкалар эди – тез орада мен улар билан яхшилаб танишиб олдим! – ҳар қандай материални олиш учун тўлдирилиб, қўл қўйиладиган махсус бланкалар, бу “материал” ҳатто бир дона тахта, мих ёки болт бўлса ҳам ана шу бланкалар тўлдирилиши шарт эди. Компания бундай қоғозларни ҳамма ўнбошилардан талаб қилар ва шу орқали аниқ ҳисоб-китоб олиб борарди. Бу талабномаларсиз бухгалтерия қўли кесилгандай бўлиб қоларди. Рурк эса буларнинг барини кераксиз ва бемаъни нарсалар деб биларди. Унинг фикрича, одамдан ҳар қадамда қоғоз талаб қилиш мумкин эмас.
– Булар мени алдаб кетади деб ўйлайдиларми? – дерди у хафа бўлиб ва алами келиб.
Мен бундан шуни тушундимки, Рурк компания томонидан ўрнатилган тартибларни бузган ва бунинг учун яхшигина таъзирини ҳам олган бўлиши керак. Уларнинг таъбири билан айтганда, “думини бураб” қўйишган. У ирландларга хос жанговар феъл-атворининг бор қудратини намоён қилиб ғазабланар, безовталанарди. Шу билан бирга, энди бу бемаъни ишларнинг барчасини мен ўз елкамга олиб, уни шу юкдан халос қилишим ҳақидаги фикр Руркни бироз тинчлантирарди. У тажрибали киши бўлиб, мендан яхшигина ёрдамчи чиқиши мумкинлигини бир қарашдаёқ тушуниб етди. Кейинчалик фақат шу юмуш учунгина мени ишга қабул қилганига тўлиқ ишонч ҳосил қилдим. Йўлга отланганимда у бошлиқлар шаънига яна бир қўпол гап айтди:
– Уларга айтиб қўй, қачонки материални олсам, кейин қўл қўяман, ундан олдин булбулчамни ҳам қўймайман!
Мен бу охирги гапни “айтиб қўйиш” керак эмаслигини тушунардим, албатта. Руркнинг ўзи ҳам бу гапларни етказишимни истамасди, шунчаки унинг ирландча ҳамияти қўзиб турганди, холос. Вудлонга келиб, болтларни қўлга киритдим, кейин идорага бориб ёзув-чизув ишлари билан шуғулланадиган ходимлар бошлиғини топдим. У башанг костюм кийган, миқти жуссали, рақс устасига монанд озғингина киши эди. Маълум бўлдики, у ҳам ғазабланиб юрган экан. Рурк материаллар ҳақидаги маълумотларни юбормайди. Бу материалларга ҳам, аввалгиларига ҳам қайдномаларни юборгани йўқ. Ҳисобот бериш учун бу қоғозлар муҳим эканини тушунмайди. Рурк маълумотларни бир ойлаб кечиктириб юборади, баъзан ундан ҳам кўпроқ кечиктиради – бу вақтда материал ундан фойдаланишларини кутиб қаердадир чанг босиб ётади! Бош ҳисобчи Рурк бу ҳолни қандай изоҳлашини билмоқчи. У, афтидан, материалларни бирор станцияга тўплаб, ўша ердан уларни керак бўлган вақтда олиб, сўнг қайдномаларни расмийлаштириш лозим деб ҳисоблайди, шекилли, дегандим, бош ҳисобчи ғазабдан портлаб кетаёзди.
– Нима?! – деди у бошини чангаллаб. – Мен кимман унга? Унинг фикрича, мен ҳисоботларни қандай тузаман? Ҳали у ҳамма материалларни бир жойга тўплаб, керагича олавермоқчими?! Рурк деганингиз бедаво бир овсар! Унга менинг сўзларимни худди шундай етказинг. Ҳозироқ унинг олдига боринг ва унга айтингки, бирор материал унинг ҳисобига ўтганини айтганлари ҳамоно у қайдномаларни тўлғазиб, қўл қўйиб менга етказиши шарт. Нима олишидан қатъи назар, бир дона ёнғоқ оладими, бир вагон қум оладими, менга барибир. Менга маълумотлар керак. Нима чала қолган бўлса, ҳозироқ тўлдирсин, акс ҳолда яхши бўлмайди. Мен бунга ортиқ чидаёлмайман. Унга қолса, мен ҳисоб-китобни кандай юргизаман? Бу ишни сизга юкласин, бахтига сиз ҳозир шу ердасиз. Бу бизни кўп ноқулайликлардан қутқаради, Руркка эса жойини сақлаб қолишига ёрдам беради. Эслаб қолинг, бундан кейин сира кечикманг! Қайдномаларни вақтида тақдим қилинг! Акс ҳолда ё у кетади, ё менинг кетишимга тўғри келади.
Бу қайдномалар ва яна йигирмага яқин узундан-узоқ хомчўтлару ҳисоботлар, қайсики, иш билан боғлиқ материалларни қабул қилгани учун имзо чекишдан тортиб, нархи бир чақалик бир варақ оқ қоғознинг ишлатилгани ҳақидаги ҳужжатга қўл қўйишгача бўлган икир-чикирлар Руркнинг ҳаётини чидаб бўлмас ҳолатга олиб келганди. Кейинчалик менга маълум бўлишича, унинг бутун оиласи, ҳеч бўлмаганда катта ўғли ва иккита қизи кўпинча тун бўйи ана шу ҳисоботлар устида тер тўкиб чиққан. Бу юмушларнинг Рурк ёқтирадиган қурилиш ишларига ҳеч қандай алоқаси йўқ; аммо шу икир-чикирлар у ишлайдиган бошқарув тизимининг муҳим қисми эди. Буни у сира қабул қила олмасди. Бу ёзув-чизувларнинг салбий томони ҳам бор эди: агар қоғоз билан ишлай оладиган, сабр-тоқатли одам ҳозирги ишнинг ярмини бажарса ҳам бошлиқлар назарида яхшилар қаторида ҳисобланиши мумкин эди; аксинча, қанча яхши ишламасин, маълумотлари тушунарсиз ёки чала тўлғазилган кишининг ютуқлари ҳисобга олинмасди. Рурк буни тушунгани учун баттар ғазабланарди. У ўз ишини иложи борича яхшироқ бажаришга интилар, виждонан ишларди, шу билан фахрланарди, аммо худди жўрттага қилгандай, ундан ёзув-чизувни сўраб, ишдан қолдиришарди. Унинг фикрича, бу қайдномалар ва ҳисоботлар қурилишга халал беришдан бошқасига ярамайди – Руркнинг хатоси ҳам шунда эди. Шунинг учун ҳам кўплардан яхши хизмат қилаётган Рурк ҳисобот тузишни билмагани сабабли, айниқса, бош ҳисобчининг назарида обрўси паст ходим ҳисобланарди. Бош ҳисобчига айтганларини сўзма-сўз Руркка етказишга ваъда бериб, ундан узоқлашдим.
Қайтиб келгач эса, эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишга қарор қилдим. Агар шу ишни эплай олмасам, белкурак ва кетмон билан ишлашимга тўғри келади, бундай меҳнатга ярамаслигим эҳтимолдан йироқ эмас. Шунинг учун ҳам мен бош ҳисобчининг ҳолатини энг таъсирли оҳангда тасвирлаб бергач, Рурк олган материаллари учун қайдномаларни лозим тарзда етказиб бермаса, шўрлик бош ҳисобчи ишдан кетиб қолиши ҳам мумкинлигини гап орасида қистириб ўтдим.
– Билсангиз, ишлар шунақа, Рурк, – деб сўзимни якунладим.
У, афтидан, ҳамма гапга тушунди, аммо ғазаби ҳали пасаймаганди.
– Қайдномалар! Қайдномалар! – ғудранди у оғриниб, аммо аста-секин юмшай бошлади. – Қайдномалар керакми, унга? Бу қайдномалар унга нима қилиб берармиш? Ёпишиб олганини кўр! Нон ўрнига қайднома ейдими, бу? Мен ҳам ўнбоши, ҳам ҳисобчи бўлишим керак – бир йўла ҳаммасини бажаришим лозим! У кишимга қайдномаларни тўлғаз! Менинг бошқа ишим йўқми? – у ёнига тупурди ва жим бўлиб қолди.
Бироз вақт ўтгач бағрикенглик билан тан олди:
– Ўзим ҳам қайдномаларни мутлақо унутиб қўйибман-да.
Кейинги ойда бизни ишга кўмиб ташлашди. Морисанияда платформа қуриш, Тарритаунда дудбурон ўрнатиш, Уайт-Пленсда пиёдалар учун йўлакча ётқизиш, Такахода эса, каттакон цистернани кўмиб, тош билан қоплаб чиқиш керак эди. Бундан ташқари, биз Ван-Кортлен ва Маунт-Кискода платформа қуришимиз, Хай-Бридж ва Ардслида сув миноралари, Кэриледа – йўлка ва зовур, Бронкс-Паркда ариқ ва оқовалар учун зовур, Мелрозда иморат учун қирқтача дераза орасига бетон устунлар қуришимиз керак эди.
Бунинг учун фақат Руркнинг ўзи эплай оладиган қурилиш ишларини бажариш ва назорат қилишдан ташқари катта ҳажмдаги ҳисоб-китоб ва ҳар хил ёзишмалар билан шуғулланиш талаб этиларди. “Бу нимаси, – ўйлардим мен, – оғир қурилиш ишлари билан қулоғигача кўмилиб ётган кишини ҳисоб-китобдан ақалли қисман халос қилиш учун унга ёрдамчи ёки ҳисоб юритувчи беришмаса”. Агар Рурк озгина зийрак бўлганда, ўзига шундай ёрдамчини аллақачон топарди – ўз ишчиларидан бирини идора хизматчисига айлантириб қўйса, олам гулистон эди. Аммо афтидан, бу Руркнинг хаёлига ҳам келмаган. У фақат ўз оиласининг меҳнатидан фойдаланишга одатланганди. Буюртма берилган материалларни ишга тайёрлаш, ўз вақтида етказиб бериш ва керакли жойга тушириш учун ҳам алоҳида ходим талаб қилинар, аммо Рурк буларнинг барини ўзи бажаришга мажбур эди.
Шунга қарамай, у аъло даражада ишларди. Мен меҳнат қилишда унга тенг келадиган бошқа бир одамни учратмаганман. Тўғри, у буйруқ беришни ёқтирарди – девор тепасигами, тупроқ уюмигами чиқиб олиб ўша ердан ниманидир ўлчаш, ҳисоблаш, кўрсатма беришни севарди. Аммо бирор ишни тез бажариш талаб қилинганда, у белкурак ёки чилвир ё шоқулни қўлига олиб, соатлаб ишларди. Чарчоқдан сира шикоят қилмас, аксинча, ниманидир хиргойи қилиб, ҳуштак чалиб, токи бирор ишкал чиқиб қолмагунча ишлайверарди. Ишкал чиқиши билан жазавага тушиб, қичқира бошларди:
– Тўхта! Тўхта! Сен бирон нарсани тушунасанми ўзи? Нима қилаяпсан? Мен сенга нима дедим? Ерга қўй! Қўй деяпман! Нима, калланг ишламайдими? Калтафаҳм! Эсипаст! Миясини еган овсар!
“Ё, Худо! – ўйлардим мен, – яна нима рўй бердийкин?” Қандайдир фалокат юз берди, деб ўйлаш мумкин эди. Аммо одатда арзимаган хатолик ўтган бўлиб чиқар, ёмон оқибатга олиб келиши мумкин бўлган бу камчилик осонгина тузатиларди. Италияликлар бир неча дақиқа югуришиб, шошиб қолишар, кейин яна ҳаммаёқ тинчиб, Рурк қадимий бир ирландча қўшиқни хиргойи қилар, ёки бирор оҳангни ҳуштак қилиб чала бошларди.
Руркнинг энг ёқимли хислати, унинг ҳаётга очиқ кўз билан қарашида, асосийси, гап-сўзлар ҳам, ҳисоб-китоблар ҳам эмас, муҳими, ниманидир қуриш, барпо этиш, моддий неъмат яратиш эканига қатъий ишончида эди. Тўғри, мен унинг қўлида ишлаб турган кезларимда ёзув-чизув билан боғлиқ юмушларнинг унга ҳеч бир дахли йўқ эди. Аммо ўзига қолса, осмон ёрилиб саккиз минг бош ҳисобчи сафга туриб қайднома ва ҳисоботларни тўлдиришни талаб қилганда ҳам, уларнинг барчасини ишни битказиб олгунга қадар кутиб туришга мажбур қила оларди. Кунларнинг бирида ўша идорага қандайдир маълумотнома бериш керак бўлиб қолди ва мен шунинг учун Руркни ишдан чалғитишга журъат этдим. У менга роса ўдағайлади:
– Ҳисоботлар! Ҳисоботлар! Улардан нима фойда бор? Қани, айт, қани! Шу ҳисоботинг учун ишни ташлаб кетишим керакми? Шу иш бўлмаса, сенинг ҳисоботинг кимга керак? – мен чин юракдан унинг фикрига қўшилдим. Ҳақиқатан ҳам кимга керак бу “ҳисобот” деган даҳмазалар?
Руркнинг яна бир таъсирли хислати унинг қўл остидагиларга муносабатида намоён эди. Улар билан дўстона муносабатда бўларкан, вақти-вақти билан тўполон кўтариб қолса-да, кейин яна хушмуомала бўлиб, мулойим тортиб қоларди. У ишчиларини беғараз ҳазил билан рағбатлантиришнинг уддасидан чиқа оларди ва бу уларга ижобий таъсир қиларди.
Эрталаб ишга келаркан, у қувнаб қичқирарди:
– Салом, йигитлар! Бугун бир ишлайлик! Жимми, белкуракларни келтир! Чилвирни бу ёққа узат, Мэтт! – агар қазиш ишлари кетаётган бўлса, ариққа дастлаб ўзи тушарди.
То яна бир ишкал чиқмагунча қурилишда осойишталик ҳукм сурарди. Йўл-йўлакай Руркнинг абадий қурол ташувчилари – Мэтт ва Жимми ҳақида бир неча сўз айтиб ўтаман. Иккови ҳам қирқдан ошган. Қисмат бадарға қилган дарбадарлар, озғин, кир-чир, қўполлашиб кетган, Худо билади, ким қайси йўллар билан Америкага келиб қолишган, бошларидан қандай саргузаштларни ўтказганлари ҳам ёлғиз Худога аён. Энди улар Руркнинг қаноти остидан паноҳ топиб, бир бурда нонларини ҳалоллаб топишмоқда, Рурк улар учун қудратли ҳомий мақомида эди.
Мэтт паст бўйли, қувноқ италиялик, майин овози ва назокатли хатти-ҳаракатлари билан ўзгалардан ажралиб турарди. Рурк уни жуда яхши кўрар, аммо унга аямай танбеҳ берарди ҳам – у Рурк ишлаётган зовурда пайдо бўлган заҳоти қулоқни қоматга келтирадиган шовқин кўтариларди:
– Бу ёққа қўй! Бу ёққа дейман! Қўй! Бу ёққа! Бу ёққа! Жин урсин сени! Бефаросат!
Руркнинг дарғазаб қичқириқлари орасидан Мэттнинг норози тўнғиллаши эшитилиб турарди. Афтидан, у бошлиғи олдида ҳеч қандай қўрқувни ҳис қилмас, жазоланиб қолишни ўйламасди ҳам. У Рурк билан анчадан бери бирга ишлагани боис бундай бақир-чақирлар унга таъсир қилмай қўйган, ҳатто норозилик билдиришдан ҳам ҳайиқмасди. Ҳар доим эмас-у, лекин баъзида, шундай норозиликдан сўнг Рурк чуқурдан қип-қизариб сакраб чиқар, унинг ҳатто бўйинларига ҳам қон қуюлиб келар ва қичқирарди:
– Мен сени ҳайдайман! Сабрим тугади! Ялқов ҳўкиз! Аҳмоқ! Сен ўзи нимага ҳам ярайсан? Нима қила оласан? Ҳеч бало! Ҳеч бало! Ана энди мен сени ҳайдайман! Шояд сендан қутулиб, ором олсам.
У чуқур атрофида югуриб, бақириб, тишини қайрар, токи яна бирор нарса унинг диққатини чалғитмагунча тинчимасди. Сўнг у яна бирданига тинчланиб, кенгфеъл бўлиб қоларди. Бу шовқин-суронлар Руркка лаззат бағишларди, назаримда. У жанг қилгандагина бахтли бўладиган кишилар тоифасидан эди. Шундай ҳам бўлардики, у Мэттга бир оғиз ҳам гапирмасдан уйига кетиб қоларди. Мен “Тамом, Мэтт энди ҳайдалади”, деган хаёлга борардим. Аммо бундай эмаслигига тезда гувоҳ бўлардим. Эртаси куни Мэтт ҳеч гап бўлмагандай ишга келар, Рурк эса, ўтган воқеа ҳақида бошқа эсламасди ҳам.
(Давоми бор)
Рус тилидан Ориф Ҳожи таржимаси
07/2018
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2018/10/18/%d2%9b%d1%83%d0%b4%d1%80%d0%b0%d1%82%d0%bb%d0%b8-%d1%80%d1%83%d1%80%d0%ba/