Qardosh xalqlar adabiyoti bilimdoni

Замонамиз алломалари орасида шундай инсонлар борки, улар бир умр илму фан соҳасида сабот ва матонат ила изланиб, миллат бадиий тафаккури, маънавий камолоти ривожига беқиёс ҳисса қўшадилар. Бундай закийлар мансабу мартаба, амалу бойликка бефарқ қарайдилар, ҳаёт мазмунини фақат илмда деб биладилар. Филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Натан Маллаев ҳам ана шундай шахслар сирасига киради.

Шарқ адабиётининг донишманди, нуктадон мунаққид, мутаржим, забардаст навоийшунос олим Натан Маллаев 1922 йил 22 январда Тошкент шаҳрида зиёли оилада таваллуд топди. Ўрта мактабни тамомлагач, дастлаб Педагогика билим юртида, сўнг Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг Ўзбек тили ва адабиёти факультетида таҳсил олди. Ўқиш давомида Мақсуд Шайхзода, Олим Шарафиддинов, Абдураҳмон Алимуҳамедов сингари йирик адабиётшунослар назарига тушди. Институтни тугатгач, аспирантурада ўқишни давом эттирган Натан Маллаев 1948 йили машҳур адиб Мақсуд Шайхзода илмий раҳбарлигида “Мунис Хоразмийнинг ҳаёти ва ижодий мероси” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилади. Шундан сўнг олим Хоразм давлат педагогика институти, Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) ҳамда умрининг охири (1996 йил 20 май)гача Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтида ўқитувчи, доцент, про­фессор, кафедра мудири сифатида ёш мутахассисларга сабоқ беради, кўплаб тадқиқотчиларнинг илм йўлидаги чинакам устозига айланади.

Ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Натан Маллаев бутун диққат-эътиборини Шарқ халқлари мумтоз адабиётини янада чуқур ўрганишга қаратди: адабиёт тарихи бўйича дастур ва мажмуалар тузди. 1953 йили ўрта мактаблар учун “Ўзбек адабиёти та­рихи” дарслигини битди, “Х–ХII асрлар адабиёти” (1958) рисоласини яратди. Шундан кейин ўзбек мумтоз адабиётининг кам тадқиқ этилган манбалари бўйича бир қанча мақолалар ёзди, қадимий, бой адабиётимизга оид кўплаб қўлёзма нусхаларни кўздан кечирди, маноқиб ва тазкираларни қунт билан ўрганиб чиқди. Натижада филология йўналишида таҳсил олувчи талабалар учун “Ўзбек адабиёти тарихи” дарслиги (1-китоб) юзага келди. Кўп йиллар мобайнида олий ўқув юртларимизда барқарор дарслик сифатида хизмат қилган бу китобнинг шу тизимдаги бошқа дарсликлардан фарқи катта эди. Зеро, дарсликни ёзишда муаллиф бир томондан, ҳамкасбларининг тадқиқотларидаги фикр- мулоҳазаларни бир тизимга солиб, изчил ва оммабоп тарзда баён қилган бўлса, иккинчи жиҳати – “Қутадғу билиг”, “Ҳибат ул-ҳақойиқ”, “Мифтоҳ ул-адл”, Навоийнинг насрий асарлари, “Девони Фоний”дан намуналарни илк бор истеъмолга киритиб, кенг ўқувчилар оммасига таҳлилий руҳда тақдим этган эди.

60-йилларнинг ўрталаридан эътиборан Натан Маллаев буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ижодини ўрганиш ва шу йўлда шогирдлар тайёрлашга ҳам жиддий эътибор қаратди: олим Навоий асарларининг 15 жилдли ўзбекча, 10 жилдли русча нашрларини тайёрлаш ва чоп эттиришда фаол қатнашди. Ўзбекистан Давлат адабиёт музейини ташкил қилишда устоз Ҳамид Сулаймонга яқиндан кўмаклашди. Шу йиллар давомида Натан Маллаев “Навоий ижодининг халқчил негизи”, дунё навоийшунослиги тарихи ҳақида “Асрлар эътирофи ва таъзими”, “Навоий ва халқ оғзаки ижоди” (ўзбек ва рус тилларида), “Буюк ўзбек шоири” (ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида) каби рисола ва монографияларини эълон қилди; “Навоий лирикаси” китобини нашрга тайёрлади.

1978 йили олим “Навоий ва халқ оғзаки ижоди” тадқиқоти учун филология фанлари доктори илмий дара­жасига сазовор бўлди. Мазкур кенг қамровли монография, айниқса, икки жиҳати билан ғоят қимматли эди:

биринчидан, олим ушбу фундаментал асари билан ўзбек адабиётшунослигида мумтоз адабиёт ва халқ оғзаки ижоди деган янги илмий йўналишни бошлаб берди; ёзма адабиётнинг оғзаки ижодга, оғзаки ижоднинг ёзма адабиётга таъсири масаласини назарий кесимда ҳал қилди.

иккинчидан эса, олим халқ оғзаки ижодидан унумли фойдаланган беназир санъаткоримиз Алишер Навоий “Хамса”сига кирувчи достонлар сюжетининг оғзаки ижоддаги илдизларини аниқлашга муваффақ бўлди, асарларнинг кенг халқ оммасига нечоғлик сингиб кетганини илк бор илмий нуқтаи назардан таҳлил қилди. “Хамса” достонларининг қайта яратилган вариантлари, XVI аср ёзувчиси Умар Боқий томонидан тайёрланган насрий нусхалари анча чуқур, бадиий ва илмий маҳорат билан ўрганилиб, назарий асосда умумлаштирилди. Олим Умар Боқий қиссаларининг Навоий достонлари сюжетига қай даражада яқинлиги, айни пайтда фарқли жиҳатларини зукколик билан аниқлай олди. Ана шу асарида муаллиф ношир ва адиб Мир Махдум томонидан яратилган “Насри Хамсаи беназир” ҳақида қимматли маълумотлар берди. Ўзбекистон фан арбоби Натан Маллаевнинг Алишер Навоий ижодига бағишланган сўнгги асари “Сўз санъатининг гултожи” (1992) монографияси бўлиб, ушбу китоб “Хамса”нинг беш достони ҳақида яхлит маълумот берувчи асар сифатида ўзига хос қимматга эга.

Профессор Натан Маллаев қардош халқлар адабиётининг толмас тадқиқотчиси ва тарғиботчиларидан бири эди. Унинг Рўдакий, Фузулий, Фирдавсий, Жомий, Махтумқули, Абай каби буюк мутафаккирлар ҳақидаги илмий мақолалари ўтган асрнинг 70-йилларидаёқ илм аҳли томонидан эътироф этилган. Олимнинг озар, форс-тожик, уйғур адабиётига доир кўплаб мақолалари турли тўпламлар, энциклопедиялардан ўрин олган. Гарчи “Х–ХII асрлар адабиёти” монографиясида озар ва форс-тожик мумтоз адабиёти намояндалари ижодига анча кенг ўрин берилган бўлса-да, унинг бу соҳадаги дастлабки монографияси “Абулқосим Фирдавсий” (1962) бўлди.

Ўрта мактаб ҳамда олий ўқув юртлари учун ёзилган дарсликларида Натан Маллаев Низомий Ганжавий, Фузулий ҳақида фикр юритган. Кейинчалик эса озар адабиётига бўлган бу қизиқиш олимнинг “Низомий ижодининг илмий-маърифий қиммати” рисоласи яратилишига замин ҳозирлади. Мазкур китоб илмий-оммабоп йўналишда битилган бўлиб, олим асосий эътиборни Низомий “Панж ганж”и таркибидаги достонларда таълим-тарбия, илм ўрганиш, касб эгаллаш борасидаги қарашларни чуқурроқ шарҳлашга қаратган.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Натан Маллаев мум­тоз адабиётимиз, шунингдек, қардош халқлар адабиётининг фидойи тарғиботчиси ва таржимони ҳамдир. Унинг бевосита илмий раҳбарлигида қардош халқлар адабиёти, адабий алоқаларнинг муҳим муаммоларига бағишланган бир неча илмий тўплам чоп эттирилган. У Садриддин Айнийнинг “Қисқача таржимаи ҳо­лим” асари, тожик ёзувчиси Сотим Улуғзоданинг “Рўдакий” драмасини ўзбекчалаштирган. Тўғри, олим ҳеч қачон таржимонликка даъво қилмаган. Бироқ ушбу таржималарда мутаржим ёзувчи услубининг ўзига хос жиҳатлари, бадиий тасвирдаги маҳоратларини сақлашга муваффақ бўлган. Шу боис, “Қисқача таржимаи ҳолим” асари бир неча бор унинг таржимасида қайта нашр этилган. Шунингдек, олим улуғ шоир Абдураҳмон Жомий “Баҳористон”идан бир неча бобни ҳам ўзбек тилига таржима қилиб, мажмуаларга киритган эди.

Хулоса шуки, Натан Маллаев адабиётимиз тарихининг сермаҳсул тадқиқотчиси, манбашунос ва назариётчиси, маорифимиз дарғаларидан бири сифатида адабиёт вакиллари, шогирдлари ёдида ҳамон барҳаёт. Чунки у халққа илму маърифат тарқатиб, комил шогирдлар тайёрлаган беназир инсон эди.

 Ҳамиджон ҲОМИДИЙ,
филология фанлари доктори, профессор

Озода ТОЖИБОЕВА,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат
ўзбек тили ва адабиёти университети ўқитувчиси

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/03/28/qardosh-xalqlar-adabiyoti-bilimdoni/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x