Қаноат

Қаноат деб жаноби Ҳақ тарафидан иҳсон бўлган аҳволга етишдиғимиз неъмат ва молга шукр, бошимизга келган фақр, мусибат, фалокатларга чидаб, сабр қилмоқни айтилур. Қаноат ҳасад, тама, ҳирс, хорлик каби иллатларнинг давоси, нафсимизнинг ғиносидур.

Қаноат бир хазинадурки, нақдинаси кундан-кун ортар. Бу хазинага эга бўлган кишилар умрларини шавқ ва роҳатда кечирурлар. Бунинг ила баробар қаноатсизликдан пайдо бўладурган ҳасад деган жоннинг энг зўр душманидан қутулурлар. Чин инсонлар кишининг молина, мулкина, саодатина, маишатина ҳасад қилмас, қаноатдан айрилмас, умрини роҳатда ўткарур. Инсон ҳар бир ишга кучи етгунча чолишмоқ, жаноби Ҳақ тақдирдаги нарсасидан нимани берса, шунга қаноат қилмоқ лозимдур.

Зероки, инсон ўз маишатини, номусини сақламоқ учун фидойи жон даражасига боргунча саъй қилмоқға буюрилмишдур, лекин бу саъйнинг машруйи ҳар бир ишда қаноатни қўлдан бермасликдур. Оламда қаноат каби дилни поклайдурган нарса йўқдур. Жаноби Ҳақнинг амрига итоат қандай саодат эса, тақдирига қаноат зиёда бахтиёрликдур.

Ҳазрати Али афандимиз: “Дунёда саъй-жадали ила маишат ўткарган қаноат эгаси ҳеч кимға муҳтож бўлмаган зўр бойлар каби роҳатда, саодатда яшар”, – демишлар.

Афлотун ҳаким: “Инсоннинг саодати қаноатини қўлда тутмакда, сарват ва маишат тўғрисида жаноби Ҳақнинг тақдирига рози бўлмакдадур”, – демишлар.

 

Абдулла АВЛОНИЙ

 

“Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” китобидан

https://saviya.uz/ijod/nasr/qanoat-3/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x