“Пушкин асарлари мангу яшовчан ва доимий ҳаракатдаги, бир нуқтада тўхтаб қолмайдиган, яъни интиҳо билмайдиган, балки жамият онгида мунтазам ривожланиб, янгиланиб борадиган ҳодисалар сирасига киради. Ҳар бир давр у ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини айтади, уни қанчалар тўлиқ тушунсалар ҳам ўзларидан кейинги даврларга янада янгироқ ва ҳаққонийроқ фикрларни қолдиради, ҳеч бир давр ҳеч қачон ҳаммасини айтиб тугата олмайди…”, деб ёзганди В.Белинский “Рус адабиёти 1841 йилда” номли мақоласида.
Александр Сергеевич Пушкин рус адабий тилининг асосчиси, рус адабиётини юксакларга олиб чиққан “Россиянинг пешқадам шоири”, ҳаётлигидаёқ даҳолик мақомини олган ижодкор сифатида рус адабиётида реализм ва халқчиллик тамойилларини, қатор адабий жанрларнинг шаклланиши ва тараққиётига катта ҳисса қўшди. Пушкин ижоди жаҳон адабиёти ривожида ҳам, шубҳасиз, улкан аҳамиятга эга. Буюк шоир асарларининг ўзбек тилига дастлабки таржималари XIX асрнинг охирларидаёқ амалга оширилган ва шундан буён бу шеърият ўзбек шоир-таржимонларининг турли авлодлари учун мўъжизали оҳанрабо бўлиб келмоқда.
Пушкин ижодкор сифатида китобхонларимизга яхши таниш, аммо эътиборингизга ҳавола қилинаётган мазкур тўпламда Пушкин суҳбатдош қиёфасида намоён бўлади. “Пушкин гурунглари” (“Разговоры Пушкина”: М., “Федерация”, репринт, 1929 г. – М., Политиздат, 1991 г.) китобининг тўпловчиларидан бири Сергей Гассен 1929 йилги нашрга ёзган сўзбошисида буни лўнда қилиб ифодалаган эди: “Агар ўқувчига ушбу китоб саҳифалари ичра Пушкиннинг овози эшитилса, агар у Пушкин – шоирни, Пушкин – адибни билса, бу китобни ўқиб Пушкин – суҳбатдошни ҳис этса, биз олдимизга қўйган мақсадимизни рўёбга чиқарган бўламиз”.
Ҳозирга қадар рус тилида уч марта нашр этилган (“Книга” нашриёти, 1987 й.) ушбу ноёб китобнинг аҳамияти шундаки, у А.С.Пушкиннинг адабий давралари, яқин дўстлари ва рақиблари, айрим асарларининг яратилиш тарихи, унинг Ватанга, адабиётга муҳаббати, ўз замонасига ва замондош адибларга муносабатлари, қолаверса, оддий кундалик ҳаёт тарзи ҳақида кенг қамровли маълумот беради. Бошқача айтганда, бу асар ўнлаб муаллифлар ёзган парчалардан – юзлаб муносабатлардан шаклланган роман бўлиб, тасаввурингизда шоирнинг ҳаёт йўли намоён бўлади: 1811 йилдан бошлаб 12 ёшдаги лицей тарбияланувчиси улғайиб бораркан, унинг дунёқараши, ҳаётга, атрофидаги одамларга муносабати шаклланади ва ниҳоят, 1837 йил январь ойидаги даҳшатли дуэл воқеалари билан якунланади. Унинг ҳаёт йўлида Россиянинг чорак асрлик тарихи ўз аксини топган дейиш мумкин. Китоб даврийлик асосида, воқеалар кетма-кетлигида ташкил топгани ўқувчига қулай бўлса, турмушнинг турфа лавҳаларини қамраб олгани ва қизиқарли бўлишини таъминлаган.
Албатта, китоб яратувчилар шоир суҳбатларини ишончлилик нуқтаи назаридан жиддий ўрганишган: унинг назмий ва насрий асарларидан фойдаланишмаган, зеро, бу ижодий жараёндир; шунингдек, оддий салом-аликлар ва барчага маълум бўлган суҳбатлар ҳам киритилмаган. Бу ҳақида муаллифлар шундай ёзишади: “Ҳақиқатга зид ва нотўғри материалларнинг барчасини нашрдан қолдирдик, аммо тўпламга замонавий пушкинхонликда Пушкин суҳбатларининг на рад этиладиган, на тасдиқланадиган намуналарини ҳам киритишга қарор қилдик. Булар олдига юлдузча қўйилган”.
“Олимлар Пушкиннинг замондошлари билан ва замондошларининг у билан муносабатлари акс этган лавҳаларни акс эттиришда ўзига хос, ҳар доим ҳам уддалаб бўлмас, мураккаб жанр – суҳбат сўқмоғини танладилар. Бу йўлнинг мураккаблиги шундаки, ҳеч ким атайин, ўз вақтида Пушкин билан бўлган суҳбатларини ёзиб бормаган” – дея таъкидлайди китобнинг 1991 йилги нашрига сўнгсўз ёзган фалсафа фанлари номзоди А. Никитин.
Сергей Гессен ва Лев Модзалевскийнинг библиографик ноёб китобга айланган “Пушкин гурунглари” тўплами ўзбек китобхонларининг улуғ адиб ҳақидаги тасаввурларини янада бойитишига ишончимиз комил.
Таржимондан
1811–1812 йиллар.
Синф хонасида лицей тарбияланувчиларига шундай мавзуда иншо ёзиш топширилди: қуёшнинг чиқиши (адабиёт ўқитувчиларининг севимли мавзуси, айниқса, бурунги замонларда). Ўқувчилар иншони ёзиб бўлишди ва муаллимга топширишди; иш охири бориб бир ўқувчига тақалиб қолди, афтидан, у ниҳоятда паришон бўлиб, шу лаҳзада олиймақом мавзуда иншо ёзиш кайфиятида эмасди, фақат қоғозга қуйидаги бир сатрни тизганди, холос:
Мана Ғарбдан чиқар табиат шоҳи…
– Нега сен тугатмаяпсан? – деди ушбу сатр муаллифига Пушкин, ёзганига кўз ташлаб.
– Хаёлимга ҳеч нима келмаяпти, кўмаклашиб юбор, илтимос, ҳамма ёзма ишини топшириб бўлди, бир менга қараб қолишди.
– Бош устига! – Ва Пушкин иншони шундай якунлади:
Ва одамлар ҳайрон бу чоғи
Билмасдилар бошлашни недан:
Ётсинларми уйқуга бу дам
Ё уйғониш лозимми бирдан?
Иншога сўнгги нуқта қўйибоқ муаллимга топширишди, чунки Пушкиннинг ўртоғи, унга ишонганидан, ҳатто ёзилган иншони ўқиб, овора бўлмаганди.
Икки лицейчи иншони ўқиганларида борми, қанақа қаҳқаҳа жаранглашини тасаввур қилаверинг.
“Пушкин ҳақида латифа”. “Москвитянин” 1853. № 4.
1815–1817 йиллар.
Лицейдаги латифа: Бир гал император Александр синфларга кириб танишар экан, тарбияланувчилардан сўради: “Ким бу ерда биринчи?” “Биринчи, император жаноби олийлари, бу ерда йўқ; ҳаммаси иккинчилар”, – деб жавоб берди Пушкин.
С.П.Шевирев. Пушкин ҳақида хотиралар. Майков, 326 бет.
1817 йил.
Дельвиг ва Кюхельбекер[2] Энгельгардт[3] ўтказадиган кечаларда тез-тез иштирок этишарди, Пушкин эса камдан-кам; охир-оқибат лицейни битиришига икки йил қолганида, кечага бутунлай келмай қўйди: боғ сайрини ёки китоб ўқишни афзал кўрарди. Бу Егор Антоновични раҳбар сифатида ҳам, тарбиячи сифатида ҳам ташвишга солиб қўйди. Шундай кунларнинг бирида, Пушкин одатдаги жойида ўтирганди, Энгельгардт унинг ёнига келиб, нега бунчалик асабий экани сабабини суриштирди. Хижолатда қолган ўсмир директорга жаҳл қилишга журъат этолмаслигини, бунга сабаб йўқлиги ва ҳоказоларни айтиб жавоб берди. “Демак, сиз мени ёқтирмайсиз”, – давом этди Энгельгардт, Пушкиннинг ёнига ўтириб, самимий оҳангда, ўпка-гина қилмай, ёш шоирга жамоатдан бегоналашиб қолишнинг номақбуллигини, у ўзининг иқтидори ила тенгдошлари орасида биринчилардан бўлиши мумкинлигини аста уқтирди. Пушкин қошини чимириб, юз ифодаси ўзгариб, диққат билан эшитди, охири, йиғлаб юборди ва Энгельгардтнинг бағрига отилди.
– Менинг айбим шундаки, – деди у. – Ҳанузгача сизни тушунолмадим ва сизнинг қадрингизга етолмадим!..
К.А.Шторх (П.П.Каратигин) қайдлари асосида. РС 1879, №6, 379 бет.
1818 йил.
…Тахминан, 1818 йилда шоир Петербургдалигида, яқин дўстларидан бири билан ўша пайтлар пойтахтда донғи чиққан фолбинга боради ва у Пушкин тақдиридаги машъум воқеани башорат қилади.
Уларнинг кафтини очиб кўрган афсунгар иккисини ҳам бевақт ўлим кутаётганини айтади. Эртаси кун Пушкиннинг ўша дўстини – гвардия полкларидан бирининг рота командирини бошқа бир унтер-офицер бўғизлаб қўяди.
Пушкин фолбинларнинг башоратига шу қадар ишонар эдики, пировардида, таниқли америкалик гр. Толстой[4] билан дуэлга чиқишга тайёргарлик кўрар эканмиз, нишонни мўлжаллаб ҳар отганда: “Бу мени ўлдира олмайди, малласоч ўлдиради, жодугар шундай башорат қилган”, деб қайта-қайта такрорларди – худди шундай, Дантес малласоч эди.
А.Н.Вульф.[5] Пушкин ҳақида ҳикоялар. РС 1870, 1 (3-нашр). 582 бет.
Пушкин Катенин[6]нинг олдига шунчаки келди-да… унга ҳассасини бераркан, деди: “Мен олдингизга, Диоген Антисфен ёнига боргандай келдим: калтакла, аммо таълим бер!”
“Олимни ўқитмоқ – густохликдир!” – жавоб берди “Ольга”нинг муаллифи.
Анненков, I, 55 бет.
1818–1819 йиллар.
Мамнуният билан бу ерда Пушкиннинг ҳурмат-эҳтиром ҳақидаги, замонамиз шоирлари авлодининг Жуковскийга нисбатан мақбул муносабатини ифодаловчи иборасини айнан такрорлаймиз ва бу унинг хизматини унутганларга тегишли фикрдир: “Болалар ўз энагасининг кўкрагини тишламасликлари керак”.
Бу сўзлар Пушкинга муаллиф ва инсон сифатида шараф келтиради.[7]
Кн. П.А.Вяземский,[8] I, 181 бет.
1819 йил.
Н. И. Тургенев[9]3 H. М. Карамзиннинг уйида озодлик ҳақида гапира туриб, деди: “Биз унинг йўлидаги биринчи бекатдамиз”. – “Ҳа, – илиб кетди навқирон Пушкин, – Қора Лойдамиз (Черный Грязь – жой номи – Т.).
Барсуков, I, 68-бет.
Тахминан 1820 йил.
…(Пушкин) ўзига замондош адабиётшунослар ҳақида ёзғириб дерди: “Бизда ижодини ўрганиш мумкин бўлган ёзувчилар кам, уларнинг катта қисми ўрганишяпти”.
Анненков, I, 47 бет.
Апрель
Петербург.
Бир гал квартирамдан чиқдиму… рўпарамдан келаётган Пушкинга кўзим тушди… “Мен сиз томонга”. – “Мен эса, ўзимдан!” Ва биз майдон бўйлаб кетдик. Пушкин биринчи бўлиб гап очди: “Сизнинг олдингизга маслаҳат сўраб келгандим. Мана, қаранг: меники ва меники бўлмаган (менинг номим остида эълон қилинган) пьесалар ҳар ёққа қўлма-қўл тарқалиб, ҳукуматгача етиб борди. Кеча, уйга кеч қайтгандим, катта тоғам айтдики, бизникига қандайдир нотаниш кекса амаки келиб, унга эллик сўм узатиб, ёзганларимни бериб туришини, тез ўқиб, қайтариб келишини айтибди. Содиқ қариям бунга кўнмаган, мен эса ҳамма қоғозларни йиғдим ва ёқиб юбордим… Энди, – давом этди Пушкин. – Милорадовичга чақиришяпти! Уни эл қатори биламан, аммо билмайман – оқибати нима бўлади, унинг олдида гапни қандай бошлаш керак?.. Шундай қилиб, мана, сиз билан маслаҳатлашгани келдим…”
Биз тўхтаб, масалани ҳар томонлама муҳокама қилдик.
Ф.Н.Глинка.[10] 1820 йилда А.С.Пушкиннинг С.Петербургдан чиқариб юборилиши. РА 1866, № 6, 918 бет.
Пушкин очиқ юз, жуда хотиржам кўринди, ундан қоғозлар ҳақида сўраганимда, жавобан деди: “Граф! Ҳамма шеърларимни ёқиб юбордим! – уйимда ҳеч нарса қолмади, аммо, агар сизга керак бўлса, ҳаммаси шу ерда (бармоғи билан бошини кўрсатди). Буюринг, қоғоз беришсин, мен қачонлардан буён ёзганларимни (албатта, нашр қилинганидан ташқари) ўзимникини ва менинг номим остида тарқалганларини ажратиб, ҳаммасини ёзиб бераман”.
М.А.Милорадович, Ф.Н.Глинка хотиралари асосида,
РА 1866, № 6. 919 бет.
6 майгача.
Орадан бир неча кун ўтгач, Пушкинни театрда кўриб қолдим, у жилмайиб аввал қўл чўзди. Ўшанда уни “Руслан ва Людмила“[11] нинг муваффақияти билан қутлаганимда, жавобан деди: “Оҳ, ёшлигимнинг илк гуноҳлари бу!”
И.И.Лажечников. Пушкин билан танишувим.
PB 1856, 1, № 2, 2 ктб., 614 бет.
Майнинг иккинчи ярми.
Екатеринославль [12].
Екатеринославлга етмай, жинни-кетти йўл азобидан кейин аранг хордиқ чиқариш учун ўтиргандимки, генералнинг кенжа ўғли ҳаллослаб чопиб келди: “Доктор, дўстимни топиб олдим, у касал, тез ёрдам керак, мен билан юринг!” Нима ҳам қилардим, кетдик. Ташландиқ ёғоч уйга кирдик, ичкарида диванда ранги синиқ, соқоли ўсиб кетган, озғин йигит ўтирарди. “Сиз касалмисиз?” – сўрадим нотаниш кишидан. “Ҳа, доктор, бироз шўхлик қилдим, чўмилдим: афтидан, шамоллабман…” – Бу ерда нима қиляпсиз? – “Шеър ёзяпман”. – Жуда топибди, – хаёлдан ўтказдим мен, – жойинию вақтини…
[1] Китобдан парча.
[2] Кюхельбекер Вильгельм Карлович (1797–1846), Пушкиннинг лицейдош ўртоғи, шоир, декабрист.
[3] Энгельгардт Егор Антонович, 1816–1822 йилларда Лицей директори бўлган.
[4] Граф Толстой Федор Иванович (1782–1846), „америкалик“ лақабини олган, таниқли бреттер, лўли қизга уйланган; кейинчалик 1830 йилда Пушкин уйланганда совчиликка борган.
[5] Вульф Алексей Николаевич (1805–1881), П. А.Осипованинг биринчи никоҳдан туғилган ўғли, H. М. Язиковнинг яқин дўсти. Пушкин билан Михайловскда танишган ва дўст бўлиб қолган.
[6] Катенин Павел Александрович (1792–1853), Преображенск полкида зобит даражасида хизмат қилган, 1820 йили полковник унвони билан истеъфога чиққан. Яширин жамият фаолиятининг илк даврида аъзо бўлган. Таниқли ёзувчи, драматург, кейинчалик Россия Академияси (1833 йилдан) аъзоси ва Фанлар академиясининг рус тили ва адабиёти бўлимининг (1841 йилдан) фахрий аъзоси.
[7] Тақ. –Пушкиннинг К.Ф.Рылеевга 25.0I.1825 йилда ёзган хати.
[8] Князь Вяземский Петр Андреевич (1792–1878), шоир ва танқидчи, Пушкиннинг содиқ дўстларидан бири.
[10] Глинка Федор Николаевич (1786–1880), шоир, публицист ва жамоат арбоби, Тинчлик жамияти аъзоси. 1805–1806 ва 1812–1815 йиллардаги юришларда гр. М.А.Милорадовичга адъютант бўлган, кейинчалик уни Петербург ҳарбий генерал-губернатори лавозимига ўтказишганда ҳам вазифасини давом эттирган. Адабий маслагига кўра, Глинка Пушкинга яқин бўлган.
–Тақ. PC 1879, № 6, 385 -386 бетлар.
[11] “Руслан ва Людмила” поэмаси 1820 йил 23 июл ва 14 август оралиғида алоҳида тўплам сифатида дунё юзини кўрган. Бу вақтда Пушкин Петербургда эмас эди. Афтидан, гап поэманинг 1820 йил апрель ойида “Невский Зритель” ва “Сынь Отечества” журналларида босилган парчалари ҳақида боряпти. Маълумки, танқидчилик Пушкин поэмасини нохуш қарши олган бўлса ҳам, асар омма орасида катта муваффақият қозонган.
[12] Пушкин Екатеринославлга 1820 йил май ойининг ўрталарида келади ва ген. H. Н.Раевскийнинг оиласи билан учрашади, улар Кавказга кенжа икки қизи ва Пушкин Петербургда яқиндан танишган кичик кенжа Николай (1801–1843 йй.; 1820 йилда – Гусар полкининг ротмистри.) билан келган эди. Пушкиннинг укасига 1820 йил 24 сентябрда ёзган хатида айтилишича, Екатеринославлга келгач, у Днепрда чўмилган ва безгакка чалинган: “Генерал Раевский… мени кулбадан, врачсиз, алаҳсираб, олдимда бир кружка шарбат билан ётганимда топди”.
4 Рудиковский Евстафий Петрович (1784–1851), 4 пиёда корпус штабида врач бўлган. Генерал H.Н.Раевскийни оиласи билан Кавказга борганида кузатиб юрган.
Тўпловчилар: Сергей Гессен ва Лев Модзалевский
Рус тилидан ҲУМОЮН таржимаси
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2018/10/08/%d0%bf%d1%83%d1%88%d0%ba%d0%b8%d0%bd-%d0%b3%d1%83%d1%80%d1%83%d0%bd%d0%b3%d0%bb%d0%b0%d1%80%d0%b81/