Буйрак концентрацион фаолияти бузилиши оқибатида ҳосил бўлган пешобнинг миқдор ва сифат жиҳатдан ўзгаришидан юзага келадиган сурункали касаллик пешоб-нордон диатези дейилиб, унга хос ўзгаришлар буйракнинг нафақат морфофункционал ҳолати, балки организмдаги умумий моддалар алмашинувининг бузилиши билан ҳам боғлиқдир.
Аниқроқ айтганда, ҳаддан зиёд овкатланиш (айниқса гўштли маҳсулотларни кўп истеъмол қилиш) оқибатида оқсиллар парчаланишининг кучайиши организмдаги оқсиллар алмашинуви бузилишларига олиб келади. Пешоб-нордон диатезига буйрак-тош касаллигининг бошланиши деб қараши ҳам мумкин. Яъни, касаллик туфайли буйракларнинг коса-жом тизими ва пешоб йўлларида тўпланиб борган тузлардан бора-бора тошлар пайдо бўлади.
Пешоб-нордон диатезида кўпроқ шавел кислота тузлари ҳисобланган оксалатлар (56%), пешоб кислота тузлари бўлган уратлар (19%), камроқ миқдорда фосфатлар (8%), қолганлари аралаш таркибли тузлар (17%) йиғилади.
Сабаблари
Пешоб-нордон диатезининг пайдо бўлиш сабаблари тўла аниқланмаган, бироқ организмдаги кальций-фосфор, шавел кислота, пешоб кислотаси каби моддалар алмашинуви бузилиши бу касалликда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, буйрак ва пешоб йўлларидаги инфекцион яллиғланиш жараёнларининг пешоб оқимига салбий таъсири туфайли юзага келадиган уродинамика бузилиши касаллик жадаллашишида рол ўйнайди. Ҳатто талабалар орасида овқатланиш тартиби бузилиши ва таркибини назорат қилмаслик ҳам шу иллатга олиб келади.
Клиник белгилари
Пешоб-нордон диатези беморларда энг аввало дизурия, яъни пешоб ажралишининг бузилиши (пешобнинг ачишиб ва оғриқли келиши) ва унинг хиралашиши билан намоён бўлади. Пешоб йўлларига тузларнинг кўп миқдорда йиғилиб қолиши оқибатида йўлларда тўсиқлар пайдо бўлиб, бу ҳол буйрак санчиғи хуружи даражасигача бориши мумкин.
Беморларда хуружлар вақтида ва хуруждан сўнг пешоб қон аралаш қизариб келиши мумкин. Шунингдек, касалликнинг буйракдан ташқари белгилари ҳам кузатилиши мумкин, яъни булар – оғиз тахир бўлиши, кўнгил айниши ва қайт қилиш, иштаҳа пасайиши, қўзғалувчанликнинг ошиши, уйқу бузилишлари ва бошқа руҳий-эмоционал бузилишлардир. Баъзан бўғимларда оғриқлар ҳам кузатилиши мумкин. Касалликка тегишли лаборатор ва инструментал текширув натижалари асосида ташхис қўйилади.
Даволаш
Пешоб-нордон диатезини даволаш асосан организмдаги моддалар алмашинуви бузилишларини мувофиқлаштириш ҳамда буйрак ва сийдик йўлларида пешоб ҳаракатини ровонлаштирадиган дори препаратлари тавсия этишдан иборат. Парҳез буюрилиб, шавел кислотаси ва пешоб кислотаси пайдо қилувчи маҳсулотлар чегараланади. Шунингдек пешоб йўлларидаги инфекцияга қарши курашиш лозим.
Профилактикаси
Пешоб-нордон диатези пайдо бўлиши ҳамда ривожланишининг олдини олиш учун энг аввало организмдаги бузилган моддалар алмашинуви жараёнларини мувофиқлаштириш лозим. Бунга ҳар бир бемор соғлом турмуш тарзига риоя этиш ва парҳезга амал қилиш билангина эришади.
Парҳез
Пешоб-нордон диатезидаги парҳезда биринчи навбатда ош тузи чегараланади, шунингдек мол жигари, буйраги, тили, мияси, қази ва дудланган гўшт маҳсулотлари, маргарин, бедана тухуми, ачиган сут маҳсулотлари (бринза, пишлок), шоколад, қўзиқорин, анжир, дуккакли донлар (мош, нўхот, ловия), аччиқ қора чой ҳамда қаҳва, какао истеъмоли чегараланади. Шу ўринда беморларга ёғсиз мол гўшти, парранда ва балиқ гўшти (қайнатилган ва буғда пишган ҳолатда), ўсимлик мойлари, сариёғ, товуқ тухуми (суткасига биттадан ортмаслиги лозим), ачимаган сут маҳсулотлари, 1 ва 2 нав ун маҳсулотлари, кишмиш, мураббо, мармелад, гуруч ва гречка, карам, бодринг, редиска, турп, қовоқ, сабзи, мевалардан ўрик, беҳи, нок, олма, шафтоли, узум, қовун-тарвуз, олча кабилар, суюқликлардан кўк чой, мева ва сабзавотлар шарбатлари, морс, квас, компот ҳамда наъматак дамламаларини тавсия этиш мақсадга мувофиқ.
Бурҳон МУНАВВАРОВ,
Республика нефрология илмий-амалий маркази шифокори, нефролог.