Патронаж ҳамшира учун билим, маҳорат ва касбга садоқат зарур

Истиқлол йилларида мамлакатимиз миқёсида тиббиёт тизимида катта ўзгаришлар рўй бериб, соҳада самарали ютуқларга эришилди. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, юртимизда бирламчи тиббий санитария тизимига янада катта эътибор қаратилиб, юртбошимиз томонидан жорий йилнинг шу кунига қадар соҳага оид бир қанча меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар орасида Республикамиз тиббиёт муассасаларида меҳнат қилаётган кўп сонли ҳамширалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, иш шароитларини янада яхшилаш масалаларига ҳам эътибор қаратилган.

Шундай экан, инсон саломатлигини асрашда малакали шифокорлар билан бир қаторда маҳоратли ҳамшираларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Уларнинг шарафли ва масъулиятли касбини эъзозлаш, ҳамширалик иши асосларини такомиллаштириш, тизимдаги илғор тажрибани оммалаштириш ишларининг изчиллик билан олиб борилаётгани ҳам бежиз эмас. Чунки бугунги кун ҳамшираси хонадонларга чуқур кириб бориб, уларнинг яқин маслакдошига айланмоқда.

Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида ҳамширалик ишини ривожлантириш ҳам устувор йўналиш этиб белгиланган. Негаки, бугун нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон тиббиётида етакчи кучга айланиб бораётган ҳамшираларнинг инсон саломатлигини асраш, аҳолига тиббий-профилактика, диагностика, даволаш ёрдами кўрсатишда ҳиссалари бениҳоя каттадир. Шу боис, мамлакатимизда ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, жаҳон тиббиётининг илғор ютуқлари билан ҳамқадам иш юритишларига зарур шарт-шароит яратиш масаласи доимий эътиборда. Сабаби, ҳозирга қадар бирламчи тиббиёт тизимида аҳоли саломатлиги профилактикаси учун олиб борилган ишлар айнан ҳамширалар фаолияти билан амалга оширилади. Жумладан, республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруқларига асосан патронаж тизими орқали ҳамширалар томонидан биринчи навбатда аҳолини рўйхатга олиш ишлари бажарилди. Бу жараёнда ҳар бир хонадонга кириб борилди, улар билан мулоқот қилинди ва оила паспорти яратилиб, оила кодлари шакллантирилди. Патронаж ҳамшираларининг тизимдаги фаоллиги натижасида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 112-сонли буйруғида белгиланган тадбир ва тиббий кўриклар босқичма-босқич ўтказиб келинмоқда. Айтиш муҳимки, бугунги кунда соҳада патронаж ҳамшираларидан ташқари умумий, операцион лаборатория ҳамширалари ҳамда фельдшерларимиз самарали фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, олдимизда турган вазифалар ҳам талайгина. Хусусан, мазкур касб эгаларининг малакасини ошириб бориш, узлуксиз таълим масалалари бўйича ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда. Бундан кўзланган мақсад эса ҳамширалар малакасини мустаҳкамлаш ва тиббиётнинг бирламчи бўғинида олиб борилаётган тиббий ислоҳотлар самарадорлигини янада яхшилашдан иборатдир.

Жаҳондаги илғор тажрибалардан келиб чиқиб, мамлакатимизда ҳам олий маълумотли ҳамширалар тайёрлаш тизими яратилган ва бу жараён узлуксиз такомиллаштирилмоқда. Ҳозирги кунда Тошкент тиббиёт академияси ва тиббиёт институтларининг «Олий ҳамширалик иши» бўлимларида анестезиология ва реанимация, хирургия, акушерлик ва менежмент йўналишлари бўйича олий маълумотли бакалавр хамширалар тайёрланди, 100 нафардан ортиқ ҳамшира магистр даражасига эга. Улар даволаш-профилактика муассасаларида бош, катта ва етакчи хамшира ҳамда тиббиёт институти ва коллежларида ўқитувчи сифатида фаолият юритмоқда.

Жорий йилнинг 4 апрелида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Ҳужжатда 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида олий маълумотли тиббиёт ҳамширалари малакасини ошириш ҳам кўрсатиб ўтилган. Бугун олий маълумотли ҳамширалар юқори билим ва савияга эга бўлиб, аввалгидек шифокор тавсиясини бажарувчи – ижрочи эмас, малакали мутахассис сифатида фаолият юритмоқда.

Шунингдек, республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида юритиладиган тиббий ҳужжатларни мувофиқлаштириш тўғрисида»ги 60-сонли буйруғи эълон қилинди. Авваллари бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида юритиладиган журналлар рўйхати қарийб 100 та эди. Эндиликда бу ҳужжатлар 20 тагача қисқартирилди.

Аҳолига тиббий патронаж ёрдами кўрсатишда соҳада иш юритаётган мутахассисларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг доимий эътибор марказидадир. Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, патронаж хизмати ва профилактик кўрикларнинг сифатини ошириш мақсадида махсус штаб ташкил этилди ва чора-тадбирлар кенгайтирилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш муҳимки, соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг бугунги босқичида ўрта тиббиёт ходимлари олдида турган долзарб вазифаларни таҳлил этиш, ҳамширалик ишини янада ривожлантириш йўлида муҳим қадамлар ўз самарасини бермоқда.

Рихси САЛИХОДЖАЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
бош мутахассиси, тиббиёт фанлари номзоди.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x