Назаримда, кўпчиликка таниш бир гапни сал бошқача қилиб, мана бу тарзда айтиш мумкин: “Сен менга қандай китоблар ўқишингни айт, мен сенга кимлигингни айтиб бераман”. Ҳар гал устоз Озод Шарафиддинов ҳақида сўз кетганда, мана шу мезон ёдга тушади. Бунга қўшимча, Озод домла мисолида нафақат ўқилган китоблар, балки таржима учун танланган асарлар ҳам у кишининг қандай шахс бўлганидан дарак берарди, деб бемалол тасдиқлаш мумкин.
Аввало, домланинг ўзи ўқиган ва бошқаларга ҳам ўқишни уқтирган айрим китоблар хусусида.
“Озод Шарафиддинов замондошлари хотирасида” (Тошкент, “Ўзбекистон”, 2007 йил) тўпламига кирган мақоламда эслатганимдек, 1982 йилда – Чўлпон асарларини тарғиб қилиш тугул, номини эслаш хавфли бўлган йиллари менга – университетнинг биринчи курс талабасига адибнинг “Кеча ва кундуз” романини, албатта, ўқишим кераклигини, бу китоб фақат Субутой ака Долимовда борлиги, у кишининг ишончини қозониш учун “Озоднинг шогирдиман” дейишим мумкинлигини айтган киши Шарафиддинов домла бўлганди. Бу роман мутолаасидан кейин эса яна иккита китобни шахсий кутубхонасидан олиб келиб, қўлимга тутқазгандилар: Ўлжас Сулаймоновнинг “АЗиЯ” ҳамда Ян Парандовскийнинг “Алхимия слова” (“Сўз кимёси”) китоблари. Ўша курс охирида эса домлага Габриэль Маркеснинг “Сто лет одиночества” романи атрофида баҳслар қизиётгани, асар тезроқ ўзбекчага таржима қилинса, ўқишим кераклигини айтганимда, “Э-э, нима қиласиз шўрвасининг шўрвасини ўқиб, бу романни ҳеч бўлмаса русчада ўқиб маза қилиш керак” дея танбеҳ берган ҳам домла бўлдилар. У киши кейинчалик ўқиб ўрганганимиз кўплаб китоблар, манбаларнинг ҳам илк илҳомчиси ўлароқ, ҳар галги мутолаадан сўнг уқилган мазмун-моҳиятнинг муҳокамаси соатлаб, баъзан эса кунлаб давом этарди.
Бизга ибрат бўладиган яна бир жиҳат. Озод домла бирон яхши нарса ўқисалар, ўзидаги шунча билим, тажрибага қарамай (айрим иззатталаб олимлардаги каландимоғликка мутлақо ёт тарзда), ўқиб ўзи учун кашф этган янгилик ва илмни сидқидилдан эътироф этар, ўша муаллифни масалага “одамнинг хаёлига келмайдиган ракурсдан ёндаша олгани” учун олқишлар, унга тан берар эди. Домланинг инсон ақлу тафаккури олдидаги бу ҳайрати умрининг охирига қадар сўнмади, сўнгги нафасига довур янги билимларга чанқоқ яшади.
Озод ака “Абдулла Қаҳҳор романларининг ижодий тарихи” мавзусида ёзган номзодлик диссертациямга илмий раҳбарлик қилган. Ишда бир неча қаҳҳоршунослар қатори домланинг ҳам айрим қарашлари билан баҳсга киришилган эди. Бироқ устоз бирор маротаба бу ҳолни оғир олмаган, “ў-ўв, тирмизак, нима деяпсан, бизга тегиб ўтилган жойларни олиб қўй” қабилидаги гапни айтмаган эдилар. У киши бунақа “даража”лардан жуда-жуда баланд эдилар-да.
Домла ўзи ўзлаштириб улгурган маънавий-маърифий бойликларни бошқаларга, юқорироқ пардада айтадиган бўлсак, халқига ҳам илинар эдики, бу фазилат у киши амалга оширган юзлаб йирик таржималарда ҳам ўзини кўрсатади. П.Мериме, В.Белинский, Н.Добролюбов, В.Катаев сингари сўзининг салмоғи дунё миқёсига чиққан адиблардан бошлаб Л.Толстойнинг “Шекспир ва драма тўғрисида” номли йирик мақоласигача – ҳар бирининг таржима учун танланишига жиддий сабаб бор.
Ўрни келганда бир истиҳолани айтиб ўтишимиз керакки, Озод Шарафиддиновнинг ижодий мероси, жумладан, таржима соҳасида амалга оширган улкан меҳнати хусусида бир мақола доирасида, узуқ-юлуқ фикр билдириш маъқул иш эмас. Шу туфайли ҳам ҳозир мана шу меҳнатнинг бир-икки қиррасини эплаб ёрита олсак ҳам катта гап.
Дейлик, “Жаҳон адиблари адабиёт ҳақида” номли китобдан ўрин олган Оноре де Бальзакнинг “XIX аср француз ёзувчиларига мактуб”и барча жамиятлар ва барча замонларда, афсуски, ўзгармай қоладиган аччиқ ҳақиқатлардан сўз очадики, домла бу ҳақиқатлардан миллатдошларининг ҳам огоҳ бўлишини истагандилар. Юксак тафаккур эгаларининг, жамият ва халқни, демакки, давлатни ҳам мунтазам ривож сари етакловчи чинакам зиёлилар меҳнатининг писанд қилинмаслиги, ақлий ва интеллектуал жиҳатдан уларнинг тиззасига етмайдиган кишиларнинг эса “жамият гуллари” сифатида эъзоз ва эҳтиром топиши Бальзакдай мутафаккирни ҳам қон қақшатгани мақола матнидан, пафосидан яққол сезилиб туради. Таржимон айни пафосни ўзбекчада шундай ифода этадики, мактубнинг асли гўё шу тилда ёзилгандай:
“Агар бу дунёда муқаддас мулк бўлса, агар чиндан ҳам инсон тасарруфига тегишли бирон нарса мавжуд бўлса, бу – инсон еру само ўрталиғида барпо этадиган, чиндан ҳам фақат унинг ақлий фаолияти самараси ўлароқ майдонга келадиган, лекин ҳамма одамларнинг қалбида гуллаб-яшнайдиган нарсадир. Илоҳ қонунлари ҳам, инсон қонунлари ҳам, соғлом ақл ўйлаб топган аянчли қонунлар ҳам, қўйинг-чи, жамики қонунлар биз томонда бўлган, бизни хонавайрон қилмоқ учун бу қонунларнинг ҳаммасини топтаб чиқмоқ даркор эди. Биз мамлакатга хазиналар ато этамиз, биз бўлмасак, мамлакат улардан маҳрум бўларди, бу хазиналар заминга ҳам боғлиқ эмас, жамоатчилик битимларига ҳам боғлиқ эмас. Шу хазинани барпо этиш борасидаги энг машаққатли меҳнатга мукофот ўрнига, мамлакат унинг самарасини мусодара этмоқда. Корнель ҳамма омборларни бойликларга тўлдириб ташлади, ҳеч қандай об-ҳаво инжиқликларидан қўрқмайдиган ҳосиллар кўтарди, у актёрларга, ноширларга, қоғоз ишлаб чиқарувчиларга, муқовачиларга, шарҳловчиларга асрлар мобайнида камаймайдиган бойликлар ато қилди, эндиликда эса мамлакат уялмай-нетмай шу Корнелнинг авлодларини қашшоқликка, тўрвахалтасини кўтариб, Корнель ҳайкалининг пойида тиланчилик қилмоққа маҳкум этмоқда. Изтироб чекишдан тўхтаганларга нисбатан кўнгли раҳм-шафқатга тўла шаҳарлар – қайта-қайта таҳқирланг ўз даҳоларингизни! Уларни ҳар куни таҳқирланг, хорланг, шундай қилсангиз, сизлар изтироб чекаётганларни қутқариш тўғрисида камроқ ўйлайдиган бўласизлар”.
Домла бутун умри давомида ўзи изтироб чекиб яшаши баробарида бошқа изтироб чекаётганлар тақдири, машаққатларини имкон қадар енгиллаштириш, ҳеч қурса кўнгилларига малҳам бўлиш дарди билан ўтди. У кишининг жўмард шоир укаси Шавкат Раҳмон ҳимоясига (“Бир тилда сўзлашайлик” номли мақоласи), туркий халқлар шаън-шавкати ҳимоясига (Гарри Каспаровга очиқ хати), миллиардлаб инсонлар эътиқод қилаётган муқаддас дин ҳимоясига (Салмон Рушдийга очиқ хати) ва бошқа кўплаб чиқишлари Шарафиддинов феномени нималигидан, бу одам бошқа ҳамкасбларидан нимаси билан кескин ажралиб туришидан дарак берарди. Шунга кўра, “Эътиқодимни нега ўзгартирдим?” (“Тафаккур” журналининг 1997 йил 1-сони) деган ниҳоятда оғир ва оғриқли савол қўйиб, худди Лев Толстой янглиғ ўз умрини, сиғиниб келган “мозорлар”ини ошкора тафтиш қилиш қудрати ҳам айни феномен табиати билан изоҳланади.
Озод домладаги бу фазилатларнинг бир қисми унинг туғма истеъдоди билан изоҳланса, бошқа қисми умри давомида муттасил амал қилгани – тинимсиз ўқиш-ўрганиш, шахсини тарбиялаш йўлида олиб борилган машаққатли илмий-ижодий меҳнат самараси эди, десак тўғри бўлади. Миллат тарихи, унинг ментал-руҳий ва ақлий имкониятлари хусусида чуқур билимга эга бўлган домла ҳеч қачон миллий биқиқликка ҳам, миллий нигилизмга ҳам йўл бермас эди. Жаҳон мутафаккирлари меросидаги умумий руҳиятни, Шарқу Ғарб тафаккуридаги муштарак жиҳатларни, барча замонлар ва маконларда инсоният ақлини қийнаган абадий муаммолар моҳиятини теран идрок этган олим омонат ҳаётнинг ўткинчи ташвишларига чалғимас, борар манзилларини руҳият юксакликларидан белгилай олганди.
Мана шу мезонлардан келиб чиқароқ, у Николай Васильевич Гоголь меросидан айнан “Ал-Маъмун” эссесини ажратиб олади ва уни она тилига маромига етказиб ўгиради. Ушбу эссе – маърузада давлат ҳокимиятини бошқаришга даъвогар кишилардан нелар талаб этилиши, айни талаблардан четга оғишлик қандай фалокатларга сабаб бўлиши ҳажман мўъжаз, мазмунан ниҳоятда теран тарзда асослаб бериладики, Озод домла 1834 йилда, Санкт-Петербург университети аудиториясида А.С.Пушкиннинг ёнида ўтириб, буюк Гоголни ўз қулоғи билан эшитади гўё. Инсоният, жумладан, Шарқ ва ислом тарихидан яхши хабардор Гоголь эса, масалан, қуйидаги тарихий сабоқни беради: “Маърифат халқнинг ўзидан олинади, ташқаридан келадиган маърифат фақат шу даражадагина ўзлаштирилмоғи керакки, бу унинг ривожига кўмаклаша оладиган миқдорда бўлсин, бироқ халқ фақат ўзининг миллий муҳити, заминидагина ривож топмоғи керак…”
Ўзбек зиёлиси Озод Шарафиддиновнинг эътиқодини ўзгартиришига сабаб бўлган тарихий, бадиий, фалсафий, ҳаётий омилларни санаб адоғига етиб бўлмайди, албатта. Уларни яқиндан ҳис қилмоқ учун домла барча хавф-хатарни билгани ҳолда ҳаёти ва ижодини астойдил ўрганиб тарғиб қилган Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирий, Мустафо Чўқаев, Отажон Ҳошим сингари ўнлаб жабрдийдалар асарларидан сизиб турган дардни қалбга жойламоқ керак. Ёхуд таржима қилгани ўнлаб китобларни, ҳеч қурса, И.Буничнинг “Партиянинг олтинлари”, Э.Савеланинг “Тўхтатинг самолётни, тушиб қоламан”, В.Краскованинг “Рутбали маъшуқалар” асарларини очиқ кўз билан ўқимоқ лозим. Ана шунда Озод домланинг эътиқод масаласида қанчалар талабчан бўлгани, бу борада ўзини ҳам, бошқани ҳам аямаслиги яқиндан – кўнгилдан ҳис қилинади.
Етмиш йил давомида “пролетариат доҳийси” дея алқанган, Н.Погодиннинг “Милтиқли киши” пьесасига кўра, ўзига таклиф қилинган оддий аскар нонуштасининг чойини ичишга розилик бериб, “Қандини болаларга беринг!” дея “етимпарварлик” кўрсатган Владимир Лениннинг аслида ким бўлгани, унинг сотқинлиги туфайли ҳокимиятга келиб қолган олчоқ большевикларнинг чинакам башараси қандай бўлгани хусусида бир эмас, ўн эмас, юзлаб, минглаб манбаларни ўқиб-ўрганган олим аллақанча замондошлари, касбдошларидан фарқ қилароқ, Чингиз Айтматов айтганидек, ўзи ҳақидаги бор ҳақиқатни ўзи, ҳаётлигида билдириб кетди.
Чунки бу инсон учун одам боласи, у ким бўлишидан қатъи назар, дунёга “ўтказиб қўйган жойи йўқлигини” билмоғи ва тан олмоғи, жамики хатти-ҳаракатини шу ҳақиқатдан келиб чиқиб амалга оширмоғи лозим эди. Яъники, дунёдаги барча моддий ва маънавий бойликлар осмондан тушмагани, уларнинг, аввало, Яратувчи эгаси ва у томонидан алоҳида истеъдод юқтириб яратилган одамлар ақлу закоси билан бунёд этилгани туфайли, бу бойликларни исроф қилишга, топтаб хор айлашга ҳеч банданинг ҳаққи-ҳуқуқи йўқлигидан бошқаларни огоҳ этмоқлик – Озод Шарафиддиновнинг бутун илмий-ижодий фаолиятининг ўқ томирини ташкил этар эди.
Устознинг бениҳоя мазмунли, мағзи тўқ ва қизиқарли ҳаёти ҳамда ижодига ана шу нуқтаи назардан назар солинса, менимча, жуда кўп нарсага ойдинлик киради, Озод Шарафиддинов феномени кўз олдимизда бутун салобати билан яққол намоён бўлади.
Раҳмон ҚЎЧҚОР,
ТДЮУ доценти,
филология фанлари номзоди
2019/3
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2019/07/03/%d0%be%d0%b7%d0%be%d0%b4-%d1%88%d0%b0%d1%80%d0%b0%d1%84%d0%b8%d0%b4%d0%b4%d0%b8%d0%bd%d0%be%d0%b2-%d1%84%d0%b5%d0%bd%d0%be%d0%bc%d0%b5%d0%bd%d0%b8/