Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳ. Сулаймонова номидаги Республика Суд экспертизаси маркази “Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси” лабораторияси мудири Асилбек Норматов билан суҳбат.
– Марказ фаолияти ҳақида қисқача маълумот берсангиз.
– Марказимиз бундан олтмиш беш йил илгари, криминалистика лабораторияси шаклида ташкил топган бўлиб, ўша даврларда айрим турдаги анъанавий экспертизалар ўтказилар эди. Бугунги кунда эса нафақат Ўзбекистонда, балки чет элларда ҳам танилган нуфузли илмий-амалий муассаса ҳисобланган ушбу Марказ суд экспертизаларини юқори савияда ўтказиш, аниқ ва ишончли эксперт хулосаларини бериш учун замонавий техник база ва илғор услубларга эга. Марказда ҳозирги кунда анъанавий криминалистик, кимёвий, физикавий, муҳандислик, биологик, иқтисодий ва бошқа экспертизалар билан бир қаторда энг замонавий – одам ДНКси – ген дактилоскопияси, фонографик (овоз ва нутқ), материалшунослик каби экспертиза турлари ўтказилмокда.
– “Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси” лабораторияси асосан қандай муаммоли масалаларни ҳал этади?
– Ушбу лаборатория генетик идентификация қилиш орқали шахсни ва биологик қон-қариндошликни аниқлаш масалаларини ҳал этиш юзасидан фаолият олиб боради. Асосий мақсад шахс генетик идентификацияси, биринчи навбатда қасддан одам ўлдириш, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик каби оғир жиноятларни тергов қилиш жараёнида аниқланган ашёвий далиллардаги биологик излар айнан кимга тегишли эканлигини ва шунингдек табиий офатлар, техноген фожиалар ва террористик актлар натижасида топилган, таниб бўлмас ҳолатга келган тана қолдиқлари орқали уларнинг шахсини аниқлашдан иборат. Бироқ, одам ДНКси суд-биологик экспертизаси нафақат одам шахсини, балки одамларнинг ўзаро яқин қариндошлик алоқаси бор-йўқлигини ҳам аниқлаш имкониятига эга. Шу сабабларга кўра ушбу экспертиза тадқиқотлари орқали туғруқхоналарда бола алмаштириш, бола ўғирлаш, вояга етмаган ва хотирасини йўқотган шахсларни аниқлаш ҳолатларига ҳам ойдинлик киритилади.
Шунингдек, лабораториямизда фуқаролик ишлари, яъни биологик оталик, оналик, ота ёки она авлоди бўйича биологик қариндошлик масалаларини аниқлаш ва ҳал этиш юзасидан ҳам фаолият олиб борилади. Бу жараённи бекам-кўст амалга оширишда олиб борилаётган тадқиқотларимизнинг аҳамияти жуда катта. Лабораториямизда текширувлар асосан суднинг ажрими ёки фуқароларнинг ёзма мурожаатларига кўра бажарилади. Марказга ариза топширилаётганда, фуқароларнинг ўз хоҳишлари билан намуна топширганлиги ва бу ишда уларни ҳеч ким мажбурламаганлиги ҳақидаги тилхат ҳам тақдим этилиши керак.
Тадқиқотлар суднинг ажримига асосан ўтказилган бўлса, текширув якунида суд экспертиза хулосаси тайёрланади. Агар тадқиқот фуқароларнинг аризасига биноан ўтказилган бўлса, мутахассиснинг хулосавий фикри тайёрлаб берилади.
– Оталикни аниқлаш тартиби қандай кечади?
– Марказга нафақат оталик, балки оналик, болалик ва ундан ташқари
биологик қариндошлик – ака-ука, опа-сингил, бобо-бувиларни аниқлаш юзасидан ҳам мурожаатлар бўлиши мумкин. Ҳар қандай мақсадда тегишли тадқиқотларни ўтказиш учун, таҳминдаги “ота”, “она” ва “бола” дан олинган солиштирма намуналар (масалан қон ёки сўлак) тақдим этилиши лозим.
– Мабодо, улар дунёдан ўтган бўлсаларчи?
– Баъзан шу каби ҳолатларга ҳам дуч келинади. Агарда тахмин қилинган ота, она ёки улардан бошқа аниқланиши лозим бўлган одам вафот этган бўлса, уларнинг бошқа турдаги биоматериаллари, масалан илдиз қисми мавжуд бўлган соч толаси, мушак тўқималари, суяк намуналари ва ҳар қандай биологик намуналар тақдим этилиши мумкин. Аслида ДНК одамнинг барча аъзоларида бир хил бўлади.
– Солиштирма намуналарни олиш ким томонидан амалга оширилади?
– Экспертиза тадқиқотлари учун солиштирма намуналарини олиш жараёни Марказ мутахассиси ёки жойларда тиббиёт муассасалари ходимлари томонидан бажарилади. Солиштирма намуналарини Марказ ходими томонидан олиниши лозим бўлган ҳолатларда у суднинг экспертиза ҳақидаги ҳужжатларда ёки суд томонидан чиқарилган ажримда албатта кўрсатилиши лозим.
Тегишли намуналар олиниши жараёнида албатта суд ваколатлаган шахс ҳамда гувоҳ шахслар қатнашиши шарт. Шу билан биргаликда, ушбу жараён баённомага киритилади.
– Текширувлар учун сарфланадиган маблағ миқдори белгиланганми?
– Билогик қариндошликни аниқлаш мақсадида ўтказиладиган тадқиқотлар ҳаражатлари учун тўланадиган давлат божи, текширувларнинг қай тарзда амалга оширилишига қараб, яъни оддийси – 856 549 сўм, ўртачаси – 1 652 989 сўм ва мураккаброғи – 2 554 619 сўм миқдорда белгиланган.
Тадқиқотларнинг оддий, ўрта ва мураккаб шакли эса, тақдим этилган биологик намуналарга қараб белгиланади. Мисол учун, тирик шахслардан олинган қон ёки сўлак намуналари тақдим этилса “оддий”, тақдим этилган солиштирма намунлардан бирортаси вафот этган шахснинг қони, сўлаги, соч толаси ёки мушак намунаси бўлса “ўрта”, тақдим этилган намуналар вафот этган шахсларнинг суяк намунаси бўлса “мураккаб” шаклдаги тадқиқот ҳисобланади.
Баъзан икки, уч ёки ундан ортиқ фарзандларнинг биологик оталик ёки оналик фактини аниқлаш бўйича иш олиб борилади. Бундай ҳолатда тадқиқот харажатлари неча нафар шахснинг (ота, она, бола ва ҳакозо) солиштирма намуналари тадқиқ этилганига қараб нарх белгиланади.
Экспертиза олдига қўйилган масалаларни ҳал қилишда, экспертиза тадқиқотлари натижалари асосидаги хулосани илмий асослаб бериш ва шу билан бирга олинган натижаларнинг диагностика сифатини аниқлаш учун биологик оталик ҳамда биологик оналик эҳтимоллик даражалари маълум бир алгоритмлар асосида белгиланиб, эҳтимоллик даражаси фоизларда кўрсатилади.
Дилором МУРОТОВА суҳбатлашди.