Остеоартроз

Танамиздаги суяклар бир-биридан тоғай билан ажралиб туради. Суякларнинг бўғим юзалари эса бўғим пайлари билан мустаҳкамланган. Бу пайлар ҳаракат пайтида содир бўладиган ташқи зарбаларга тўсиқ вазифасини ўтайди. Шунингдек, бўғимларнинг ички қавати махсус парда билан қопланган бўлиб, бўғим бўшлиғига суюқлик чиқариб туради. Шу туфайли бўғимлар эластиклиги (майинлиги) ортиб, эркин ҳаракатланади. Бўғимлар танамизда асосан ҳаракат ва таянч вазифасини бажаради. Остеоартроз хасталигида эса бўғим тоғайлари дегенератив-дистрофик ўзгаришларга учрайди.

Туртки берувчи омиллар

Ўткир ва сурункали артрит, организмдаги эндокрин бузилишлар, сезувчанлик йўқолиши билан кечувчи нерв касалликлари, бўғим яллиғланиши, бўғим ичидаги суяк синишлари, тоғай жароҳатланишига олиб келувчи вазн оғирлиги, подагра билан оғриш ҳолатлари остеоартрозни келтириб чиқариши мумкин.

Бундан ташқари, жисмоний иш билан кам шуғулланиш, кам пиёда юриш, углеводларга бой таомларни кўп истеъмол қилиш ва камҳаракатлилик натижасида киши семириб кетади, шундан сўнг бўғим тўқималарининг озуқа ва кислород билан таъминланиши сусаяди. Шундай ҳолларда бўғимларга тушадиган озгина оғирлик ҳам остеоартрозга сабаб бўлиши мумкин.

Майда жароҳатлар, тор ва пошнаси баланд пойабзаллар кийиш ҳам остеоартрозни келтириб чиқаради. Бу касаллик асосан турмуш жараёнида орттирилади, майда бўғимлар жароҳатланиши билан кечувчи тури эса наслий мойиллик туфайли юзага келади.

Остеоартрозда бўғимдаги тоғайлар эластиклиги камайиб, дағаллашади, аста-секин қотади. Натижада амортизаторлик вазифасини бажара олмай қолади. Оқибатда тоғай қавати юпқалашиб, кейинчалик емирилади ва суякларнинг тоғай билан қопланган юзаси очила боради. Бўғимлар юзасини ҳосил қилувчи суяклар ҳаракат вақтида бир-бирига ишқаланиши натижасида эрозиялар юзага келади. Суяклар ён қирраларидан остеофитлар – суяк ўсимталари пайдо бўлади. Бўғим чўзилиши билан боғлиқ ҳаракатларда оғриқ туради.

Дард қачон бошланади?

Касаллик аста-секин пайдо бўлади. Беморлар кўпинча дард қачон бошланганини эслолмайдилар. Вақт ўтиб, шикастланган бўғимлар гоҳ-гоҳида, айниқса, ҳаракат қилганда, юк кўтарганда бироз оғрийди. Бора-бора оғриқ кучаяди ва узоққа чўзилади. Ўтириб-туриш ёки эгилиш пайтида қарсиллаш эшитилади. Оғриқ, айниқса, юрганда, биринчи қадамни қўйганда зўраяди, дам олганда камаяди ёки бутунлай босилади, бемор салга чарчаб қолади, бўғим ҳаракати чекланади, шакли ўзгаради. Айрим ҳоларда бўғимлар бироз шишади, шу жой қизиб туради, пайпаслаганда оғриқ кучаяди.

Остеоартрознинг иккита тури фарқланиб, уларда ҳар хил ҳолатлар кузатилади. Масалан, гоноартроз турида асосан тизза бўғими жароҳатланади. Бунда юрганда, айниқса, зинапоялардан кўтарилиб тушаётганда тизза қаттиқ оғрийди. Узоқ вақт тик тургандап ва тиззларни букканда ҳам оғриқ кучаяди. Пайпаслаганда тизза оғриб, қирсиллайди. Секин-аста тиззалар бўғимининг шакли ўзгариб, сон мушаклари ингичкалашади.

Касалликнинг кокартроз турида тос –чаноқ бўғими шикастланади. Касаллик энди бошланиб келаётганда кечқурунлари беморнинг чов соҳасида оғриқ туради. Бемор оғриқдан безовталаниб, туни билан сон-чанлқ бўғимини букиб-ёзади, айниқса, касалланган томони билан ётолмай қийналади. Вақт ўтган сари сон бўғимининг бўшлиғи торая боради, сон суяги бошчасида қўшимча суяклар ўсади, шу туфайли ҳаракат чекланади. Бўғимларда оғриқ туришига нафақат суякларнинг ишқаланиши, балки қон айланиши етишмовчилиги (тўқималарда ишемия ва кислород танқислиги) натижасида гипоксия юзага келиши ҳам сабаб бўлади.

Остеоартроз бошқа бўғимларда, масалан, оёқ тўпиғи, тирсак, елкада ҳам учраши мумкин, лекин бу нисбатан кам кузатилади.

Даволашда уқалаш муҳим

massaj

Остеоартроз бошланишида яллиғланишга қарши дорилар ишлатилади. Тоғайлар фаолиятини тикловчи муолажалар буюрилади. Кальций препаратлари, суртма мойлар ҳам фойда беради. Физиотерапевтик муолажаларни вақти-вақти билан такрорлаб туриш керак. Массаж (уқалаш) нинг ҳам нафи катта. Санаторийларда даволаниш дард чўзилишининг олдини олади, оғриқларни тўхтатади. Борди-ю бемор шифокорга кеч мурожаат қилса, оператив даво усуллари қўлланади. Бунда чаноқ-сон бўғими ўрнига сунъий бўғим қўйилади. Шунда бемор оғриқлардан қутулиб, ҳаракатлари ҳам тўлиқ тикланади.

Остеоартрозга дучор бўлган беморлар узоқ вақт тик турмасликлари, узоқ масофага пиёда юрмасликлари, оғир юк кўтармасликлари, пиёда юрганда тез-тез дам олишлари керак. Семириб кетмаслик учун кундалик бадантарбия машқлари билан шуғулланиш зарур. Оёққа зўр келадиган оғир ишларни бажармаган маъқул. Нотекис ва ғадир-будир сўқмоқларда юриш ҳам мумкин эмас. Беморларга волейбол, футбол, баскетбол ўйнаш, югуриш машғулотлари тақиқланади. Сувда сузиш эса аксинча, соғайишга ёрдам беради. Дард хуруж қилмаган вақтларда енгил спорт турлари билан шуғулланса бўлади.

Беморлар турар-жойларидаги ревматолог ва ҳудудий шифокорлар назоратида бўлиб, улар билан маслаҳатлашган ҳолда муолажа олишлари зарур. Умуман, шифокор буюрганларига қатъий амал қилиш, дард кучайишининг олдини олади.

Аловхон СУЛЕЙМОНОВ,
Тошкент тиббиёт академияси доценти,
тиббиёт фанлари номзоди.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x