Қатнашувчилар:
Қурбоной
Раъно Алиевна
Марзия
Аъло
Наима опа
Намуна
Доно
Зарина
Умида
Умиданинг қайнонаси
Икки миршаб
БИРИНЧИ КЎРИНИШ
Саҳнанинг томошабинга кўриниб турган томони қоп-қоронғи, орқа томонида эса чироқлар ёниб, катта машинанинг кескин тўхтаган овози эшитилади. Унга аёл кишининг чинқириғи қўшилиб кетади.
Саҳна ортидан аёл кишининг дард тутаётгандаги аччиқ чинқириғи ва ваҳимали шақир-шуқур овозлар ичида икки миршаб ҳомиладор маҳкума аёлни қўллари кишанланган ҳолда олиб келади. Дард тутаётган маҳкума аёл гоҳ ўзини икки ёнга, гоҳ ерга ташламоқчи бўлади. Аммо унинг кишанланган қўллари бунга халақит беради. Миршаблар саҳнадан жуда секин юриб, парданинг орқасига ўтиб кетади. Саҳна ортида эса сайроқи қушларнинг овози ва баҳор эканлигини тасвирловчи бир манзара ичида туғруқхонага кириб келадиган йўлак акс эттирилади… Қўлларида елим халталар, гуллар кўтарган ёш оталар, хавотир ичида елиб бораётган оналар сиймоси гавдаланади…
Баҳорда тўсатдан ёғиб қолган жала каби маҳкума аёлнинг кириб келиши кўрган кишини қаттиқ қўрқувга солади.
Туғруқ зали. Врач ва ҳамширалар у ёқдан бу ёққа чопиб ўтишади. Қўлларида томчи укол қўйиш учун ишлатиладиган жиҳозлар, дорилар сақланадиган (аптечка) қутидан тортиб, иссиқ сув қуйиб ишлатиладиган (грелка) елим идишгача бор.
Парда билан тўсиб қўйилган эшик ёнида тунд қиёфадаги икки миршаб тик қотиб турибди. Маҳкума аёлнинг жон аччиғидаги чинқириғи эшитилади.
МАҲКУМА: Онажон, ўлдим. Она-а-а-ж-о-он!
ВРАЧ: Нафас ол! Чуқур-чуқур нафас ол. Гапимга қулоқ солиб, айтганларимни қилсанг, бирпасда қутулиб оласан. (Шифокорнинг овози кескин, аммо ҳамдард, далдаомуз янграйди) Ҳа, боланг келиб турибди, синглим! Бунақада боланг ўлиб қолади, ахир. (Бироздан кейин) Озгина сабр қилиб, чидасанг, ҳаммаси ўтиб кетади… қани… нафас…
МАҲКУМА: Опажон, жон опа, боламни сақлаб қолинг. Жон опа, менга раҳмингиз келсин. Унинг вужудимда борлигига, тепинишларига, эркаланишларига ўрганиб қолган эдим. Қорнимга қўлимни қўйсам, қимирлаб жавоб қайтарар эди… (Яна тўлғоқ бошланиб, аёлнинг сўзи узилиб қолади. Сўнгра инграш ва алаҳсирашга ўхшаш узуқ-юлуқ сўзлар эшитилади) Онажоним! Қаердасиз? Сизни кўргим келяпти… Сизни кўргим келяпти, онажон. Мен ҳозир ташқаридаман. Онажон, эшитяпсизми? Сизнинг набирангиз туғилмоқда. Онажон! Онажон… Эсингиздами…
ВРАЧ: Кўп гапирма. Кучан, йўқса, кучингни йўқотиб қўясан. Ҳали сенга куч керак бўлади.
МАҲКУМА: Опажон, опа… (Аёл нималарнидир айтишга уринади).
ВРАЧ: (Сўзини бўлиб) Олдин эсон-омон қутулиб ол, кейин қанча гапинг бўлса, гаплашаверамиз, хўпми? Энди менинг айтганларимга қулоқ сол, чуқур-чуқур нафас ол. Ҳа, баракалла.
Аммо озгина ўтмай маҳкуманинг овози жимиб қолади. Яна залда югур-югур бошланади. Врач саросимада.
ВРАЧ: Тез нашатир спиртини узатинг. Аъло, қон босимини ўлча. Марзия, оёғининг остига иссиқ грелка қўйинг.
АЪЛО: Қон босими 170 га 80. Пaпаверин-дибазол тайёрлайми?
ВРАЧ: Тез. (Врачнинг овози хавотирли эшитилади) Боланинг юрак уриши яхши. Фақат онанинг қон босими баланд. Агар туширмасак, бола ўлиб қолиши мумкин.
ВРАЧ: Кўзингни оч. (Врач аёлнинг юзига шапатилаб, ўзига келтиришга уринади). Ўзингни қўлга ол. Кўп сув йўқотгансан, боланг қуруқда қолган, тушуняпсанми? Марзия, оти нимайди, касаллик варақасига қаранг-чи.
Марзия столнинг устидаги касаллик варақасини қўлига олади.
МАРЗИЯ: Қурбоной экан. 23 ёшда.
ВРАЧ: Эссизгина, шунча ёш эканми? Қурбоной, Қурбоной, қара, мени эшитяпсанми? Ўзинг ҳаракат қил, озгина чидасанг, ҳаммаси яхши бўлади. Ҳа, яхши, яхши. Ўзига келяпти. Аъло, окситацин ула. Тўлғоқ суст. Бола қийналиб кетди. Қурбоной, қани яна бир уриниб кўрайлик.
МАҲКУМА: (Паст овозда) Опа, бошқа кучим қолмади. Озгина нафас ростлаб олай, опа-ж-о-он… Она-а-а-а… Онажо-о-о-о-н!..
ВРАЧ: Бунақа қилаверсанг, боланг нобуд бўлади. Намунча ўзингни ўйламасанг, бақирма кучингни кетказиб. Чуқур-чуқур нафас ол, қани… Қаттиқроқ! Ҳа, яхши. Яна…
МАҲКУМА: О, қандай яхши. Менинг болам! Менинг болам туғиляпти. Мен она бўламан. Опажон, мен жиноятчи эмасман. Мен жиноят қилганим йўқ. Мен бор-йўғи ўзимни ҳимоя қилдим. Ўзимни ҳимоя қилганим учун қамалдим. Мен шаънимни… (нафас олиши оғирлашади). Мен шаънимни… а-а-а-а-а…
АЪЛО: (Хавотирли оҳангда) Раъно Алиевна, онанинг юраги уришдан тўхтаяпти-и-и!
ВРАЧ: (Саросимада) Сунъий нафас, электрошок! (Сўнг баланд овозда) Йўқ, йўқ, бўлди. Юраги ура бошлади. Фақат нега… нега бола йиғламаяпти?
Бирдан бутун саҳнани чақалоқнинг йиғиси тутиб кетади.
ВРАЧ: Ўғил туғилди! Беш ярим кило! (Раъно Алиевна пешонасидаги терни артиб, оғир хўрсинади ва стулга ўтириб, нималарнидир ёза бошлайди)
Қурбоной бу пайтда анча ҳолдан тойган, мадорсиз, сочлари тўзғиган кўйи ёнида икки миршаб билан парда ортидан чиқиб келади. Чақалоқ ҳамширанинг қўлида чинқириб йиғлайди ва Қурбоной ҳар томонга аланглаганча чақалоққа талпиниб, алла айта бошлайди.
Очилмасдан сўлган болам, аллаё алла,
Тирик етим бўлган болам, аллаё алла.
Онажони ўлган болам, аллаё алла,
Жоним болам, жаҳоним болам, аллаё алла.
Қаерларга бордик, болам, аллаё алла,
Не кунларга қолдик, болам, аллаё алла.
Худойимга солдик болам, аллаё алла,
Жоним болам, жаҳоним болам, аллаё алла.
Нима қилай – етмас ҳаво, аллаё алла,
Ҳолим забун, аҳволим танг, аллаё алла.
Болажоним, ҳатто Худо, аллаё алла,
Кечиради сен кечирсанг, аллаё алла.
Саҳна қоронғилашади.
ИККИНЧИ КЎРИНИШ
Саҳна ёришади. Туғруқ зали. Маҳкума аёл қорнини ушлаган кўйи зўр-базўр врачга юзланади.
ҚУРБОНОЙ: Опажон, боламни қолдириб кетмоқчиман.
ВРАЧ: Нима? Тўққиз ой қорнингда кўтариб юриб, қийналиб топган болангни ташлаб кетишга кўзинг қандай қияди? (Бирдан эсига нимадир тушгандай Қурбонойга илкис қарайди) Балки, эрингга хабар қилсак, олиб кетар?
ҚУРБОНОЙ: (Кескин) Йўқ! (Унинг овозида нимадир портлагандай, врач бир чўчиб тушгандай бўлади) Йўқ, у уйланган. Менинг боламга кўзи учиб тургани йўқ. (Секингина) Кундошнинг қўлига топширгандан кўра, болалар уйига топширганим яхши.
ВРАЧ: Демоқчи эдимки… Демоқчи эдимки, яқин кунларда озодликка чиқсанг, шу бола сенга эрмак бўлармиди?
Шу пайт ҳамшира чақалоқни онасининг олдига олиб келади. Она боласига талпиниб, чақалоқни қўлига оларкан, кўзларидан дув-дув ёш тўкилади ва боласини бағрига қаттиқ босиб, врачга юзланади.
ҚУРБОНОЙ: Мени ўйлаганингиз учун раҳмат, опа! Ҳали-бери чиқмайман. Яна 9 йилу 4 ойим турибди. Мен ҳаётини яшаб бўлган одамман. Энди буёғининг фарқи йўқ. Чиқдим нима-ю, чиқмадим нима? Ҳаётим эрим мен билан боламдан воз кечган куни тугаган. Қолаверса, болам маҳкума онаси борлигини билмагани яхши. (Эзилиб йиғлаган кўйи боласини ўпади) Болам кўз очиб қамоқхонани кўрмасин, опажон. (Худди эсига бир нима тушгандай врачга юзланади) Опажон, нима дейсиз, ҳозирча болалар уйига топшириб турсангиз. (Шошиб) Мен, албатта, уни топаман. Бу ердан узоқ-узоқларга олиб кетаман. Шундай яхши тарбия бераманки, опажон, шундай яхши тарбия бераманки… (Ўзига ўзи гапирган каби) Отасига ўхшаб номард бўлмайди. Боласини, покиза жуфти ҳалолини кўчага ташлаб қўймайди. Эркаклик шаънини оёқ ости қилмайди.
ВРАЧ: (Хўрсиниб) Уни эртага тополмай қолишинг мумкин. Сен буни ўйламаяпсан. Битта бургага аччиқ қилиб, бутун дунёга ўт қўйяпсан, сингилжоним. Қаерда бўлса ҳам, кўзингнинг олдида бўлгани яхши эмасми? Эртага пушаймон бўласан, аммо унда кеч бўлади.
ҚУРБОНОЙ: Қарорим қатъий, опа. Жуда узо-о-қ ўйладим. Менга осон деб ўйлайсизми боламни ташлаб кетиш?..
Болани бағрига қаттиқ босиб, ерга чўккалаб қолади. Ҳамшира учиб келиб, болани аёлнинг қўлидан олади.
ВРАЧ: Унда мана бу аризага қўл қўй.
Аёл жуда аянчли аҳволда столга яқинлашиб, врач кўрсатган бир қоғозга имзо чекади (кўзларини қаттиқ юмиб, қўлларида кучли титроқ акс этади) ва столдан узоқлаша бошлайди. Бирдан тўхтаб, Врачга ўгирилади:
ҚУРБОНОЙ: Опажон, боламни яна бир бор бағримга бос-а-ай?
ВРАЧ: (Эзилиб) Синглим, сен ҳужжатга қўл қўйиб бўлдинг, бола энди сеники эмас. Уни кўрсатишга ҳақим йўқ.
Қурбоной ўзини врачнинг оёғига ташлаб ария айта бошлайди.
Опажон, билмайман, тушми-ўнгимми –
Худо ҳам эшитмас, ёлборай кимга?
Алпомиш ўғлимни, полвон ўғлимни
Бир марта бўлса ҳам босай бағримга.
Нозик қўлчаларин ушлаб кўрайин,
Кўзимнинг ўнгида қолсин бир умр.
О, менга нимадир бўлмоқда тайин,
Кўксимдан қуйилиб кетди нимадир.
Бағримни куйдириб бормоқда бир чўғ,
Уйингиз бахтиёр болага тўлсин.
Қўлимдан ҳеч нима келмаяпти, йўқ,
Худо манглайини силаган бўлсин.
Икки миршабнинг орасида маҳкума чорасиз ортига қарай-қарай кета бошлайди. Шу пайт чақалоқнинг чинқириб йиғлагани эшитилади. Маҳкума жон талвасасида ҳар томонга ўзини ташлаб яна ария айтади.
Йиғламагин, йиғлама, болам,
Юрак-бағрим тиғлама, болам.
Сени ташлаб кетишга ҳам
Бу дунёдан қўрқаман, болам.
Ана, кўкда ялтирайди ой,
Йиғламагин, йиғлама, болам.
Мени кечир, мен турган у жой
Сенга раво эмасдир, болам.
Куйиб борар жону жаҳоним,
Товонимга ботади тикан.
Айтиб кетай, жон болажоним –
Бу дунёси қон, қонхўр экан.
УЧИНЧИ КЎРИНИШ
Яна бир гумбурлаган, ваҳималар ичида оғир-оғир қадам босиб бораётган, кўкси ҳўл, сочлари тўзиб кетган аёлни миршаблар олиб чиқиб кетишади. Ва яна саҳна ортида катта машинанинг жойидан силжиётган овози билан аёл чинқириғи қўшилиб кетади. Бу чинқириқ аввалгиларидан фарқли, ҳамма нарсасини йўқотган, охирги умидларидан ҳам мосуво бўлган аёлнинг аламли чинқириғи эди…
Туғруқхона йўлакчаси. Ҳамширалар у ёқдан бу ёққа ўтиб юришибди. Ҳатто иккита чақалоқ кўтарган ҳамшира ҳам саҳнадан икки марта ўтади. Маҳкумани олиб чиқиб кетишганини кўрган тўрт аёл дераза ёнида ғалати бир ҳолатда туришибди.
НАМУНА: Опажонлар, қўрқиб кетяпман. Маҳкума аёлни биринчи марта кўришим. Лекин ҳечам маҳкумага ўхшамайди-я, бирам чиройли.
ДОНО: Намунахон, намунча ўзиззи гўлликка соласиз. Аёл кишининг бу дунёга келишини ўзи маҳкумалик эмасми?
НАМУНА: Вой, Доно опа… Нималар деяпсиз… Мен жуда бахтиёрман… Сиздай журналист шунақа десангиз…
НАИМА ОПА: Намунахон. Сиз буларга эътибор берманг. Журналист синглимиз ҳаётни юбкалари узунлиги билан ўлчаяптилар. (Доно зарда билан четга чиқиб кетади). Қанча қийинчиликларни бошдан кечирганимга қарамай, мен ҳам ўзимни бахтсиз ҳисобламайман. Тўғри, ўқийман, дедим. Ундан кейин каттароқ иш билан банд бўлдим: илмий иш қилдим. Қарабсизки, ёшим бир жойга бориб қолганда, Оллоҳнинг менга атагани ҳам бор экан, турмушга чиқдим. Кўзим кўкарганда ўғиллик бўлдим. Аммо ҳечам норози бўлганим йўқ. Турмуш ўртоғимни яримта сўзларидан тушунаман. Бир-биримизни яхши кўрамиз.
Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё,
Иллат излаганга иллатдир дунё.
(Оғир хўрсинади ва маҳкума кетган томонга қараб) Бу бечоранинг ёзиғига нелар ёзилибди эканки, бу аҳволга тушибди, шўрлик. Тўлғоқ оғир кечди, тонггача қийналди бояқиш. Ичим ачиб чиқди тун бўйи.
УМИДА: Ҳаёт ҳар кимни ҳар кўйга солар экан, Наима опа. Мен тирноққа зор бўлиб ўтирибман, у бўлса, боласини ташлаб кетяпти.
ДОНО: Эҳ… Менга яна бир мавзу топилди. Бу туғруқхона деганлари ғиж-ғиж мавзу экан. Айтгандай, шу болани сиз олсангиз-чи, Умидахон опа, бир врачлар билан гаплашиб кўринг? Ёки… мен гаплашиб берайми?
УМИДА: Йўқ, йўқ! Уйдагилар, барибир, рози бўлишмайди. Боламнинг ўлик туғилганини ҳали қайнонам эшитгани йўқ. Лекин эримнинг ҳафсаласи пир бўлган шекилли, мана бугун ҳам хабар олишга келмади.
НАИМА: Зарур иши чиқиб қолгандир-да, Умидахон. Кўрасиз, ҳали замон келиб қолади.
УМИДА: Опажон, ахир бу менинг тўртинчи болам. Бир йил аввал бизга охирги муҳлат берилган эди. Мана, ҳаммаси тугади… Мен ҳам сизга ўхшаб катта-катта ўқишларда ўқишни, сизга ўхшаган олима бўлишни ният қилардим. Аммо ота-онам мактабни битиришим билан турмушга беришди. О, менинг қанчалар ялиниб-ёлворганларим зое кетди. Аммо севиб турмуш қурмаган бўлсак ҳам, тўйдан кейин бир-биримизни яхши кўриб қолдик.
Шу пайт қўлида тиббиёт аравачасини судраб олган Марзия аёлларга яқинлашиб келади. Аравача дори-укол, шприцлар билан тўла.
МАРЗИЯ: Ҳа, бу ерда мажлис бўляптими? Бош врач “ҳайфсан” берган ҳамшираларга ўхшаб бош эгиб ўтирибсиз. Ҳаммангиз палатангизга тарқалинг. (Бирдан Намунага кўзи тушиб) Ия, Намунахон, сиз нима қиляпсиз? Бировларнинг гапини пойлаб ўтиргунча, сутингизни кўпайтириш йўлларини ўйласангиз-чи, овқат енг, иссиқ-иссиқ чой ичинг.
ДОНО: (Аския қилиб) Опа, сизам жа ошириб юборасиз-да. Бечорани уялтириб юбордингиз. Биринчи боламда мендаям шунақа бўлган. Кўп овқат есам, болага сут бўларкан, деб еяверибман, еяверибман. Кейин нима бўлди, денг? Ошқозонимни касал қилиб олдим. Мана аҳволимни қаранг. Ундан кўра, Марзия опа, анув аёл нима билан қамалганини гапириб беринг, мен мазза қилиб ёзай. Эртага газетада ўқиб, сиз ҳам бир мазза қилинг.
МАРЗИЯ: Биринчидан, бизга бу ҳақда айтишмайди. Иккинчидан, сизнинг ўша “Бозорчи” газетангиз кўп ёлғонларни ёзади.
ДОНО: Вой, вой, бу нима деганингиз?
МАРЗИЯ: Бу деганим, қайсидир йили машҳур бир ҳофизнинг ўғли билан боғлиқ машмашасини ўқигандим. Ҳайрон қолдим, рости гап. Чунки биз ўша ҳофизнинг қанчалаб қўшиғини ёддан биламиз. Шунақа ғийбатсифат гапларнинг нима кераги бор?
Шу пайт ичкаридан ўзига ярашган кийимлар кийиб, тақинчоқлар билан безанган Зарина чиқиб келади.
ЗАРИНА: Қўшиқ, дегандай бўлдийларми? Шу сўз бирам қулоғимга ёқадики… Қўшиқ айтмаганимга ҳам қанча бўлиб кетди.
МАРЗИЯ: Сизга нима ёқишини билмадим-у, аммо ҳозир ҳамма палатасига кирсин. Ярим соатдан кейин муолажа бошлаймиз. Сиз эса фонограммангизни бу ердан кетганингиздан кейин ванғиллатиб қўяверасиз.
Марзия кетади.
ЗАРИНА: Вой, буни қўполлигини, бульдозернинг ўзи! Афсус, қўлидаман-да. Бошқа жой бўлганда, сочини битталаб юлардим.
НАИМА: Тўйда бўлганда, демоқчисиз-да.
ЗАРИНА: (Тутоқиб) Сиз нимага шаъма қилаяпсиз? Нима, мени фақат тўйларда юради деб ўйлаяпсизми? Унда туғруқхонада нима қилиб ўтирибман? Худога шукур, эрим бор… эди. 3-4 ой аҳил яшадик. Тақдир экан, гапимиз гапимизга тўғри келмагандан кейин ажрашиб қўя қолдик. Ундан қолган мана бу (қўлини чақалоқ кўтаргандай қилиб кўрсатади) матоҳ умр бўйи менга етади. Олдириб ташламоқчи ҳам бўлдим, аммо дўхтирлар бола катта бўлиб қолган деб қўрқитишди. Сиз бўлса, менга тўйни рўкач қиласиз. Ахир, мен концертлар бердим, дисклар чиқардим, булар ҳам меҳнат-ку.
ДОНО: Ўзи бугун жа ғалати кун бўлди. Ярим тундан анув маҳкума аёл… Ундан сўнг телефонда эрим билан уришиб қолдик, болага исм қўйишда ҳеч келишолмаяпмиз. Бироз олдин Марзия. Ҳозир эса сизлар… Хуллас, ҳалиги аёлнинг туғруқхонага келиши яхши бўлмади.
ЗАРИНА: Мен у аёлни яхши танийман. (Ҳамма сергак тортиб, Заринага қарайди) Шунинг учун кўзига кўринмай қўя қолдим. Биз у аёл билан бир маҳаллада катта бўлганмиз. Эри билан севишиб турмуш қуриб, яхшигина яшаётганди. Мактабда мусиқадан дарс берарди. Поччасининг ҳурмати, тўйида бир жуфт қўшиқ ҳам айтганман… Тўйидан кейин бир кун бозорда кўргандим. Эри билан кўйлак танлаётган экан. Кўрмаганга олиб кетгандим…
ДОНО: Ёзишга арзийдиган нимадир чиқиб қолади, шекилли… Хўш-хўш, гапиринг, гапиринг…
ЗАРИНА: Гапирганда қандоқ, как раз газетабоп статья. Фақат менинг номимни қўшмайсиз, чунки шаънимга тўғри кемийди. (У ёқдан бу ёққа юра бошлайди) Одамларга ҳам ҳайронсан, барибир поклигингга эринг ишонмади, поччангни ўлдириб нима қилардинг? Ўзинг ҳам кўзингни сузгандирсанки, поччанг ипини узгандир. Аммо поччаси (бошбармоғи билан кўрсатиб) зўр эди. Катта амалдор эди. Пул дегани мана бундоқ (бўйнини кўрсатиб) эди… Юравермайсанми, опанг билан эрингни кўзини шамғалат қилиб. Энди нима бўлди? Ҳали суди тугамасидан эри уйланди, ўзи ўн йилдан кўпга қамалди. Опаси, қариндошлари, ҳаммаси ундан юз ўгирди. Чунки ўша почча қариндош-уруғларни ишга жойлаб, иссиқ-совуғига кўндаланг эди-да. Хуллас, гулдай умри хазон бўлиб, ер билан яксон бўлди.
НАМУНА: Вой… Бечора-а-а-а… Ҳомиладор экан-да-а-а…
ЗАРИНА: Ҳа. Қорни билиниб қолганди.
НАИМА: Бу дейман, Заринахон, почча билан сизнинг ҳам “борди-келди”нгиз бўлганми, нима бало… “Почча” деганингизда оғзингиздан бол томяпти-я?
ЗАРИНА: Опа, олимлигингизни ҳурмат қиляпман-да. Бўлмаса… (Бирдан эсига нимадир тушгандай хахолаб кула бошлайди) Сезгирлигингизга эса гап йўқ. Ерни тагида илон қимирласа билар экансиз, қойил! Почча ҳатто “туғилган кун бор”, деса “казо-казо” тўйларимни ҳам йиғиштириб қўярдим. Мард одам эди, айтганимни берарди. Ҳозир мен бу аёлдан қочганим, ўша почча ўлган куни ҳам, биз бирга эдик. Почча Қурбонойнинг эрини ўзига ҳайдовчи қилиб ишга олганди. Ўша куни тоғ бағридаги дачасида зиёфатда эдик. Бу аёл идиш-товоқларни ювиб юрганди туппа-тузук. Гапирсанг, ерга қараб турадиган, қўй оғзидан чўп олмаган, ювошгина аёл поччасини озгина шилқимлик қилганига чидай олмай, ўлдириб қўйса-я! Хуллас, шу аёлни деб, биз бир яхши спонсордан айрилдик.
УМИДА: (Жуда қаттиқ ҳаяжонда) Сизлар… Сизлар кўпчиликмисизлар?
ДОНО: Ҳозир нима кўп, ашулачи бўламан, деган кўп! Поччани топсанг бўлди, финишга етасан-қўясан.
НАИМА: Ҳа, ашулачилар ҳам, енгил-елпи қўшиқлар кўпайиб кетди. Уларнинг эртагача яшаб қолишига ўзлари ҳам ишонишмайди. Эссизгина, буларни ёшлар тинглаётгани ачинарли. Бу ҳақда ўйлаб кўриш учун ҳам одамда билим, истеъдод бўлиши керак экан.
Зарина зарда билан қўшиқ айтади.
ЗАРИНА:
Енгил-елпи деб ўйламанг,
Енгил-елпи,
Бизга ҳам бир замон кепти,
Замон кепти,
Ерга боқиб нималарни ўйладингиз?
Бизсиз, ахир, ўтармиди тўйларингиз?
Кулиб кутиб олишади қайда бўлса,
Катта-кичик поччалару ака, тўра,
Номусини сотса-сотар, яшайверса
Яхшимасми, одам ўлдиргандан кўра.
НАИМА:
Сиз номусни биласизми, сингилгинам,
Шону шуҳрат сизни қайга қўйди элтиб?
Сиз ҳар куни алжанг-балжанг қўшиқ билан,
Турибсиз-ку, қанча-қанча бошга етиб.
ДУЭТ:
Бормоқда у аёл деган юкни ортиб,
Адл туриб, ориятни маҳкам ушлаб.
Кўринганга муҳаббату виждон сотиб –
Яшагиси келмагандир сизга ўхшаб.
Иккинчисида Заринадан бошқа ҳамма қўшилиб айтади.
ТЎРТИНЧИ КЎРИНИШ
Қоп-қоронғи тун. Панжара ортида сочлари тўзғиб кетган маҳкума аёл. Узоқ-узоқлардан чақалоқнинг чинқириб йиғлагани эшитилиб турибди. Ҳавода йўргакланган чақалоқлар учади. Аёл аввалгидан ҳам кексайиб кетгандек кўринади.
Бағри-дилим бормоқда куйиб,
Бағри-дилим бормоқда куйиб,
Ҳаёт, бунча эрта отилдим,
Мен ўзимни ҳимоя қилиб,
Мен ўзимни ҳимоя қилиб –
Қўлларимни қонга ботирдим.
Бир йигитнинг аёли эдим,
Ҳам муниса, вафоли эдим.
Қайда пойлаб турган эдинг сен –
Қўлларимни қонга ботирдим.
Энди жону дилимда фарёд,
“Болам”, деган тилимда фарёд.
Сенинг исминг нимадир, ҳаёт?
Қўлларимни қонга ботирдим.
Қўлида дубинка кўтарган миршаб аёл томошабинлар томонга аланглаган кўйи у ёқдан бу ёққа юра бошлайди. Ҳам ачинаётган, ҳам асабийлашаётган каби таассурот қолдиради.
МИРШАБ: Бўлди, энди. Бунча ўзингни ўлдиргудай куйиб ёнмасанг?
МАҲКУМА: Ҳақиқат йўқ экан, опа! Мен ноҳақликнинг қурбони бўлдим.
МИРШАБ: Оғзингга қараб гапир. Сен ҳақиқат борлиги учун ҳам шу ерда ўтирибсан. Сен одам ўлдирдинг, лекин сени ҳеч ким ўлдириб юборгани йўқ-ку. Жазо муддатини ўтаб, яна озодликка чиқасан. Ўлган эса ўлиб кетди.
МАҲКУМА: Мен одам ўлдирган бўлсам, бир ифлосни ўлдирдим. Бу дунёни бир нопокдан тозаладим.
МИРШАБ: Аммо сенинг қўлларинг қонга ботди. Бу қўлларнинг қонлари ювилиши керак эмасми, ахир?!
МАҲКУМА: (Тишлари ғичирлаб, ўзига-ўзи гапиргандай) Аммо менинг қўлларим қонга ботди. (Қўлларини панжарадан чиқариб туриб) Бу қўлларнинг қонлари ювилиши керак. Ҳа, ҳа! Ювилиши керак…
МИРШАБ: Ҳа, банда пешонасига ёзилганини кўради, дейишади. Энди сиқилаверма. Бу кетишда ўз оловингда ўзинг ёниб кетасан. Ҳали бу кунларни кўрмагандай бўлиб кетасан. Бағринг тўла бола бўлади.
МАҲКУМА: Бола?! (Чинқириб юборади) Бо-ла-aм! (Қўлларини ҳавода чўзиб, йиғлаганча ария айта бошлайди.)
Томиримда қолганми жон?
Кўксим уриб турган билан.
Қўлларимдан кетарми қон
Қўлни қанча ювган билан.
Болажоним, отанг билса,
Сени излаб бормасмикан?
Овозингни бирор кимса
Эшитмасдан қолмасмикан?
Эсаётган шамол йўлин
Мендан буриб кетди, болам.
Қалтирайди икки қўлим,
Кўзим қуриб кетди, болам.
Оёғимда дармоним йўқ,
Юрак-бағрим тўлди, болам.
Сени кўрсам, армоним йўқ,
Сени кўрсам бўлди, болам.
БЕШИНЧИ КЎРИНИШ
Туғруқхона йўлакчаси. Йўлак четида стол. Врач қоғозларга нималардир ёзиш билан банд. Йиғидан кўзлари шишиб кетган Умида кўринади.
УМИДА: Раъно опо-в… (Ишига берилган врач Умиданинг овозини эшитмайди. Умида орқасига қайтмоқчи ҳам бўлади. Аммо ўз ёғида қовурилаётган, қовжираб бораётган аёл ортига қайтгиси келмайди). Раъно опо-о-ов… (Раъно Алиевна бошини ишидан кўтариб, ҳам меҳр, ҳам ачиниш билан жилмаяди). Раъно опо-о-ов, илтимо-о-ос, мана шу болани менга беринг. Илтимо-о-ос…
ВРАЧ: Мен сизга айтдим-ку, Умидахон, чақалоқни болалар уйига жўнатиб бўлдик. Жўнатмаган тақдиримизда ҳам бу ишни биз қилолмаймиз. Қонунан ҳақимиз йўқ. Бу ишнинг ўз тартиб-қоидаси бор. Болани фарзандликка бериш билан шуғулланадиган махсус идора бор.
УМИДА: Тўғри-ку-я. Уйга қандай кетишни билмаяпман, Раъно опа (йиғлаб). Оловга ташланган хасга ўхшайман. Билмайман, менга кимнинг қарғиши теккан, кимнинг дилини оғритганман? Худонинг ҳам раҳми келмаяпти, опажон. Тўртта фарзанд кўрдим, лекин бирортасининг ҳам юзини кўрганим йўқ. Ҳар сафар мен туғруқхонадан чиқиб боргунимча уларни қабристонга қўйиб келган бўлишади.
ВРАЧ: Ҳали ёшсиз, ҳали ҳаммаси олдинда, ноумид бўлманг. Мен ҳам яшаяпман-ку, бир тирноққа зор бўлиб! Фарзанд илинжида турмуш ўртоғим билан ўн етти йил яшадик. Бормаган жойимиз, кўрсатмаган доктору табибимиз қолмади. Аммо нима қилайликки, Худо бизга фарзанд бермади.
Вазиятни бундай тус олишини кутмаган Умиданинг кўзлари уйқудан чўчиб уйғонган каби катта-катта очилиб кетади. Врач унинг ҳолатидан бехабар ҳолда сўзида давом этади.
ВРАЧ: Аммо… Тақдир мени чақалоқлар ичига ташлаб қўйди. (Кўзидан ёш қуйилиб кетади ва ўрнидан туриб, эзилган кўйи ария айта бошлайди).
Кексайган чоғимда оғрир гоҳо қалб,
Дарахтман. Жон ҳалак япроқларимда.
Менинг туғилмаган болам эркалаб,
Сочимни ўйнайди бармоқларида.
Ё Тангрим, қўлимда, оҳ, қанча гўдак,
Дояман. Бир куни, балким танийди.
Мен ҳам бир гўдакнинг тутиб қўлидан,
Боғлардан етаклаб ўтсам, қанийди…
Бу ерда дунёга келаётган ҳар бир норасидани ўзимнинг зурриёдим каби қабул қиламан. Уларни бағримга босиб овунаман. (Врач ўрнидан туриб, Умиданинг олдига келади) Сизнинг қисматингиздаги каби ҳолатларни кўриш менга осон деб ўйлайсизми, Умидахон?! Сиз билмайсиз. Сиз бу ердан кетасиз, аммо йиллар давомида бу дард меники бўлиб қолаверади. (Умида ўзини Раъно Алиевнанинг қучоғига отади. Шифокор ўзини мажбурлаб жилмаяди ва Умиданинг бошини силайди) Қаратган қараб қолмайди, дейдилар-ку, а, Умидахон. Астойдил сўрасангиз, албатта, беради. Сизнинг ҳали имкониятингиз бор. Жуда бўлмаса, эрингиз билан гўдаклар уйига мурожаат қиларсиз.
УМИДА: Қайнонам ўлса ҳам рози бўлмайди. (Йиғлаб) Яқинда эримга: “Буни кўнглига қараб, умрингни ўтказдинг”, деяётганларини эшитиб қолдим. Ҳеч қаттиқ гапирмаган қайнонам: “Умидахон, бу сафар туғруқхонадан қўлингизда бола билан келмасангиз, тўғри уйингизга кетаверинг”, деди. Тўғри-да, қайнонамнинг ҳам сабр косалари синиб бўлган. Хўжайинимнинг кўзларига қарашга эса юрагим бетламай қолди.
Шу пайт ҳовлиқиб ўзига ярашган кийимларда Доно кириб келади.
ДОНО: И-йи, шу ердамидингиз Умида опа? Ҳамма палаталарни қидириб чиқдим. Йўқсиз! Сизга келишди. (Елкасини қисиб секингина) Қайнонасиман, деди. (Умида қўрқиб кетади).
УМИДА: Йўқ, йўқ. Ҳеч қаердан тополмадим, денг. Еру кўкдан тополмадим, денг… (Бироздан кейин) Майли, бироздан кейин чиқаман, синглим. Ўзимни босиб олай. Албатта чиқаман. (Йиғлаган кўйи ария айта бошлайди).
Юқорида эса бўм-бўш бешиклар у ёқдан бу ёққа уча бошлайди.
Дил дардим кўзимдан тушмоқда оқиб,
Наҳотки, яна бир умидим барбод.
Турибман қоронғу дунёга боқиб,
Наҳотки, шулар рост.
Наҳот шулар рост?
Хотирдан о, қандай ўчирмоқ мумкин,
О, қандай яшамоқ мумкин айни пайт?
Мен энди қайтадан яшашим учун
Қайси дунёларга ёлборайин, айт?!
Ўзимга бўйсунмай титрайди лабим,
Юрагим қинидан чиқар беэга.
Ўзимни увада бир буюм каби,
Ирғитиб юборгим келар кўчага.
Шу пайт саҳнага Умиданинг қайнонаси кириб келади. Унинг шаҳди-шиддати, салобати қаттиққўл, рўзғорни ўз қўлига олган Фармонбибиларни ёдга солади. Умида ортга тисланади. Ранги оқарган кўйи титраб-қақшайди. Раъно Алиевна билан Доно секингина юриб, икки томонга бурилиб кетишади. Узоққа чўзилган қисқа сукунат.
УМИДА: (айбдорона бош эгади) Ойижон, мени кечиринг.
ҚАЙНОНА: (Оғир уф тортиб, Умидаги ачиниб қарайди.) Бўлди, куйинаверма. Одам боласи пешонада борини кўради. Мени тошбағир дема, ҳаммаси Худонинг иродаси.
УМИДА: (Қайнонаси томонга қараб оҳиста қадам ташлайди. Қўлларини ёяди) Ойижон, мени кечиринг, Ойиж-о-он…
ҚАЙНОНА: Биламан, сенга ҳам осонмас, ҳеч кимга осонмас. Ўғлим уч кундирки, туз тотгани йўқ. Бағрини ерга бериб, ўз ёғида ўзи қовурилиб ётибди. Ўғлимнинг сенинг доғингда куйиб қовурилишини истамайман, болам.
УМИДА: (Йиғлаб қайнонасини қучоқлаб олади) Раҳмат, ойижон. Лекин… Мен… Мен…
ҚАЙНОНА: Юрагим сув бўлиб, ҳеч кимга билдирмай, сенинг ёнингга келавердим.(Қайнона оналарга хос меҳр билан Умиданинг бошини силайди.) Мен ҳам онаман, болам. Мен ҳам ўз боламни яхши кўраман. Бола кўришни қанчалар хоҳлашингни ҳам биламан. Мен бир нарсани тушундим: ўғлим сени жуда яхши кўраркан.
УМИДА: (Қайнонаси бағридан чиқиб) Мен уларнинг юзига қандай қарайман, сизнинг, уйдагиларнинг юзига қандай қарайман? (Ерга ўтириб олиб уввос тортиб йиғлаб юборади).
ҚАЙНОНА: (Умидани ўрнидан турғизишга уриниб) Тур ўрнингдан, сенинг гуноҳинг йўқ, болам. Пешонанг шу экан. Унга кўнмай, иложимиз йўқ. Аммо умидингни узма. Ахир, исминг Умида эканлиги бекорга эмасдир… Юр, уйга кетамиз. Жуда бўлмаса, бола асраб оламиз. Ҳаммаси яхши бўлади.
Қайнона-келин бир муддат бир-бирларига термилиб туришади. Сўнг бир-бирларини суяб, саҳнадан чиқиб кетишади. Саҳна қоронғилашади.
ОЛТИНЧИ КЎРИНИШ
Орадан етти йил ўтди. Атроф нимқоронғи. Четроқда Миршаб қўлидаги дубинкани ўйнаб, бир нарсани айтайми, йўқми, дегандай алфозда. Сочлари тўзиган, эзилган аёл панжара ортида қўл машинада қоп ёки этак тикяпти. (Унинг нима эканлигини томошабинлар томондан аниқ кўриб бўлмайди) Янаям озиб, бир бурда бўлиб қолган. Саҳна ортида қушларнинг овози. Қурбоной қушларнинг овозига қулоқ тутиб, ўзига ўзи гапирган каби:
МАҲКУМА: Яна баҳор келди. Яна қушлар овози… Етти йилдирки, мен баҳорни кўрганим йўқ. Баланд учаётган қушлардан узоқдаман. Чархи гардун мени чиғириқдан ўтказавериб, ўтказавериб шундай тобладики, кўзларимда ёш қолмади, қорачиқларим қотиб қолгандай гўё. Бу тортган азоб-уқубатларим учун аллақачон ҳаёт билан видолашишим керак эди. Лекин шу қадар ёлғиз, шу қадар ёлғизманки, ҳатто ўлим ҳам мени унутган. Мендан ҳазар қилади. (Бир нуқтага тикилган кўйи хиргойи қила бошлайди).
Эй кўнгул, раҳмат сенга ким ҳар неча кўрдинг жафо,
Олам аҳлидан вафо ҳаргиз таманно қилмадинг.
Шу сатрлар икки марта такрорлангандан кейин Миршаб бехос ўрнидан туриб кетади ва айтиши мумкин бўлмаган гапни беихтиёр айтиб юборади.
МИРШАБ: Қурбоной, сенга бир хушхабарим бор. Яхши хулқ билан намунали хизмат қилганларнинг ҳужжатлари кўриб чиқиш учун юқорига топширилган. Балки, сен ҳам яқин орада муддатидан олдин озодликка чиқарсан.
МАҲКУМА: Яхши хулқим ва намунали хизмат қилганим учун… (ўзига ўзи мийиғида кулади) Муддатидан олдин озодлик? Ташқарида… Мени кутиб турган бирор кимса борми?
МИРШАБ: Сендай ақлли аёл учун бундай тушкунлик ярашмайди. Сен чекингдаги қийинчиликни енгиб ўтдинг. Ўзинг биласан, ҳар ким ўз бошига ёққан қорни ўзи курайди.
МАҲКУМА: (эзилиб) Энди қанча курамайин, бошимдаги қорлар кетмайди.
МИРШАБ: Умидсиз бўлма. Энди сени баҳор кутяпти. Қор курашингга ҳам ҳожат йўқ. Қара, эшитяпсанми, қушларнинг овозини.
МАҲКУМА: (Ўзига ўзи гапирган каби) Барибир, менинг овозимни ҳеч ким эшитмайди. Ёлғиз қушнинг овози қаерга ҳам етарди? Мен яраланган қуш…
МИРШАБ: Сен оққушсан! Ҳали баланд-баланд осмонларга учасан. Осмон сеники бўлади. Ортингда эса палапонларинг…
МАҲКУМА: (Худди ўзига келаётган каби) Палапон? Яраланган қуш палапонларини ортидан қандай эргаштиради? Яраланган қуш ўлаксахўр қушларга ем бўлмайдими? Палапонлари ташлаб кетмайдими, улоқтириб ташламайдими яраланган қушни? Қуш ўз уйига сиғмаса, кенг осмонга ҳам сиғмас экан.
МИРШАБ: Бўлди, энди ҳаммаси ортда қолди. Ўз уйинг бўлади. Ота-онанг, қариндошларинг, яқинларинг қучоғида бўласан. Нима дединг? Балки, ўғлингни топарсан-а?
МАҲКУМА: (Жон ҳолатда ўрнидан туради) Ўғлим! Ўғлим… Болам… Болажоним, қаердасан? Ёниб-ёниб тугадим. Юрагим кулга айланди.
Йиғлаб ария айта бошлайди.
Эрта келган қалдирғочми,
Ёки учиб ўтдими ғоз?
Болажоним, қорнинг очми?
Қаердандир келар овоз.
Етмай қолар гоҳ иродам,
Гоҳ манзилсиз йўлга элтар.
Энди менга бу дунёда,
Болам, тирик бўлсанг етар.
Совуқмас-у, музлар танам,
Кўксимда ғам, кўзимда нам
Сени ташлаб қўймас Ватан
Онанг ташлаб кетган билан.
ЕТТИНЧИ КЎРИНИШ
Саҳна ёп-ёруғ. Туғруқхона байрамона кайфиятда. Врачлар, ҳамширалар у ёндан бу ёнга ўтиб юришибди. Кимдир неча кундан бери дарди қочиб кетган, кўзи ёримасдан юрибди. Бурмали атлас кўйлакда бир аёл қўлида гул ва чақалоқларнинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномани кўтариб шодон юради. Врачми, ҳамширами, ким тўғри келса, қучоқлайди, қувончи ичига сиғмайди. Таниганингиздай бу – Умида. Яқинда эгиз фарзанд кўрган. Бутун кўрган, кечирганларини унутган. Жудаям бахтиёр. Журналист Донохон эса аравачада тиббий кўрик учун борар ва эри билан туғилажак чақалоққа исм танлаш борасида тортишарди…
ДОНО: Дадаси, ҳечқиси йўқ, шу сафар исмини ўзим қўяманми, десам, ойижон ўша гапларида турибдилар… (Бироз жимликдан сўнг) Вой, мен нима ҳам дея олардим? Боламиз эртага ўртоқлари олдида уялмасин дейман-да, дадаси!
Доно саҳнадан чиқиб кетади. Ўзи фарзанд кўрган каби хуш кайфиятда Аъло кириб келади.
АЪЛО: Вой, Умида опа, хўжайинингиз ўртоқлари билан бутун туғруқхонани бошларига кўтаришяпти. Бу лимузинни қаердан топганлар? Нақд бешта машинани улаб қўйганга ўхшайди.
УМИДА: Биз, ахир, бу кунни роппа-роса ўн бир йил кутдик. Аълохон, янаям турмуш ўртоғимга мингдан-минг раҳмат, шунча йил айтишга осон. Тенгдошларимизнинг фарзандлари икки-учтадан бўлди. Мактабга боришяпти.
АЪЛО: Қўяверинг, Умида опа, сизам энди бирданига икки фарзандни катта қилиб оласиз. Менинг ҳам орзум – эгизак фарзанд кўриш.
УМИДА: Ният қилсангиз, етасиз, синглим. (Ичкаридан Марзия бир хил йўргакланган икки чақалоқни кўтариб Раъно Алиевна билан чиқиб келади. Чақалоқлар йиғлайди. Умида шошиб қолади.) Вой, Раъно опа, энди нима қилдим?
ВРАЧ: Нима қилардингиз, эмизасиз-да! Қани, тезроқ уйларингга боринглар. Бўлмаса, ҳозир туғруқхонани кўчириб юборасизлар. У ёқда, ҳойнаҳой, дадаси ўртоқлари билан ҳовлини бошларига кўтарган, бу ёқда эса ўғлонлар ҳамма чақалоқларни уйғотиб бўлишди.
Умида ҳамма билан қайта-қайта хайрлашиб, чиқиб кетаётганда ташқаридан кириб келаётган бир аёл кўзига иссиқ кўринади ва бир лаҳза тўхтаб, сўнг яна йўлида давом этади. Костюм-юбка кийган, бошига рўмол ўраган Қурбоной (аввалги саҳналарда кўринган Маҳкума) тўғри Врач томонга юради. Бу пайт Врач стулга ўтириб, хурсанд ҳолда туғруқ варақасига нималарнидир ёзарди.
ҚУРБОНОЙ: Ассалому алайкум, Раъно опа, мени танимадингиз-а?
ВРАЧ: (Кўзойнагини олиб) Ваалайкум ассалом. Таниш кўриняпсиз… Негадир кўзларингиз таниш жудаям.
ҚУРБОНОЙ: Эслайсизми, бундан етти йил муқаддам сизнинг қўлингизда…
ВРАЧ: Ҳа-а, сиз ҳалиги… ҳалиги аёлсиз (маҳкума деёлмайди), тўғрими?.. Ҳалиги…
ҚУРБОНОЙ: Тўғри, ўша маҳкума аёлман. Яхши хулқим учун муддатидан олдин озод қилишди. Яхши одамлар бор бўлсин. Уларнинг кўмагида ишга жойлашдим. Туппа-тузук ишлаяпман. Ҳаётимни бошқатдан яшаяпман, янгидан қуряпман. Аммо бир нарса азоб беряпти, опа. Озодликда бўлсам-у, боламни кўролмасам… Бугун ишдан рухсат олдиму, тўппа-тўғри сизнинг олдингизга келдим… Раъно опажон, болам қаерда?
ВРАЧ: (Мийиғида кулиб, аммо ачиниб) Мен сизга айтгандим-ку…
ҚУРБОНОЙ: Мен сиздан боламни топиб беринг, деяётганим йўқ. Болам қаерда, деб сўраяпман.
ВРАЧ: Қонунан менинг айтишга ҳақим йўқ!
ҚУРБОНОЙ: Опа, қонунни мен ҳам биламан. Саккиз йил ичида ҳуқуқшунос бўлиб кетдим. Бугун кўп нарсага ақлим етади. (Ялиниш оҳангида) Узоқдан бўлса ҳам боламни бир кўрсам дегандим. Илтимос, опа. Мен сизга айтганман-ку. Ҳалиям ўша сўзим – сўз! Болам маҳкума онаси борлигини билишини хоҳламайман. Узоқдан бир кўрсам бўлди. Ахир, сиз ҳам аёлсиз-ку! Наҳотки, менинг аҳволимга раҳмингиз келмаса, опажон…
Врач яна йўқ ишорасини қилса-да, аммо унинг ҳолатидан қаттиқ эзилаётганини пайқаш қийин эмас. Қурбоной тушкун кайфиятда кета бошлайди. Шу пайт унинг ортидан Врачнинг ғамгин овози эшитилади.
ВРАЧ: Қорақамишдаги биринчи Меҳрибонлик уйида (Раъно Алиевна ичкарига кириб кетади).
ҚУРБОНОЙ: (Унинг ортидан) Раҳмат, опажон… Раҳмат… (Томошабин томонга юра бошлайди).
Меҳрибонлик уйининг майдончасидаги болаларнинг овози эшитилади:
– Ҳов, Рональдо. Менга ошир…
– Мен Рональдо эмас, Миржалолман…
– Миржалол бўлсанг, нега гол уролмаяпсан?
– Менга қара… оёғимдан чалма…
– Ўзинг ғирром ўйнама.
– Кеча байрам муносабати билан ҳамма хоналаримизга компьютер совға қилишди.
– Интернет ҳам улашар эканми?
– Албатта. Интернет бўлмаса компьютернинг нима кераги бор?
Боласи яхши шароитда яшаётганини ўз кўзи билан кўрган, унинг бахтиёрлигига амин бўлган онанинг хотиржамлигини тасвирлашга сўз ожиз.
– Сен бу ерда нима қиляпсан?
– Ойимни кутяпман.
– Ойинг келмайди-ку?
– Йўқ, менинг ойим келади.
– Устоз айтдилар-ку: “Сизларнинг ойингиз ҳам отангиз ҳам Ватан”, – деб.
– Тўғри, лекин менинг ойим, албатта, келадилар.
– Сени ойинг ҳеч қачон келмайди.
– Мана, бўлмаса сенга!
– Ай, қўлимни қонатдинг.
– Яна шунақа десанг, қулоғингниям узиб оламан. Менинг ойижоним, албатта, келадилар.
Хосият РУСТАМОВА
“Шарқ юлдузи”, 2014–6
https://saviya.uz/ijod/dramaturgiya/osmonga-sigmagan-qush/