“ОРЗУ” ТРАМВАЙИ. Уильямс ТЕННЕССИ

Иштирок этувчилар:

 

БЛАНШ ДЮБУА

СТЕЛЛА – УНИНГ СИНГЛИСИ

СТЭНЛИ КОВАЛЬСКИЙ – СТЕЛЛАНИНГ ЭРИ

ҲЕРОЛЬД МИТЧЕЛЛ (МИТЧ)

ЮНИС ҲОББЕЛ

СТИВ ҲАББЕЛ

ПАБЛО ГОНСАЛЕЗ

ЗАНЖИ ХОТИН

ШИФОКОР

НАЗОРАТЧИ ХОТИН

ЙИГИТ – ОБУНА БЎЙИЧА АГЕНТ

МЕКСИКАЛИК ХОТИН

ОВҚАТФУРУШ

ЎТКИНЧИ

МАТРОС ВА БОШҚАЛАР.

 

БИРИНЧИ МАНЗАРА

Янги Орлеаннинг Елисей далалари – дарё ва темир йўл излари оралиғидаги кўчанинг муюлишидаги икки қаватли уй.

Хилват чет жой, бу ер ташландиқ бўлса-да, бошқа буюк америка шаҳарларининг шундай ҳовличаларига ҳавас қилиб бўлмаса-да, бу ернинг ўзига хос мафтункор жозибаси йўқ эмас. Бу ердаги уйларнинг кўпи оқ, қора ёмғирлардан кўпчиб кетган, орқа ва олд томонлари жимжимадор, шалоғи чиққан нарвончалар ва пешайвонлар билан жиҳозланган.

Уйда иккита хонадон бор – тепа хонадон ва паст хонадон, ҳар иккаласига ҳам лиқиллаган зиналардан чиқиб борилади.

Май ойининг боши, оқшом, энди-энди қош қорая бошлаган палла. Зулмат қўйнидан оқаришиб кўринган уйлар орасидан осмон шу қадар тўқ кўк бўлиб кўзга ташланадики, гўё саҳнада гўзал бадиий асар акс этгандек – кўнгилни айнитувчи, ночор манзарани атайлаб хаспўшлаб турганга ўхшайди. Бу ердаги муҳитнинг бор-йўқ бисоти шу ўзи, соҳилдаги қаҳва ва бананларнинг чучмал ҳиди димоққа урган юкхона – омборлар ортидаги асов дарёнинг шовуллаши бирдай қулоққа чалиниб туради. Муюлиш нарёғидаги барда қоратанли машшоқларнинг чолғуларидан шу манзараларга монанд куй таралади. Янги Орлеаннинг бу қисмида мудом шундоқ ёнгинангда, биринчи муюлишда, қўшни уйдами, ҳарқалай яқин жойда қандайдир пачоқ пианино чаққон жигарранг бармоқларнинг шиддатли югуришидан фарёд уриб юборади.

Ушбу маъюс куй қаърида бу ердаги ҳаётнинг руҳи кезади. Айвончада икки аёл салқин ва тоза ҳавода ҳордиқ чиқариб ўтирибди – бири оқ танли, иккинчиси қора танли. Биринчиси Юнис иккинчи қаватдаги хонадонда истиқомат қилади, Занжи Хотин унинг қўшниси.

Орлеан – космополит шаҳар, эски маҳаллаларда турли ирқ одамлари аралаш-қуралаш яшайди. Аммо бир-бирлари билан аҳил-иноқ. Пианино куйлари кўчадаги ғала-ғовур билан қоришиб кетади.

 

ЗАНЖИ ХОТИН  (Юнисга)    … Ана шунақа, авлиё Варнава итга уни ялашни буюрди дейди, унинг эса миясидан товонигача муздай бўлиб кетибди. Ўша туннинг ўзидаёқ…

ЎТКИНЧИ (Матросга).          Ўнгдан кетаверасиз, тўғри олиб боради. Эшитяпсизми, дераза эшикларини чертаяпти.

МАТРОС (занжий хотин ва Юнисга).      “Тўртта иккилик” бари қаерда?

ОВҚАТФУРУШ.          Иссиғига кеп қолинг, қайноғидан бор, кеп қолинг…

ЗАНЖИ ХОТИН.           Бу ерда бор пулингни шилиб олишади, юлғичлар.

МАТРОС.       Бир қиз билан учрашувимиз бор эди.

ОВҚАТФУРУШ.           Кеп қолинг!

ЗАНЖИ ХОТИН.          Уларнинг “Кўк ой” коктейлини оғзингизга ола кўрсанг, тил торттирмай ўлдиради.

Муюлишдан икки киши кўринади – Стэнли Ковальский ва Митч. Иккаласи ҳам йигирма саккиз-ўттиз ёшларда, иккаласи ҳам дағал коржомада. Стэнлининг қўлида спорт курткаси ва гўшт дўконининг қон шимган қоғоз халтаси.

СТЭНЛИ (Митчга). Хўш, у-чи?

МИТЧ.            Ҳаммасига тенг тўлайман дейди.

СТЭНЛИ.        Йўқ. Сен билан иккимизга кўпроқ  тўлаши керак.

(Зина олдида тўхташади.Овозини баралла қўйиб) Ҳой, Стелла! Миттивой!

Биринчи қават зина майдончасига Стелла чиқиб келади, йигирма бешларга кирган дилбар аёл, бугун афт-андомию ўзини тутишидан эрибоп эмас.

 

СТЕЛЛА (юмшоқ оҳангда).    Бунча кекирдагингни йиртмасанг. Салом Митч.

СТЭНЛИ.        Ма, ушла!

СТЕЛЛА.        Нима бу?

СТЭНЛИ.        Гўшт. (Унга қоғоз халтани ирғитади).

Стелла қўрққанидан паст овозда “вой!” деб юборди, аммо халтани чаққон тутиб олиб кулади. Эри ошналари билан яна муюлишга бурилади.

СТЕЛЛА.        Стэнли! Қаёққа?

СТЭНЛИ.        Соққа думалатамиз.

СТЕЛЛА.        Томоша қилгани борсам майлими?

СТЭНЛИ.        Кела қол (Кетади).

СТЕЛЛА.        Орқангдан етиб бораман. (Юнисга) Салом, Юнис! Ишлар қалай?

ЮНИС.           Ҳаммаси жойида. Стивга айтиб қўйинг, эплаганича ўзи овқатланиб олсин, уйда у ейдиган ҳеч нарса йўқ.

Учаласи баравар кулади, занжи хотин анчагача кулгидан ўзини тўхтатолмайди. Стелла кетади.

ЗАНЖИ ХОТИН.  У ирғитган халтадаги нимайди? (Ўрнидан туради, овозининг борича шарақлаб кулади).

ЮНИС.           Секинроқ-да!

ЗАНЖИ ХОТИН. Ушла – хўш нимани? (У яна қотиб-қотиб кулади).

Муюлишдан қўлида жомадон билан Бланш чиқиб келади. Қоғоз парчасига, унга, яна қоғозга ва яна унга қарайди. Норози қиёфада ағраяди ва кўзларига ишонмагандек бўлади. Бу ерларда унинг пайдо бўлишининг ўзиёқ ўта ажабланарли ҳол эди. Белидан келадиган пахмоқ жакетли пўрим костюм, оқ шляпа ва қўлқоп, дур сирға ва маржон, бамисоли зодагонлар туманида истиқомат қилувчи бой танишлари олдига коктейл ичгани ёки бир пиёла чойга келгандек. У Стелладан беш ёш катта. Ёшлик барқ урган чеҳрасини қуёшдан эҳтиёт қилади. Ҳуркак феъл-атворли Бланш оппоқ кийимда ҳам капалакка қараганда фусункорроқ кўринарди.

ЮНИС (бирпас туриб). Нимайди, азизам? Адашиб қолдингизми?

БЛАНШ (унинг ҳазиломуз айтган гапларидан асабийлашгани сезилиб туради). Аввал бир “трамвайга ўтирасиз  – унинг оти “Орзу”, кейин бошқасига ўтирасиз – “Қабристон” деган, шунда олти маҳалла ўтиб, Елисей далаларида тушасиз, дейишганди.

ЮНИС.           Тўппа-тўғри келибсиз.

БЛАНШ.         Елисей далаларигами?

ЮНИС.           Худди ўзи-да.

БЛАНШ.         Унда… уйнинг рақамини алмаштирибман-да…

ЮНИС.           Уйнинг рақами қанақа эди?

БЛАНШ (ҳалиги қоғоз парчасини ҳорғин текислайди). Олти юз ўттиз икки.

ЮНИС.           Тўғри топиб келгансиз.

БЛАНШ (бутунлай ҳангу-манг бўлиб). Мен синглимни қидириб келганман, Стелла Дюбуани. Яъни, мистер Стэнли Ковальскийнинг хотинини.

ЮНИС.           Шу ерда, шу ерда. Бир-бирингизни кўрмай ўтиб кетибсизлар.

БЛАНШ.         Унда бу… Ҳе, йўқ, нима деяпсиз! – унинг уйи шуми?

ЮНИС.           У пастки қаватда туради, мен – юқори қаватда.

БЛАНШ.         Шунақами! У … уйда эмасми?

ЮНИС.           Ҳов бурчакдаги кегельбанни кўрмадингизми?

БЛАНШ.         Кўрмадим, шекилли.

ЮНИС.           Уни худди ўша ердан топасиз, эрининг қандай соққа ўйнашини томоша қилаяпти. (Сукунатдан сўнг) Хоҳласангиз, жомадонингизни бу ерга қўйиб, бориб келинг.

БЛАНШ.         Йўқ.

ЗАНЖИ ХОТИН. Мен бориб айтиб кела қолай.

БЛАНШ.         Ташаккур.

ЗАНЖИ ХОТИН. Савобнинг гадосимиз (кетади).

ЮНИС.           Келишингизни билишмасмиди?

БЛАНШ.         Йўқ. Бугун – йўқ.

ЮНИС.           Бўпти, ичкарига киринг, бамайлихотир ўтираверинг, улар ҳозир келишади.

БЛАНШ.         Қалай бўларкин…

ЮНИС.           Бу ерда бегонамиз йўқ – уйимизнинг тўри сизники. (Ўрнидан туради ва эшикни очади.)

Чироқни ёқади, парда кўк тусга киради. Бланш аста Юнис ортидан кириб келади. Саҳна аста-секин қоронғуликка чулғанади, унинг ичидан Ковальскийлар хонадонига қадам қўйишади. Парда билан икки хонага бўлинган каттакон хона. Биринчиси ошхона вазифасини ўтайди, аммо шу ернинг ўзида йиғма крават бор – унда Бланш ётади. Ундан нариси – хобгоҳ. Ундан энсизгина эшикдан ғуслхонага ўтилади.

(Бланшнинг чеҳрасидаги ўзгаришни пайқаб, Юнис унинг кўнглини олишга ҳаракат қилади.) Ҳозир бу ер тўзиб ётибди, сал у ёқ – бу ёғи йиғиштирилса, жаннатнинг ўзи бўлади-қўяди.

БЛАНШ.         Шунақами?

ЮНИС.           Ҳа, шунақа. Демак, сиз – Стелланинг опасимисиз?

БЛАНШ.         Ҳа (Ундан қандай қутулишнинг билолмайди). Қўйганингизга раҳмат.

ЮНИС.           Par nada, – мексикаликлар шунақа дейишади, Стелла сиз тўғрингизда гапириб берганди.

БЛАНШ.         Шундай денг?

ЮНИС.           Янглишмасам, мактабда дарс берасиз, шунақами?

БЛАНШ.         Ҳа.

ЮНИС.           Сиз тўғри Миссисипидан келяпсизми?

БЛАНШ.         Ҳа.

ЮНИС.           У сизларнинг анави плантациядаги уйларингизнинг сувратини кўрсатганди.

БЛАНШ. “Орзулар” ми?

ЮНИС. Оқ устунлари бор данғиллама уй.

БЛАНШ. Ҳа…

ЮНИС. Бунақа уйларни эплашнинг ўзи бўлмайди.

БЛАНШ. Кечирасиз, азизам, ҳозир ағдарилиб тушаман.

ЮНИС. Бўлмасачи, опажон. Ие, нега тик турибсиз, ўтиринг.

БЛАНШ. Буни айтмаяпман – бир ўзим ҳоли қолгим келаяпти.

ЮНИС. (кўнгли оғриб). Э-ҳа! Унда  оёғингиз тагида ўралашиб юрмасам бўларкан.

БЛАНШ. Мен сизни хафа қилмоқчи эмасдим, аммо…

ЮНИС. Кегельбанга бориб, олдимга солиб ҳайдаб келай уни. (Кетади).

Бланш ҳафсаласи пир бўлиб, карахт ҳолда курсида ўтирганича қолади. Қўллари тиззалари устидаги сумкачага жонҳолатда тирмашган, худди безгак тутгандек бутун гавдаси билан ғужанак бўлиб олган. Бироқ, унинг кўр кўзи яна кўраётгандек бўлади. Шошмасдан атрофга разм сола бошлайди. Юракка ваҳима солиб мов мушук миёв-миёв қилади.

Бланш даҳшатдан ҳушини йўқотаёзади, савқи табиий равишда, худди ҳимоялангандай бир қўлини қаттиқ силкитади. Бирдан қия очиқ шкаф эшигидан ниманидир кўриб қолади. Сапчиб туриб, шкафга яқин боради ва бир шиша вискини олади. Ярим стакан қуяди-да, бир кўтаришда сипқоради. Шишани авайлаб жойига қўйиб, чиноқда стаканни чаяди. Яна олдинги жойига, стол ёнига келиб чўкади.

БЛАНШ (шивирлаб). Ўзимни қўлга олишим керак.

СТЕЛЛА (шошиб бурчакдан чиқиб келади, эшикка қараб шодон югуради.) Бланш!

Бир-бирига қараб қолишади. Бланш сапчиб туради, қаттиқ қичқириб, синглисига отилади.

БЛАНШ.         Стелла! О, Стелла, Стелла! Стелла – танҳо юлдузим! (Қаттиқ қучоқлашадилар.Синглисининг ўзига келиб, нима гаплигини англаб қолишидан қўрққандек у саросималанди). Қани, менга қара-чи, ҳа, қара. Лекин унақа қарамагин-да, Стелла, кераги йўқ, аввал ваннада ювиниб олай, сал ўзимга келиб олай, шунда… Тепадаги чироқни ўчириб қўй! Ўчир! Бераҳм ёруғда менинг нимамни ҳам кўрардинг, кераги йўқ! (Стелла кулади, аммо парво қилмайди.) Қани, кел, келсанг-чи, ахир. Оҳ менинг сингилжоним! Стелла! Стелла – юлдузим, моҳи тобоним! (Уни қучоқлайди.) Мен бўлсам, сен энди бу пучмоққа қайтиб келмайсан, деб ўйлагандим. Нима дедим! Оғзимдан чиқиб кетди… Мен эса, чин виждон сўзим: уймисан уй бўлибди, бирам шинамки! Атрофнинг кўркамлиги-чи! Ҳа-ҳа! Кабутаргинам. Чурқ этиб оғиз очмайди…

СТЕЛЛА. Оғиз очгани қўйсангиз очаманми? (Кулади, бироқ опасига тикилган нигоҳида – ташвиш).

БЛАНШ.         Начора, сўз – сенга. Оғзингни оч-да, сайравер, мен эса пайтдан фойдаланиб тимирскиланаман-да, ичгани у-бу топиб оларман. Биламан, биламан, яшириб қўйганларинг бўлади ҳар қанақасига.  Қаерда экан у? Роса у ёқ-бу ёқни қарадим! (Шкаф томон отилади, бир шишани олади. Уни асабий силкитади, кулишга ҳаракат қилади – бўғилиб қолади. Шиша сал бўлмаса, қўлидан сирғалиб тушиб кетай дейди).

СТЕЛЛА (унинг аҳволини сезиб). Ўтир, Бланш. Менга бер, ўзим қўяман. Нима қўшиб ичилишини билмасам. Балки кока-коладир? Назаримда, музлатгичда бордай эди… Ўша ерни бориб қара-чи, опажон, мен эса…

БЛАНШ.         Э, музлатгичинг ҳам бор бўлсин, сингилжон, асаблар бунақа қақшаб турганда  кока-кола кетармиди. Аммо анови …  анови қаерда, нимайди?

СТЕЛЛА.        Стэнлими? Кегель ўйнаяпти. Шу ўйин деса жонини беради… Бугун уларда… Ҳа, мана содали сув! Чинакам олишув кетади.

БЛАНШ.         Оддий сув ҳам бўлаверади, қоқвошим. Бир қултум ютсам бўлди. Қўрқма, опажонинг шусиз туролмайдиган бўлиб қолмаган, фақат сал ҳолдан тойганман, иссиқ жонимни олди… Шунинг учун мундоқ ўтир-да, айт, мен қайси гўрга келиб қолдим? Бу пучмоққа қайси шамол учириб келди сени?

СТЕЛЛА.        Ахир, опа…

БЛАНШ.         Оббо, мендан нега яширасан – гапирсанг тўғрисини гапиравер. Ҳеч қачон, ҳеч қачон, энг ёмон тушларимда ҳам кўрмасдим… Фақат По! Эдгар Аллен По, фақат у буларнинг барини қадр-қимматини ўлчар ва билар эди. Шундоқ уйнинг орқасида, албатта, ўша ҳаром-ҳариж Умр ўрмонида… (Кулади).

СТЕЛЛА.        Сизни қаранг-у, опажонгинам, темир йўл излари, бор-йўғи темир йўл излари, холос.

БЛАНШ.         Йўқ, бу жиддий нарса, ҳазилга йўйма. Нимага дарак бермадинг, нимага хат ёзмадинг, сас-садо бермадинг?

СТЕЛЛА (ҳушёрланиб, ўзига виски қуйиб). Нимани айтаяпсиз, опа?

БЛАНШ.         Нимани бўларди? Мана бунақа шароитда дийдираб ўтириш сенга зарур кептими?

СТЕЛЛА.        Пашшадан фил ясаманг. Бу ерда унақа ёмон нарса йўқ. Янги Орлеандай жой бормикан?

БЛАНШ.         Янги Орлеаннинг бунга нима дахли бор экан! Буни айтмасанг ҳам… Кечир, сингилжон! (Бу мавзудан кескин бош тортиб) Масала ҳал.

СТЕЛЛА (вазмин оҳангда). Миннатдорман.

Бланш индамай синглисига қарайди, у жавобан опасига қараб жилмаяди.

БЛАНШ (қўлида титраб турган стаканга қарайди). Менинг энди ёруғ дунёда биттагина одамим қолди – сен. Сен бўлсанг, мени ёқтирмайсан.

СТЕЛЛА (самимий оҳангда). Нималар деяпсиз, опажон, ўзингиз, билиб турибсиз, бунинг ёлғонлигини!

БЛАНШ.         Ёлғонми? Э-ҳа, эсим қурсин, уйимизда битта сен эдинг-ку сирканг сув кўтармайдиган.

СТЕЛЛА.        Сиз билан гаплашиб одам барака топмайди, опажон. Олдингизда оғзимизга талқон солиб ўтиришга ўргатган ўзингиз.

БЛАНШ (паришон). Ёмон ўрганмабсан… (Кескин равишда). Сен мендан баҳорги семестр охиригача мактабдан қандай сиқилиб чиққанимни сўраганинг йўқ.

СТЕЛЛА.        Ҳушингизни йиғсангиз, ўзингиз гапирарсиз дегандим.

БЛАНШ.         Ҳайдалган деб ўйлаяпсанми?

СТЕЛЛА.        Йўқ, ўйлагандимки… ахир ўз хоҳишингиз билан ҳам кета олар эдингиз.

БЛАНШ.         Пичоқ бориб нақ суякка қадалди… Асабларим чидаш бермади. (Сигаретини асабий эзғилайди.) Охирги нуқтагача чидаб бердим, ундан у ёғи – фақат телба бўлиш қолганди. Мана, мистер Грейвс – мактаб директори – ўз ҳисобидан таътил ол деб туриб олди. Телеграммада ҳамма гапни айтиб бўлмайди-ку. (Вискини бир кўтаришда ичиб юборади.) Оҳ-оҳ-оҳ, барча томирларимни қиздириб ўтаяпти-я, қандай яхши!

СТЕЛЛА.        Яна битта қўяйми?

БЛАНШ.         Биттадан ортиғи-ортиқ, бас.

СТЕЛЛА.        Ростданми?

БЛАНШ.         Мени нима деб ўйлаётганингни айтганинг йўқ ҳали…

СТЕЛЛА.        Сиз ажойибсиз.

БЛАНШ.         Шу ёлғонинг учун Худо сени ўзи ярлиқасин. Худонинг бу кенг даргоҳида бунақа харобазор ҳали дунёга бўлмаган. Сен эса бироз тўлишибсан, дўмбоққина бўлиб қолибсан – жўжача, ҳа, жўжача. Тўлишиш ярашибди сенга.

СТЕЛЛА.        Оббо опажон-ей…

БЛАНШ.         Ҳа, ҳа, ҳа, рост мен гапирдимми, ишонавер, қани, белингдагини кўрайлик энди. Тур-чи.

СТЕЛЛА.        Кейин…

БЛАНШ.         Эшитаяпсанми? Тур дедимми – тур! (Стелла истамайгина бўйсунади.) Оббо шумтака-ей! Бу каштали ёқаларни қаранглар – кўзни оламан дейди. Сочини-чи, юзига мос қилиб, ўғил болача қилиб олибдилар. Стелла, ахир сенда чўриқиз бўлса керак?

СТЕЛЛА.        Йўқ. Иккитагина хона бўлгач…

БЛАНШ.         Нима? Иккитагина дедингми?!

СТЕЛЛА.        Мана бу ва… (Хомуш тортади.)

БЛАНШ.         Ва анавими? (Аччиқ кулади.Оғир жимлик чўкади.) Яна беғам-бепарво, хотиржам ўтиришингни қара,  қўл қовуштириб… Одам боласи эмас, фариштасан гўё.

СТЕЛЛА (ҳижолатда). Сиздай ғайратли бўлганимда-ку, ўзим билардим…

БЛАНШ.         Мен ҳам сендай бардошли бўлганимдайди… Афтидан, супроқоқдисига яна битта оламан шекилли. Кейин қорамни ўчираман, гуноҳлардан нари бўлай. (Ўрнидан туради.) Менинг  қоматим ҳақида нима дердинг, шуни билмоқчийдим. (Синглисининг олдида айланади.) Шуни билгинки, ўн йил ичида бир грамм ҳам семирганим йўқ. Сен “Орзуларим”дан кетган ўша ёздан кейинги вақт билан теппа-тенг. Дадамиз ўлиб, сен бизни ташлаб кетгандинг.

СТЕЛЛА         (базўр). Гап йўқ, опажон, гапларингиз худди юракка бориб тегади.

БЛАНШ.         Кўриб турибсан, мен ўша-ўша ҳусндорман, ҳатто сўлиб битаётган ҳозирги палламда ҳам. (Асабий кулади ва эътироз билдиришини пойлаб, синглисига  қарайди).

СТЕЛЛА (мажбуран). Ҳечам сўлиб битганингиз йўқ.

БЛАНШ.         Шунча кўргуликларни кўрганимдан кейин ҳам-а? Мени ҳар нарсага ишонаверади, демоқчимисан? Шундаям соддасан-да, жонгинам… (Қалтираган қўли билан манглайини силаб қўяди.) Демак, хоналарингиз иккитагина экан…

СТЕЛЛА.        Ваннахона ҳам.

БЛАНШ.         Э-ҳа, ваннахона ҳам бор! Тепада, ётоқ бўлинмаси билан ёнма-ён, уйдаги биринчи эшикми?(Иккови ҳижолатли кулади.) Йўқ, Стелла, мени ётқизадиган жойингни кўрмаяпман.

СТЕЛЛА.        Мана бу ерда-да.

БЛАНШ.         Ҳа-а, буклама тобутми – бир ётдинг – турмайсан. (Ўтириб кўради.)

СТЕЛЛА.        Қалай экан?

БЛАНШ (кўнгли тўлмай). Зўр экан, сингилжон. Менга шундоқ ҳам бемалол етиб ортади. Лекин хоналар ўртасида эшиклар йўқ экан, Стэнли эса… у ҳижолат тортмасмикан?

СТЕЛЛА.        Биласизми, ахир Стэнли – поляк.

БЛАНШ.         Э-ҳа, улар асли ирландлардан бўлса керак?

СТЕЛЛА.        Эҳтимол…

БЛАНШ.         Тағин анавийиндақа киборлардан эмасми? (Иккаласи ҳам кулади-ю, аммо очилиб-сочилиб эмас. Ҳижолатли.) Мен кийимлар келтириб қўйганман – олижаноб дўстларингиз олдига кийиб бораман-да.

СТЕЛЛА.        Улар сиз ўйлагандек олижаноб бўлмасалар керак деб қўрқаман.

БЛАНШ.         Улар ўзлари кимлар аслида?

СТЕЛЛА.        Стэнлининг дўстлари.

БЛАНШ.         Полякларми?

СТЕЛЛА.        Ҳар хилидан бор, опажон.

БЛАНШ.         Аралаш-қуралаш оломонми?

СТЕЛЛА.        Ҳа-да, айнан оломон.

БЛАНШ.         Начора, майли. Мадомики кийимларни олиб қўйдимми, энди кияман-да. Менинг тушунишимча, отелга бориб жойлаша қолай деган сўзимни эшитишга муштоқсан.Лекин отелга бориб жойлашиш ниятида эмасман ва буни кутма ҳам. Мен сен билан бўлишни истайман, кимдир ёнимда бўлиши мен учун зарур, ўзим қолишни истамайман. Чунки, соғлиғим жойида эмас, сен буни пайқамаслигинг мумкин эмас. (Унинг овози бўлинади, кўзларида қўрқув).

СТЕЛЛА.        Ростданам сал асабий бўлиб қолибсиз ёки толиққансиз, ё бўлмаса… нималигининг ҳам билмайман.

БЛАНШ.         Стэнлига ёмон кўринмасмикинман, ёки шунчаки қайин эгачиси меҳмонга келганми, хўш, Стэлла? Шундай бўлса, ўлганим яхши бу кунимдан.

СТЕЛЛА.       Сиз асло малоллик келтирмайсиз, опажон, фақат унинг даврасидаги одамларга тенглашмасангиз бўлгани.

БЛАНШ.         У шунчалик ётми?

СТЕЛЛА.        Ҳа, насли бошқа.

БЛАНШ.         Қанақа экан?

СТЕЛЛА.        Севган одаминг ҳақида нима ҳам дейсан? Мана унинг суврати (Опасига эрининг фотосувратини тутади.)

БЛАНШ.         Зобитми?

СТЕЛЛА.        Муҳандислик қўшинида катта сержант. Мана булар олган орденлари!

БЛАНШ.         Сизлар танишганингизда у бутунлай жанговар ҳолатда бўлганмиди?

СТЕЛЛА.        Ишонтириб айтаманки, мен бунақа арзимаган нарсаларига маҳлиё бўлмаган эдим.

БЛАНШ.         Унақа демоқчи эмас эдим.

СТЕЛЛА.        Ҳа, кейинчалик баъзи нарсалар билан муроса қилишга тўғри келди.

БЛАНШ.         Унинг муҳити билан, масалан.(Стелла ҳижолатомуз кулади.) Менинг келишим ҳақидаги хабарни қандай қабул қилди?

СТЕЛЛА.        Стэнли ҳали билмайди.

БЛАНШ (қўрқиб). Сен унга айтмаганмидинг?

СТЕЛЛА.        Унинг борадиган жойлари кўп.

БЛАНШ.         Хизмат юзасиданми?

СТЕЛЛА.        Ҳа.

БЛАНШ.         Шубҳасиз. Мана гап қаёқда…

СТЕЛЛА (ўзига гапиргандек). Тун бўйи уйга келмаганида хавотирдан ўзимизни қўйгани жой тополмай қоласиз…

БЛАНШ.         Нималар деяпсан?

СТЕЛЛА.        Бир ҳафтага кетган пайтларда бўларим бўлади.

БЛАНШ.         Астағфирулло!

СТЕЛЛА.        Қайтиб келганида эса худди ёш боладай тиззасига ўтириб олиб, ўкириб йиғлайман. (Нимагадир жилмайиб қўяди).

БЛАНШ.         Шунақа де, бундан чиқди… қаттиқ севаркансан-да… (Стелла табассумли кўзлари билан опасига қарайди.) Стелла…

СТЕЛЛА.        Ҳа?

БЛАНШ (ўзини тикка гапиришга мажбур қилиб). Ҳар турли нарсаларни сўрайвериб, жонингга текканим йўқми?  Умид қиламанки, сен ҳам менинг янгилигимга оқилона муносабатда бўласан.

СТЕЛЛА.        Қанақа янгилик, опажон? (Унинг юзи ташвишли тус олади).

БЛАНШ.         Гап бундай, Стелла, сенинг менда аразинг бор… Мен ҳам биламан, ўпкали қариндошдан умид… аммо аввал бир нарсани  ҳисобга ол –  сен кетгансан! Мен чекинишга йўл қидирмадим ва охиригача курашдим. Толеимни топай деб ўзингнинг Янги Орлеанингга кетдинг. Мен “Орзу”да қолдим ва курашдим. Миннат қилмайман-у, аммо ҳамма оғирлик менинг елкамга тушди.

СТЕЛЛА.        Мен нима қилишим керак эди? Ўзим оёққа туриб олишим керак эди, Бланш.

БЛАНШ (бадани увушади). Ҳа, ҳа, биламан. Аммо “Орзу”дан воз кечгани сен эдинг, мен эмас! Мен охиригача чидадим, ўлим билан яккама-якка олишдим. Қилча жонни Эгамга топширишингга бир баҳя қолди.

СТЕЛЛА.        Жазавага тушмасдан, одамлардай гапиринг. Нима бўлди? Нега қилча жонингизни  Эгамга топширмоқчи бўлдингиз? Бирон сабаби бордир, ахир?

БЛАНШ.         Мен билардим, СТЕЛЛА, билардим, ҳамма ишни сен шунақа мулоҳаза қиласан.

СТЕЛЛА.        Қайси ишни? Ё  тавба!

БЛАНШ (паст овозда). Йўқотишни …

СТЕЛЛА. “Орзулар”ними? У йўқолдими? Йўқ!

БЛАНШ. Ҳа, Стелла.

Улар бир-бирига қарайди, улар оралиғида сариқ катак-катак клёнка тўшалган стол. Бланш оҳиста бош ирғаб қўяди, Стелла нигоҳини стол устидаги қўлларига туширади. Ёшларнинг мусиқаси яна авж пардаларда янграйди. Бланш рўмолча билан манглайини артади..

СТЕЛЛА.        Нима бўлди ўзи? Қандай бўлди?

БЛАНШ (сапчиб туриб). Сенга сўраш осон-да, танаси бошқа дард билмас.

СТЕЛЛА.        Опажон!

БЛАНШ.         Сенга нима… ўтирибсан бу ерда мазза қилиб… Тағин  мендан ижикилаб сўрашингга ўлайми?

СТЕЛЛА.        Опажон…

БЛАНШ.         Мен! Мен! Ҳамма зарбаларни мен ўзимга олдим – калтаклар менинг бошимда синди, чала ўликка айландим… Мана ўлимлар! Дафн устига дафн, дафн устига дафн… Отам. Онам. Маргаретнинг даҳшатли ўлими. У шундай шишиб кетдики, жасади тобутга сиғмади: бошқа чора тополмадик – ёқиб юбордик. Ахлатхонадаги ўлаксадай. Сен барча дафнларга кела олдинг, Стелла, биттасини ҳам канда қилмадинг. Аммо дафнлар – ўз йўлига… аммо мана бу ўлимлар! Дафн ими-жимида, текисгина ўтади, аммо ўлим – минг хил бўлади. Ўлаётганлар хириллайдилар. Бўғиладилар. Ва  йиғлайдилар… “Жонимни олмай тур, яна бироз яшаб қолай!”. Ҳатто кексалар ҳам ўлгиси келмайди – Худодан менга умр тиланглар, умр тиланглар! Худди олиб қолиш сенинг қўлингда. Дафн эса… саранжом-саришта, чиройли гуллар. Ва… бу қутилар шунақанги дабдабалики! Жасадларни шу қутиларга жойлашади! Улар: “Раҳм қил!” деб қичқиришганида кроватлари олдида навбатчилик қилмайсан. Жон-жаҳдлари билан, сўнгги кучларини сарфлаб, ҳаётга шундай тирмашишадики, тасаввур ҳам қилолмайсан, мен эса буни кўрдим. Кўрдим! Энди на… Менга қараяпсан-да, кўзларинг мени айблаяпти – мен бой бердим уйимизни. Хўш, жин урсин, сенингча, бу маблағлар қаердан келган? Сенингча, бу барча касалликлар ва ўлимлар нима билан тўланган? Тўй олдингни, ўлим кетингни очади дейдилар, мисс Стелла! Маргарет билан изма-из Жессининг кекса аммаваччаси тап-тайёр бўлиб турибди. Ҳа, бешафқат ўроқчи бўсағамиз тупроғини кўп ялаган эди, Стелла, “Орзу” унинг қадрдон гўшаси, Ватани бўлиб қолганди! Шу масканни ўз қўлларимдан бой бердим. Улардан биронтаси ўлаётиб, мол-мулк васият қилиб кетмади-ку. Ҳеч бўлмаганда бир цент суғурта пули илинмади. Фақат биргина шу бечора Жесси юз доллар тобут пули берди. Бор-йўқ гап шу, Стелла. Арзимаган ўқитувчилик маоши – бундан ташқари. Қарға, мени! Мана шундай кўзингни мендан узмай қарагин-да, ўйла, уйимизни мен сақлаб қолмадим. Мен сақлаб қололмадимми? Сен қаерда эдинг? Поляк эринг билан тўшакда…

СТЕЛЛА (сапчиб туриб). Бланш. Жим бўлинг. Бас. (Хобгоҳ томон юради.)

БЛАНШ.         Йўл бўлсин?

СТЕЛЛА.        Ваннахонага, юзимни чайгани.

БЛАНШ.         Эҳ, Стелла, Стелла… йиғлаяпсанми?

СТЕЛЛА.        Ажабланаяпсизми?

БЛАНШ.         Кечир… бундай демоқчи эмасдим. (Стелла ваннахонага кетади. Кўчада эркаклар овози  эшитилади. Стэнли, Стив ва Митч уйга яқинлашиб келишади.) Стив. …Уни ҳеч нарсага ярамайсан деб шунақанги таъзирини бердики, шўрлик ер ёрилмади, ерга кирмади. Йигитча бир қизариб, бир бўзариб, хўрсиниб, нима дейди денг: “Тажриба дегани қаерда сотилади?” эмиш! У эса бадтар тутақиб: “Ҳу падарингга лаънат! Йўқол бу ердан, бошқа қорангни кўрмай!” – деб бақириб берди.

(Қаттиқ қаҳ-қаҳа. Эркаклар овозини эшитиб, Бланш хобгоҳга кириб кетади. Пардоз столидан Стэнлининг фотосувратини олади-да, бир пас қарайди, кейин яна жойига қўяди.) Демак, эртага кечқурундан покарми?

СТЭНЛИ.        Ҳа, Митчникида.

МИТЧ.            Меникида мумкин эмас. Ойим ҳали тузалиб кетгани йўқ (Кетишга чоғланади).

СТЭНЛИ (унинг ортидан).     Майли, унда меникида ўйнай қоламиз… Cен эса пиво қуясан.

Митч ўзини эшитмаганга солади, хайрлашади ва ўзича аста хиргойи қилиб кетади.

ЮНИС (тепадан қичқиради). Ҳой, менга қаранглар! Тарқалинглар. Мен спагетти пиширгандим, ҳаммасини ўзим еб қўйдим…

СТИВ (зинадан кўтариларкан). Сенинг ўзингга ҳам, телефондан ҳам айтилган эди – ўйнаймиз, деб! (Эркакларга) Аммо пиво албатта бўлади!

ЮНИС.           Қачон телефон қилибсан.

СТИВ.             Нонушта вақтида айтгандим, танаффусда қўнғироқ ҳам қилгандим…

ЮНИС.           Бўпти, бўпти, бунинг кимга қизиғи бор. Йилда бир уйга келсанг ҳам катта гап, шунда ҳам ялинтириб.

СТИВ.             Нима, сенга газетадан хабар беришсинми?

Кулги, тарқалаётган эркакларнинг хайрлашув овозлари. Эшикни силтаб очиб, ўчоқбошига Стэнли кириб  келади. Бўйи ўртача – беш фут ва саккиз-тўққиз дюйм, кучли, келишган киши. Унинг қадди-қомати  ва юриш-туриши бутун борлиғини тўлдириб турадиган ҳайвоний лаззатдан дарак бериб турарди. Ўспиринлик вақтидан буён у ҳаётни аёлларсиз, уларнинг васлидан лаззатланишсиз тасаввур этолмасди, бундай пайтда улар аёлларни ширин-ширин сўзлар билан аврар, ўзлари ҳам кўнгилларини чоғлар эди, шу билан бирга ўзгалар олдида ишва-нозлар қилишига йўл қўйишмасди. Товуқлар орасидаги бабақ хўроздек гердайиб, ҳеч кимга бўй бермай юришар эди. Чинакам мардларга хос саховатдан, бу хилватдаги эркаклар билан самимий бўлиш, ичакузди  ҳазилларга мойиллик, яхши еб-ичиш, қиморга, ўзининг мойиллигига, хушторига, шахсан унинг ўзига дахлдор ҳамма нарсага, ажойиб насл қолдирувчисига нисбатан муҳаббатидан масту мустағриқ – бундай бўлиш унга Худо томонидан абадий ато этилган фазилат. У аёлларга бир қарашдаёқ керакли баҳони бериб қўя қолади, аёлларга инъом этувчи бир дафъалик табассуми унинг юрагини алғов-далғов қилиб юборувчи барча хатти-ҳаракатларнинг нечоғли уятли эканини билдириб қўяр эди.

БЛАНШ (Стэнлининг тикилиб қарашидан беихтиёр ортга чекинади). Сиз, ҳойнаҳой, Стэнли бўлсангиз керак? Мен – Бланшман.

СТЭНЛИ.        СТЕЛЛАнинг опасими?

БЛАНШ.         Ҳа.

СТЭНЛИ.        Салом! Бизнинг  бекамиз қаердалар?

БЛАНШ.         Ваннахонада.

СТЭНЛИ.        Э-ҳа-а. Бизнинг юртларга келмоқчи эканингиздан бехабар эдим.

БЛАНШ.         Мен…

СТЭНЛИ.        Қаердан келдингиз, Бланш?

БЛАНШ.         Мен… мен Лорелда тураман.

СТЭНЛИ (шкафга яқин боради, бир шиша виски олиб). Лорелда? Ҳа-я. Албатта, Лорелда-да. Менинг ҳудудимга кирмайди. Иссиқ ҳавода бунақа заҳарни сақлаб бўлмайди. (Шишани ёруғга тутиб диққат билан қарайди, унда насиба қолган-қолмаганини аниқлагани бўлади.) Ичасизми?

БЛАНШ.         Йўқ-йўқ, қарийб оғзимга олмайман, аҳён-аҳёнда.

СТЭНЛИ.        Шунақалар ҳам бўладики, ўзлари шишага камдан-кам дахл қиладилар, лекин шиша уларга – аксар.

БЛАНШ (лоқайдларча). Ваҳ-ҳаҳ-ҳа.

СТЭНЛИ.        Ҳаммаси ўзимга қолибди-да. Ҳечқиси йўқ, агар беадабликка йўймасангиз. (Кўйлагини ечишга ҳаракат қилади.)

БЛАНШ.         Бемалол ўзингиз баҳам кўраверинг.

СТЭНЛИ.        Ҳар ишда эркин бўлиш – менинг шиорим.

БЛАНШ.         Менинг ҳам. Тетикликни сақлаш осон иш эмас. Ҳали бундоқ ювиниб-чайиниб, ўзимни тартибга солишга улгурганим ҳам йўқ, сиз эса аллақачон келиб қолдингиз.

СТЭНЛИ.        Мен сизга айтсам, шамоллашдан осони йўқ – ҳўл кийимда, айниқса, бундан олдин  кўнглинг хоҳлаганча соққа думалатсанг. Сиз ўқитувчисиз, шундайми?

БЛАНШ.         Ҳа.

СТЭНЛИ.        Нимадан дарс берасиз?

БЛАНШ.         Инглиз тилидан.

СТЭНЛИ.        Ўқувчилик вақтимда инглиз тилидан нўноқ эдим. Кўпга келдингизми, Бланш?

БЛАНШ.         Мен… ҳозирча билмайман.

СТЭНЛИ.        Бизникида қолишни ўйламаяпсизми?

БЛАНШ.         Дуруст бўларди… агар уйингиз торлик қилмаса.

СТЭНЛИ.        Майлингиз.

БЛАНШ.         Йўл қоқиб ташлади.

СТЭНЛИ.        Ҳечқиси йўқ, ўтиб кетади.

Дераза остида мов мушук ваҳимали миёвлайди.

БЛАНШ (сакраб туриб). Бу нима?

СТЭНЛИ.        Мушуклар-да… Ҳой, Стелла!

СТЕЛЛА (ваннахонадан). Ҳа, Стэнли.

СТЭНЛИ.        Нима бало, чўкиб кетмадингми тағин?..

(Бланш мийиғида кулиб қўяди. Стелланинг унга жавобан кулиб қўйганини ҳеч ким билгани йўқ. Жимлик. Мени қўпол одамга чиқармасангиз бўлгани. Стелла фақат сиз тўғрингизда гапиради. Сиз турмушга чиққан экансиз, тўғрими? Олисдан полька куйи элас-элас қулоққа чалинади.)

БЛАНШ.         Ҳа. Ёшгина эдим.

СТЭНЛИ.        Нима, бир нарса бўлганмиди?

БЛАНШ.         У… у ўлган (Боши солинади.) Ишқилиб… касал бўлиб, ётиб қолмасайдим. (Бошини қўлларига ташлайди.)

(тўлиқ варианти 2018 йилнинг 7-8 сонларида)

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2019/01/21/%d0%be%d1%80%d0%b7%d1%83-%d1%82%d1%80%d0%b0%d0%bc%d0%b2%d0%b0%d0%b9%d0%b8-%d1%83%d0%b8%d0%bb%d1%8c%d1%8f%d0%bc%d1%81-%d1%82%d0%b5%d0%bd%d0%bd%d0%b5%d1%81%d1%81%d0%b8/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x