Онкология хизмати ҳукуматимиз эътиборида

Бутун дунёда бўлгани каби республикамизда ҳам аҳоли ижтимоий-иқтисодий фаровонлигининг яхшиланиши ва ҳаёт давомийлигининг узайиши билан боғлиқ равишда, онкологик беморлар сони ўсиши кузатилмоқда. Ҳукуматимиз томонидан илгари қабул қилинган Давлат дастурлари ижроси натижасида Республика онкология илмий маркази, 15 та вилоят ва шаҳар онкология диспансерлари, шаҳар ва туман марказий кўп тармоқли поликлиникаларидаги 232 онколог хоналарини ўз ичига олган, республикада соғлиқни сақлаш тизимининг барча бўғинларини қамраб олувчи онкология хизматининг ягона, вертикал интеграциялашган тизими яратилди. Онкология муассасаларини юқори технологик тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ва мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳисобига онкологик касалликлар бўйича ташхислаш ва даволашнинг замонавий стандартлари тиббиёт амалиётига тадбиқ қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017-2021 йилларда онкология хизматини янада ривожлантириш ва Ўзбекистон Республикаси аҳолисига онкологик ёрдамни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги Қарори онкологик касалликларга қарши кураш олиб бориш йўлида янги босқични очиб берди. Ушбу Қарорда онкология хизматини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланиб, онкологик касалликларнинг олдини олиш, ташхислаш ва даволашнинг самарали усулларини ишлаб чиқиш, ўсмага қарши замонавий, маҳаллий дори воситаларини яратишга қаратилган фундаментал ва амалий илмий изланишлар кўламини кенгайтириш назарда тутилган. Республика онкология муассасаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, ҳамда янги бино ва иморатларни қуриш, реконструкция қилиш ва қайта таъмирлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Қарорда онкологик касалликлар профилактикаси, эрта аниқлаш ва даволаш борасида соғлиқни сақлаш соҳаси муассасалари фаолияти координациясининг ягона услубий вертикалини шакллантириш назарда тутилган. Ушбу вазифаларни бажариш мақсадида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббий марказини ташкил қилиш, ҳамда ҳудудий онкология диспансерларини унинг филиалларига айлантириш режалаштирилган. Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий маркази базасида Саратон профилактикаси ва экспериментал онкология марказлари ташкил қилинади. Онкологик касалликлар профилактикаси ва скрининг тадқиқотлари ўтказиш, онкологик беморларнинг ягона информацион базасини шакллантириш, хамда саратон эпидемиологияси ва хавфли ўсмалар ривожланишининг молекуляр механизмлари, ўсмага қарши маҳаллий воситаларни ишлаб чиқиш соҳаларида илмий тадқиқотлар олиб бориш ушбу марказларнинг асосий вазифалари ҳисобланади.

Қарор ижроси доирасида республиканинг барча онкология муассасалари энг замонавий ўсма касалликларини эндоскопик ва радиотерапевтик даволаш ускуналари, шу жумладан «Да Винчи» роботлаштирилган жарроҳлик мажмуалари ва гамма тиғ каби янги замонавий тиббий технологиялар билан жиҳозланади. Вилоят онкология муассасаларида паллиатив ёрдам кўрсатиш бўлимларини, ҳамда Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Урганч шаҳарларида 4 та ҳудудлараро хоспислар ташкил қилинади. Республиканинг барча ҳудудларида онкологик касалликларнинг олдини олиш ва эрта ташхислаш чора-тадбирларини такомиллаштиришга, долзарб онкологик касаллик турлари бўйича скрининг тадқиқотлари ўтказишга жиддий аҳамият берилади.

Онкологик касалликларнинг олдини олиш, ташхислаш ва даволаш соҳасида илмий изланишлар кўламини кенгайтириш, бундан ташқари, маҳаллий амалиётга илмий изланишларнинг замонавий дунё тажрибасини тадбиқ этиш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва чет давлатларда мутахассислар малакасини ошириш мақсадида етакчи онкологик клиникалар билан халқаро ҳамкорликлар янада кенгайтирилади.

2017-2021 йилларда онкологик ёрдамни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси бюджетидан 32,5 млрд сўм ва халқаро молиявий институтлар кредит ва грантлари ҳисобидан 144,1 млн АҚШ доллари миқдорида маблағлар йўналтириш кўзда тутилган. Қарорнинг ижроси натижасида онкологик касалликлардан ўлим кўрсаткичларини 100 минг аҳолига 38,7 дан 35 га камайтириш, аҳолини ўсмага қарши дори воситалари билан таъминлашни 33% дан 90% га ошириш, юқори технологик даво усулларига бўлган аҳоли талабини 70% гача қоплаш мумкин бўлади.

Ушбу Қарор юртимизда тиббий хизматнинг яхшиланиши ва сифатининг ошиши, онкологик касалликлар билан кураш соҳасидаги илмий–тадқиқотлар фаолияти кўлами кенгайиши учун кучли туртки бўлади. Халқимиз саломатлигини сақлаш йўлидаги ҳукуматимизнинг эътибори натижасида, аҳолига замон талабидаги сифатли, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш таъминланиб, юртимизда онкология хизмати дунё бўйича юқори даражага кўтарилиши учун катта имкониятлар яратилади.

Мирзағолиб ТИЛЛАШАЙХОВ,
Республика ихтисослаштирилган
онкология ва радиология илмий-амалий маркази
директори, профессор.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x