Эркин Воҳидов ҳаётда ҳам, саҳнада ҳам шоир эди. Ҳатто йўл-йўлакай суҳбатларда ҳам, ё бирон тадбир-анжуманда ҳам шунчаки жўн, енгил сўзламасди. Ҳар бир сўзни доналаб, шошмасдан, оҳангини топиб, мағзини чақиб, марвариддек териб гапирарди. Бу фазилат унинг песа ва драматик достонлари орқали театр саҳнасига ҳам кириб келган.
Устоз шоирни драматурглар сафига қўшган ва машҳур қилган саҳна асари “Олтин девор” комедиясидир. Мазкур комедия 1970 йили илк бор атоқли режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти Тошхўжа Хўжаев томонидан Ўзбек миллий академик драма театрида саҳналаштирилди. Қарийб, ярим аср муқаддам саҳна юзини кўрган ушбу асар неча юз марталаб ўйналиб, халқимизга ёд бўлиб кетса-да, ҳали-ҳануз телевидение орқали намойиш этилганда, томошабинни экранга “михлаб” қўяди, десак муболаға бўлмас.
Гарчи, асар сюжети ва композицияси содда, жўн кўринса-да, қаҳрамонлари содда, камтар, камсуқум, сипо ва одамохунлиги билан томошабинлар меҳрини қозона олди. Айниқса, асарнинг туб моҳиятига сингиб кетган халқона юмор, спектакл жозибаси ва муваффақиятининг асосий омилларидан бўлди. Албатта, бунда бош қаҳрамон Мўмин ролининг ижрочиси Ғани Аъзамовнинг беқиёс ҳиссаси борлигини эътироф этиш лозим.
Спектаклда ҳалоллик ва очкўзлик ўртасида муросасиз кураш кетади. Бу қарама-қарши туйғулар Мўминни ўзгалар билан эмас, ўз-ўзи билан, ўз виждони ва шайтоний нафси билан “жанг” майдонига ташлайди.
Икки қўшни – Абдусалом билан Мўмин қуда бўлиш ҳаракатида. Тўйни бир жойда ўтказиш учун ўртадаги девор бузилади. Иттифоқо, девор орасидан бир хумча тилла чиқади. Хуллас, қўшнилар талашиб-тортишиб, тиллани бўлиб олишади. Дарҳол орага шайтон “аралашади”, шу баҳона қўшничилик ҳам, қудачилик ҳам барбод бўлиб, ўртадаги девор қайта тикланади. Шу лаҳзадан, Мўминнинг тинчи бузилади, ороми йўқолади ва томошабин воқеанинг охири нима бўлишини кутиб, мириқиб томоша қилади.
Эркин Воҳидов илк песасининг бу қадар машҳур бўлиб кетиши сабаблари бор, албатта. Энг аввало, муаллиф театр жамоаси билан бақамти ижод қилгани, репетиция жараёнларида туғилган фикр-мулоҳаза ва таклифларни сабр билан тинглагани, кези келганда эринмай асарга сингдира олганини айтиш жоиз. Ғани Аъзамов билан бир суҳбатимиз ёдга тушади: “Ҳар қандай песа театрга тўлиқ, мукаммал ҳолда келмайди, – деганди устоз санъаткор. – Уни саҳнага мослаб, пишитадиган режиссёр, қолаверса, актёрларнинг ўзлари. “Олтин девор” ижод жараёнида пишиб етилди. Янги воқеалар, кўринишлар киритилди. Лекин яна нимадир етишмасди. Шунда миямга “Мўминни уйлантириш керак”, деган фикр келди. Песада Мўмин ҳам Абдусаломдек ёлғиз эди. Фикримни муаллифга айтдим. Унга маъқул келди. Спектаклга Ҳуринисо образининг киритилиши воқеаларни янада жонлантириш билан бирга, Мўминнинг ички кечинмаларини тўлароқ очишга ҳам катта ёрдам берди. Шу зайл саҳнада оқсоқол образи ҳам пайдо бўлди”.
Эркин Воҳидов жамоа фикрини тезда англаб, песани бир сидра қайта кўриб чиқди ва узоқ йиллар миллионлаб томошабинлар қайта-қайта кўриб завқланишдан зерикмай келаётган ажойиб саҳна асарини яратди.
Орадан ўн йил ўтиб, Сурхондарё вилоят мусиқали драма театри репертуарида адибнинг “Истанбул фожиаси” шеърий драмаси пайдо бўлди. Бу мураккаб асарни режиссёр Неъмат Пардаев жузъий ўзгаришлар билан саҳнага олиб чиқди. Спектаклда муҳаббат, нафрат, садоқат, хиёнат сингари инсоний туйғулар Ватан туйғуси, она юрт соғинчи билан муштарак ҳолда, ҳам ижтимоий, ҳам лирик-романтик, ҳам психологик контраст бўёқларда талқин қилинади. Айниқса, ўз юртидан узоқда, дарбадар, муҳожир бўлиб кун кечираётган кимсаларнинг аянчли қисмати ва изтиробларини лўнда, йирик бадиий лавҳаларда ифода этишга жиддий аҳамият берилгани сезилиб туради. Бунда асар қаҳрамонларини гавдалантирган иқтидорли санъаткорлар Р. Маматалиев, Т. Эргашев, Г. Равшанова ва бошқаларнинг ижодий изланиши самарали бўлган. Мазкур асар 1988 йили Ўзбек миллий академик драма театрида режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Носир Отабоев томонидан саҳналаштирилиб, кўп йиллар намойиш этилди.
Э. Воҳидов қаламига мансуб яна бир асар 1995 йили Хоразм вилоят мусиқали драма театрида саҳна юзини кўрди. Бу сафар “Иккинчи тумор” спектакли томошабинларга ҳавола этилди. Асарни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, режиссёр Маҳкам Муҳамедов саҳналаштирди. Ушбу спектаклда на ҳаётий, на раҳбарлик тажрибасига эга бўлмаган соҳадан мутлақо йироқ ва бехабар кимсани бошлиқ қилиб қўйиш орқали синов ва тажрибалар ўтказиш нақадар беўхшов, траги-фарс оқибатларга олиб келиши ҳақида ҳикоя қилинади. Режиссёр рассом, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби О. Оллаберганов билан биргаликда янги бадиий-саҳнавий ифода воситаларини излаб топишга интилди. Бу ҳолат баъзи ўринларда воқеалар шартли, хаёлий ва рамзий ишоралар орқали талқин қилинишида намоён бўлади. Шунингдек, ўрни билан Эркин Воҳидов шеърларидан намуналар киритилгани, енгил ҳазил, юмор ва баъзан сатирик лавҳаларнинг “сачраб” туриши спектаклнинг эмоционал-эстетик таъсирчанлигини оширган. Албатта, Ж. Шомуродов, А. Йўлдошев, Г. Раҳимова, Ш. Рамазонова ва бошқаларнинг ижодий изланиши ҳам кенг жамоатчилик томонидан муносиб эътироф этилди.
Орадан ўн йил ўтиб, 2005 йили Қашқадарё вилоят мусиқали драма театрида “Ўзбектеатр” бирлашмаси лойиҳаси асосида Эркин Воҳидовнинг “Руҳлар исёни” достони асосида оригинал саҳна асари дунёга келди. Маълумки, “Руҳлар исёни” ўтган аср ўзбек адабиётининг энг ёрқин намуналаридан бўлиб, унда бутун онгли ҳаёти, ижоди ва жисми-жонини халқининг эрки ва озодлиги учун курашга тиккан оташин бенгал шоири Назрул Исломнинг жўшқин, ибратли, айни пайтда аянчли тақдири тасвирланади. Ҳур, озод, мустақил Ватан туйғуси достоннинг бош ғояси ҳисобланади.
Ушбу спектаклнинг яратилиш жараёни ўзига хос тарихга эга. “Дийдор” театр-студияси асосчиси ва биринчи раҳбари, иқтидорли режиссёр Эргаш Масофаев бир неча йил давомида “Руҳлар исёни” достони бўйича бир актёр театри – моноспектакл яратиш устида ишлаган. Жуда кўп актёрларни синаган, турли тажрибалар ўтказган, лекин натижа бўлмаган. Шунда режиссёрга, ушбу лойиҳа бўйича профессионал актёрлар билан оригинал спектакл яратиш таклифини бердик. Таклиф унга маъқул бўлиб, Қашқадарё театрини танлади. Режиссёр саҳнага барча ижодий ходимларни чиқарди, етмаганига техник ходимлар, коллеж талабалари ҳам жалб қилинди. Қизғин ижодий жараён бошланди. Натижада эрк ва мустақиллик учун шиддатли кураш, орзу-умидлар, эҳтирослар билан тўлиб-тошган ёрқин, монументал спектакл дунёга келди. Театр жамоаси ўша лаҳзаларни ҳали-ҳануз соғиниб эслашади. Спектаклнинг жамоатчилик кўригида муаллифнинг ўзи иштирок этиб, шундай деганди: “Очиғи, мен бу достонни театрга мўлжаллаб ёзмагандим. Шунинг учун ҳам уни шундай ажойиб спектакл бўлади, деб ўйламагандим. Ушбу спектаклнинг ижодкорларига чуқур миннатдорлик билдираман. Мустақиллик байрамимизга муносиб совға бўлибди”…
Бу Эркин Воҳидов асарлари асосида саҳналаштирилган сўнгги, энг яхши спектакл бўлиб қолди…
Омонулла РИЗАЕВ,
санъатшунослик фанлари номзоди,
доцент
https://saviya.uz/ijod/adabiyotshunoslik/oltin-devor-dan-ruhlar-isyoni-gacha/