“У умр бўйи жимликда, ёлғиз яшашга одатланган эди”.
Кавабата “Кемачалар” ҳикояси қаҳрамони Акикони шундай тасвирлайди. Шундай жим ва ёлғиз яшашига қарамасдан, Кавабатанинг қаҳрамонлари руҳий носоғлом эмас, барқарор одамлар. Ўзлари тушиб қолган ҳолатга кўниккан, хотиржам тортиб қолган қаҳрамонлар. Лекин Шопенгауэр айтганидек ҳаётнинг, умрнинг дард-у азоблигига тоқат қилиб, бочкадаги Диоген каби “итфеъл”га айланган инсонлар эмас улар. Тоқат қилишнинг, кўникишнинг ўзи жазавага олиб боради. Бу қаҳрамонлар ҳаётида эса босиқлик, Сокинлик бор. Оддий, ғам-ташвишли турмушдан топилган сокинлик исённи инкор этади. Ва азоб онларида исёнга мойил қалбимнинг Шопенгауэрга талпиниб, Шопенгауэр асарларидан топган ҳақиқатидан ўзга ҳақиқат, ўзга Руҳ борлигига мени ишонтиради. Бу сокинлик аламзадаликнинг долғали сокинлиги эмас, Оламнинг Олий Руҳи билан инсон қалбининг қовушгани, уйғунлашгани каби нурли сокинлик.
* * *
Нега Кавабата асарлари қаҳрамонлари ҳар қандай кўнгилсизликни, фожиани оддий, табиий қабул қилади? “Кемачалар” ҳикояси қаҳрамони ногирон қиз Акико унаштирилган йигитининг онаси қизнинг отаси билан гаплашгани келиб кетгач, мана бундай ўйга берилади:
“Ё куёв урушда ўлган, ё тўйни тўхтатмоқчи бўлишяпти, – деб ўйлади Акико. – Ногирон қиз билан унаштириб қўйиш ҳам балки кўнгилчанликдир, уруш йиллари одамлар шунақа бўлиб қолишган бўлса бордир”.
Қиз шуларни ўйлайди-ю, яқин атрофда қурилаётган янги бинони кўргани кетади. Ёзувчининг сўзи ҳам, қизнинг хаёллари ҳам ўша янги бинога кўчади. Қиз кутилаётган кўнгилсиз ҳодисадан фожиа ясаб, тақдирига лаънат ёғдириб ўтирмайди. Ногиронлигидан ҳам ўксинмайди. Эҳтимол ўксинару, аммо унинг японларга хос қалби буни пинҳон тутади. Бир суҳбатда эшитганим бор – японлар ўлимни оддий ва табиий қабул қилади, бир эшикдан кириб, бошқасидан чиқиб кетиш деб билади. Ўлимгаки шундай қарай олган одам учун, эҳтимол, ҳаётда фожианинг ўзи қолмас.
Кавабата ҳикоялари аксар ҳолатда япон қалбининг фожиани қандай қабул қилиши ва қандай яшаши ҳақидаги маъюс руҳият чизгиларидек туюлади менга.
* * *
Бу ҳикоялар лаҳзалардагина кечадиган Маънодор туйғулар ҳақида. Шу сабаб Кавабата воқеага, воқеликка ҳам, ҳолатга ҳам урғу бермайди, тўғрироғи, унинг воқелик ва ҳолатга урғуси ўша лаҳзаларда одам туйиб қоладиган Маънодор туйғулардан ўсиб чиқади. “Анор” ҳикояси қаҳрамони Кенкитининг урушга кетаётгани ва қаллиғи билан хайрлашгани келиши ҳикоянинг асосий воқелиги (Ундан ҳам устунроқ воқеа анорнинг ғарқ пишганидир). Йигит кетгач, она ва қиз ўртасида суҳбат кечади. Шу оддий суҳбат давомида қиз турли аёллик ҳисларини бошидан кечиради. Ва гоҳ алам, гоҳ севинчга йўйилган ҳислари ўйинида кўнгилни хотиржам қиладиган бир ҳақиқатни, Маънони англаб етади. Кавабата асарларининг турмушнинг оддий икир-чикирига ўралашган қаҳрамонлари ҳам руҳий, руҳоний яшайди. Ҳислари доимо уйғоқ ва тийрак. Ўша ҳис билан Маънога боришади, Маънони топишади. Бу маъно ҳақиқатга шу қадар дахлдор, ё ҳақиқатнинг ўзики, кўнгилнинг ором олиб, хотиржам тортиши учун кифоя.
* * *
Бу ҳикоялардан англаганим, тушуниб етганим – улар Зиддиятсизлик фалсафасига қурилган. Қаҳрамонлар руҳиятида гарчи доимо изтиробнинг ҳовури бўлса-да, бу ҳеч қачон олов, ўт олиб кетмайди. Ўт бўлиб кимнидир ёки дунёни ёндиргиси келмайди. Зиддиятга бормайди. Улар ҳамма нарсани босиқлик билан англаб етади. Эҳтимол, шу сабаб руҳоний яшар, эҳтимол, руҳоний яшагани сабаб шундайдир. Айнан мана шу зиддиятни четлаб ўтиш одам ва воқелик, табиат билан уйғунликка олиб келади. Ёки аксинча, табиат билан уйғунлиги сабабидан ҳам одамлар воқелик билан зиддиятга боришмайди.
“Қизил олхўри” ҳикоясида “Сенга тегибманки, шу қизил олхўрингни кузатиш учун бир минут бўш вақтим бўлмаган” дея гина қилган хотинига:
– Беғам, беташвиш, ҳеч нарсани ўйламай ҳаёт кечиргансан-да”,– деб эътироз билдиради эр.
Шундай. Гулнинг очилиши ё дарахтнинг гуллашига термулиб, олдида соатлаб сокин қола олган, жим кузатган кишининг нигоҳи ва ўша маъюс гуллар орасида бир масофа бор – изтироб масофаси. Ғами бор одамгина шу ҳайрат олдида соатлаб туриши мумкин. Ва бу кузатиш кўнгилда яна нималарнидир қўзғайди. Ғам одамни босиқ қилади. Инсондаги турли ҳавойиликларни жиловлаб, босиқ қилишда ғамдан кўра кучлироқ туйғу йўқ. Бу ғамгин одамларнинг гулларга термилиб ўтириши эса Мангуликка термилиб ўтиришдай туйилаверади. Эҳтимол, мана шу Гул, Мангуликка термилиш изтиробларни аламзадаликдан поклаб, маъюс ғамга айлантириб берар. Шу сабаб Кавабата ҳикояларида маъюс хотираларга қоришган ҳасратнинг синиқ нурига дуч келаверасиз.
* * *
Кавабата ҳикоялари қаҳрамонлари камдан-кам ҳолатда “Нега?” деб савол беради. Чунки улар бошқалар учун бемаънидек кўринадиган нарсалардан ҳам пинҳон пурмаъноликлар топишади. Тўғрироғи, Кавабатанинг ўзи қаҳрамонларнинг маъносиздек туюлган кечинмаларидан ҳам мазмун чиқаришга қодир.
“Инсон боласи ўзига ўхшаган инсонни бахтсиз қилишга қодир эмаслигини тушуниб етди… Хаёлан ундан кечирим сўрагани хато эканини англади… Инсон ўзига ўхшаган инсонни таҳқирлашга қурби етмаслигини англади.”
“Худо барҳақ” ҳикоясидан келтирилган бу парча бир неча йил муқаддам бир қизни таҳқирлаб, кейин ўша машъум воқеани унутолмай виждони қийналган йигит иқрори. Киши бошқа бировнинг бахтсизлигига сабаб бўлолмайди, инсон қилмишлари ҳеч қачон тақдири азалга таъсир кўрсатмайди, демоқчи адиб. Ўзига ўхшаган яратиқнинг тақдирини издан чиқаришга у ожиз. Унинг яхшилигу ёмонлиги олий тартибларга заррача дахл қилолмайди. У шу даражада ожиз мавжудот. Худо эса ҳамиша барҳақ. Шу туйғунинг ўзиёқ кўнгилга мангу таскин беради.
“Ё раббим, нақадар қудратлисан! – дея хитоб қилди у. Во ажабо, назарида шарқираб оқаётган дарё сувлари худди унинг иқрорини тасдиқлагану, номаълум йироқларга етказиш учун ошиқаётгандай туйиларди”.
Пастернакнинг “Касалхонада” шеърида ифодаланган кечинмалар ва Кавабатанинг ушбу ҳикоясидаги руҳий уйғунликни сезиш қийин эмас.
Парвардигор, қандай мукаммал
Сенинг коринг – ўйлайди бемор.
Ўрин-тўшак, одамлар, ажал,
Тунги шаҳар, девор, тўрт девор.
Шундай, тенг қудратли буюк руҳ эгалари гоҳо китобхони, ихлосманди қалбида руҳий лаззат чоғларида бир-бирига дуч келиб турар эканлар.
* * *
Ҳикояларни ўқиган бир дўстим ҳайратини яширмади: “Қандай тиниқ таржималар, худди ўз тилимизда ёзилгандай!” Менимча эса булар таржима эмас, балки Кавабата руҳини, қалбини қайта англаш ва ўша руҳни жамлаган асарларни ўзбекчада ёзиш, етказиб бериш. Мен Кавабата ҳикоялари таржимасини шундай тушунаман. Кавабатани ўзбекчада англатган инсон – Олим Отахон: “Мен бу асарларга умримни бердим. У менинг ўз ёзувчим”, – деб бекорга айтмаган.
“Таржимон фақат ўзига яқин асарни таржима қилиши керак. Зўр ёзувчилар кўп. Аммо Ўзингники бўлганларини танлаб, умр бўйи улар билан шуғулланиш керак. Кавабатани ҳеч ким мендай таржима қилолмайди! Мен унга умримни бердим. Адабиёт ва ҳаёт орасидаги чегарани йўқотдим. Ҳаёт ёлғон. Адабиётда ўн фоиз бўлса ҳам ҳақиқат бор”. Олим Отахон топган ўн фоиз ҳақиқат эса эҳтимол Кавабата, эҳтимол Кортасар асарлари қатида ётгандир. Шу ҳақиқатга биз ҳам етсак, умримизни беришга арзиса керак.
“Адабиётни қиздай севиш керак”, дейди Олим Отахон. Кавабатанинг ўзбекчадаги ҳикоялари жозибасидан таржимоннинг ёзувчига ошуфталиги шундоқ сезилиб туради.
“Йиллар давомида Кавабатага атаб “Сенсей”, яъни “Устоз” деган қирқ-эллик бетлик эссе-мактуб ёздим”, дейди яна ёзувчи. Икки адиб қалби бир пардада сасланган, бирлашган пайтда яралган эссе-мактуб Олим Отахоннинг Кавабатани англаш жараёни ҳақидалигига ишонаман. Олим Отахон англаган, тушунган Кавабатани мен ҳам унинг каби англагим келади.
Тилланисо Эшбоева
2019/4
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2019/09/19/%d0%be%d0%bb%d0%b8%d0%bc-%d0%be%d1%82%d0%b0%d1%85%d0%be%d0%bd%d0%bd%d0%b8%d0%bd%d0%b3-%d0%ba%d0%b0%d0%b2%d0%b0%d0%b1%d0%b0%d1%82%d0%b0%d1%81%d0%b8/