Одам ва иммунитет

Иммунитет организмни турли хилдаги ташқи ва ички, яъни ёт омилларга қарши турувчи махсус ҳимояланиш қобилиятидир. Организмга тушган ҳар қандай генетик жиҳатдан бегона бўлган қисм, модда ва тузилмалар (масалан микроорганизмлар, бактериялар, вируслар, содда жониворлар, бегона ҳужайра ва тўқималар ва уларнинг яшаш фаолияти маҳсулотлари – оқсиллар, полисахаридлар, нуклеопротеидлар сингарилар) – антигенлар, яъни ёт нарсалар дейилади.

Иммун жавоб организмнинг антигенга қарши махсус жавоб реакциясидир. Иммун жавобни амалга оширувчи ҳужайралар эса иммунокомпетент ҳужайралар деб номланади. Иммунокомпетент ҳужайралардан антигенни зарарсизлантириш учун ишлаб чиқарилган оқсил табиатли моддалар иммуноглобулинлар ёки антителолар деб аталади.

Туғма ва орттирилган иммунитет. Ҳомила она қорнида ривожланиш жараёнида ва туғилгандан кейин она сути орқали туғма иммунитет, кейинчалик эса ҳаёт давомида ҳар-хил ташқи ва ички таъсирлар натижасида танада орттирилган иммунитет пайдо бўлади.

Иммун тизими аъзолари икки гуруҳга: марказий аъзолар (тимус, суяк кўмиги) ва периферик аъзолар (лимфа тугунлари, талоқ, турли аъзолардаги лимфоид тўпламлар)га ажратилади. Ташқи муҳит патогенларидан организмни ҳимоя қилувчи бир неча хил биологик омиллар фарқланади. Масалан, қопловчи тўқима (тери, шиллиқ қаватлар), микробиоцид экзосекретлар (меъда хлорид кислотаси, сўлакнинг бактериоцид компонентлари, ичакларнинг ҳазм ферментлари), томир реакцияси, ташқи зарарловчи агентларни ички муҳитга киришига йўл қўймайди (зарарланган соҳада тезда маҳаллий шиш пайдо бўлиши), ўткир фаза оқсиллари – С-реактив оқсил, маннозани боғловчи лектин ва б.қ. уларни жигар ҳужайралари (гепатоцитлар) синтез қилади. Шунингдек фагоцитоз – нейтрофил ва макрофаглар ёрдамида патогенларни йўқ қилиш, орттирилган (адаптив) иммунитет, шахсий ҳимоядан (беморлар билан мулоқотда бўлишдан қочиш, қўл ювиш, тиббий асбобларни тўғри стериллаш, об-ҳавога мос кийиниш сингарилар) иборат.

Ҳужайравий ва гуморал иммунитет. Иммунологик жараёнларда бу иккиси муҳим ўрин тутади. Ҳужайравий иммунитет эффектор ҳужайралар ва улар ажратадиган медиаторлар иштирокида амалга оширилади. Эффектор ҳужайралар қаторига Т-лимфоцитлар, моноцитлар, макрофаглар, гранулоцитлар киради. Тимус – иммун тизимнинг марказий аъзоси бўлиб, унда ўзак ҳужайралар Т-лимфоцитларга айланади ва ҳужайралар пролиферацияси ва табақаланиши натижасида бир-биридан вазифалари жиҳатидан фарқ қиладиган Т-лимфоцитларнинг 5 та субпопуляцияси (Т-хелпер, Т-киллер, Т-супрессор, Т-эффектор, Т-контрсупрессор) ҳосил бўлади. Т-хелперлар (ингл. to help – ёрдам берувчи) бўлиб, улар рецепторлари билан макрофаг мембранасидаги антиген эпитопларини аниқлайди, медиаторлари ёрдамида В-лимфоцитлар пролиферацияси ва дифференциясини (плазматик ҳужайраларга айланишини) таъминлайди, Т-киллер ва Т-эффектор субпопуляцияларини фаоллаштиради. Т-супрессорлар (ингл. to suppres –сусайтирувчи) иммун жавобни сусайтиради, яъни антигенга қарши бўлган иммун жавобнинг кучи ва давом этиш вақтини назорат қилади. Т-контрсупрессорлар Т-супрессорларнинг фаоллигини назорат қилади. Т-киллерлар (ингл. to kill – ўлдирувчи) организм учун ёт бўлган антиген ташийдиган ҳужайраларни нобуд қилади. Т-эффекторлар сусткор гипертаъсирчанлик реакциясининг ривожланишида катта аҳамиятга эга. Улар қон орқали лимфоид аъзоларнинг тимус-тобе зоналарига боради. У ерда кўпайиб, қон ва лимфа суюқликлари билан бутун организмда айланиб юради.

Гуморал иммунитет шаклланишида макрофаг, Т-лимфоцитлар (Тинд, Тх) ва В-лимфоцитлар иштирокида уч ҳужайрали комплекс ҳосил бўлади. Тх-ёрдамчи ҳужайралардан ажратиладиган реплекция ва етилиш омиллари таъсирида В-лимфоцитлар пролеферацияси бошланади ва улардан антителолар ишлаб чиқарувчи плазматик ҳужайралар шаклланади. В-лимфоцитларнинг марказий аъзоси кўмик ҳисобланади. У ерда В-ҳужайралар етилиб, кейин қон орқали сиртқи лимфоид аъзоларга тарқалади. Бу аъзоларда В-лимфоцитлар мунтазам кўпайиб, лимфа ва қонга ажралиб чиқиб туради. В-лимфоцитларнинг 4 та субпопуляцияси мавжуд (ёш В-лимфоцитлар, В-ҳелпер, В-супрессор ва плазматик ҳужайралар). Улар гуморал иммун жавобни, яъни махсус антитело синтез қилинишини амалга оширади ва назорат қилади.

Она фарзандининг иммун тизими кучли бўлишини хоҳласа… Аёл ҳомиладорлик пайтидан бошлаб витамин ва минералларга бой, таркибида кўплаб оқсил моддаларини тутувчи маҳсулотлар истеъмол қилиши, турли хилдаги юқумли касалликлардан иложи борича ўзини асраши лозим.

Бола туғилгандан кейин унинг ривожланиш даврларида турли хилдаги вирусли, бактериал ва бошқа юқумли касалликлар билан оғриши табиий ҳол. Айниқса вируслар чақирадиган юқумли касалликлар асоратсиз кечганда антибиотикларни кўп миқдорда ва тартибсиз қабул қилиш иммун тизим фаолиятининг янада сусайишига олиб келади. Чунки ҳамма турдаги вируслар, жумладан биз учун оддий бўлиб кўринадиган гриппдан тортиб, жиддий ҳисобланган ОИВ гача барчаси иммун тизимни у ёки бу даражада зарарлайди.

Агарда иммун тизими фаолияти аъло даражада ишлаб турган бўлса, ҳар қандай ҳавфли омил унга зарар келтира олмайди. Иммун тизимида бирламчи ёки иккиламчи етишмовчиликлар яъни “иммун танқислик” ҳолати мавжуд бўлса, бу ҳавфли омиллар одам организмида у ёки бу кўринишдаги касалликларни келтириб чиқаради.

Иммун етишмовчилик ҳолатини қандай аниқлаш мумкин? Одам бир мавсумда 2-3 маротаба, яъни тез-тез шамолласа, сабабсиз ич суриши, касалликларга тез чалиниш, ҳолсизлик, уйқучанлик уни безовта қилса, албатта шифокор маслаҳатини олиш зарур. Лозим бўлганда иммун тизим фаолиятини лаборатор усулда текширтириш, яъни “Иммунограмма” текширувидан ўтиш керак.

Иммун тизимда етишмовчиликлар аниқланганда албатта шифокор иммунолог билан маслаҳатлашиб даво чораларини кўриш лозим. Нима учун шифокор иммунолог маслаҳати зарур? Чунки иммун тизим фаолияти жуда нозик табиатли бўлиб, бунда дори воситаларини эҳтиёткорлик билан тайинлаш талаб этилади. Мабодо иммун тизими бироз кучайган ҳолатда ишлаётган бўлса, шу ҳолатда иммуностимулятор дори воситалари тайинланса, организмда аутоиммун касалликлар ривожланиб кетишига сабабчи бўлиши мумкин.

Иммун тизими иши аъло даражада бўлиши учун витамин ва минералларга бой, таркибида калий, магний, кальций, кобальт, йод сақловчи озиқ-овқат маҳсулотларини доимий истеъмол қилиш, соғлом турмуш тарзига риоя этиш, спорт билан мунтазам, айниқса сув спорти билан шуғулланиш, тоза ҳавода бир кунда камида икки соат сайр қилиш ва албатта меъёрида тўйиб ухлаш лозим.

Қизил лавлаги, олма, нок, анор шарбатларини ичиб юриш, ёғсиз гўшт маҳсулотларини доимо истеъмол қилиш ҳам тавсия қилинади.

Фарида АШУРОВА,
ЎзР ФА Иммунология институти катта илмий ходими,
тиббиёт фанлари номзоди.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x