DO`STLARGA ULASHING:
Содиқов Обид Содиқович (1913.15.11 — Тошкент — 1987.22.7) — кимёгар олим, жамоат арбоби. Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (1947). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби (1960). Обид Содиқов СССР Фанлар академияси академиги (1972). Меҳнат Қаҳрамони (1973). Кимё фанлари доктори (1946), профессор (1947).
Ўрта Осиё университетини тугатган (1937), шу университетда доцент (1942— 46), Ўсимлик моддалари (кейинчалик табиий бирикмалар) кимёси кафедрасида мудир (1946—74), илмий раҳбар (1974 йилдан), Ўзбекистон Фанлар академияси Кимё институти директори (1946-50), Ўзбекистон Фанлар академияси Президиуми аъзоси (1947-57), ТошДУ ректори (1958-66), Ўзбекистон Фанлар академияси президенти (1966-84), Ўзбекистон Фанлар академияси Биоорганик кимё бўлими раҳбари (1973—77), Биоорганик кимё институти директори (1977—87) бўлиб ишлаган.
Асосий илмий ишлари органик ва биоорганик кимёга оид. Обид Содиқов Ўрта Осиёдаги ўсимликларни текшириб, 100 дан ортиқ дипиридил, хинолизидин, изохинолин катори алкалоидларини ажратиб олди, уларнинг тузилиши, конформацион ҳолати ва биогенетик ўзгаришларини аниқлади. Обид Содиқов раҳбарлигида ғўза барги, чигити, қобиғи, гули ва ғўзапоядан углеводородлар, юқори молекулали спиртлар, кислоталар, стеринлар, тритерпенлар, флавоноидлар, полифеноллар, госсипол ва унинг йўддошлари, углеводлар, шунингдек, A, E, P, F каби витаминлар ажратиб олинди; кўпгина препаратлар (анабазингидрохлорид, госсипол, госсипол линименти, мегосин малҳами, батриден таблеткаси, гозанидон таблеткаси ва бошқа)ни саноат миқёсида ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Обид Содиқов ташкил қилган мактабда ғўзани вилт билан касалланищлан ҳимоя қилишнинг кимёвий ва биологик усуллари ишлаб чиқилди; муҳим йўналиш — вилт қўзғатувчи токсинлар кимёси ва биокимёси соҳасида тадқиқотлар ўтказилди. Ғўза баргидан лимон ва олма кислоталари ажратиб олишнинг саноат усули ишлаб чиқилди (1956), шакар ишлаб чиқариш чиқиндиси (патика)дан микробиология усули билан итакон кислота олинди, доривор моддалар, биостимуляторлар синтез қилинди, ҳаёт учун муҳим бўлган физиологик фаол табиий бирикмалар ва уларнинг синтетик аналоглари тузилиши билан организмдаги функцияси ўртасидаги боғланиш чуқур ўрганилди, эукариотлар тўқималари геномининг кооператив активацион модели таклиф этилди.
Обид Содиқов дарслик («Органик химия», ҳамкорликда, Т., 1971; «Органик химиядан практикум», ҳамкорликда, Т., 1973), ўқув қўлланмалари, илмий ва оммабоп китоблар муаллифи, илм-фан ташкилотчиси.
Обид Содиқов СССР Фанлар академияси Президиуми аъзоси (1972—84). Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1979).
Ўзбекистон Фанлар академияси Биоорганик кимё институтига Обид Содиқов номи берилган (1988). Тошкентдаги 249-мактаб, Собир Раҳимов туманидаги маҳалла, Шайхонтоҳур туманидаги кўчалардан бири ҳам Обид Содиқов номи билан аталади.