Пасталарни тўғри танланг. Фторли пасталар таркибида фторид микроэлементлари бўлиб, улар тиш кариесининг олдини олишда наф беради. Фторидлар тиш эмали билан бирикиб, кислоталар таъсирига берилмайдиган моддага айланади ва тишлардаги кальций миқдорини оширади.
Гиёҳли пасталар таркибидаги биологик фаол моддалар антисептик ва яллиғланишга қарши хусусиятга эга. Айниқса 40 ёшдан ошганда пайдо бўладиган милк касалликлари (гингивит ёки пародонтит)дан қийналаётган беморлар учун гиёҳли пасталар мос келади. Чунки улар билан тиш тозалаб турилса, милкларнинг қонашини камайтиради, шиш ва яллиғланишларни йўқотади.
Гигиеник пасталар қаторига кирадиган содали пасталар ҳам оғиз бўшлиғини тозалайди ва тишларни маълум даражада оқартиради. Худди шунингдек махсус оқартирувчи пасталар ҳам мавжуд. Лекин улар билан тиш эмали ишқаланганда бироз зарар ҳам келтиради. Демак, махсус оқартирувчи пасталардан мунтазам фойдаланмаган маъқул.
Тиш кукуни (порошоги) таркибида абразив (тозаловчи) моддалар бор. Кашандалар, тез-тез қаҳва ва қуюқ дамланган чой ичувчилар ҳамда тиш протезидан фойдаланувчилар ҳафтасига тиш кукунини ишлатишлари мумкин.
Гелли пасталарнинг тозалаш хусусияти унчалик кучли эмас. Шунинг учун кўпинча улар болаларга тавсия этилади. Унутмаслик керакки, ҳар бир одам учун тишларни яхши тозалаш билан бирга тиш эмалига зиён етказмайдиган оддий пасталар жуда қулай ва хавфсиздир.
Ёғ – табиий антисептик. Оғиз шиллиқ қавати, тишлар, тилдаги караш ва бадбўй ҳид билан боғлиқ муаммолардан қутулишда рафинадланмаган ўсимлик ёғи табиий антисептик ҳисобланиб, оғиздаги микробларни йўқотади. Бунинг учун зайтун ёки кунгабоқар ёғи (бир чой қошиқ) билан оғзингизни чайинг, 15-20 дақиқа давомида оғзингиз ичидаги ёғ аввал қуюқ, кейин суюқ холга ўтганини сезасиз. Ёғни ютмасдан, албатта туфлаб ташланг, чунки оғиз бўшлиғини “тозалаган” ёғ таркибида ҳаддан ташқари кўп токсинлар мавжуд. Муолажани ҳар куни эрталаб бажарганингиз маъқул.
Тиш чўткасини алмаштириб туринг. Маълумки, тишлар устида елимга ўхшаш қалин парда мавжуд. Ана шу елимда беҳисоб микроблар яшайди. Шунинг учун тишни тозалаётганда пардани синдириб ташлаш керак. Бир марта тиш тозалангач, парда яна пайдо бўлади. Пардани сидириб ташлаш учун тиш юзасида чўткани камида 20 марта юргизиш лозим. Агар тишларни тозалашдан олдин сувда эритилган ичимлик содаси билан чайсангиз, парда юмшайди ва кўчиши осонлашади.
Тишларни тозалашда кичик чўткалардан фойдаланинг, шунда тишларнинг энг ички кавакларини ҳам тозалаш мумкин. Унутмангки, сунъий толалардан тайёрланган тиш чўткалари милкларни жароҳатлайди.
Тиш чўткаларини ҳар уч ойда алмаштириб туринг. Айниқса, шамоллаб қолганда ёки гриппга чалинганда, тузалгандан кейин, албатта, янги чўтка тутиш шарт. Акс ҳолда, чўтка қилларига ўтириб қолган микроблар касалликни қайта қўзғаши мумкин.
Сабзавот, сут ва сақич фойдаси. Тишлар саломатлигини таъминлашда ва организмга кальцийнинг сингишига кўмаклашишда сабзавотларга етадигани йўқ. Сабзавотлар истеъмол қилинганда тишларда уларнинг микроскопик зарралари қолади ва улар бактерияларни нобуд қилади.
Тиш эмалини яхши сақлашнинг асосий омилларидан бири сут маҳсулотларини мунтазам истеъмол қилишдир. Сут маҳсулотлари таркибида кальцийдан ташқари козеин, оқсил ва гидроксиапатит моддалари мавжуд бўлиб, улар тишларни ҳар хил хасталиклардан асрайди.
Шакарсиз оддий сақичнинг тишлар соғломлигида ўрни катта эканлигини шифокор олимлар кўп таъкидлашади. У сўлак ажралишини рағбатлантириб, тиш эмалини табиий равишда тозалайди. Сақичларнинг кўпгина турларида ксилит бўлиб, у оғиз бўшлиғидаги зарарли бактерияларга қирон келтиради.
Зайнаб ВАЛИЕВА,
шифокор, педагог.