Сўнгги йилларда пайдо бўлган “номофобия” термини инглиз тилидан таржима қилинганда “телефон йўқлиги ваҳимаси” ҳолатини англатади. Яқинда Англияда ўтказилган социологик тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, сўровда қатнашган аёлларнинг 48 фоиз, эркакларнинг 53 фоиз телефон батареяси “ўтирган”да, ҳисобида пул тугаганида ёки алоқа хизмат доирасидан ташқарида бўлганида қаттиқ ташвишга тушишларини билдирганлар. Тиббиёт ҳодимлари изланишлари натижасида эса номофобия (уяли телефонга тобелик) касаллигининг 10 та асосий белгилари аниқланган.
- Кишининг уяли телефон орқали мулоқот қилиши жонли мулоқотга нисбатан анча енгил;
- Телефонга тобе киши ҳаттоки бир дақиқа бўш вақтни ҳам SMS га сарфлашни афзал кўради;
- Доим телефон жиринглашини кутиш, кишининг доимий безовталиги, ҳар жойда (ётоқда, ваннахонада, ҳатто ҳожатхонада) телефондан ажралмаслик;
- Мобил телефон йўқлиги кучли ноқулайлик туғдиради, телефонини унутиб қолдирган ёки йўқотиб қўйган одам ўзини қўйишга жой топа олмайди, у ўзини камситилган, дунёнинг барча қувончларидан маҳрум қилингандек ҳис қилади, ҳаттоки унда агрессия белгилари кузатилиши мумкин;
- Барча энг сўнгги урфдаги мобил иловаларни телефонига юклаб олишга интилиш;
- Алоқа хизматига жуда кўп пул сарфлаш;
- Телефон аппаратларини тез-тез ўзгартириш;
- Телефонни доимо кўлида олиб юриш истаги;
- Телефонни бировга беришни истамаслик;
- Бир нечта телефон аппарати ва SIM картага эгалик қилиш. (Чунки бир нечта операторлар хизматидан фойдаланиш ўз мулоқот мулкини кенгайтириш имконини беради.)
Асосан мактаб болалари, ўсмирлар (лицей ва коллеж ўқувчилари) ва албатта ёшларнинг катта қисмини ташкил қилувчи талабалар орасида жуда бу муаммо кўп учраётганлиги албатта ачинарли.
Тобеъликнинг 3 даражаси
Мобил телефонига тобеъликнинг 3 та даражаси фарқланаркан.
Биринчи даражалилар учун мобил телефон фақат алоқа воситаси бўлиб хизмат қилади, улар телефонсиз ҳолатда ҳам безовталанмайдилар.
Иккинчи даражалилар телефон йўқлигида бироз безовталанишади, аммо телефонсиз ҳам қийналмайдилар.
Учинчи даража эгалари телефонсиз ҳаётларини тасаввур ҳам қила олмайдилар.
Қўл телефонига оид социологик текширув Тошкент педиатрия тиббиёт институти 5 курс талабалари орасида “Психиатрия, наркология ва болалар психиатрияси” кафедраси томонидан ҳам ўтказилди. Тажрибада 75 та талаба иштирок этди.
“Мобил телефон йўқлигида ўзингизни қандай ҳис қиласиз?” деган саволга 38 фоиз талаба “мобил телефон йўқлиги фикримни жамлашга халал беради, ўқишга эътиборим пасаяди, қаттиқ безовталанаман” дея жавоб берилди. 90 фоиз талабалар “телефонни ҳар жойда ўзим билан бирга олиб юраман”, 35 фоиз талабалар “мобил телефон менга ўз шахсий муаммоларимни унутишга ёрдам беради” дейишди.
12 фоиз талабалар мобил телефон билан ўтказадиган вақтини қисқариштиришга ҳаракат қилган, аммо натижа бермаган ва энг ачинарлиси шундаки, фақатгина 4 фоиз талаба мобил телефон билан ҳам, у бўлмаса ҳам ўзларини яхши ҳис қиладилар.
Барча тўпланган маълумотлардан маълум бўладики, 54 фоиз талаба телефонни ҳар жойда олиб юришади, ҳатто кечқурун ёстиқ остига қўйиб ухлашади.
2011 йил 31 май куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва саратон ҳасталиклари бўйича тадқиқотлар агентлиги томонидан уяли телефонларнинг радиотўлқинлари потенциал канцероген дея таснифланди. Шунингдек автомобилни бошқаришда уяли телефондан фойдаланиш автоҳалокат эҳтимолини 3-4 баробарга ошириши аниқланган.
Бош оғриғидан бепуштликкача…
Хорижлик олимлар тадқиқотларига кўра, телефонга тобе кишиларда бош оғриғи, бош айланиши, хотира сусайиши, ақлий қобилиятнинг пасайиши, ланжлик, асабийлашиш, уйқу бузилиши ва тез чарчаш белгилари пайдо бўлади.
Бундан ташқари, олимлар таъкидлашича уяли телефон радиотўлқинлари сперма (эркак жинсий ҳужайралари) сифатига салбий таъсир кўрсатади ва сперматозоид ҳужайралар сонини 1/3 миқдорда камайтириб, қолган ҳужайраларнинг тартибсиз ҳаракатланишига сабаб бўлади ва оқибатда эркак бепуштлигига олиб келади.
Россияда ўтказилган тадқиқотларнинг бирида уяли телефоннинг қон таркиби ва кўз гавҳарига негатив таъсири аниқланган. Бошқа бир гуруҳ олимлар тажрибасида сичқонлар сақланаётган қафасга қўл телефонини ҳам солиб қўйишибди, ҳар 20 дақиқада қўл телефонига қўнғироқ қилинар, минимал 10 дақиқада қизил тугмача босилар яна 20 дақиқадан сўнг шу воқеа такрорланарди, натижада сичқонларнинг баъзилари кома ҳолатига, баъзилари эса карахт аҳволга тушиб қолишди.
Энди ўйлаб кўринг, энг сезгир жонивор ҳисобланган сичқонларга шундай таъсир қилган тўлқинлар одамга таъсир қилмаслиги мумкинми?
Европалик олимлар жўжа очиб чиқилиши кутилаётган тухумлар ёнига қўл телефонини қўйишди ва ҳар ярим соатда қўл телефонига қўнғироқ бўлиб турди. Оқибатда телефон ёнида жойлашган тухумлар жўжа очиб чиқмади.
Доимий равишда SMS хабар алмашиш инсон интеллектуал даражасини анча пасайтириши ҳам дунё психологлари томонидан аниқланди.
Турли дардлар манбаи
Уяли телефонлардан фойдаланиш туфайли бир қанча жиддий касалликлар (масалан болалар лейкемияси, кўз катарактаси ва бошқа кўз касалликлари, қалқонсимон без фаолиятининг бузилиши, мия ва эшитув нерви ўсмаси, уяли телефонни кўкрак ёнида кўтариб юриш туфайли кўкрак саратони, хотира йўқолиши касаллиги, юрак-қон томир ва асаб тизимининг бузилиши ҳамда унинг оқибатида ДНК нинг зарарланиши, эпилептик реакция ҳолатлари сингарилар) га чалиниш хавфи ошади.
Хулоса қилиб айтиш жоизки, нафақат тиббиёт соҳаси талабалари, балки мактаб ўқувчилари орасида кўп учраётган уяли телефонга буткул боғланиб қолиш дунё миқёсидаги долзарб муаммолардан бирига айланиб боряпти.
Нега энди инсон онг-тафаккури маҳсули бўлган телефон инсонни ўзини тобе қилиб олмоқда? Бунинг оқибатида турли кўнгилсизликлар, тушунмовчиликлар юзага келаётгани сир эмас. Шундай экан, мобил алоқа воситасидан фақат хайрли ва эзгу мақсадларда фойдаланишимиз керак деб ўйлаймиз.
Альбина САХОЖКО,
Тошкент педиатрия тиббиёт институти
“Психиатрия, наркология ва болалар психиатрияси”
кафедраси ассистенти.
Тозагул БОБОХОНОВА,
5-курс талабаси.