Нокерак хариднинг ташвишлари

Баъзида катта дўкон ёки супермаркетга кириб, харид қилиниши режалаштирилмаган бир талай маҳсулотлар билан чиқамиз. Тўсатдан қилинган бундай харидлар ҳамёнимизга зарар етказганини дўкондан чиққандан кейин англаб етамиз.

Катта-катта харидлар ўз-ўзидан содир бўлмайди. Маҳсулотларни пештахталарга жойлашдан тортиб дўкон ишини қулай ташкил этишгача бўлган барча жараёнларда савдо тизими ходимлари харидорни иложи борича кўпроқ харид қилишга ундайдиган турли усул ва ҳийлалардан фойдаланадилар.

Дўкондаги «тузоқлар»

  • Катта дўконларда инсонлар кунора харид қиладиган муҳим маҳсулотлар (масалан, гўшт, сут маҳсулотлари) дўконнинг энг охирига жойлаштирилади. Харидор дўконга киргач муҳим маҳсулот сари борар экан, пештахталарга жойлаштирилган турли-туман, унчалик ҳам муҳим бўлмаган маҳсулотларни томоша қилиб боради. Ва кимдир албатта ўзи билмаган ҳолда режада йўқ нарсани сотиб олади.
  • Дўкон майдони қанчалик катта бўлса, унда зарур маҳсулот турини топиш шунчалик қийин. Ҳеч бир йўл кўрсатувчи белгилар қўйилмайди.
  • Майдони квадрат шаклига яқин супермаркетлар харидорларни чалғитиш учун жуда қулай ҳисобланади. Квадратсимон супермаркетга биринчи марта кирган одам кассага бориш учун дўконнинг ярмидан кўп қисмини кезиб чиқади.
  • Иштаҳани қитиқловчи ҳид таратиб турган иссиққина нон маҳсулотлари ҳамда ширин кулча ва пишириқлар дўконнинг кириш эшигига яқин жойлаштирилади. Бундан мақсад – қорни очлигида (кўпинча иш ёки ўқишдан қайтаётиб) дўконга кирган харидорнинг иштаҳасини қитиқлаб қўйишдир.
  • Одатда ширин кулча ёки пишириқни харид қилган харидор бу нарсаларни дўкон ичида тановул қила олмайди, лекин иштаҳаси карнай бўлиб турганлиги учун албатта нимадир сотиб олади.
  • Супермаркетларда пештахталар оралиғидаги йўлакчалар тор бўлади. Чунки бундай йўлакча бўйлаб юраётган одам чап ва ўнг томондаги пештахталарни бир вақтнинг ўзида томоша қила олади.
  • Махсус акциялар, чегирмалар ҳам харидорларни чалғитади. Баъзи одамлар “пулдан ютаман” деб ўйлаб чегирмага учадилар ва кераксиз маҳсулотни ҳам сотиб оладилар.
  • Супермаркетларда харид саватлари сони аравачаларга қараганда анча камроқ бўлади. Чунки аравачаларга кўпроқ маҳсулот сиғади.
  • Бўш сават бўлмаса харидор аравача билан дўкон айланади ва у бироз бўлса ҳам тўлиши учун харид қилиниши режалаштирилмаган маҳсулотларни ола бошлайди. Тадқиқотларга кўра, аравача билан дўкон айланганда харидор 19 фоиз кўпроқ нарса сотиб олади.
  • Кассага навбатда туриш – зерикарли машғулот. Шунинг учун, кассанинг ёнида сақичлар, шоколадлар, қурут ва бошқа турли-туман майда-чуйда маҳсулотлар териб қўйилади. Жуда кўпчилик харидорлар ушбу маҳсулотларни “вақтни ўтказиш” мақсадида ёки фарзандларининг хархашасига қараб харид қилади.

Харид тўғри бўлиши учун…

  • Дўкон ёки супермаркетга боришдан олдин харид қилмоқчи бўлган маҳсулотларингиз рўйхатини тузиб олинг.
  • Қорин очлигида дўкон айланманг. Очлик ҳисси пала-партиш харидларга сабаб бўлади.
  • Уйда тез бузилмайдиган зарур маҳсулотлар заҳирасини ташкил қилишга одатланинг. Шундай қилсангиз бирор маҳсулот тугаб қолса, ҳадеб дўконга боравермайсиз.
  • Супермаркетда юрганингизда фақат тўғрига тикилмасдан тепа ва паст томонларга ҳам қараб боринг. Одатда пештахтанинг одамлар нигоҳи тушиб турадиган токчаларига қимматроқ маҳсулотлар қўйилиб, нархи арзонроқ ва сифати ҳам ҳеч қолишмайдиган маҳсулотлар энг юқори ва энг пастки токчаларга жойлаштирилади.
  • Кассанинг ёнидаги майда-чуйда маҳсулотларга эътибор қаратманг. Одатда у ерда муҳим ва фойдали маҳсулотлар бўлмайди. Яна бир яхши қарор – кичкина болалар билан супермаркетга бормасликдир. Одатда кичик ёшдаги болалар кассага етганда албатта нимадир сотиб олиб беришни сўрайдилар.
  • Махсус акциялар ва чегирмаларга эътибор қаратманг. Нарх бекорга туширилмайди. Одатда одамлар кам харид қилаётган, яроқлилик муддати тугашига оз қолган маҳсулотлар махсус акция ва чегирмалар орқали сотувга қўйилади.
  • Супермаркетларда баъзи маҳсулотларни бепул татиб кўриш (дегустация)га дуч келишингиз мумкин. Агар реклама қилинаётган маҳсулот харид қилишни режалаштирган маҳсулотларингиздан бири бўлмаса, шунчаки қизиқиб бепул дегустация қилмаганингиз яхши. Кўпчилик инсонлар татиб кўрганларидан сўнг ўзларида қарздорлик ҳиссини сезиб, реклама қилинаётган маҳсулотдан сотиб олишга мажбур бўладилар.
  • Салатларни уйда тайёрлаганингиз яхши. Дўкон ва супермаркетлардаги майонез қўшиб тайёрланган салатлар таркибида яроқлилик муддати тугаган маҳсулотлар бўлиши эҳтимоли бор.
  • Агар супермаркетга бир ҳафталик бозор қилиш учун кирмаган бўлсангиз, сават ва аравачадан фойдаланманг. Нарсаларни қўлингизда кўтариб юринг. Шунда камроқ нарса олиб, дўконда узоқ вақт ушланиб қолмасликка мажбур бўласиз.

Комил РАХМАНКУЛОВ.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x