Нохуш ҳолатларга бефарқ бўлманг

Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, жисмонан бақувват, маънан етук, руҳан тетик фарзандлар тарбиялашни таъминлаш, миллат генофондини мустаҳкамлаш, бунинг учун, оилаларда соғлом авлодни дунёга келтириш борасида самарали ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аммо, баркамол авлодни вояга етказиш учун, аввало, ота-оналарнинг савияси ва масъулиятини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Бола соғлом бўлиши учун ота-онадан кўп нарса талаб қилинмайди, улар айрим маслаҳатларни онгли бажаришса, баъзи қоидаларга амал қилишса бас. Фарзанд соғлом бўлиши учун аввало ота-она соғ бўлиши керак. Тўғри, ҳар бир инсон ўзига хос касаллик билан оғриши мумкин. Аммо улар вақтида даволаниши лозим. Шундагина, бўлажак фарзанди ҳам соғлом бўлади.

Тўғри овқатлантириш муҳим

Кўпгина хасталикларнинг сабаби овқатланиш режасининг бузилиши ҳисобланади. Агар фарзандимиз тўғри овқатланса, касалликларга ҳам камроқ чалиниб, уларни осон енгади. Овқатланиш тартиби ва қоидаларининг бузилиши семизликнинг келиб чиқишида катта роль ўйнамоқда.

Яқин-яқингача кўпчилик семизлик фақат Ғарб давлатларигагина хос муаммо, деб ҳисоблар эдилар. Айримлар ҳозир ҳам шундай фикрдалар. Лекин бугун бутун дунё миқёсида семизликдан азият чекаётганларнинг сони ортиб бормоқда. Семизлик инсон соғлиғи билан боғлиқ салбий оқибатларни келтириб чиқараётгани боис ҳам ўта жиддий хасталиклар сирасига киритилмоқда. Жумладан, у қандли диабетга йўл очади, томирларни зўриқтиради, ўпка ва юрак фаолиятини издан чиқаради, қон босими кўтарилишига сабаб бўлади, инсульт ҳамда фалажлик эҳтимолини кучайтиради.

Ҳиқичоқ тутиб қолиши сабаблари

Ҳиқичоқ тутмаган киши бўлмаса керак. Одатда бундай кўнгилсиз ҳодиса диафрагма-кўкрак билан қорин ўртасидаги парданинг вақти-вақти билан қисқариши натижасида келиб чиқади. Диафрагма бирдан қисқарганда киши тўсатдан ҳаво ютиб, қорин девори қаппаяди, овоз ёриғи тез торайиб, ўпкадаги ҳаво зарб билан тортилиши натижасида “ҳиқ”деган товуш чиқади, шунинг учун ҳам бу ҳиқичоқ, деб юритилади.

Аввало марказий асаб тизимининг узунчоқ мия қисмида бирор ўзгариш юз берганда ёки қон айланишининг турли енгил бузилишларида шундай ҳодиса юзага келиши мумкин. Бундай вақтларда ҳиқичоқдан ташқари касалликка хос аломатлар бўлиши мумкин. Баъзан кўкрак-қорин бўшлиғидаги турли касалликлар натижасида диафрагма нерви таъсирланиб, ҳиқичоқ тутади. Кўпинча киши овқатни кўп еганда, қўрққанда, ваҳима касаллигида ва бошқа сабаблар натижасида ҳиқичоқ пайдо бўлади.

Ҳиқичоқ дарров тўхтамай, узоқ вақт давом этса ёки тез-тез такрорланиб турса, бундай кишилар тегишли мутахассис шифокорларга мурожаат қилиб, сабабини аниқлашлари лозим. Таомни аста-секин, шошилмасдан чайнаб ейиш, овқатланаётганда асабни бузмаслик ҳам ҳиқичоқнинг олдини олиш усулларидан бири ҳисобланади. Аввал суюқ, сўнгра қуюқ овқат ейиш худди шундай ҳолатларнинг олдини оладиган тадбирдир.

Томирлар тортишганда қандай ёрдам олиш керак?

Айрим касалликлар фақат ёшларда ёки фақат қарияларда учраса, оёқ томири тортишиши ҳаммани, ҳатто чақалоқларни безовта қилиши мумкин. Лекин у қаерда, нима, қандай тортишади – лимфатик томирми, нерв томирми, қон томирми ёки мускулнинг тортилишими – фарқлари мавжуд. Шунингдек, сабаблари ҳам турлича. Масалан, оёқ томири турли касалликларда: қон томир касалликларида, умуртқа поғонаси бўғимларида туз йиғилганда, бод, склероз, асаб касалликларида тортилиши мумкин.

Томир асосан мускулларда тортишади, бунда болдир мушаги қисқариб, тошдек қаттиқ бўлиб оғрийди. Бу оғриқ шундай қаттиқ бўладики, ўтирган одам ўрнидан туришга ҳаракат қилади, уйқуда бўлса уйғониб кетади ва оғриётган жойни силашга тушади, қисқарган мускул секин-аста бўшашади. Баъзи томир тортишишлари оқибатида оғриғи бир неча кунгача давом этиши мумкин.

Оёқ мускулининг ҳатто бир неча жойида томир тортиши мумкин. Бу асосан жисмонан чарчаш натижасида юз беради. Тез-тез томири тортишиб турадиган кишиларга оёқни иссиқ тутиш, машқлар бажариш тавсия этилади. Куннинг иссиқ пайтларида оёқ болдирига ва панжага вақти-вақти билан парафин, озокерит, балчиқ қўйиш ҳамда оёқни силатиб туриш яхши ёрдам беради.

Томоқда нимадир тиқилгандай туюлса…

Баъзида киши қаттиқ хафа бўлганида, ҳаяжонланганида, “бўғзимга ёнғоқдек нарса тиқилиб, ютишим қийин ва нафас йўлим бекилиб қолаётгандек бўляпти” деб шикоят қилади. Нега шундай бўлишини икки оғиз сўз билан тушунтириш қийин. Кузатишлар шуни кўрсатдики, бундай ҳолнинг пайдо бўлишида, биринчидан, мия фаолияти туғма хусусиятининг наслдан наслга ўтиши, иккинчидан, ташқи муҳит таъсирида мия фаолиятининг айрим турга хос шаклланиши сабаб бўлади.

Баъзи кишиларнинг асаб системаси бирор сабабга кўра заифроқ бўлади, натижада ҳаётдаги қийинчиликларга чидай олмайди. Бунга кишининг кўп касал бўлиши ёки турмушда кўп қийинчилик кўриши, бу қийинчиликларга бардош бера олмаслиги сабаб бўлади.

Баъзи болаларни ёшликдан жуда авайлаб ўстирадилар. Болани ташқи муҳитдан ажратиб қўйиб, ҳамма салбий таъсирлардан сақлашади, унинг ҳамма орзу-истакларини бекаму кўст бажаришади. Бундай оилавий муҳитда ўсган болада кўпроқ невроз келиб чиқади. Неврознинг ўзига хос функционал ўзгаришлари аста-секин истерия касаллигига айланади. Неврознинг бу тури кўпинча қизларда учрайди.

Киши бирор нарсадан қаттиқ хафа бўлганда нафас йўлларининг юқори қисми функционал қисқаради. Бунда томоққа худди бирор нарса “тиқилиб” қолгандек туюлади, нафас ритми бузилади, ҳаво етишмай қолади, кўздан ёш чиқади ва ҳоказо. Бу аломатлар хуруж шаклида тез-тез такрорланаверса, албатта шифокорга учраб даволаниш лозим. Касалликнинг енгил турларида шифокор тавсиясига кўра тинчлантирувчи дорилар ичиб турилади. Шунда томоққа нарса тиқилиш ва бошқа аломатлар аста-секин ўтиб кетади. Кун тартибига пухта риоя қилиб, овқатланиш, уйқу ва жисмоний меҳнат билан шуғулланишга алоҳида аҳамият қаратиш лозим.

“Эснаш” муаммосини бартараф этинг

Одатда, эснаш муайян касаллик билан боғланмайди. Аслини олганда йўргакдаги бола ҳам, ўспирин ҳам, кекса одам ҳам эснайди. Ҳатто ҳайвонларнинг эснаши ҳам кузатилган. Киши тетик пайтларда ҳам эснайди, шунинг учун, уни уйқу даракчиси дейиш унчалик тўғри эмас. Масалан, маъруза тинглаётган талабами, зерикиб ўтирган ўқувчими, қабулхонада навбат кутаётган кишими, имтиҳон олаётган профессорми, буларнинг ҳаммасида бундай ҳолатни кузатиш мумкин.

Киши фақат уйқуси келганда ёки зерикканидагина эмас, балки асаби зўриққанда ҳам эснайди. Эснаш – туғма рефлекс, унинг организм учун фойдаси катта. Эснаганда қон томирлар фаолияти кучаяди, одам ўзини енгил ҳис қилади. Эсноқ жараёни, организмнинг мўътадил мувозанатни сақлаб туришда аҳамияти катта. Ҳозирги кунда қанчалик дори-дармонлар кўпаймасин, тиббий хизмат сифати, шифокорлар савияси, тиббий техника яхшиланмасин, агар инсоннинг ўзи ўз саломатлиги ҳақида қайғурмаса кутилган натижага эришиб бўлмайди. Шундай экан, ҳар бир ота-она соғлом миллатни вояга етказиш йўлида тинмай ҳаракат қилиши лозим.

Шоанвар ШОМАНСУРОВ,
Тошкент врачлар малакасини ошириш институти
«Болалик даври асаб касалликлари» кафедраси мудири,
тиббиёт фанлари доктори, профессор.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x