DO`STLARGA ULASHING:
Нодим Намангоний (тахаллуси; асл исм-шарифи Сулаймонхўжа Улуғхўжа ўғли) (1844 — Наманган —1910) — шоир. Саидқулибек мадрасасида таҳсил кўрган. Араб, форс тилларини ўрганган.
Қўқон ва Тошкентда бўлган, фан-техника янгиликлари, рус маданияти, адабий ва маданий доиралари билан яқиндан танишган. Бухоро, Самарқанд (1899), Туркия, Миср, Арабистон (1902—03) га саёҳат қилган.
Навоийдан ўрганган, ғазалларига тахмис, назиралар ёзган. Муқимий, Муҳйи, Фурқат, Завқий, Муҳаййир, Шавқий каби шоирлар билан яқин дўст бўлиб, ижодий ҳамкорлик қилган, улар шеърларига мухаммаслар боғлаган.
Мумтоз шеъриятнинг барча жанрларида, туркий ва форсийда ижод қилган. Ғазалларида инсон гўзаллиги, муҳаббат ва вафо, аёллар эркини куйлаган («Соғиндим мен, соғиндингми?», «Мактуби муҳаббат услуб» ва бошқа), она-Ватан табиати, унинг гўзаллигини тараннум этган, халқ ҳаётини реалистик акс эттирган, ижтимоий иллатларни фош этган, маърифатпарварлик ғояларини илгари сурган («Баҳор айёми келди», «Давр жавридин…», «Баёни дар сафари Тошканд» ва бошқа). «Шикояти пахта» шеърида қишлоқ меҳнаткашларининг ачинарли ҳаётини тасвирлаган.
Ҳажвий асарларида мақтанчоқ, мутакаббир бойлар, чор амалдорлари танқид қилинган («Дар мазаммати замона», «Дар шикояти қози» каби). Юмористик асарлар ёзган («Безгак» ва бошқа).
Нодимнинг шеърлари «Туркистон вилоятининг газетаси»да босилган. Ўзи тузган «Баёзи Нодим»нинг мукаммал нусхаси Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида сақланади (инв. №4179).
Бегали Қосимов