НИМА ҲАМ ҚИЛА ОЛАРДИМ

ДАРАХТ УЧИДАГИ ЧОЙДИШ

Подшоҳ бир куни сайрга чиққан экан, йўлда бир оқар сувга дуч келибди. Унда қўлини ювган экан, сув жуда совуқлигини сезибди. Шунда подшоҳ:
– Кимки шу сувда бўйнидан кўмилиб эрталабгача ўтириб чиқса, мукофот бераман, – дебди.
Бир камбағал подшонинг бу сўзларини эшитиб бу ишни қилмоқчи бўлибди. Унинг сувда бўйнидан кўмилиб ўтиришини кузатиш учун қоровул қўйишибди. Камбағал эрталабгача муздек сувда ўтириб чиқибди-да, подшо ваъда қилган мукофотни олиш учун борибди. Подшо қоровулдан камбағал ростдан ҳам совуқ сувда ўтириб чиқдими, ҳеч нарсадан исиниб олмадими, деб суриштирибди. Қоровул камбағалнинг дабдурустдан катта мукофот олишига ҳасад қилибди-да:
– Тўғри, у сувдан чиққани йўқ, аммо узоқ бир тепаликда олов ёниб турган эди, шунга қараб исиниб олди, – дебди. Буни эшитган подшоҳ камбағалга ҳеч нарса бермасдан ҳайдаб юборибди. Буни кўриб турган Бирбал камбағалга юраги ачишибди ва унга қандай ёрдам беришни ўйлабди. Подшо яна овга чиқибди ва дам олиш учун тўхташганда Бирбалга чойдишда чой қайнатишни буюрибди. Шунда Бирбал чойдишни баланд бир дарахтнинг шохига илиб тагидан ўт ёқиб чой қайнатишга тушибди. Подшо буни кўриб ҳайрон бўлиб:
– Ақлинг жойидами ўзи? Шунча жойга осилган чойдишга ўтнинг иссиғи етиб борадими? – деб койибди.
– Сувга тушиб ётган камбағал узоқ тепаликдаги оловдан исиниб олган экан, эҳтимол, шу баландликка ҳам иссиқлик етиб бориб чой қайнар, – дебди Бирбал.
Шунда подшонинг эсига камбағалга қилган муомаласи тушиб, уни чақиртириб, узр сўраб, ваъда қилган мукофотини берибди.

БЕРМАСНИНГ БАҲОНАСИ

Жуҳонинг қўшниси ундан арқон сўраб чиқибди.
– Жоним билан берардиму, аммо арқонимга ун ёйиб қўйган эдим, – деб жавоб қилибди Жуҳо.
– И-е, ҳеч жаҳонда арқонга ҳам ун ёядиларми? – деб сўрабди қўшниси.
– Бермаснинг баҳонаси-да бу, – дебди Жуҳо.

ШИФТНИНГ ШУКРОНАСИ

Жуҳо бир кишиникига меҳмонга борган экан, уйнинг шифти эскилигидан шитир-шитир қилаверибди.
– Нега шифтинг шитирлаяпти? – деб сўрабди у уй эгасидан.
– Яратганга шукрона айтаяпти, – деб жавоб қилибди уй эгаси.
– Шукрона айтса майлига-ю, рукуга кетиб бизни босиб қолмаса бўлгани, – дебди Жуҳо.

ОСТИ ТЕШИК КЎЗАЧА

Даҳо бозорга борибди. Кулолнинг дўконига кирган экан, хумдондан чиқиб, яхшилаб қурисин учун тўнтарилиб қатор териб қўйилган кўзачаларга кўзи тушибди.
– И-е, бу кўзачаларингизнинг оғзи йўқ-ку? – дебди Даҳо. Кейин кўзачани тўнтариб кўрибди-да:
– Ости ҳам тешик экан, бўлмайди, – деб чиқиб кетибди.

ҚАДОҚЛАНГАН БУТУН ЧОЙНАК

Даҳо бозордан битта чинни чойнак сотиб олибди. Бозордан чиқса, кўча бўйида бир неча қадоқчилар синган чойнак, пиёлаларни қадоқлаб тузатиб ўтиришган экан. Шунда Даҳо:
– Мен чойнакни уйга олиб кетсам, мабодо синиб-нетиб қолса қадоқлатиш учун яна олиб келиб юраманми, кел, биратўласи қадоқлатиб кета қолай, – дебди-ю, бутун чойнакни ерга бир уриб синдириб қадоқчи устага:
– Шуни яхшилаб қадоқлаб беринг, – дебди.

ЭҲТИЁТ ЯХШИ-ДА…

Даҳо бозорда давангирдек бир чапани йигитга бехос урилиб кетибди.
– Кўзингга қараб юрсанг бўлмайдими, итвачча! – дебди чапани жаҳл билан.
Даҳо унга жавоб қайтармай индамасдан қишлоғига қараб тезлаб йўлга тушибди. Ҳар бир чақирим юрганда орқасига бир қараб ҳам қўяркан. Ўн-ўн икки чақиримча йўлни тўхтамай босиб, қишлоғига етибди-ю, ҳансираганича уйига кириб, аввал дарвозасини маҳкамлаб, катта тўнгак тираб қўйибди, кейин уйига кириб эшигини қулфлабди, сўнг хона ўртасига уйидаги бор кўрпа-тўшакларни солиб, уларнинг остига кириб, маҳкам ўралган ҳолда:
– Ўзинг итваччасан! – дебди.

“ҚЎЛИМ ҚИЛИЧУ ҚАЛҚОН БИЛАН БАНД ЭДИ-ДА…”

Даҳо яшайдиган жойда уруш бошланибди-ю, уни ҳам аскарликка олишибди. Ҳамма қатори унга ҳам қилич ва қалқон беришиб жангга киритиб юборишибди. Даҳо жанг ичида юриб-юриб бир маҳал қайтиб чиқибди.
– Хўш, жангда нима қилдинг, бирорта душманнинг чорасини кўра олдингми? – деб сўрабди ундан аскарлар бошлиғи.
– Бир қўлим қилич, иккинчи қўлим қалқон билан банд бўлгандан ке­йин нима ҳам қила олардим? – деб жавоб қилибди Даҳо.

М.Худойқулов
тўплади

2019/7

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x