Нега кўргузди совуғ оҳу сариғ рухсор субҳ,
Гар ниҳоний меҳридин мендек эмас бемор субҳ?
Гар ҳавойи бўлмаса мен телба янглиғ, бас недур,
Кўнглакин чок айлабон тоғ узра мажнунвор субҳ?
Меҳридин мендек ниҳоний тоза доғи бўлмаса,
Юзда невчун кавкаби ашкин қилур изҳор субҳ?
Дема шингарфий булут ҳар ён эрур қонлиғ момуқ,
Тоза доғидин эрур мендек магар хунбор субҳ?
Ғам туни оҳим шароридин туташти кўкка ўт
Ким, анинг отин қўюптур гунбади даввор субҳ.
Кун шуоий хатлари эрмаски, тутмиш мотамим,
Юзни анжум тирноғи бирла қилиб афгор субҳ.
Соқиё, тутқил сабуҳий бодаким, бу дайрдин,
Биз кетиб бу навъ толиъ бўлғуси бисёр субҳ.
Эй Навоий, истасанг баргу наво бу боғ аро,
Гулдек ўл рокиъ кеча, булбул киби бедор субҳ.
“Ғаройиб ус-сиғар”, 104-ғазал
Луғат
Меҳр – қуёш
Ниҳоний – яширин
Шарор – учқун, аланга
Ҳавойи – ҳавас, оҳанг
Кавкаб – юлдуз
Момуқ – пахта
Ашк – кўз ёш
Хунбор – қон йиғловчи
Шингарфий – қизғиш
Анжум – юлдузлар
Афгор – яраланган, мажруҳ
Гунбади даввор – осмону фалак
Шуоъ – нур, ёруғлик
Дайр – бутхона, зардуштийлар ибодатхонаси; мажозан: ориф инсонлар мажлиси, пири комил ҳузури.
Бу навъ – бу каби
Рокиъ – тиз чўкувчи, эгилувчи
Ғазалнинг насрий баёни
Дилнавоз ЮСУПОВА шарҳи
1. Нима сабабдан тонг совуқ оҳ чекиб, юзини сариқ айлади? Ахир, у мен каби пинҳон меҳр – яширин офтоби ҳажрида бемор эмас эди-ку?!
2. Субҳ мен сингари телба бўлмаса, нима учун у ўз кўйлагини Мажнун каби тоғ узра чок қилиб пора-пора айлади?
3. Агар субҳнинг мен каби ўз қуёши ҳажрида яширин доғи йўқ экан, юзида юлдузлардек кўзёшларини намоён қилишининг сабаби не?
4. Фалакда кезиб юрган булутларни сен қизил булут деб ўйлама, улар субҳнинг ошиқ каби ёр алами доғидан қон бўлган пахталардир.
5. Ғам тунида оҳим учқунидан бутун кўкка ўт кетди, буни осмону фалак “субҳ”, яъни тонг деб атади.
6. Бу қуёшнинг нурлари эмас, балки менинг мотамимдан юзини юлдуз тирноғи билан мажруҳ қилган тонгдир.
7. Эй соқий, энди бизга тонгги майдан тутгил, токи бу дунёдан кетганимиздан сўнг бу каби тонглар кўп келаверади.
8. Эй Навоий, агар бу боғда наво қилишни истасанг, гул каби рукуъ қилувчи – эгилиб тобелик изҳор этувчи ва тонгда булбул каби бедор бўл.
Ғазалнинг умумий мазмун-маъноси
Алишер Навоийнинг туйғу ва ҳолатларни муайян тушунча атрофида умумлаштириб ифодалаш борасидаги маҳорати ушбу ғазалда яққол намоён бўлади. Жумладан, ғазалда субҳ – тонг тасвири етакчилик қилади. Навоий шеъриятида тонг мавзуси билан боғлиқ кўплаб ғазаллар мавжуд, зеро, мумтоз адабиётда субҳ – илоҳий файз манбаи. Инсон руҳиятининг субҳ билан уйғун ҳолдаги тасвирини кузатар эканмиз, ғазалда мутафаккир шоирнинг мусаввирона нигоҳи ҳам намоён бўлади.
Ғазалда шоир тонгни жонлантиради: субҳда тушадиган салқин туманни совуқ оҳ, зарғалдоқ тусда ранг олиб келаётган шафақни субҳнинг заъфарон чеҳраси сифатида тасвирлайди. Нима учун тонгнинг юзи сарғайган? Нега тонг совуқ оҳ тортади? Иккинчи мисрада лирик қаҳрамон ўз ҳолатини баён қилади: тонг мен каби севгилиси – офтоби нуридан маҳрум эмас экан, нима учун у бемор?
Иккинчи байтда ташхис ва ҳусни таълил санъатини моҳирона қўллар экан, шоир ўз руҳий ҳолатини тонг сувратини чизиш жараёнида тасвирлаб беради:
Гар ҳавойи бўлмаса мен телба янглиғ, бас недур,
Кўнглакин чок айлабон тоғ узра мажнунвор субҳ?
Ушбу байтда матлаъдаги тасвирий ифода кучаяди: тонг тоғ узра ўзининг кўйлагини парчалаб ташлаши, тонгни ўз ҳолатига қиёслаш ҳамда тавзеъ санъатининг қўлланиши (чок, айлабон, тоғ, мажнунвор сўзларида о товушининг такрорланиб келиши) ўзига хос маҳзун оҳангни юзага келтирган.
Ташхис (жонлантириш) санъати байтдан-байтга кучайиб боради, инсонга, айнан ошиққа хос бўлган ҳолатлар янада бўрттирилади: тонг ёруғида аста-секин сўниб бораётган юлдузларнинг кўз ёшга ўхшатилиши орқали лирик қаҳрамоннинг ғамгин қиёфасини яна ҳам аниқроқ тасаввур қиламиз.
Дастлабки байтларда шоир руҳий кайфиятни тонгдаги табиий ҳодисаларга муқояса қилиш йўлидан бориб, субҳнинг ғамгинлигини унинг ҳам ошиқ экани билан далиллаган бўлса, кейинги байтга келиб, мазмун ва тасвир ифодаси шиддатли тус олади:
Ғам туни оҳим шароридин туташти кўкка ўт,
Ким, анинг отин қўюптур гунбади даввор субҳ.
Субҳнинг ҳолатини байтма-байт тасвирлаб келган шоир мазкур байтга келганда энди ўзининг ҳолатини аён қилади: аслида бу субҳ осмон ўйлаганидек отаётган тонг эмас, балки унинг оҳи алангасидан фалакка кетган ўтдир.
Шоир “кун” сўзи орқали қуёшни назарда тутади, ёруғликни офтобнинг хати, деб атайди. Тонг чоғида юлдузлар оппоқ бўлиб, само бўйлаб сочилиб ётаркан, бир қараганда тирноққа ўхшайди. Демак, тонг ошиқнинг изтироб чекаётганидан қийналиб, ўз юзини тирноғи билан тимдалайди ва қуёш нури ўша тирналган жароҳатдан чиққан қонга ўхшайди.
Кейинги байтда ғазалнинг орифона мазмуни кучаяди: ошиқ соқий (пири муршид)дан сабуҳий май сўрайди. Ишқдан изтироб чеккан ошиқ соқийдан сабуҳий май сўраш орқали ўз қалбини мана шу май (пок ишқ) орқали ёритишни илтижо қилади. Ушбу байтда дунёнинг ўткинчилиги, лекин унинг яралишида асос бўлган ИШҚнинг боқий эканлигига ҳам ишора бор.
Мақтаъда Навоий боғ деганда ишқ боғини назарда тутар экан, ҳақиқий ишққа эришиб, илоҳий файздан баҳраманд бўлиш учун гул каби хокисорлик, булбул каби фидойилик шарт эканлигини маълум қилади.
Эътибор берилса, ғазал тонг отиш тасвири билан бошланиб, байтма-байт ривожланиб боради: атроф туманли, шафақ зарғалдоқ тусда (1-байт), кейин тоғ томон ёришади (2-байт), самони оппоқ юлдузлар қоплаган (3-байт), булутлар қип-қизил тусга киради (4-байт), қуёш чиқишидан олдин бутун шафақ қон рангини олгач (5-байт), ғарб тарафда қолган юлдузлар аста-секин сўнади, оламни қуёш нури забт этади (6-байт), тонг отиб, қуёш чиқади (7-байт) ва лирик қаҳрамон бу жараёндан ўзи учун ибрат чиқаради (8-байт).
Энди бу байтлар замиридаги ботиний маъноларга ҳам нигоҳ ташласак, қуйидаги умумий манзара пайдо бўлади: ошиқ илоҳий файз (Ҳақ жамоли)га интилади, лекин у кўздан яширин. Бу ҳолдан изтироб чеккан ошиқ ўз ҳолатини гоҳ ҳавойи Мажнунга, гоҳ қонли ёшлардан қизарган пахтага, гоҳ тирноқлардан жароҳатланган юзга ўхшатади. Тонг отишининг даражама-даража тасвири ошиқ ишқининг юксалиб бориши билан ҳамоҳанг. Ғазал сўнгида ошиқ комилликка эришиши учун тунлари саждада, тонгда эса бедор бўлиши зарур деган фикр уқтирилади.
Кўриб ўтганимиздек, ушбу ғазалда тонг тасвири мукаммал ва изчил равишда чизилган. Энг муҳими, ҳар бир байтдаги тадрижийлик баробарида ошиққа хос психологик тасвир ҳам кучайиб бораверади.
Мазкур ғазал орқали Навоийнинг мусаввирона нигоҳи қанчалик ўткир бўлганлиги ҳақида янада ёрқин тасаввур ҳосил қилиб, унинг руҳий таҳлилни пейзаж орқали тасвирлаш маҳоратига ҳам гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Ғазалнинг рус тилига қилинган таржимаси 7 байт ҳажмида (3-байт тушириб қолдирилган) амалга оширилган. Татьяна Спендиарова таржимада асосан ғазалнинг зоҳирий маъносини акс эттиришга ҳаракат қилган, лекин баъзи ўринлар, хусусан, мақтаъда шоир айтмоқчи бўлган фикр ўз ифодасини топмай қолган, яъни аслиятда сўнгги байтнинг мазмуни “Эй Навоий, агар бу боғда наво қилишни истасанг, гул каби рукуъ қилувчи – эгилиб тобелик изҳор этувчи ва тонгда булбул каби бедор бўл” тарзида бўлиши керак эди, лекин таржимон уни “Эй Навоий, агар сен истасанг, бу боғ наволарга тўлади: тун гул каби эгилувчан бўлади, тонг бедор булбул каби куйловчи бўлади” тарзида ўгирган.
Ғазалнинг русча таржимаси
Таржимон – Татьяна СПЕНДИАРОВА
С холодным вздохом почему спускается по склону утро?
Быть может, ранено, как я, любовью затаенной утро?
А если страстью не горит подобно мне, так почему же
Свои одежды, как Меджнун, порвало исступленно утро?
Нe говори, что облака – крапленный киноварью хлопок:
Быть может, кровь свою, как я, из раны льет бездонной утро.
Не вихрем солнечных лучей моих очей прорезан сумрак.
То расцарапало лицо зубцом звезды спаленной утро.
Полнеба охватил в ту ночь пожар от искр моих стенаний,
Вращающийся небосвод назвал его влюбленно: “Утро!”
Встань, виночерпий, подними, ликуя, утреннюю чашу!
Когда уйдем, взойдет не раз из пьяного притона утро.
О Навои, захочешь ты — и сад исполнится напевов.
Как роза, никнет ночь. Поет, как соловей бессонный, утро.
Ғазалнинг инглизча таржимаси
Таржимон – Аъзам ОБИД
Why did the dawn wail turning flavescent its frontispiece?
Because of the hidden sun was it sick more than I miss?
If it were not mad like me, showing craziness in full,
Like Mejnun – over the hills – would not tear its chemise.
Does the dawn have covert spots from the parting of the sun?
Otherwise – these star-like drops – would it on its face release?
Do not say the reddish clouds‘re sailing now in the sky,
In fact they are the bloody cotton affected by the belle’s caprice.
In the night of torment and pain – from my wail – the sky inflamed,
And the heavens used to name it: “Look, early morning this is.”
These are not sunrays you see, but because of my mourning –
It’s daybreak – with nail of stars – on its face could cause disease.
Hey cupbearer, give us now a morning wine to take delight,
So that when we leave this world the peep of morning will increase.
Be like humble, bowing flower, be like a nightingale awake,
Hey Navoi, in this garden if you want to live in peace.
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2017/02/26/nega-korguzdi-sovug-ohu/