Линда НОХЛИН
Линда Нохлин (1931–2017) америкалик таниқли санъатшунос, феминистик санъат назарияси бўйича йирик мутахассис, профессор. Унинг 150 дан ортиқ мақола ва рисолалари эълон қилинган ҳамда дунёнинг ўнлаб тилларига таржима қилинган. Олиманинг илмий изланишлари жаҳон санъатшунослигида ўзига хос мавқега эга. Қуйида уннинг энг машҳур асарларидан бири, феминистик санъат тарихига оид “Нега аёллардан буюк рассомлар чиқмаган?” (1971) номли эссесини жузъий қисқартиришлар билан эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.
Санъатшунослик соҳасида оқ танли ғарб кишисининг нуқтаи назари онгсиз равишда “санъатшуноснинг нуқтаи назари” деб қабул қилинадики, бундай қараш у қадар тўғри маънога эга эмас: фақат ахлоқий ва этник сабаблар ўз моҳияти ила элитага хос бўлгани туфайлигина эмас, балки соф маънавий сабабларига кўра шундай бўлади. Санъат академик тарихи ва умуман тарихнинг катта қисмининг ноқобиллиги фош этиб ташланар экан, қадриятларнинг ёт тизимини ва тарихий тадқиқотда ёт субъект мавжудлигининг ўзини эътиборга олиш айни вақтда феминистик танқиднинг бутун концептуал дадиллигини, унинг бутун метатарихий жўнлигини очиб ташлайди. Айни вақтда илмий фанлар ўзини яққолроқ англай бошлаганларида ва билимнинг турли соҳалари, тиллари ва тузилмаларида акс этган негизлари табиатига кўпроқ эътибор бера бошлаганларида “аслида бор нарсанинг” бундай “табиий” деб нотанқидий қабул қилиниши маънавий жиҳатдан ҳалокатли бўлиши мумкин. Милль эркак етакчилигини ижтимоий адолатсизликларнинг узун занжиридаги ҳалқалардан бири деб қараганди (“Подчиненность женщины” асарида), чинакам адолатли тузум тузиш учун бу адолатсизликларни бартараф этиш зарур – худди шундайин биз ҳам оқ танли субъективлигининг овоза қилинмаган афзаллигини маънавий нуқсонлар занжиридаги халқалардан бири деб қарашимиз керак, шундагина тарихнинг муқобил ва тўғри манзарасига эга бўламиз.
Айнан таклиф этилган феминистик заковат (Жон Стюарт Миллда шундай) ўзининг хос “профессионализми билан замоннинг маданий мафкуравий чекловлари томонига кириб бориш ва нафақат аёл масаласига балки, умуман, фаннинг асосий масалаларини шакллантириш усулининг ўзига тааллуқли эътиқод ва номутаносибликларни юзага олиб чиқишга қодирдир”. Шунинг баробарида майда, бачкана ва кулгили тарзда қулоғидан тортиб, жиддий ва ҳурматли фанга судраб келтирилган, жўн мавзу бўлмаган аёл масаласи катализатор, маънавий ускуна бўлиши мумкин. У асосий ва “табиий” қулайликларнинг мустаҳкамлигини текширишга, ўз-ўзини таҳлил қилишнинг бошқа турлари учун парадигма яратишга, шунингдек, бошқа соҳалардан ўзга парадигмаларга ҳавола этишга қодир, ўзини асосли танқид олдида масъул ҳисоблаши эса бундан мустасно. Ҳатто “нима учун буюк рассом аёллар бўлмаган?” деган жўнгина саволга бордию муқобил жавоб олинадиган бўлганда ҳам қандайдир занжирли реакция келтириб чиқариши мумкин, бунда у ёки бу билим соҳасининг кўпчилик томонидан эътироф этилган қулайликларини номма-ном санаб ўтиришгина эмас, балки кенгроқ тавсифлашга, ўз мавзуси доирасига тарих ва ижтимоий фанларни, ҳатто психология ва адабиётни киритишга ҳожат қолмайди. Демакки, у аввал-бошиданоқ эътиқод масаласини шубҳа остида қолдиришга қодир, чунки маънавий тадқиқотнинг анъанавий тузилмаси ҳали-ҳанузгача замонамизнинг асосий масалаларини муқобил ҳал этишнинг уддасидан чиқа олади ва бу фақат ўзи учун қулай ёки ўзи учун қардош масалалар бўлиши шарт эмас.
Бизнинг азалий саволимиздан, дейлик, қандай оқибатлар келиб чиқишини кўрайлик (фақат жумлалар ўрнини сал-пал алмаштириб, ўз-ўзидан равшанки, инсон фаолиятининг деярли ҳар қандай соҳаси номини кўндаланг қўйиш мумкин): “Дуруст, модомики, аёллар эркаклар билан тенг ҳуқуқли экан, унда нима учун аёллар ичидан буюк рассом (бастакор, математик, файласуф) чиқмаган ёки нима учун улар бармоқ билан санагуликдек экан?”
“Нима учун буюк рассом аёллар бўлмаган?” Бу савол аёллар масаласи деган кўплаб мубоҳасалар ортидан аянчли садо бериб туради. Бироқ, аёллар борасида мубоҳаса бошланди дегунча бошқа масалалар ҳам иш моҳиятини ўзгартириб юборади. Зеро, бу саволнинг ўзи зимдан бизга унинг замиридаги жавобни қулоғимизга айтади: “Аёллардан буюк рассом чиқмаганининг сабаби шундаки, аёллар улуғликка муносиб зот эмас”.
Бундай савол негизида ётувчи тахминлар ҳам мазмунан, ҳам мураккаблиги билан фарқ қилиб туради: эркаклик эмас, аёллик жинсига эга бўлган мавжудотлар ноқобиллигининг “илмий жиҳатдан асосланган исботларидан тортиб, қандайдир нисбатан ўринли ҳайратгача бир нарса кишини ўйлантириб қўяди, яъни шунча муддатдан буён тенгма-тенг яшаб келган аёллар (ахир эркакларнинг ҳам ўзига яраши муаммолари йўқ эмас-ку), шу вақтгача санъатда пичоққа илингулик бирон нарса ярата олмагани бор гап-ку.
Бундай саволга аёл кишининг жавоб топиши балиқнинг хўракли қармоққа илиниши билан баробар, бунинг оқибатида санъатнинг бутун тарихини ков-ков қилиб, у ердан ҳам машҳур бўлмаган, ҳам машҳурликка эришган аёл ижодкорлар номларини териб олиш; унча катта бўлмаса-да, аммо аёллар қудратини намоён эта оладиган фазилатларни овоза қилиш, гулларни кўп чизган ёки Давиддан сабоқ олган, унут бўлиб кетган аёл рассомларни “янгидан кашф этиш” ва уларга баҳо бериш, Берта Морито ижоди Манега нисбатан ҳечам иккиламчи эмас (таъбир жоиз бўлса) лигини исботлаш керак бўларди. Бошқача айтганда, ўз баҳосини ололмаган ёки унча таниқли бўлолмаган устози мартабасини ҳамкасблари олдида ошириш билан машғул шогирд ишини қилишдай гап. 1858 йилда “Вестменстр Ревго” да чоп этилган аёл мусаввирлар ҳақидаги ўхшаш иддаоли мақолага сарфланган саъйи-ҳаракатлар ёки бўлмаса Анжелика Кауфман ва Артемизия Жентилески каби аёл рассомлар ижоди ҳақидаги яқинда ёзилган илмий тадқиқотлар бўлсин, шубҳасиз, ҳурматга лойиқдирлар – улар ҳам аёллар ютуқлари, ҳам умуман, санъат тарихи ҳақидаги бизнинг билимимизни бойитади. Аммо бу тадқиқотлар зинҳор “Нима учун буюк аёл рассомлар йўқ?” деган саволни кўндаланг қўймайди. Аксинча, бу саволга жавоб беришга ҳаракат қилар экан, улар бу саволнинг салбий маъноларига зимдан зўр берадилар холос.
Бу саволга жавоб топишга яна бир ҳаракат шундан иборатки, нигоҳ бир нуқтадан бошқасига олинса, айрим замонавий феминачи аёллар нима ишлар қилаётгани маълум бўлади: аёл санъатидаги “улуғлик” эркак санъатидаги “улуғлик”дан қандай фарқ қилишини айтса, бу билан характерли, билиш мумкин бўлган услуб мавжудлигини эътироф қилса, унинг ҳам шаклий, ҳам мазмуний мезонлар бўйича эркаклик услубидан нимаси билан фарқ қилишини кўрсатади ва аёллик ҳолати ва аёллик тажрибасининг алоҳидалигига асосланган бўлади.
Бир қарашда бундай фикр анча оқилона туюлади: аёл тажрибаси ва умуман олганда, ижтимоий аҳвол, жумладан, санъатда аёллар аҳволи ва тажрибаси эркаклардан фарқ қилади ва онгли равишда бир-биридан бош чиқарган, санъатда аёл тажрибасини мужассам этишдек аниқ вазифани кўндаланг қўйган аёллар гуруҳи яратган санъат ҳам, албатта услуб жиҳатдан феминачилик (аёл-эркак аралаш) сифатида ҳам, соф аёллик сифатида ҳам таърифланиши мумкин. Афсуски, имконият сақланиб турганига қарамай, бунақаси ҳозирча юз бергани йўқ. “Диний мактаб” рассомлари, Караваджо издошлари, Понт-Авендаги Гоген даврасига кирувчи рангтасвирчилар, “Кўк чавандоз” гуруҳи аъзолари ёки кубистлар ҳақиқатан ҳам ёрқин ифода этилган стилистик ёки ифодалаш хусусиятлари билан тавсифланади; бироқ, “аёллик” сифатларини умумлаштирувчи воситалар йўқ, сохта услубиятчи аёллар сингари аёл рассомларни бир ёқадан бош чиқартирармиди? “Аёллар ҳақида ўйлар” (Thinking about womеn) китобида Мэри Эллман бу фикрни маскулендча танқиднинг энг заволкор ва ўзаро қарама-қарши андозаларидан қойилмақом тарзда ҳимоя қилади. “Аёлликнинг” қуйидаги аёл ижодкорлар асарларини ўзаро боғлаб турадиган нозик бир моҳиятнинг ўзи йўқ. Артемидея Жентилески, мадам Виже-Лебрен, Анжелика Кауфман, Роза Бонёр, Берта Моризо, Сюзанна Валадон, Кэте Кольвин, Барбара Хенуарт, Жоржия О’Киф, Элен Франкенталер, Брижет Райли, Луиза Невельсон, шунингдек, Сапфо, Мария Французкая, Жейн Остен, Эмиля Бронте, Жорж Санд, Мэри Кэссет, Виржения Вульф, Гертруда Стаун, Ананс Них, Эмиля Декиньсон, Сильвия Пеат ва Сьюзен Зонтаг. Бу рассом ва машҳур аёлларнинг барчаси бир-бирига бўлганидан кўра ўз даврининг бошқа рассомлари ва ёзувчиларига ўхшаш дунёқарашлари билан яқинроқдир.
Аёл рассомларнинг дунёқарашлари янада чуқурроқ, улар техникаси майда-чуйда тафсилотларга нисбатан сезгирроқ ва назокатлироқ деб ким айта оларди? Юқорида санаб ўтилганлар ичидан қайси бири Одилон Редондан теранроқдир? Жан-Батист Камиль Корога нисбатан қайси бирининг рақслари нафисроқ, маънолироқ эмас? Қайси бири кўпроқ латофатлироқ – Фрагонерми ёки мадам Виже-Лебренми? Бордию “эркаклик” ва “аёллик”ни бир-бирига қарама-қарши қўйгудек бўлса, бу “аёллик” барибир раққосанинг бутун услубиятига, XVIII асрдаги бутун Францияга хос нарса эмасми? Айни вақтда бордию, нафсилармини айтганда, назокат ва ҳалимлик худди Роза Бонёрнинг “От бозори” даги каби аёллик услубининг ўзига хос хусусиятлари билан ҳисоблашгудек бўлса, бунда ҳеч қанақа майинлик йўқ, Элен Франкенталернинг йирик ҳажмли асарида нафислик ва теранликдан ном-нишон кўринмайди. Бордию, аёллар маиший саҳналарга ва болалар мавзусига мурожаат қилгудек бўлсалар, Ян Стен, Шарден ҳам, шунингдек, Моризо ва Кассат ҳам шундай қилганлар. Ҳар қандай ҳолда ҳам аслият, мавзу ёки маълум доирадаги нарсалар танлаб олинганида ҳам уларни услубга, айниқса, қандайдир махсус аёл услубига қиёс қилиш мумкин эмас.
Муаммо айрим феминисткаларнинг аёлликнинг нималигини тушунишида эмас, балки уларнинг моҳиятни тўлиқ тушунмаслигидадир. Кўпчилик авом халқда шундай тушунди – уларнинг содда дунёқарашида санъат – бу инсон ҳиссий тажрибасининг бевосита ифодаси, шахсий ҳаётнинг тасвирий таржимаси, кўз билан кўриладиган манзарага кўчирилиши. Санъат эса ҳеч қачон бундай манзарага эга бўлмайди, буюк санъат эса алалхусус. Санъат асари яратиш чоғида қай бир даражада конвенциялар, схемалар ёки мазкур давр қайдлари тизимларига ё боғлиқ бўладиган ё бўлмайдиган ўзига яраша шаклий тили иштирок этади. Улардан айримлари ўқиш ёки ўқитиш жараёнида ёд олинади ёки ишлаб чиқарилади, ёки бўлмаса узоқ йиллар ўз тажрибаларидан фойдаланади. Янада соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, санъат тили – бу оддий холст ё қоғозга, тош, ганч, пластика ёки маъданга тушириладиган бўёқлар ва чизиқларда мужассам бўлади – унинг асосида на бир мудҳиш тарих ва на макрга ўхшаган бошқа бир сабаби йўқ.
Ҳамма гап шундаки, аёл рассомлар орасида бир қанча машҳурлари бўлган, аммо чинакамига буюклари бўлмаган, гарчи қизиқарли ва ғоят яхши рассом аёллар кўплаб бўлган эса-да, уларнинг ижоди баҳоловсиз қолиб кетган ёки чала ўрганилган, бу литваликлар ичида жаз мусиқа ёки эскимослар ичида буюк теннисчилар бўлмаганидай бир гап, бу бизнинг хоҳишимиздан ташқари нарсалар. Бу албатта, ачинарли, аммо ҳеч бир тарихий ёки танқидий гувоҳликлар билан ишлов бериш вазиятни ўзгартирмайди; тадқиқотчиларнинг эркаклар зўравонлиги нуқтаи назаридан тарихни бузиб кўрсатишдаги айблари ҳам уни ўзгартиролмайди. Микеланжело ёки Рембрандт, Делакруа ёки Сезанн, Пикассо ёки Матиссга, ёинки бизнинг кунлардаги Виллем де Кунинг ва Уорхол каби даҳоларга-да тенг даҳо аёллар йўқ, қора танлилар орасида лоақал кейинги иккаласидек келадиганлар ҳам йўқ. Модомики, аслида кўплаб “хуфия” буюк аёл рассомлар бўлган эса-да ёки аёл санъатига ҳақиқатан ҳам бошқача мезон билан ёндошиш зарур бўлса-да – бу икки қарашни бир-бирига қўшиб бўлмайди – унда феминисткалар нима учун кураш олиб борадилар? Бордию аёллар эркаклар сингари санъатда юксакликка эришган бўлса, унда мавжуд ҳолатнинг ўзи қолавергани яхши эмасми? Аммо асил ҳолат қандайлигини барчамиз шундай тушунамизки, санъатда ва юзлаб бошқа соҳалардаги бор нарсалар тушунилади, оқ танли бўлиб дунёга келмаганларнинг тутириқсизланиши, тазйиқ остига олиниши аёлларни биринчи галда гангитиб қўяди, бунда қисматимиз, гормонларимиз, ой кўришларимиз ёки бизнинг ичи бўм-бўш ички аъзоларимиз айбдор эмас, балки бизнинг тузилмамиз ва олган таълимимиз айбдордир – бу ерда таълим деганда, биз ушбу тимсоллар, белгилар, дараклардан иборат бу дунёга илк қадам ташлашимиздан буёнги содирликлар тушунилади. Шуниси ғалати туюладики, кучлардаги тафовут шунча катта бўлишига қарамай, бу аёллар ёки қора танлилар учун фойдали эмас, улардан жуда кўпчилиги оқ танлиларнинг фан, сиёсат ёки санъат сифатидаги отамерос мулкларида мукаммалликка етишишга муваффақ бўлган.
Худди шу ерга келганда беихтиёр ўйланиб қоласан: “Нима учун буюк рассом аёллар бўлмаган?” ва дунёдаги ҳамма нарсанинг қандай тузилгани ҳақида тасаввурларимиз шу асосий саволларнинг ўзи билан кўпинча сохталаштирилгани ва шартлашганини тушуна бошлайсан. Шарқий Осиё муаммоси ва Аёллар муаммосини қандай бўлса ўзидай эътироф этишга мойилмиз. Аммо аввалига биз ўзимиздан бу “саволларни” ким шакллантираяпти, кейин эса бундай шакллантиришлар қандай мақсадларга хизмат қилаяпти, деб ўзимиздан сўрашимиз керак бўлади. (“Нацистларнинг яҳудийча муаммосини” эслаб, яна хотирамизни тетиклаштириб олишимиз мумкин). Лаҳзалик коммуникация замонамизда муаммолар кўз очиб юмгунча пайдо бўлади, зеро бойларнинг нопок виждонини поклаш лозим бўлади: шу тариқа Вьетнам ва Камбоджада америкаликлар яратган муаммо “Шарқий Осиё муаммоси” деб ном олган эди. Ҳолбуки, Шарқий Осиё халқларининг ўзи буни “америкача муаммо” деб атаганди; шундайин камбағаллик муаммоси деб аталган нарсани кулбаларнинг эгалари ҳеч ўйлаб-нетиб ўтирмай, “бойлик муаммоси” деб айта олар эди; ўша киноянинг ўзи оқ танли аҳолининг муаммосини ўзининг тескариси – қора танли аҳоли муаммосига айлантиради; ўша тескари мантиқ бизнинг ҳозирги аҳволимизни “аёллар муаммоси” деб таърифлайди.
Шундай қилиб, “аёл муаммоси” – албатта, барча инсон муаммолари сингари (инсонга дахл қилувчи ҳамма нарсани “муаммо” деб ҳисоблаш ғоясининг ўзи анча янги нарсадир) муҳокама қилиб ўтиришга арзимайди, зеро, инсоний муаммолар нарсаларни ўз ҳолатича қайта талқин этишни, ёки дастурни тубдан ўзгартириб юборишни ёки муаммони кўндаланг қўйишнинг ўзини талаб этади. Шу боис аёллар ва уларнинг инсон фаолиятини бошқа соҳаларида бўлганидек санъатдаги аҳволига эркаклардагидек нуқтаи назардан қараш керак ва ўзига нисбатан аёвсиз, ундовсиз ва муросасизлик ила аҳволларига тўғри қарашлари лозим; айни вақтда уларнинг ўз аҳволига тўғри қарашлари энг юқори даражадаги ҳиссий ва маънавий эътиқод билан белгиланиши керак, бу ютуқлар тенглиги нафақат имконли бўлиб қоладиган, балки жамоатчилик муассасалари томонидан жиддий рағбатлантирилган оламни кўриш учун ҳам зарур ҳисобланади.
Ўз-ўзидан маълумки, санъатдаги ёки бошқа ҳар қандай соҳадаги эркакларнинг кўпчилиги ёруғ оламни тез илғайди ва айрим феминисткалар умид билан тахмин қиладики, ўзларини анъанавий “аёллар” машғулотидан ва ҳиссий таъсирдан чеклаб қўйиб, қатағонга маҳкум бўлиб қолишганини туйқус тушуниб қолишадики, гўё аёлларга тенг ҳуқуқ тақдим этиш уларнинг ўз ихтиёрида. Пировард-оқибатда, эркаклар учун чиндан ҳам “маън” этилган фаолият соҳалари ғоят камлиги маълум бўлади, башартики, уларнинг бу соҳалардаги ишлари даражаси анча юқори, масъулиятли ва яхши рағбатлантириладиган бўлса! Болаларга “аёлларча” ғамхўрлик қилишда эҳтиёжманд эркаклар болалар шифокори ёки психологи бўлиб етишиши мумкин, шунда ҳам улардаги кўп ишларни аёл ҳамширалар қилади; қозон-ўчоққа мойил кишилар атоқли ва донгдор баковул бўлиши мумкин ва ниҳоят ўзида “аёллар иши”ни кўпроқ намоён этишга уринувчи эркаклар рангтасвирчи ёки ҳаваскор сополчи бўлолмайди; фан оламида эса ўзларининг ўқитувчилик ва тадқиқотчилик истеъдодларини арзимаган маошли лаборанткалик, машинисткалик ёки оқсочлик, касаначиликка алмашадиган эркаклар кўп топилмаса керак?
Имтиёз эгалари уни маҳкам ушлаб оладилар, қўлларидан келганча уни ҳимоя қиладилар, у ёки бу турдаги олий кучга бўйинсиндирмагунча осонликча жон бермайдилар. Шу боис хоҳ санъатда бўлсин, хоҳ бошқа ҳар қандай соҳада бўлсин, аёллар тенглиги ҳақидаги масала – бу айрим эркакларнинг нисбатан мойиллиги ёки қаршилик кўрсатишлари ҳақидаги масала эмас, ёинки айрим аёлларнинг ўзига ишониши ва ишонмаслиги ҳақидаги масала ҳам эмас, балки кўпроқ бизнинг муассасавий тузилмамизнинг табиати ва ундаги одамларни рўкач қилувчи дунёқараш ҳақидаги масаладир. Юз йил муқаддам Жон Стюарт Милль айтган эди: “Таомилдаги ҳамма нарса табиий бўлиб кўринади. Аёлларнинг эркакларга тобе бўлишини ҳамма эътироф этса-да, ундан ҳар қанақанги чекиниш қанчалик табиий кўринса, шунча нотабиий ҳамдир”. Тенглик учун тинмай кариллайдиган эркакларнинг кўпчилиги ишнинг бундай “табиий” тус олишидан воз кечишга шошилмайди, ҳолбуки, бунда уларга ўшанчалик имтиёз ҳам берилади. Милль синчковлик билан таъкидлаганидек, бошқа мазлум гуруҳлар ёки тоифалардан фарқли ўлароқ, эркаклар аёллардан фақат тобеликни эмас, балки муқаррар муҳаббатни ҳам талаб этадилар; шу боис аёллар кўп ҳолларда эркаклар жамиятининг улар ўзлаштирган талаблари олдида ожиз қоладилар, шунингдек, мўл моддий фаровонлик ва ҳузурланишлар аёллар ақлини шошириб қўяди: ўрта синф аёлларининг ўз занжирларидан ташқари ҳам йўқотадиган нарсалари кўпдир.
Савол: “Нима учун аёллардан буюк рассомлар чиқмаган?” – бу ҳали биз тушунмаган ва нотўғри талқин қилинганларнинг мингдан бир улуши холос; унинг замирида шубҳали санъат табиати ва унга эш бўлган ҳолатлар ётибди. Инсон қобилияти, қисман истеъдоди ҳақидаги, умуман, булар барчасида ижтимоий тузумнинг роли ҳақидаги мисқоллаб йиғилган бир дунё ғоялар ғиж-ғиж, ачиб-бижиб ётибди.
“Аёл муаммоси” ўз-ўзидан сохта муаммо бўлиши ҳам мумкин, аммо “Нима учун аёллардан буюк рассомлар чиқмаган?” деган саволнинг кўндаланг қўйилишини аниқловчи тушунчалардаги хатолар улкан маънавий “оқ доғлар”га ишора қилади, аёлни тобе аҳволга солувчи барча сиёсий ва мафкуравий фикрлар бевосита шу “доғлар”га келтириб боғланади. Муаммо негизида ҳам оддий, ҳам буюк санъат ҳақидаги кўплаб жўн, сохталаштирилган, танқиддан узоқ фаразлар мавжуд. Онгли ёки онгсиз ҳолда билдирилган бу фаразлар Микеланжело ва Ван Гог, Рафаэль ва Жексон Поллок сингари бир-бирига ўхшамаган юлдузларни бирлаштиради, “буюклар” белгиси деганда, мазкур рассомларга бағишланган катта миқдордаги илмий рисолалар тушунилади. Буюк рассом деганда албатта, даҳоликка эга ижодкорни англаймиз. Даҳолик деганда, ўз навбатида буюк рассом шахсиятида мужассам топган англаб бўлмас, замондан ташқари ва жумбоқли қудрат тушунилади. Бу тур ва тусдаги ғоялар муқаррар, кўпинча англаб бўлмас метатарихий қулайликлар билан ялакат мағиз саналади. Уларга нисбатан Эпполит Тэн таклиф этган тарихий фикрнинг ўлчамлилик формуласи – “ирқ-муҳит-пайт” – ҳаддан ташқари мураккаб туюлади. Аммо бу шарт-шароитлар санъатшунослик тадқиқотларининг кўпчилиги негизида ётади. Буюк санъат юзага келишининг умумий шароитлари тўғрисидаги асосий масала бу қадар сийрак кўтарилиши, бу умумий муаммоларни тадқиқ этишга интилиш яқин-яқингача инкор этиб келиниши тасодифий эмас. Улар ноилмий, ҳаддан ташқари хира ёки қандайдир ўзга илмий фан, масалан, социологияни ўқитишга мансуб деб эътироф этилган. Муаммога нисбатан мислсиз, шахссиз, социологик, институцион ёндошувни қўллаб-қувватлаш бутун романтик, элиталик, индивидуалликни шарафловчи ва сонсиз рисолалар туғдирувчи тузилмани ёруғ оламга олиб чиқиш дегани. Санъатшунослик касбининг ўзи шундан келиб чиқади, яқиндагина бир гуруҳ ёш, ҳур фикрли олимлар гуруҳи биринчи марта шубҳа остига олинган эди.
Шундай қилиб, аёл рассомлар ҳақидаги масала замирида бетакрор, илоҳий “Буюк рассом” ҳақидаги афсона яшириндир. Юзлаб рисолалар буни тасдиқлаб турибди – у дунёга келиши билан юрагига қандайдир сирли моҳиятни жойлаб олади, бу “Миссис Грасс” шўрвасидаги “олтин қийма”га ўхшаш, Даҳолик ёки Истеъдод номи остидаги сирли моҳиятни олиб киради, у қотиллик сингари эртами-кечми юзага чиқади – буни ҳеч қандай ҳолат ва баҳоналар тўхтатиб қололмайди.
Кўзга ташланувчи нарсалар ва уларнинг ижодкорлари қуршаб олган сеҳрли қобиқ азал-азалдан афсоналар яратиб келган. Шуниси қизиқки, қадимги дунёда Плений, юнон ҳайкалтароши Лисинга мансуб ўшандай сеҳрли қобилиятни XIX асрдаёқ Курбе ўзининг таржимаи ҳолида тилга олади, бу табиатнинг ўзидан бошқа ҳеч бир устозларсиз ёшлигида қулоққа чалинган садо эди.
Имитатор (тақлидчи) сифатида рассомнинг ғайритабиий ҳокимияти, кўпинча, хатарли кучлар билан олишувчанлик қобилияти асрлар мобайнида уни ҳеч нарсадан бир нарса ярата оладиган бошқа барча худосифат ижодкорлардан ажратиб турган. Кекса рассом ёки меценат (санъатга ишқивоз бой одам) Табаррук Мўъжизани очгани ҳақидаги эртаклар буюк Чимабуэ пода боқиб юриб, тошга қўй суратини чизаётганида ёш Жоттони учратиб қолган, Вазари уни мангу ҳаёт билан сарафроз қилган дамдан харидоргир бўлиб кетган. Суратнинг бу қадар ҳаётга яқинлигидан қойил қолган Чимабуэ ўша заҳоти камтар болакайни ўзига шогирдликка таклиф этади.
Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг Беккафуми, Андрея Сановин, Андреа дель Костаньо, Сурбарана ва Гойеларни ўз ичига олган рассомлар силсиласи айнан шу диний йўл орқали санъатга кириб келишган.
Бордию буюк рассомнинг омади келмай қолган бўлса ва керак пайтида бисотида сурув қўйлари қолмаган эса-да, унинг истеъдоди эрта намоён бўлган бу қулай муҳит ва шарт-шароитлар ҳам бу ерда ҳеч нарсага айланиб қолган. Филиппо Липпи ва Пуссен, Курбе ва Моне даврида вазият ана шундай тус олган. Уларнинг барчалари ўқиш ўрнига машқ дафтарлари ҳошиясига карикатуралар чизишган – ўз-ўзидан аёнки, ўқиш ўрнига машқ дафтарига расмлар чизишни афзал билган биронта ўқувчини кўрмаганмиз, улар сотувчилик ёки майда хизматкорликдан ўтиб, бирон касбни эгаллашмаган. Микеланжелонинг биографи ва шогирди Вазарининг гувоҳлик беришича, рассом китобни кўп ўқир, расмни кам чизар экан. Унинг истеъдоди шу қадар ўткир эдики, устози Гильом де Марсилья ўзининг Санта-Мариа-Новелладаги нақшу нигорлари олдидан бир дақиқа нарида бўлса, ёш шогирд унинг йўқлигидан фойдаланиб, “тасвирий санъатга оид барча лаш-лушлар ва шу ерда ишлайдиган бир неча ўспирин турган, бир қанча стол териб қўйилган саҳнани тўлдириб расм чизиб ташлаган ва сурат шу қадар яхши чиққанки, қайтиб келган устоз беихтиёр: “Қойил, бу болакай мендан кўпроқ нарсани биларкан!”, деб юборган.
Аксар бўлганидек, ичида бир улушчалик ҳақиқати бўлган бундай воқеалар айни вақтда улар замирига қўйилган қурилмани акс эттиради. Ҳатто далилларга асосланган бўлса-да даҳоликнинг илк жилолари ҳақидаги бу афсоналар бизни ҳақиқатдан йироқларга олиб кетади.
Ҳеч шубҳасиз, шу нарса ҳақиқатким, масалан, ўн беш яшар ўспиринлик пайтида ёш Пикассо бир куннинг ўзида ҳам Барселона, ҳам Мадрид академиясига имтиҳон топширган ва муваффақиятли ўтган, ҳолбуки, бундай жасорат кўрсатиш учун кўплаб номзодлар бир ой тайёргарлик кўрган. Бироқ, бадиий академияларнинг бундай эртапишар абитуриентлари ҳақида кўпроқ нарсалар билгинг келади киши. Токи, кейинчалик улардан ёмби ёки ўртаҳол рассомлар етишиб чиққани маълум бўлсин. Бундай пайтда ўғлининг бу қадар шиддаткорлигидан Пикассонинг рассом отаси қай аҳволга тушганини тасаввур қилмоқ жоиз бўларди. Бордию Пикассо қиз бола бўлиб туғилганида нима бўларди? Сеньор Луис ёш Паблосига бунчалик эътибор қилган ёки унинг қалбига жиддий ютуқларга интилиш ҳиссини жо этган бўлармиди?
Барча мана шундай ривоятларда бадиий ижоднинг мўжизавий, ҳеч бир шартлисиз, ижтимоийликдан ташқари жиҳатлари алоҳида таъкидланади. XIX асрда рассомнинг роли ҳақидаги яримдиний тушунча агиография (қиссаси-ул анбиё) даражасига етган, бунда санъатшунослар, танқидчилар айрим рассомлар санъатни қандайдир диний ҳодиса даражасига кўтаришга, уни моддий оламдаги олий қадриятларнинг сўнгги таянчига чиқаришга интилганлар.
XIX аср турмушида рассомлар енгилмас ватан ва ижтимоий негизларнинг ўзига қарши чиқадилар, хочга тортилган Исо каби ижтимоий ҳақорат ва хўрликларга чидайди ва охир-оқибатда барча қийинчиликларни бошидан ўтказади – афсуски, уларнинг кўпчилиги ўлганидан кейин бу шарафга ноил бўлади, – зеро, унинг қалбининг энг теран жойида ўша энг сирли, энг табаррук олов – Доҳийлик ловуллаб туради. Бу ерда сизга очлик ва тутқаноқлик хуружига қарамай, ўз кунгабоқар пайкалини бунёд этган телба Ван Гог ҳам, рангтасвирда инқилоб ясаш ниятида ота-она қарғишларию оиланинг нафратига жасорат билан бардош берган Сезанн ҳам, биргина куфроналик имоси билан уни сеҳри ила ўзига тортаётган сўқмоқчалар сари бориш учун дунёвий одоб-ахлоқ ва маънавий хавфсизликдан воз кечган Гоген ҳам, пакана, майиб, майхўр, аслзодалик насабини бир гала ипирисқиларга алиштириб юборган Тулуз-Лотрек ҳам шундай бўлган. Бугунги кунда биронта жиддий тарихчи оппоқ ипдан тўқилган бу ғийбатларни тилла танга ўрнида қабул қилолмайди. Санъат ва рассомлар ҳақидаги айнан мана шундай афсона онгсиз ёки шартсиз шароитларни вужудга келтиради, қанақанги важ-корсонлар қилишмасин, олимлар давр таъсири, кайфияти, иқтисодий буҳронлари ва ҳоказоларга таянадилар. Бироқ, рассомлар ҳақидаги энг мураккаб тадқиқотлар замирида, аниқроғи, гап “Буюк рассом” тушунчасини йўналтирувчи куч, рассом яшаган ва ишлаган институционал тузилмаларни иккаламчи ёки “орқадан тушган соя” деб билувчи санъатшунослик рисолалари ҳақида кетганида, – “олтин қиймалар” назарияси, даҳолик назарияси, эркин тадбиркорликка ўхшаган шахсий муваффақият тушунчаси ётади. Шу нуқтаи назардан, аёлларда буюк санъат ютуқларининг йўқлигини силлогизм шаклида тушунтириш мумкин: агар аёлларда бадиий даҳоликнинг “олтин қийма”си бўлган бўлса, унда даҳолик намоён бўлган бўлар эди. Аммо у намоён бўлмади. Бинобарин, аёлларда исботланиши талаб этилган бадиий даҳоликнинг “олтин қиймаси” ҳам йўқ экан-да. Бордию аллақандай Жотто деган чўпон бола ва тутқаноқли Ван Гогнинг қўлидан шунча иш келган бўлса, нима учун бу иш аёлларнинг қўлидан келмас экан?
Бироқ эртаклар оламидан ва пайғамбарлик ижросининг ўзидан чиқиши ва бутун ижтимоий ва институционал баҳонаси тарихи давомида буюк санъат яратилган ҳақиқий вазиятга холисона назар ташланган заҳоти шу нарса маълум бўладики, тарихчига бериладиган саволларнинг ўзи бошқача шаклга киради. Шундай савол ўз-ўзидан туғилади: санъат тарихининг турли даврларида қанча ижтимоий синовларидан, қандай қатламлар ва гуруҳлардан рассомлар келиб чиққан?
XVII-XVIII асрлар француз академияси ҳақидаги баҳс-мунозараларда Николаус Певзнер таъкидлаган эдики, рассомлик ҳунарининг отадан болага ўтиши бор гап. (Койпелей, Кусту, Ван Лоосовларда шундай бўлган); Академикларнинг ўғиллари уларнинг дарсларига текинга кириш ҳуқуқига эга бўлганлар. XIX асрда буюк исёнкор оталарнинг шарафли ва драматик тамсилларига қарамай, биз шуни тан олишга мажбурмизки, хоҳ буюк, хоҳ ўртача бўлсин, буюк рассомларнинг катта қисми рассом отага эга бўлган. Шу муносабат билан буюк рассомлар рўйхатида даставвал Гольбейн ва Дюрер, Рафаэл ва Бернинг номлари эсга тушади; ҳатто бизнинг кунларимизда рассомлар оиласидан келиб чиққанлар номини ҳам қўриш мумкин: Пикассо, Колдер, Жакометти ва Уайет.
Ҳунар сифатида санъатнинг ва ижтимоий синфнинг ўзаро бир-бирига боғлиқлигига келганда “нима учун аёллардан буюк рассомлар чиқмаган?” деган савол учун “нима учун зодагонлар орасида буюк рассомлар бўлмаган?” саволига жавоб беришга уриниш ғалати парадигмани юзага келтириши мумкин. Ҳеч бўлмаганда XIX асрда раддианъанавийлик бошлангунга қадар йирик буржуазиядан анча юқори синфга мансуб лоақал биргина рассомни эслаш амримаҳол; ҳатто XIX асрда Дега қуйи дворянликдан келиб чиққан. У моҳиятан кўпроқ юксалиб келаётган буржуазияга тортиб кетган ва фақат Худонинг қарғиши билан бадбашара бўлиб туғилган Тулуз-Лотрек ҳақиқатан ҳам олий зодагон синфига мансуб эди. Гарчанд зодагонлар ҳам доим санъат ҳомийлари ва улар оммасининг катта қисмини ташкил этган бўлса-да, – худди бизнинг хиёл эркинлик кунларимизда улар ўрнини пул зодагонлари эгаллагани каби, санъатнинг ўзини яратишга улар ҳаваскорларча муносабатда бўлишганини тан олиш керак бўлади, зодогонларнинг ўқишга, ҳордиқ чиқаришга вақтлари кўп бўлишига (кўплаб аёллар каби) қарамай, уларнинг муҳитида санъат ардоқда бўлган ва натижада ғоят лаёқатли ҳаваскорлар етишиб чиққан. Мисол тариқасида малика Мотильдани (Наполеон III нинг жияни) ёки, қиролича Викторияни шаҳзода ўғли Альбертни (у кимсан Лансерда таълим олган) мисол қилиб олиш мумкин.
Наҳотки бу “олтин қийма” – даҳолик – калондимоғ зодагонларда учрамаса? Ахир ҳислари жўшқин аёлларчалик ҳам эмасми улар? Ёки, дейлик зодагонларга, шунингдек, аёлларга қўйилган талаблар ва истаклар ўзини рассомлик ҳунарига бутунлай бағишлаш ғоясини яроқсизга чиқаради, бу жамиятнинг олий қатламларига ҳам, умуман аёлларга ҳам тегишлидир, бу ерда даҳолик ва истеъдод масаласининг даркори ҳам йўқдир?
Санъатни яратишнинг бир қисми буюк санъатни яратиш ҳисобланган масалага тўғри томондан ёндошилса, унда ҳеч шубҳасиз, нафақат бадиий даҳога, балки асил ҳолдаги ақл ва истеъдодга тақдим этиладиган шарт-шароитлар ҳақидаги баҳс юзага келади. Ирсий эпистемологиянинг бошқа маслакдошлари ва пиажлар шуни таъкидлашганки, ёш болалардаги дунё ва тасаввурни англашдаги ақл ёки биз билвосита даҳо деб аташни афзал кўрадиган нарса – бу турғун илоҳиёт эмас, балки ҳаракатдаги фаолликдир. Бу маълум вазиятдаги субъект фаоллигидир. Илк ривожланишнинг бундан кейинги тадқиқотларидан маълум бўладики, бу қобилият ёки ақл аста-секин, қадам-бақадам ривожланиб боради, у болаликдан бошланади ва кўникманинг ахлоқий намуналари муҳитидаги субъектда шундай вужудга келадики, ривожланишнинг илк босқичидаёқ ташқаридан қараган одамга туғма бўлиб кўриниши мумкин.
Бундай тадқиқотлар бизга ҳатто метатарихий имтиёзлардан юз ўгирилганда ҳам олимларнинг онгли равишда қўллаб-қувватланадиган тасаввур билан хайрлашишларига тўғри келади ёки дейлик, санъат билан машғул бўлиш учун ана шу туғма неъмат асосидаги якка шахснинг даҳолиги тўғрисида гапирилаётган бўлади.
“Нима учун буюк рассом аёллар бўлмаган?” саволи бизни қуйидагидек хулоса чиқаришга олиб келдики, санъат эркин, мустақил эмас, Худо томонидан ато этилган шахс ҳам эмас, унга ўтмишдаги рассомлар ва мубҳам ижтимоий кучлар таъсир кўрсатмаган, балки ўзида рассом тараққиётини ҳам, санъат асари табиати ва сифатини ҳам ўзида мужассамлаштирган бадиий ижоднинг бутун ҳолати ижтимоий майдонда содир бўлади ва ижтимоий тузилманинг таркибий қисми ҳисобланади. У хоҳ бадиий академиялар, санъатни ҳимоя қилувчи тизимлар, илоҳий ижодкор ҳақида бўлсин, хоҳ ҳақиқий инсон ёки малъун шахс бўлсин, махсус ижтимоий муассасалар билан чекланган ва белгилаб қўйилган.
Энди биз саволимизга оқилонароқ нуқтаи назардан туриб ёндоша оламиз, зеро, шу нарса эҳтимолда тутилганки, нима учун буюк аёл рассомлар бўлмаган деган саволга жавоб шахсий даҳолик табиати замирида яширинган ёки унинг камчилиги замиридадир, аммо мавжуд ижтимоий муассасалар табиатидалиги муқаррар. Қолаверса, улар турли ижтимоий синфлар ва гуруҳларга нисбатан ё тақиқлайдилар ёки рағбатлантирадилар. Бошланиш учун оддий, аммо зарур предмет – аёлнинг эркин одими, яланғоч аёлга бошловчи рассом қизни мисол қилиб олайлик. Бу ҳолат уйғониш давридан бошланиб, XIX аср охиригача давом этган. Яланғоч тана расмини чизишга узоқ вақт ва қунт билан ўқитилиши ҳар қандай ёш рассомнинг бадиий таълими асосини ташкил этган эди, ҳар қандай санъат асари улуғворликка даъво қила олган, барча жойда санъат чўққиси деб тан олинган бутун тарихий рангтасвирнинг асосини ташкил этган.
XIX асрда анъанавий рангтасвир ҳимоячилари жиддий туриб айтган эдиларки, интимдаги одам тасвири буюк тасвир бўла олмайди, чунки либос муқаррар тарзда сувратнинг замондан ташқаридаги пафоси сифатида уни бузади. XVI–XVII асрлардан бошланган бадиий академиялар ўқув дастурининг марказий нуқтаси бўлганини гапириб ўтирмаса ҳам бўлади, улар пайдо бўлганда жонли одам, кўпроқ эркак баданини чизиш одат бўлган эди. Бундан ташқари, рассомлар ва уларнинг шогирдлари кўпроқ устахоналарда тўпланиб яланғоч баданни чизишни машқ қилганлар. Гарчи айрим рассомлар ва хусусий академиялар кўпроқ аёл танасини чизган бўлсалар-да, 1850 йилгача деярли барча давлат бадиий ўқув юртларида яланғоч аёл танасини чизиш тақиқлаб қўйилган, баъзи жойларда кейинроқ ҳам бу гапга “ишониш қийин” дея Певзнер ҳақ гапни айтганди. Афсуски, бошловчи рассом-аёл учун хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, ҳар қандай яланғоч шахс тақиқлаб қўйилганига ишониш осон. 1898 йилдаёқ “хонимчалар” – Лондондаги Қиролича академияси талаба қизларининг расм машғулотларига қўйилмаган, кейинчалик эса уларни қўя бошлашган, шунда ҳам “қисман аврати ёпиқ” бўлиши шарт ҳисобланган.
Яланғоч одам суврати чизилган устахона тасвирларини қараб чиқайлик: Рембрандт устахонасида яланғоч хотинни фақат эркак рассомлар чизган; XIX асрда Гаоги ва Венадаги академик сабоқларда яланғоч эркакларни чизганлар. XIX аср бошларида Буайининг Гудон устахонаси интерьерини тасвирловчи ажойиб сувратда эркаклар яланғоч ҳамда ўтирган ҳолатда чизилган. Леон Мабье Кашронинг 1814 йили Салонга қўйилган “Давид устахонасининг интерьери”да бир гуруҳ эркак миридан-сиригача аниқ тасвирланган, ундаги эркаклар суврати қалам ва мойбуёқда ишланган, яланғоч эркакнинг ечилган бошмоқлари у турган супача ёнида ётгани тасвирланган.
Яланғоч тананинг муфассал, қунт билан ишланган қораламалари –сақланиб қолган “академик” қалам тасвирнинг мўл-кўллиги Сердан тортиб, ХХ асргача бўлган барча рассомлар ижодининг илк даврида бадиий педагогика ва ёш истеъдоднинг ривожланишида чизмакашликнинг бу тури жуда муҳим эканини айтиб турибди. Ўз-ўзидан маълумки, расмий академик дастур янги истеъдодни табиий йўл билан қаламтасвир ва гравюраларни нусхалаш орқали жонли вужудни чизишга олиб ўтади. Ўқишнинг бу охирги босқичини рассом қиздан мосуво қилиш аслида уни яхшироқ санъат асари яратиш имконидан маҳрум қилиш демакдир – бунда аёллар теша тегмаган мавзуларда асарлар яратган, санъатни ўқиган кўпчилик аёл-рассомлар рангтасвирни портрет, жанрли манзаралар, пейзаж ёки натюрморт билан қаноат қилганлар. Уларнинг ҳолати бутун яланғоч одамни ўрганиш ёки яланғоч одам танасини шунчаки томоша қилиш ман этилган тиббиёт талабаси ҳолатига ўхшаб кетади.
Менга маълум бўлишича, ўзининг яланғоч ҳолатидан бошқа бирон-бир ролдаги аёл иштирок этган яланғоч танани чизувчи рассомлар тасвири тарихда ҳали учрамаган ва бу далолат – мулкчилик қонунларига қизиқарли шарҳ бўла олади: аёл (“тубан аёл” албатта) кўпчилик эркаклар рўпарасида қип-яланғоч ҳолда туриб бериш ҳуқуқига эга, аммо яланғоч эркак ёки ҳалигиндай аёлнинг томоша манбаига айланиши яхши эмас. Бунга Цоффанининг Лондондаги Қиролича академияси аъзоларининг чизган сурати мисол бўла олади. Академиклар ёруғ танобийда икки яланғоч эркак билан рўбарў турибди: барча муҳтарам академиклар жам бўлган: ягона аёл академик, машҳур Анжелика Кауфман одоб юзасидан девордаги ўз портрети кўринишида иштирок этмоқда. Ундан сал олдинги поляк рассоми Даниэль Ходовецкийнинг “Хонимлар студияда” сувратида наридан-бери кийинган аёлларга кўзимиз тушади. Франция инқилобидан кейинги қисман эркин даврда метографияда Марле талабалар қуршовида бир қанча яланғоч аёлни тасвирлаган, талабалар яланғоч эркакни чизиш билан банд, аммо туриб берувчининг ўзи иззату исматини сақлаганча узун чўмилиш трусиги кийиб олган. Шугина нарса ҳам ўшанда катта гап бўлган – ёшларни бузилиб кетишда айблай бошлашган, аммо бундай ошкоралик узоққа бормаган…
Хулоса ўрнида айтиш зарурки, биз азалий бир саволга жавоб айтишга уриниб кўрдик: “Нима учун буюк аёл рассомлар йўқ?” Шу баҳонада, умуман, қандай муаммо кўндаланг қўйилиши кераклигига ойдинлик киритдик, қисман “аёл муаммоси”ни ўртага ташладик. Санъатшунослик фанининг ўзигагина хос бўлган айрим чекловларни тадқиқ этдик. Институционаллик, яъни ижтимоийликка урғу берар эканмиз (якка шахснинг ўзига эмас), санъатшуносликнинг бошқа соҳаларида ҳам бундай тадқиқотлар учун эшик очиб беришга ҳаракат қилдик.
Тенгсизликнинг бир муайян намунасини – ёш рассом қизлардан яланғоч ҳолатни талаб этмасликни муфассал қараб чиқар эканмиз, мен аёллар учун комилликка эришиш, санъатда эркаклар билан баробар муваффақият қозониш мумкин эмас, деган хулосага келдим. Санъатлар тарихида буюк бўлмаса-да, рассом аёллар борлигининг ўзи ҳеч қачон бу фикрга қаршилик кўрсатмайди, бу ҳар қандай озчилик вакиллар орасида бармоқ билан санарли “юлдузлар” бўлишига ўхшаш бир гап. Гарчанд буюклик кам учрагани ва унга етишиш қийинлиги боис, агар иш вақтида ич-этингни қарама-қарши ўйлар кемириб турган бўлса, ўзингга ўзинг ишонмай турсанг, у бундан ҳам баттар ноёб ва арзанда бўлиб бораверади.
Аёллар бугунги кундаги ўз тарихларига холисона назар ташласалар зарар бўлмайди, бунинг учун киши ўзини авайлаши ҳам ортиқча. Нотенглик, албатта, муҳим сабабдир, аммо у оқилона қараш бўлолмайди. Аксинча, ўзининг санъат ва аутсайдерларидаги “шўрлик ўрдакваччалар” ролини ижро этиб, шу заиф ҳолларида қолиб кетмасдан институционал (ижтимоий) ва интеллектуал (маънавий) дунёни очишлари, ёлғон қарашларни парчалаб, эркакми, аёлми – ҳар қандай буюкликка эришиш учун мақсад бўладиган институцияни яратишда иштирок этишлари мумкин.
Рус тилидан Амир Файзулла таржимаси
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2018/11/13/%d0%bd%d0%b5%d0%b3%d0%b0-%d0%b0%d1%91%d0%bb%d0%bb%d0%b0%d1%80%d0%b4%d0%b0%d0%bd-%d0%b1%d1%83%d1%8e%d0%ba-%d1%80%d0%b0%d1%81%d1%81%d0%be%d0%bc%d0%bb%d0%b0%d1%80-%d1%87%d0%b8%d2%9b%d0%bc%d0%b0%d0%b3/