Нарзулла ЖЎРАЕВ ТАРИХИЙ ДАВР КАШФИЁТИ

Қайта қуриш сиёсати ўзининг кўзлаган мақсадига, кутилган натижасига эриша олмади. Ижтимоий-сиёсий жараёнлар кутилмаганда ўзанини ўзгартириб юборди. Демократия тўлқинлари эркин сўз, эркин фикрни заруратга айлантира бошлаган бир пайтда шўро жамиятини тоталитаризмдан эркинлик сари, ҳуррият сари сифат ўзгаришига олиб келаётган ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий қадрият сифатида намоён бўлди.
Бироқ, Кремль бундан манфаатдор эмас эди. М.Горбачев бошчилигидаги Совет ҳукумати раҳбарияти номигагина эркинликка йўл бериб, инсон ҳуқуқлари хусусида кўпиртириб гапирса-да, моҳиятан тоталитар тузум ва маъмурий-буйруқбозлик режимини сақлаб қолишдан манфаатдор эди. Зотан, улар ҳеч қачон СССР деб аталган ушбу имперландиянинг тарқалиб кетишини назарда тутмаган ва буни кутмаган ҳам эди.
Жараёнлар шу даражада тезлашдики, охир-оқибатда нафақат сўзамол М.Горбачевни, балки бутун Сиёсий Бюрони, партия Марказий Қўмитасини, ҳукуматни талвасага солиб қўйди. Натижада маъмурий органлар кучидан фойдаланиш йўли танланди. Турли шаҳарларда, минтақаларда, СССРнинг фаол ва демографик жиҳатдан қулай бўлган геосиёсий жиҳатдан муҳим нуқталарида беқарорликни вужудга келтириш орқали мамлакат аҳолисини чалғитиш йўлига ўтилди.
Аксига олиб, энди уйғонган одамни қайтадан мудроқ бостиришнинг иложи йўқ эди. Чунки эркин фикрлаш, эркин яшаш нашидасини сура бошлаган озод фуқарони қайтадан занжирбанд қилишга қанчалик уринмасин, ҳукуматнинг кучи етмас, фуқаронинг эса хоҳиши йўқ эди. Бошқача қилиб айтганда, мамлакат фуқаролари манфаати билан тоталитар режимдаги давлат қизиқишлари ўртасида “Хитой девори” тикланиб бўлинган эди. Ана шундай зиддиятли бир пайтда давлат ўз мавқеи ва ролини йўқотмаслик учун озодликка интилаётган, ҳуррият учун курашаётган уйғоқ фуқаролар ўртасида турли низоларни уюштириши зарур бўлиб қолган эди. Ана шу мақсадда Болтиқбўйидаги тўқнашувлар, Арманистон, Озарбайжон, Грузиядаги қонли фожиалар, Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) ва Россиянинг бошқа айрим минтақаларида бўҳронлар ва пўртаналар атайлаб ташкил этилди.
Қизил имперландиянинг 73 йил мобайнида шаклланган тажовузкорона сиёсати ана шу тарзда аста-секинлик билан чок-чокидан сўкила борди. Натижада мамлакат ижтимоий-сиёсий жараёнларини ҳам, одамлар хатти-ҳаракатини ҳам бошқариб бўлмайдиган ҳолат вужудга келди.
Сиёсий жасорат, сиёсий ирода, воқеликни тўғри англаш, тўғри баҳолаш ҳақиқий раҳбар учун ноёб фазилат. Демократия ҳақида кўпиртириб гапириб, зўравонлик режимини кучайтиришга интилган М.Горбачевнинг сиёсий йўли, аниқроғи, позицияси Ўзбекистон учун ва умуман миллий республикалар учун манфаатли эмас эди. Иттифоқдош республикалар раҳбарлари орасида биринчи бўлиб Ислом Каримов М.Горбачевга буни рўй-рост айтди. Республика раҳбари сифатида ўз юртининг барча ютуғию нуқсонларига ўзини қалқон қилди. Раҳбар сифатидаги қатъий ва мустаҳкам иродасини кўрсатди. Ислом Каримовнинг бундай феъл-атвори ва хатти-ҳаракатига ҳар ким ҳар хил баҳо берди. Жумладан, М.Горбачев уни шартакиликка, бетгачопарликка йўйса, унинг гумашталари бу фикр­ларини қўллаб-қувватлашди. Ўзбеклар қаторида барча совет халқи эса И.А.Каримов интилишларини қўллаб-қувватлади. Чунки, Ислом Каримов позицияси нафақат қардош республикалар халқлари, балки Россия аҳолиси манфаатларини ҳам ўзида мужассам этган эди. Шунинг учун ҳам Москва нашрларидан бири “Ўзбекистон Президенти И.Каримов иттифоқ миқёсидаги сиёсий арбоб сифатида СССР халқ депутатларининг съезди кунларида туғилди. У М.Горбачевни қаттиқ танқид қилиб, “команда”ни ўзгартиришни талаб қилди. Кўпчилик учун бу буткул кутилмаган ҳодиса эди. Узоқ йиллар мобайнида анъанага кўра Ўрта Осиё республикалари олий раҳбарлари Марказ сиёсатига эргашиб юрар эдилар. Қандай ўзгариш юз берди? Каримовда ўз кучига бундай қатъиятли ишонч қаердан пайдо бўлди?”, деб ёзган эди.
Бундай ҳайрат ва ҳаяжонни тушуниш мумкин. Тўғри таъкидланганидек, 130 йилдан бери давом этаётган мутелик кайфияти каттаю кичикни ўз домига тортган эди. Ўзбекистон раҳбари иттифоқдош республикалар раҳбарлари орасида биринчи бўлиб шаклланган сиёсий тафаккур оламида тўнтариш ясади. Янгича фикрлайдиган, жамиятда юз бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнларни тўғри баҳолайдиган мард ва жасур кишилардан иборат янги “команда” тўплаши зарурат эканлигини, сиёсий демагогияга барҳам бериш вақти келганлигини очиқ-ойдин айтди. Шундай қилиб, И.А.Каримов айни ана шу қолипни – ленинча бошқарув тамойилларини чиппакка чиқарди. Дарвоқе, у табиатан ҳеч қандай олдиндан тайёрланган ёки русумга айланган “қолип”га сиғмайди! У айни ана шундай ўзига хослиги, ҳақиқат ва адолат йўлидаги ўта қайсарлиги ва ўжарлиги билан бутунлай янги типдаги раҳбар феноменини кашф этди.
Фақат шугина эмас. Аниқроғи, Москва нашрлари баён этганидек, Ислом Каримов СССР халқ депутатлари съезди кунларида “туғилмади”. Зотан, Каримов генетик асосга эга бўлган улкан интеллектуал салоҳият, туғма журъатлилик ва жасорат туйғусига эга бўлган ноёб Шахс. Мустамлакачиликка қарши ақл йўриғи билан курашадиган, юксак сиёсий дип­ломатияга эга бўлган арбоб эди. Фақат у айни ана шу съезд минбарида Иттифоқ доирасидаги шаклланган ислоҳотчи, замонавий тафаккур эгаси сифатида СССРга танилди ва тан олинди, холос.
Ислом Каримов республика Давлат режа қўмитаси Раиси ва Молия вазири бўлиб ишлаган пайтлардаёқ СССРдаги мавжуд ҳолатлар, сиёсий таназзул ва иқтисодий-ижтимоий чекинишлар ҳодисасидан хабардор эди. Айниқса, Қашқадарё вилояти раҳбари бўлган пайтларда Кремлнинг Ўзбекистонга муносабати орқали совет ҳокимиятининг зўравонлик сиёсати “қуюшқон”дан чиқиб кетаётганини пайқаган эди. Натижада, респуб­лика раҳбарлигига сайланганидан тўрт ой ўтар-ўтмас, Ислом Каримов узоқ йиллар мобайнида вужудга келган қатъий хулосаларини Ўзбекистон КП МҚнинг XVIII пленумида (1989 йил, 25 ноябрь) баён этди ва “Барча масалаларни ҳал этиш учун сиёсий системани ислоҳ қилиш зарур”, деди.
Ана шу биргина сўз бутун Совет ҳукумати сиёсий тизимини, ленинча таълимотнинг “инқилобий” ҳаракатини ларзага келтирди. Горбачев бошлиқ арбоблар салтанатини талвасага солиб қўйди. Буни нималарда кўриш мумкин?
Биринчидан, мавжуд ва ҳукмрон сиёсий системани ислоҳ қилиш – совет бошқарув тизимини тубдан янгилашни тақозо этади.
Иккинчидан, КПСС раҳбар бўлган бошқарув тизими ва унинг бутун фаолиятини ислоҳ қилишга тўғри келади. Бу ўз-ўзидан ленинча бошқарув ва миллий сиёсатда туб бурилиш қилишни тақозо этади.
Учинчидан, иттифоқдош республикалар ва Марказ ўртасидаги муносабатларга аниқлик киритишни, уларнинг конституциявий ваколатларини, сиёсий ва иқтисодий мустақиллигини кенгайтиришни талаб қилади.
Тўртинчидан, гап агар фақат Ўзбекистон ҳақида бораётган бўлса, мавжуд сиёсий система яна давом этадиган бўлса, Ўзбекистон СССР таркибидан чиқиб кетиши мумкинлигини кўрсатади.
Бешинчидан, сиёсий етакчининг тафаккур тарзини, ижтимоий-сиёсий жараёнлар боришини олдиндан пайқаш, баҳолаш салоҳиятини ва, энг муҳими, Шахс сифатидаги сиёсий жасорат, сиёсий қатъият, мислсиз ирода ва юксак маданият фазилатларини кўрсатади.
Ислом Каримов воқеликка реал қарайди ва уни реал баҳолайди. Кутилмаганда ўта аниқлик билан иш юритади. Шунинг учун ҳам у ўзининг яқин ўтмишдошларидан кескин фарқ қилади. Шунинг учун ҳам Ислом Каримов қисқа фурсатда халқни ўзига торта билди. Унинг мислсиз ишончини қозонди. 1980 йилларнинг таҳликалари ва умидсизликларини, тушкун кайфияти ва озурда руҳиятини моҳирлик билан енгди. Халқни тўла сафарбарликка, якдилликка йўналтира олди. Бу жаҳон бошқарув тарихида камдан-кам юз берадиган ҳодиса.
Ислом Каримов тарихан жуда қисқа вақтда ўзини “тафаккур инқилобчиси” сифатида кўрсатди. Бу унинг учун атайлаб, ислоҳотлар қилиш, узоқ йиллар мобайнида инсон тафаккурини ўраб-чирмаб олган фикрлаш тарзини бузиш, бузғунчи ва шиддаткор оқимга қарши туришга интилиш орқали эмас, аксинча, табиий ҳолатда, шахсий фазилатлари, ички имкониятлари, қобилияти туфайли юзага келаётган, вақт ўтгани сайин шаклланиб бораётган воқелик сифатидаги феноменидан келиб чиқади.
Дарҳақиқат, Ислом Каримов феъл-атвори, тафаккур тарзи жиҳатидан ўзидан олдинги андозаларнинг тор, биқиқ ўлчовларига сиғмади. Худди ана шу фазилатлари туфайли ҳам бутун сиёсий тизимни синдириб ташлашга журъат этди. Иқтисодий-ижтимоий бўҳронлар, маънавий-руҳий парокандаликлар, сиёсий ва ғоявий таназзулларни ҳаммадан олдин кўра билди. Тоталитар ақидапарастлик ва сиёсий догматизм шароитининг тобора чуқурлашиб бораётганини бошқалардан олдинроқ пайқади ва катта жасорат билан унга қарши чиқди. Ана шу тарзда жамиятни тубдан янгилашга журъат этди.
Ислом Каримов ўзининг радикал фикрлари ва воқеликка фавқулодда ёндошувлари билан советлар империясининг ин­қирозини тезлаштирди. Коммунистик афсонанинг сароблигини исбот этди. Ўзбекистонни, қолаверса, барча иттифоқдош республикаларни ғоявий таназзул гирдобига тортган совет тоталитаризмига қарши тура олди ва уни қатъият билан енгди. Ҳарбий коммунизм ва фуқаролар социализминииг ленинча ғоялари уйдирмаларини фош этиш билан ўзини ноёб, мафкуравий ва сиёсий жиҳатдан бутунлай янги, тасаввуримизга сиғмайдиган дунёнинг кашф этувчиси сифатида кўрсата олди. Ана шу жиҳатдан айтиш мумкинки, Ислом Каримов том маънодаги тарихий давр кашфиёти!
Бошқача қилиб айтганда, Ислом Каримов феномени ҳақидаги мулоҳазалар шахснинг тарихдаги ўрни тўғрисидаги фикргина эмас. Балки, тарихнинг шахс борасида тақдири ва қадрияти билан боғлиқлиги ҳамдир. Зотан, камдан-кам тарихий шахслар тарихнинг туб бурилиш нуқтасини белгилаб берадилар, жараёнлар ва турмуш тарзининг бир хилдаги оқимини кескин ўзгартириб юборадилар. Бутунлай янги, ҳаётбахш ва ҳузурбахш турмуш кечириш, аниқроғи, Инсоният такдиридаги мислсиз маънавий кўтарилишлар даврини бошлаб берадилар.
Ана шу нуқтаи назардан қараганда, Ислом Каримов шахси халқимизнинг тарихий тақдири, унинг кечинмалари, изтироб ва қувончлари сифатида вужудга келди. Бошқача қилиб айтганда, Ислом Каримов феномени ўзбек халқининг миллий қадриятлари ва руҳияти, миллат сифатидаги феномени орқали умуминсоний қадриятлар ва умумжаҳон сиёсати феноменига айланди.

* * *
Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг 1989 йил 25 ноябр­да бўлиб ўтган XVIII пленуми республика ижтимоий-сиёсий ҳаётида кес­кин бурилиш ясади. Унда Фарғона фожиалари мисолида миллий масаланинг тарихий жиҳатлари, ҳозирги аҳволи, миллий сиёсатнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари, маданий-ахлоқий масалалари чуқур илмий холислик билан таҳлил этилди ва иттифоқ раҳбарияти олдига қатор масалаларни ҳал этишни асосий вазифа қилиб қўйди. Жумладан:
Биринчидан, Ўзбекистон ва ўзбеклар бошига ёғилаётган маломат тошларига чек қўйиш, “пахта иши”, “ўзбеклар иши” деган уйдирмаларни бас қилиш, Москва матбуотида ўзбекларни шармандаи шармисор қиладиган, миллий нафсониятига тегадиган чиқишларни тўхтатиш зарур эканлиги уқтириб ўтилди.
Бундай талаблар жавобсиз қолавергач, жиддийроқ йўл тутишга тўғри келди. Шимолдан жанубга қараб чигирткадай ёпирилиб келиб, ҳамма ёқни ғорат қилаётган баъзи бадният ва шум мухбирлар йўли тўсилди. Айрим газеталарнинг тарқатилиши тўхтатилди. Буни ҳар ким ҳар хил тушунди. Москваликлар ўзича, қўйнида пичоғини яшириб, орқамиздан пойлаб юрган “жайдари” миллатпарварлар ўзича. Кимдир дод-фарёд солди, асосан кўпчилик тўғри тушунди. Ҳақиқат ҳақиқатлигича қолди. Вақт ҳаммасига ўз баҳосини берди.
Шу ерда диққатингизга “Век” газетасининг 1995 йил 21-27 июль сонларида босилган бир мақоладан кўчирмани ҳавола этмоқчиман. Жумладан, унда шундай дейилади: “СССР парчаланиб кетганидан сўнг энг даҳшатли воқеа Ўзбекистонда юз бериши лознм эдн. Лекин, бундай бўлмади. Каримов бирорта ҳам хатога йўл қўймади…
Каримовнинг митингларни тақиқлаб қўйиши қирғизлар, тожиклар билан ўзаро муносабатлардаги мураккаб вазифаларни ҳал этиш каби жуда тўғри иш эди. Унинг колхоз ва совхозлар раҳбарларини сайлаш эмас, балки тайинлаш тўғрисидаги таклифи ҳам ўринли эди. Агар шундай қилинмаганида, охир-оқибат қандай бўлишини билиш қийин эди. Каримов мусулмон мамлакатлари билан муносабатларни ҳам заргарларга хос нозиклик билан йўлга қўйди… Буларнинг ҳаммаси Ислом Каримовнинг улуғлигини белгилайдиган сифатлардир.”
Иккинчидан, ўзбеклардай қадимий халқ жуда катта маданиятга, тарихга ва маънавий меросга эгалигини назарда тутишни, унинг миллат сифатидаги ниҳоятда ёрқин ва бетакрор қиёфасини тан олишни, бундай халқ билан ўйнашиб бўлмаслигини, у билан муносабатда айни унинг даражасида бўлиш зарурлиги ва шу асосда юқори даражадаги раҳбариятнинг номақбул сиёсати туфайли бутун СССРда илдиз отган нуқсонларни ўзбекларга тўнкаш ғайриқонуний иш эканлиги таъкидланди.
Учинчидан, мамлакат халқ таълими тизимида, маданий-маърифий ҳаётида жиддий равишда ислоҳотлар ўтказиш, халқнинг ўзлигини анг­лаши, миллий қадриятларни қайтадан тиклаши ҳаётий зарурат эканлиги қайд этилиб, бу иш учун масъуллик қайси даражада бўлмасин, барча соҳадаги раҳбарларнинг зиммасига қатъий қилиб қўйилди.
Ислом Каримов мамлакат халқ таълими ва маърифат соҳасида фикр юритар экан, “Она тилида ўқитиладиган мактаблар тармоғи, бошқа миллий-маданий муассасалар асоссиз тарзда камайди. Феодализм сарқитларига қарши кураш шиори остида ўттизинчи-қирқинчи йилларда ва эллигинчи йилларнинг бошларида ўзбек халқининг кўп асрлик маданий мероси, анъана ва урф-одатларини сақлаш ва бойитишга ҳаракат қилган Ўзбекистон фани ва маданиятининг бир қанча таниқли арбоблари, жумладан, Абдулла Қодирий, Усмон Носир, Ойбек, Шайхзода, Шукрулло, Шуҳрат, Туроб Тўла ва бошқалар миллатчиликда, панисломизм ва пантуркизмда айбланиб репрессия қилиндилар.
Республика адабиёти ва санъати тараққиётига катта ҳисса қўшган Чўлпон ва Фитрат сингари маданиятимизнинг таниқли арбоблари хусусида ҳам тарихий ҳақиқат ва адолат тикланиши керак”, деган янгича нуқтаи назарни илгари сурди.
Республикада тил масаласини ҳал этиш муҳим сиёсий ва маънавий ҳодиса сифатида кўтариб чиқилди. Тил – миллатнинг қалб тори. Унга озор еткизмаслик, аксинча, сайқал топиб, жилоланиб боришига эришиш зарур. Кўпмиллатли мамлакатда ўзаро муносабатларнинг таъминланиши, бошқа кичик халқлар тилларини камситмаган ҳолда туб аҳоли тили мавқеини тиклаш муҳим маданий-маърифий ҳодисадир. Пленумда партия тарихида биринчи марта мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, тилларга муносабат бутунлай ўзгариши лозимлиги ва ана шу ўзгариш туфайли республикага номини берган миллат қадр-қимматини кўтариш, иззат-икромини жойига қўйиш адолат иши эканлиги алоҳида уқтирилди. Ижодкор зиёлиларнинг энг иқтидорли ва соғлом кучларини бирлаштириш, шу асосда юртимизда ижтимоий-сиёсий барқарорликни вужудга келтириш, халқимизга маънавий-руҳий жиҳатдан мадад бўлиш республика раҳбариятининг асосий вазифаси қилиб белгиланди. Ана шу хулосалардан келиб чиқиб, кўҳна тарих ва маданият соҳиби бўлган Беруний, Улуғбек, Алишер Навоий, Фурқат, Муқимий ва бошқа улуғ мутафаккирлару халқ маърифатпарварларининг бебаҳо меросига эга бўлган Ўзбекистондай республикада тарих ва маданиятнинг мантиқий ва собитқадам силсиласи узилмаслиги учун барча шарт-шароитларни яратиш керак, деб уқтирди Ислом Каримов.
Яна бир муҳим масала: худди шу пленум бизнинг 70 йил мобайнида шаклланиб қолган атеистик қарашларимизда, ислом ва бошқа динларга бўлган муносабатларимизда кескин бурилиш ясади. Биз коммунистик партиянинг жазаваси тутиб турган, унинг мафкураси эса қилич яланғочлаб майдонга тушган бир пайтда ислом динини маънавият, юксак ахлоқ ва маданиятнинг муҳим бўғини сифатида тан ола бошладик. Бу партия раҳбарлиги курсисида ўтириб, унинг мафкурасини бутунлай бошқа ўзанга буриб юборишга қодир бўлишдек ниҳоятда кучли ирода, қатъият ва жасурлик талаб этадиган Ислом Каримов тимсолидаги камдан-кам ҳодисадир.
Дарҳақиқат, бутун Иттифоқда демократия ўйинлари, сиёсий шовқин-суронлар, мафкуравий тўқнашувлар жунбушга келган бир пайтда Ўзбекистонда Ислом Каримов “Динга муносабатда ҳам пухта ўйланган, синовдан ўтган ёндошув лозим. Бир томондан виждон эркинлиги, динга ишонувчиларнинг диний туйғуларини ҳурмат қилиш принципини оғишмай ўтказиш лозим. Диний тузилмаларнинг тинчлик ва хайрия фаолиятини қўллаб-қувватлаш керак”, дея ўз фикрини ўртага ташлади ҳамда “барча масалаларни ҳал этиш учун сиёсий сис­темани ислоҳ қилиш зарурлиги”ни кўрсатиб берди.
Масалага бундай ёндошув ва шу пайтгача кутилмаган ислоҳчиликка интилиш энг аввало, мавжуд ва чуқур илдиз отган ижтимоий-сиёсий муҳит билан муроса қила олмаслик, уни иложи борича тезроқ йўқотиш зарурат эканлигини теран тушунди. Шу билан бирга жамиятни тубдан ислоҳ қилишга ўзини қодир деб билди, ўз кучига, иқтидорига, бўлажак ишининг якунига қатъий ишонди. Натижада бу ниҳоятда қалтис ва таҳликали ишга енг шимариб киришди. Хатти-ҳаракатлар ва интилишлар кўп ўтмай ўз самарасини бериб, республикада қандайдир ҳаётбахш жараён бошланаётганидан далолат бера бошлади. Бу – биринчидан.
Иккинчидан, Каримовнинг ўзига хос, мустақил иш юритиши СССР таркибидаги каттаю кичик сиёсий арбоблару арбобчаларни ҳайратга солар эди. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистон етакчиси билан Кремль ўртасидаги муносабатларни жиддийлаштирар, марказдагилар бундай “бебош ва ўзбошимча раҳбар”нинг таъзирини бериб қўйишга ҳаракат қилишарди.
…Воқеалар жараёни шу даражада тезлашдики, Каримовнинг сиёсати бевосита ўзбек халқи хоҳиш-иродаси, саъй-ҳаракати билан қўшилиб кетиб, иттифоқ раҳбариятини хийла талвасага солиб қўйди. Чунончи, Ўзбекистон ССР Олий Советининг 1990 йил, 24 мартида бўлиб ўтган сессиясида бошқарув тизимини тубдан ислоҳ қилишга ва президентлик лавозимини таъсис этиш юзасидан қарор қабул қилинди. Бу ҳужжатда, жумладан, шундай сатрлар бор:
“Демократия жараёнларини янада ривожлантириш, сиёсий ўзгаришларни чуқурлаштириш, конституцион тизимни, гражданларнинг ҳуқуқларини, эркинликлари ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон ССР давлат ҳокимияти ва бошқаруви олий органларининг ўзаро алоқасини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Олий Совети
ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг Президенти лавозими таъсис этилсин.
Қарор матнига жиддийроқ эътибор берайлик. Унда қуйидагиларни кўриш мумкин.
Биринчидан, демократия жараёнларини янада чуқурлаштириш ҳам, сиёсий ўзгаришларни такомиллаштириш ва конституцион тизимни мустаҳкамлаш мантиқан том маънодаги мустақилликни талаб этади ва унинг замирида Марказга бўйсунмаслик, ўз тақдирини ўзи белгилаш тамойили ётади. Зотан, қайсидир даражада бўлмасин, энг кичик масалалар бўйича ҳам кимгадир тобе бўлинса, юқорида қўйилган талабларнинг биронтасига ҳам эришиб бўлмайди.
Иккинчидан, Ўзбекистон ССР давлат ҳокимияти ва бошқаруви олий органларининг ўзаро алоқасини такомиллаштириш – бу бевосита партия яккаҳокимлигини бартараф этиш, демократик жараёнларни чуқурлаштириш, халқ ва ҳокимият, фуқаро ва давлат ўртасидаги муносабатларни яқинлаштириш, яъни жамиятда соғлом ижтимоий-сиёсий, маънавий-руҳий муҳитни қарор топтириш, уни аста-секинлик билан турмуш тарзига айлантириш имконияти демакдир. Бу эса охир-оқибатда республиканинг ўз тараққиёт йўлини ишлаб чиқадиган ва уни амалга оширадиган Президент лавозимини жорий қилишни тақозо этади. Бу, табиийки, Горбачев бошлиқ Иттифоқ раҳбариятини қаттиқ ташвишга сола бошлаган эди.
Аслини олганда, Ислом Каримов СССР ҳукумати барча миллий республикаларга кундан-кунга тазйиқ ва зўравонликни ошираётган, кам сонли халқларга зуғум ўтказаётган бир пайтда бошқарувнинг Президентлик Рес­публика шаклини ташкил этиб, вазминлик ва қатъият билан Ўзбекистон мустақиллигига дастлабки пойдеворни қўйган эди! Чунки ушбу шаклдаги бошқарувининг мустақиллик истагини ҳаётий зарурат даражасида анг­лаш, ўзгага бош эгмаслик, ўз тақдирини ўзи белгилаш, барча давлатлар билан тенг ҳуқуқли муносабатда бўлиш, дунёга ўзлигини танитишдир. Ана шундай оғир ва қалтис ишни амалга ошириш, бир жиҳатдан, Каримовнинг фавқулодда жасорати ва журъатидан далолат берса, иккинчи томондан, унинг ниҳоятда мутафаккир ва ўткир сиёсатчи эканлигини кўрсатади. Ахир, Марказ – Сиёсий Бюро, СССР Президентлик Кенгаши, унга бўйсунувчи қатор маъмурий ва жазо органлари ҳар қандай йўл билан бундай “бебош” раҳбарга тазйиқ ўтказиши ҳеч гап эмас эди-да. Бироқ Ислом Каримов СССРнинг ич-ичидан зил кетаётганини, бу мамлакат – “бузуқ арава” узоққа боролмаслигини, барча сессиялару пленумлар, партия ва депутатлар қурултойлари халқ туғёни қаршисида энди ожиз ва нотавон эканлигини Иттифоқ миқёсидаги бошқа раҳбарлардан олдинроқ англади, олдинроқ тушунди ва бу воқеаларга ўз муносабатини кескин равишда билдирди. Аслини олганда, ана шу позициянинг ўзи “Ислом Каримовнинг аниқ дастури йўқ. Позициясини ошкор айтмаяпти”, деган таъналарга жавоб эди.
Масаланинг иккинчи асосли ва мантиқий томони ҳам бор. Чунончи, у мамлакат то мустақил бўлмагунча ҳеч қачон миллий равнақ бўлмаслигини, том маънодаги тарих ҳақиқатини тиклаш учун эса аввало мамлакат озод бўлиши зарурлигини сиёсий, назарий ва амалий жиҳатдан кўрсатиб берди.
Бу воқеаларни бугун – орадан бирмунча вақт ўггач, хотиржам эслаш осон. Ўша пайтларда эса ҳар бир кишининг қалбида аллақандай ҳадик, ифодалаб бўлмас қўрқув, унга қоришиб кетган севинч ва ҳаяжон бор эди. Ўз даврида ушбу ҳодисаларни ҳар ким ўзича тушунди, ўзича талқин этди. Бироқ Ўзбекистон раҳбарияти ўз сўзида собит турди. Турли ҳийлаю найрангларни, иғво ва маломатларни қатъият ва амалий иш билан енгди. Охир-оқибатда эса Ўзбекистон яна бир бор ўз куч-қудратини, сиёсий салоҳиятини ёрқин намойиш этди. 1991 йил 31 август куни Иттифоқдош республикалар ичида биринчилардан бўлиб ўз мустақиллигини эълон қилди ва уни қонун билан мустаҳкамлаб қўйди. Бу сана тарих саҳифасида абадий қолади!
Президент Ислом Каримов сессияда мустақиллик моҳияти, унинг тарихий зарурат эканлиги хусусида гапирар экан, мустамлакачилик асорати ва собиқ Иттифоқда қарор топган муҳитни рўй-рост очиб ташлади:
“Мамлакат катта фалокат ёқасига, жар ёқасига келиб қолганини кўриб турибмиз. Халқ ўзининг эртанги кунга ишончини кундан-кунга йўқотаяпти. Одамлар ўзларининг, оиласининг, бола-чақасининг тинчлигига кафолат истайди. Улар тўкис, хотиржам ҳаёт талаб қиляпти. Бу истаклар, бу талаблар сафсатабозлнк ва ваъдабозлик остида кўмилиб кетяпти.
Бизнинг халқимиз сабр-бардош, яхшилик, осойишталик, бошқа халқларга нисбатан хайрихоҳлик руҳида тарбияланган. Бу халқ бугун биздан ҳимоя талаб қилаяпти, тинч-тотув ҳаёт, оғир меҳнатига яраша турмуш шароитларини талаб қилаяпти. Бу – ҳаққоний ­талабдир.
Ўзбекистон раҳбарияти ҳеч қачон, қандай иттифоқ бўлмасин, ким билан иттифоқ бўлмасин, қандай шароит бўлмасин, иккинчи даражали ролга рози бўлмайди, бунга йўл ҳам қўймайди”.
Бу нуқтаи назар Ватан ҳисси, миллий руҳ, миллий туйғу давлат сиёсати даражасига кўтарилганининг яққол ифодасидир.
Президент Ислом Каримов мустақиллик тўғрисида қонун қабул қилиш, энди СССР таркибида ортиқ қолиб бўлмаслигини, ундан чиқиб, чинакам миллий равнақ ва миллий тараққиётга замин яратишимиз зарурлигини уқтириб, “Бу қонунда қадимий ва янгиланаётган диёримизда истиқомат қилаётган барча кишиларнинг хоҳиш-иродаси ўз ифодасини топган. Халқимизнинг бу эзгу хоҳиш-иродаси эса биз учун муқаддасдир”, деди.
Ислом Каримов тасаввурида том маънодаги маънавият, энг аввало, Ватан туйғусидир. Ватан туйғуси ҳам миллий мансублик сингари ҳар бир шахснинг мавжудлиги билан боғлиқ бўлган мўътабар ҳодисадир. Зеро, инсон қайси замон ва қайси маконда яшамасин, туғилган юртини ўзгартира олмайди, ундан тонолмайди. Ватан ва миллат туйғусининг мўътабарлиги, улуғлиги, муқаддаслиги ана шунда. Шунинг учун ҳам Ислом Каримов энг аввало мустақилликни англаш учун миллатни анг­лаш, ўзликни англаш, Ватан ва унинг буюк ўтмиши билан фахрлана олиш ҳиссини уйғотишга ҳаракат қилди. Айни пайтда мустақиллик йўли ҳақиқат йўли, инсон ҳақ-ҳуқуқлари йўли, маънавий етуклик, юксак маданият, бой инсоний фазилатлар мажмуидир. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари ўз танлаган йўлининг тўғрилигига қатъий ишонди ва миллионлаб юртдошларимизни ҳам бунга ишонтира олди ва “…Бизни танлаган йўлимиздан ҳеч ким ҳеч қачон қайтара олмайди, зотан, Ватанга бўлган меҳру муҳаббат ҳар қандай муаммони ечишга, ҳар қандай ёвуз кучни енгишга қодирдир. Энди ортга йўл йўқ. Ўзбекистон истиқболини собитқадамлик билан барпо этмоғимиз зарур. Бу йўлда иккиланмоқ, манфаатпарастликнинг майда-чуйда ташвишларига ўралашмоқ – Ватанга, халққа, келажак авлодга хиёнат бўлади. Истиқболдаги Ўзбекистон Ватан озодлиги насиб этмаган боболаримизга улуғвор ҳайкал бўлажак! Ўзбекистоннинг шуҳратига шуҳрат қўшувчи фарзандларимизга муқаддас бешик бўлажак”, деб ўз мақсадларини ифода этди.
…Йигирманчи асрнинг охири собиқ СССР таркибидаги бошқа халқлар қаторида ўзбеклар ҳаётида ҳам туб бурилиш ясади. Аср бошида Марказий Осиё халқлари турли миллат ва мамлакатларга қанчалик сунъий равишда бўлиб юборилиб, мустамлакага айлантирилган бўлса, аср охирида шунчалик табиий равишда бу мамлакатлар ўз мустақиллигига эришди ва миллий тараққиёт йўлидан бориб, тенг ҳуқуқли суверен давлатлар сифатида ўзаро ҳамкорлик асосидаги умумий иқтисодий хонадонни вужудга келтиришмоқда.
Дунёга ортиқча шов-шувлар, дўқ-пўписалар ва асоссиз дағдағалар билан ўз қудратини кўрсатиб келган, СССР деб аталган зўравонлик мамлакати ич-ичидан зил кетиб, чок-чокидан сўкилиб кетди. Унинг ҳудудига кирган қардош республикалар мустақил давлат мақомини олди. Ана шундай тарихий шароит, ижтимоий-сиёсий пўртана ва мислсиз бўҳронлар янгидан-янги сиёсатчиларни, улкан давлат ва жамоат арбобларини вужудга келтирди. Ўта зиддиятли, мураккаб, инқилобий ўзгартирувчилик моҳиятига эга бўлган бўҳронлар турли мустақил мамлакатларда турли янги йўналишдаги сиёсий арбобларни юзага келтирди. Ўзбекистонда эса, Ислом Каримовни кашф этди.
Ислом Каримов – иқтидорли инженер ва иқтисодчи олим сифатида кўзга ташланган мутахассис. Заводда мастер ёрдамчилигидан етук муҳандис-конструктор, самолётсозлик тажрибасига ўзига хос мулоҳазалари билан амалий ҳисса қўшган, айни пайтда оддий халқ турмуши, ишчи қалбининг кечинмалари билан яқиндан таниш бўлган ва инсоният ҳаётининг муҳим, ниҳоятда мураккаб қисми оламини чуқур ўрганган. Натижада, унинг ижтимоий-руҳий дунёсидан сиёсий мазмун чиқара оладиган ва уларни ҳал этишда ўзини масъул ҳис этадиган шахс сифатидаги шаклланиш йўлини босиб ўтди. Узоқ йиллар Давлат режа қўмитасида, Молия вазирлигида раҳбарлик лавозимларида, Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Раисининг ўринбосари ва Қашқадарё вилояти партия қўмитасининг биринчи котиби вазифаларида ишлаб, катта ташкилотчилик тажрибасига, сиёсат ва амалиётда улкан иқтидорга эга бўлган раҳбар сифатида шакл­ланди.
Ислом Каримовнинг сиёсий майдонга чиқиши унинг ҳаёт йўли каби ўзига хос. Албатта, у ҳам ҳамма қатори ҳукмрон сиёсат доирасида яшади. Мураккаб, ўта тоталитар ижтимоий-сиёсий тузум қобиғида ўсди, коммунистик мафкура таъсирида бўлди. Бироқ, мавжуд режимнинг “қатъий интизоми” Ислом Каримов хоҳиш-иродасига, руҳияти ва кечинмаларига ҳамма вақт ҳам тўғри келавермас эди. Албатта, у мавжуд ҳукмрон сиёсий режимга қарши инқилоб қилган эмас. Бироқ, хатти-ҳаракати, иш юритиш услуби, мавжуд муаммоларни ҳал этишда ёндошиш усули жиҳатидан айрим белгилари билан ўз сафдошларидан фарқ қилиб турар эди. Бу айниқса, фикрлаш тарзи, дунёқараши ва онгли муносабатда аниқроқ кўринар эдики, кўр-кўрона ишлаш, коммунистик ақидапарастлик, сохта ва ясама ғоявийлик авж олган бир муҳитда Ислом Каримов шахсини, унинг бутун ўзига хослигини кўрсатарди.
Дарҳақиқат, у узоқ йиллар партиявий тизимнинг турли тоифадаги имтиёзли аппаратларида эмас, аксинча “чекка-чекка”ларида – саноат ва хўжалик идораларида турли катта-кичик лавозимларда ишлади. Жамият тараққиётининг асосий омили – меҳнаткаш халқ ҳаёти, унинг дунёқараши билан уйғун ҳолда ҳаёт кечирди. Айтиш мумкинки, 70 йиллик Коммунис­тик мафкурадан ана шундай “бироз бегоналик” унинг сиёсатининг табиатини, софлигини, улкан тажриба билан соғлом фикр, катта куч-ғайрат билан ёрқин ва рангин дунёқараш уйғунлиги каби ғоят ноёб сиёсатнинг бутун сифатини белгилайди. Натижада, ана шу сифатнинг ўзи Президент Ислом Каримовнинг сиёсий қарашлари ва бошқарувчилик услубида ўз сафдошлари ва яқин ўтмишдошларидан кескин фарқли ҳолда ғоятда кучли халқчиллик ва ҳаётийликка замин бўлди. У катта билим ва ҳаётий тажрибага асосланган, назария ва амалиётни уйғунлаштира олган олим-академик – раҳбар тимсолида Ўзбекистоннинг келажаги буюк давлат эканлигини исботлаб берди.
Ҳали партия ҳукмронлик қилаётган бир пайтда кутилмаганда Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиблигига Ислом Каримов сайланишининг ўзи, айниқса, раҳбариятдаги кўп кишиларни ташвишга солиб қўйди. Халқ эса унинг шахсияти билан қизиқа бошлади. Мухолиф гуруҳлар ва ҳаракатлар раҳбарлари, айрим пайтларда эса якка шахслар турли жазавалару васвасалар гирдобига тушишди. Очиқдан-очиқ унинг ишига тўғаноқ бўлиш, сиёсатига ишончсизлик билдириш билан шуғулландилар.
Вақт – олий ҳакам. Халқ – воқеа-ҳодисаларнинг ичида яшаб, унинг бутун жараёнларини юрак элагидан ўтказиб, сўнг у ёки бу тарзда баҳолайдиган буюк мезон. У аввал эринмай ҳар бир нарсани назаридан ўтказади. Мулоҳаза юритади. Сўнг холис фикрини айтади.
Тўғри, халқ орасида баъзан турли норозилик ҳаракатларига тушуниб-тушунмай эргашадиган, уни қўллаб-қувватлайдиган, ҳар хил иғвогарликларга ишонадиган кишилар ҳам топилади. Ахир, бу халқ-да! У бутун нуқсонию фазилати билан, барча камчиликларию ютуқлари билан яхлитлигича халқ! Бошқача бўлиши мумкин эмас. Сиёсатнинг кучи, сиёсатчининг истеъдоди, сиёсий ҳаётнинг соғлом ва таъсирчанлиги ана шу ўта мураккаб, зиддиятли, қарама-қарши фикрлар ва қарашларни бирлаштирган яхлитликни – халқ оммасини бир йўналишга солиб, бир ўзанга буриб юборишда.
… Ислом Каримов қандай шароитда ҳокимият тепасига келди? Ўтмишдошларидан унга қандай жамият мерос қолган эди? У қандай вазиятда иш бошлади?
Маълумки, Шароф Рашидов вафотидан сўнг Ўзбекистонда парокандалик вужудга келди. Сабаби ўша пайтдаги биринчи раҳбарнинг ўта бўшанглиги, мустақил фикрга эга эмаслиги ва мунофиқлиги туфайли бутун мамлакат ва миллат бадном этилди. Ўзбек порахўр, боқиманда, текинхўр ва ношуд халқ сифатида шармандаю шармисор қилинди. Бу шунчаки тасодифий ҳодиса эмас. Балки ўша пайтдаги раҳбариятнинг Марказ билан биргаликдаги сиёсий йўли, пишиқ-пухта ишлаб чиқилган концепцияси, ҳар томонлама ўйлаб, ақл-идрок билан амалга оширилаётган ниятлари эди.
Кремлнинг қўлида қўғирчоққа айланиб қолган, мустақил фикрга эга бўлмаган, ўз миллатимиздан чиққан мунофиқлар бутун Ўзбекистонни хонавайрон қилишди. Миллат шаънига, унинг асрлар мобайнида тўплаган обрў-эътиборига, миллий қадриятларига доғ туширишди. Бутун ўзбек халқини порахўр, лаганбардор, ўғри ва муттаҳам қилиб кўрсатишди. Натижада минглаб тажрибали ва етук, мамлакат равнақига чинакамига таъсир кўрсата оладиган раҳбарлар қасддан йўқ қилинди. Ваҳолонки, “пахта иши”га ўхшаган салбий ҳодисалар Москвада, Россиянинг қатор вилоятларида ва бошқа иттифокдош республикаларда ҳам турли шаклларда бундан ҳам оғирроқ, бундан ҳам даҳшатлироқ тарзда мавжуд эди.
Аҳоли тиғиз жойлашган, моддий жиҳатдан жиддий етишмовчилик­лар қуршовида қолган минтақаларда миллатлараро низоларни келтириб чиқариш ва шу йўл билан аҳолини асосий мақсад ва интилишларидан чалғитиб, ўз ҳукмдорлигини сақлаб туришга интилган Кремль республикамизнинг ўша пайтлардаги раҳбарияти ношудлигидан устамонлик билан фойдаланди. Юртимизда вужудга келган турли хилдаги тангликлар, жумладан, месхети туркларининг ўз тарихий ватанига қайтишдек адолатли талаблари юзасидан келиб чиққан норозиликларни чувалаштириб, қонли тўқнашувга олиб келди. Бу мунофиқ сиёсат ўзини ҳеч нарса билан оқлолмайди, тарих ҳамиша уни лаънатлаб ўтади. Қўғирчоқ раҳбарлар бутун миллатни, минг-минглаб хонадонларни ўзларининг вақтинчалик амал курсилари учун қурбон қилдилар.
Ўзбекистонда ижтимоий, иқтисодий, маънавий-руҳий вазият аянчли аҳволда эди. Буни қуйидагиларда кўриш мумкин: биринчидан, “пахта иши”, “ўзбеклар иши” деб номланган ва Кремль сценарийси асосида СССР Бош прокуратураси терговчилари Гдлян ва Иванов бошчилигида янги қатағон даври атайлаб ташкил этилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, пахтачилик билан шуғулланадиган оддий бригадир ёки ҳисобчидан тортиб республиканинг биринчи раҳбаригача бўлган масъул шахслар қамоққа олинди. Тўрт мингдан ортиқ қишлоқ хўжалигини бошқаришнинг турли поғоналарида ишлаган тажрибали раҳбарлар жазоланди. Натижада, бутун Ўзбекистонда қўрқув, таҳдид, келажакка ишончсизлик, ҳаётга умидсизлик билан қараш кайфияти кучайиб кетди. Жамиятда парокандалик вужудга келди. Ҳамма бир-биридан ҳадиксирайдиган умидсиз аҳволга тушиб қолган эди.
Иккинчидан, Рашидов вафотидан сўнг унинг тириклигида ва раҳнамолигида вужудга келган катта ташаббускорлик, шижоатлилик, ялпи ғайрат руҳияти барбод бўлди. “Рашидовчилик” деб номланган сохта ва уйдирма компания авж олди. Кучли, мустақил фикрга эга бўлган, ҳар қандай шароитда ҳам ўз соҳаси ва ташкилотини ривожлантира биладиган қатъиятли раҳбарлар Рашидовнинг одами сифатида эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Улар устидан жиноий иш қўзғатилди (Тошкент тиббиёт институти ректори, академик Ў.Орипов сингари). Рашидовнинг халқаро майдондаги катта обрў-эътиборини йўққа чиқариш мақсадида бутун ўзбек халқи бадном қилинди. Унинг шаъни поймол этилди. Жамиятда руҳий озурдалик, маънавий қашшоқлик, иқтисодий танглик, ижтимоий жигаллик чуқурлашиб кетди.
Учинчидан, одамлардаги руҳий ва маънавий мувозанатнинг издан чиқиши, хусусан, ёшларни саросимага солиб қўйди. Ҳали аниқ ҳаётий позицияга эга бўлмаган, турмушда муҳим бир фикр ва мақсади шаклланмаган, ақлдан кўра эҳтироси баланд бўлган ёшлар кайфиятида тушкунлик, аниқ келажагини тасаввур қила олмаслик, истиқболни кўролмаслик иллатлари кучайди. Хусусан, 18-22 ёшлардаги қизлар орасида ўзига ўзи ўт қўйиш иллатлари авж олди. Бу ҳаётдан норозилик ва умидсизликнинг натижаси эди.
Тўртинчидан, Ўзбекистон йигитларини камситиш, уларнинг шаънига тегиш СССР раҳбариятининг сиёсий қарашларидан бири эди. Жумладан, ўзбек йигитлари гўёки майиб-мажруҳ, ногирон, ақлий ва руҳий жиҳатдан етук эмас. Шунинг учун улар Совет қуролли кучлари таркибига фақат қурилиш батальонларига яроқли деб қараларди. Ҳаракатдаги қўшинлар таркибига эса яқинлаштирилмасди. Хусусан, 80-йилларнинг иккинчи ярмида Совет қуролли кучларига жалб этилган ўзбек йигитлари номаълум сабаблар билан кетма-кет вафот этишарди. Уларнинг жасадлари темир сандиқларда мутлақо очилмаслик шарти билан уйига юбориларди. Бу жиддий ва изтиробли вазият бутун республика аҳли руҳиятини синдириб, кайфиятини абгор қилган эди.
Бешинчидан, Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар бўйича иттифоқдош республикалар орасида 14-ўринда эди. Ваҳоланки, аҳоли сони жиҳатидан 3-ўринда – РСФСР, Украинадан кейин турарди. Катта аҳолига, бунёдкор, фидойи, меҳнаткаш халққа, буюк тарих ва маданий меросга, юксак интеллектуал салоҳиятга, беқиёс ер ости ва ер усти бойликларига эга бўлган Ўзбекистон хонавайрон қилинди, талон-тарож этилди. Республика фақат хом-ашё ўлкасига айлантирилди. Олтин, газ, уран, мис, алюминий ва бошқа қимматбаҳо ер ости бойликларининг бир грамми ҳам Ўзбекистонда қолдирилмай марказга олиб кетиларди.
Ўзбекистон СССРнинг асосий пахта ва ипак етиштирувчи таянчи ҳисобланарди. Ҳар йили олти миллион тоннадан ортиқ сифатли пахта Ўзбекистонда етиштириларди. Энг олий навли пахта толаси СССР давлатининг ҳарбий-стратегик аҳамиятга эга бўлган хом-ашёси эди. Машаққатли меҳнат билан етиштирилган пахта тан нархи эса жаҳон бозоридагидан бир неча баравар арзон эди. Бир кило пахта учун теримчига бир, икки, нари борса беш тийин тўланар эди. Пахта толасининг тўқсон фоизидан ортиғи Россиянинг Иваново ва Новгород шаҳарларига олиб борилиб, у ерда тайёр маҳсулотга айлантириларди. Мутахассисларнинг хулосаларига кўра бир килограмм пахта толасидан иккита 52-ўлчамдаги эркаклар кўйлаги тикилар экан. Бир кило пахтага икки тийин тўлаб, Россияда тикилган кўйлакнинг ҳар бирини йигирма беш сўмдан пахта етиштириб, уни мисқоллаб териб, топширган пахтакорга сотилар эди. Ижтимоий адолат ана шу тарзда қўпол равишда бузилган, миллатни таҳқирлаш ва камситиш чексиз даражада шаклланган эди.
Олтинчидан, Ўзбекистон болалар ўлими бўйича иттифоқдош республикалар орасида биринчи ўринда турарди. Маълумотларга кўра туғилаётган чақалоқларнинг ҳар мингтасидан 57 таси бир ёшга тўлмай вафот этган. Ўлик туғилганлари, майиб-мажруҳлари, ногиронлари бу ҳисобга кирмайди. Пахта майдонларида миллатни геноцидга олиб келадиган, уни генофонини таназзулга олиб борадиган химиявий моддалар ишлатилар эди. Ушбу оммавий қирғин воситаси самолётларда, баъзи ҳолларда боғ-роғлар, аҳоли яшайдиган жойлар устидан сепилиб кетарди.
Еттинчидан, СССР ҳукумати ўз инқирозини тушуна бошлагач миллий республикаларда турли низоларни ташкил этиш, шу орқали бутун мамлакатда фуқароларни чалғитиш ва таҳдид, қўрқув руҳиятни кучайтириш йўлидан борди. Натижада, Боку, Тбилиси, Тоғли Қорабоғ, Киев, Минск, Ленинград, Олмаота воқеалари атайлаб ташкил этилди. Бирин-кетин содир этилган ушбу қонли тўқнашувларда минг-минглаб бегуноҳ одамларнинг қони тўкилди. Бу нобакор сиёсатнинг навбатдаги ўйини Ўзбекистонда уюштирилди. Бир неча йиллар мобайнида қон-қариндош бўлиб кетган, менталитети жиҳатидан чумолига ҳам озор бермайдиган, топганини зарур бўлса душманидан ҳам аямайдиган ўзбек халқи билан месхети турклари ўртасида қонли тўқнашув ташкил этилди. 1989 йил май ойининг охирида Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида содир бўлган миллатлараро низо тез орада Марғилон, Қўқон шаҳарларига кўчди. Ундан сўнг Тошкент вилоятининг Бўка, Паркент туманларига, Сирдарё вилоятининг Янгиер, Гулистон шаҳарларига, Буҳоро вилоятининг Буҳоро туманига (Мичурин номидаги боғдорчилик совхозига) кўчди. Ўзбекистон қонга бўялди.
Ислом Каримов ана шундай – муаммолар устига муаммолар қалашиб, масалалар чувалашиб кетган, мураккаб ва зиддиятли бир пайтда ҳокимият тепасига келди. У ўзи раҳбар этиб сайланган Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси пленумининг 1989 йил 23 июндаги йиғилишидаёқ ўз позициясини аниқ-равшан кўрсатиб берди. Жумладан, мамлакатни жар ёқасидан қайтариб олиш, минтақада миллатлараро тотувлик ва барқарорликни бутун чоралар билан таъминлаш, тўпланиб қолган муаммоларни тезроқ бартараф этиш учун бутун куч ва имкониятларини жамлаб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш кераклигини уқтирди.
…Шахснинг жамият тараққиётида тутган роли бениҳоя катта. Мавжуд тузум мамлакат раҳбарининг шахси, унинг феъл-атвори, хатти-ҳаракати, ўзига хос фикрлаш тарзи, дунёқараши ва воқеа-ҳодисаларга муносабатига қараб у ёки бу тарзда шаклланади. Айрим пайтларда эса раҳбар – шахс­нинг феълига ва қобилиятига қараб, бутунлай, кутилмаган ҳодисалар юз берадики, улар жаҳон тараққиёти ва инсоният тақдирини бутунлай ўзгартириб юборади, тарих саҳифаларида абадий қолади.
Дейлик, Соҳибқирон Амир Темур туркий улусни ва Туркистонни бирлаштириш, яхлит давлатни вужудга келтириш орзу-истаги билан яшамаганида ёки унинг ўрнида бошқа бир одам тахт тепасига келганида буюк тамаддун ҳодисаси юз берармиди? Заҳириддин Муҳаммад Бобур “оёқ етганча кетгаймен ” деб кўнглида фиғон, дард ва ҳасрат билан “Ҳинд сори юзланди”-ю, турли дин, мазҳаб ва ақидалар билан яшаётган халқларни бирлаштириб, буюк Ҳиндистон давлатига асос солди. Бутун Ер шарининг улкан бир қисмида фан, маданият ва санъатни ривожлантириб, одамлар онги ва дунёқарашида тўнтариш ясади. Минтақа халқлари тақдирини бутунлай бошқа ўзанга буриб юборди.
Мана энди ҳақли савол туғилади. Мабодо Ислом Каримов ўрнида ҳокимият тепасига бошқа одам келганида нима бўлар эди? Албатта, ҳозирги тарздаги ижтимоий-сиёсий муҳит бўлмас эди! Ё “ўта демократлашган” хонавайронлик юз берарди-ю, минг-минглаб одамларнинг ёстиғи қурир эди ё бу юксак лавозимнинг ниҳоятда оғир юкига, машаққат ва азоб тўла масъулиятига бардош беролмай, Ўзбекистондай улкан имкониятлар мамлакати ҳам, унинг халқи ҳам бир ҳовуч енгилтак амалпарастларнинг қурбони бўлиб кетарди. Бошқача эмас! Президент Ислом Каримов сиёсатининг бутун салмоғи, Шахс сифатидаги қадрияти унинг ақл-идрок ва таҳлилий салоҳиятида, узоқни кўзлаб иш тутишида эди.
Ислом Каримов – тарихий ва ижтимоий ҳодиса. У мутлақо янги даврнинг мутлақо янги услубдаги одами. У янги тарихий шароитларда вужудга келган, бутунлай янгича ижтимоий-сиёсий жараёнлар таъсирида шаклланган, ана шу жараёнларни ўз сафдошлари ва замондошларидан мутлақо фарқли ҳолда фавқулодда зукколик, зийраклик ва донишмандлик билан идрок эта биладиган, уларни журъат ва жасурлик билан ҳал эта оладиган сиёсатчи. У ҳар қандай ислоҳотларни бутун моҳияти билан англай биладиган, вужудга келаётган воқеа ва ҳодисаларни бутунлай янги йўналишга моҳирлик билан буришга қодир бўлган иқтидорли давлат раҳбари, йирик ва кенг қамровли етакчи.
Каримов сиёсати – қаттиққўллик билан меҳрибонлик, қатъиятлилик билан меҳр-мурувват, талабчанлик билан қатъий интизом уйғунлашиб кетган, халқ дунёқараши ва табиатидан келиб чиққан жонли ва ҳаётий сиёсат. Айни пайтда у янгича қарашлар ва янгича тафаккур сиёсати. Акс ҳолда, Ўзбекистонда жуда мураккаб ва ҳар томонлама зиддиятли бир пайтда сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий барқарорлик вужудга келмаган бўлур эди. Аниқ ишлаб чиқариш мароми, аниқ мақсадни кўзлаган, барча таҳдид ва таҳликалардан устун келган, умид ва ишончга таянган турмуш тарзи йўлга қўйилмаган бўлур эди.

 

2018/1

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/04/17/%d0%bd%d0%b0%d1%80%d0%b7%d1%83%d0%bb%d0%bb%d0%b0-%d0%b6%d1%9e%d1%80%d0%b0%d0%b5%d0%b2-%d1%82%d0%b0%d1%80%d0%b8%d1%85%d0%b8%d0%b9-%d0%b4%d0%b0%d0%b2%d1%80-%d0%ba%d0%b0%d1%88%d1%84%d0%b8%d1%91%d1%82/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x