Неча асрлар давомида жарроҳлик ўтказишдан аввал оғриқсизлантирувчи воситаларнинг кўпгина турлари таклиф этилди, айримлари эса рад этилди.
Ўрта асларда беморга алкоголли ичимлик ичириб, маст қилиш усули ҳам қўлланган. Кейинчалик оғриқни қолдирувчи бир қанча доривор гиёҳлардан фойдаланилган.
XIX бошларида рўй берган бир воқеа кишини ҳаяжонга солади. Француз жарроҳи Вардроп оғриқсизлантириш мақсадида атайлаб беморда қон кетишига йўл қўйиб беради. Аёл кўп қон йўқотганидан сўнг ҳушидан кетади, шунда жарроҳ тезда ишга киришиб, бемор аёлни операция қилади ва унинг пешона суягидаги ўсмани олиб ташлайди.
Жарроҳдан нима учун бундай қилганини сўрашганида, у анча йиллар аввалги кузатишлари ҳақида гапириб берган. Жангда ярадор бўлиб, кўп қон йўқотган аскарлар операцияни қийналмай ўтказганликлари ва қисқа вақт ичида соғайганларига жарроҳ Вардропнинг ўзи гувоҳ бўлган экан.
XX аср бошларида олимларнинг тинмай изланишлари туфайли кураре дориси яратилди ва у наркоз ўрнида қўлланилди. Бу анестезиологияда катта янгилик эди.
Эндиликда оғриқсизлантириш усуллари такомиллашди. Ўта мураккаб, ҳатто бош мия ўсмаларини олиб ташлаш, аъзоларни кўчириб ўтказиш (трансплантация) жарроҳликларнинг муваффақиятли ўтказилаётганлиги олимларнинг кўп асрлик изланишлари натижасидир.
Оғриқсизлантирувчи моддалар бемор организмига бир неча усуда юборилади. Масалан:
- ингаляцион наркоз (нафас йўллари орқали юборилади);
- венага (уйқу дорилари барбитурат) кислота ҳосиласидан фойдаланилади;
- тўғри ичак орқали;
- суяк ичига (тери ости венаси яхши ривожланмаган ҳолларда наркотик модда суяк ичига юборилади);
- мушаклар орасига;
- тери остига қўлланилади.
Ингаляцион наркозда эфир ва шу сингари моддаларнинг буғи беморга ҳидлатилади. Бунда махсус аппаратлардан фойдаланилади, афзаллиги шундаки, бемор тез ухлаб қолиб, ҳеч нимани сезмайди.
Кўпинча вена наркози билан ингаляцион наркоз бирга қўлланилади, яъни наркотик моддалар венага юборилиб, бемор ухлагач, ингаляцион наркоз бериш бошланади. Шу тарзда ўпка, юрак, йирик томирлар ва бош мияни бемалол операция қилиш мумкин бўлади. Вазиятга қараб беморларга электронаркоз ҳам қўлланилади (махсус аппарат ёрдамида бош мияга маълум частотали ток таъсир эттирилади).
Баъзан халқ орасида “наркоз умрни беш-олти йилга қисқартираркан”, деган гапларни эшитиб қоламиз. Бу мутлақо нотўғри! Ҳамма замонларда ҳам табибу шифокорлар учун бемор ҳаёти биринчи ўринда турган. Агар наркознинг инсон соғлиги ва умрига зарари бўлганида, бу усул жарроҳликда умуман қўлланилмасди.
Нарзиқул ХУДОЙНАЗАРОВ,
олий тоифали анестезиолог-реаниматолог,
“Шуҳрат” медали соҳиби.