Набижон БОҚИЙ ХОРАЗМЛИК ОЛМОНЛАР

Қизим Узро бонуга бағишлайман

Хоразмни қазсангиз агар,
Ер остидан дунёлар чиқар…
Матназар АБДУЛҲАКИМ

Олмонияга Хоразмдан олтмиш-етмиш оила кўчиб бориб, муқим яшаб қолиши мумкинми? Мактаб қуриб, масжид тиклаб, урф-одатларини сақлаб қолиши, мусулмон ўзбек сифатида ҳалол тер тўкиб, ҳаёт кечириши мумкинми?
Бундан деярли 140 йил муқаддам насроний динининг меннонит мазҳабига мансуб олтмиш-етмиш немис оиласи Хива хонлиги тасарруфидаги Оқмасжид қишлоғига келиб ўрнашади. Улар эътиқодини сақлаб қолади, ҳалол меҳнат қилиб ҳаёт кечиради. Мактаб қурадилар, ибодатхона тиклайдилар. Эллик беш-олтмиш йил Хивадан ўн икки чақирим наридаги унумдор ерларда эмин-эркин ризқини терадилар. 1935 йилда большевик-шўравийлар аёвсиз равишда уларни Сибирь ўлкасига бадарға этади…
Ушбу эссе-тадқиқотимиз яқин ўтмишда бағрикенг халқимиз гувоҳлигида юз берган ўша унутилмас воқелар тўғрисида.

ЭСКАРТМА

2014 йили баҳор мавсуми охирларида Хоразмга бордим. Аниқроғи, май ойи бўйи воҳада бўлдим. Урганчдаги вилоят архивида салкам юз йиллик тарихий ҳужжатлар яп-янги муқовалар орасида ниҳоятда авайлаб сақланаётган экан. Шоир Эрпўлат Бахт билан 1927–1932 йилларга алоқадор минглаб эски жилдтахламаларни титкилаб ўтириб, фавқулодда қизиқарли ҳужжатларга дуч келиб қолдим.
Аслида, камина Хоразмга махсус сафар қилиб, ўрганаётган мавзу “хотин-қизлар озодлиги” (паранжи ташлаш кампанияси) билан боғлиқ эди. Кутилмаганда архивдан Хива шаҳри жанубида (ўн икки чақирим нарида) жойлашган Оқмасжид қишлоғида яшовчи “менуитчи” (“меннонитчи”) немислар тўғрисида 1928 йили маҳаллий партия ходими ёзиб қолдирган ҳисоботга дуч келиб, э-э воҳ, ростакамига ҳайрат бармоғимни тишлаб қолдим. Сўнгра шу қишлоқда яшаган “менуитчи” немислар тўғрисида архивда қанча ҳужжат бўлса, ҳаммасидан нусха олдим.
Биз немисларнинг насроний эканини яхши биламиз. Лекин улар қайси мазҳабга мансуб: католикми ёки протестант? Бу саволга олис овулларда яшайдиган ўзбеклар дадил жавоб бера олмайди. Лекин бир вақтлар “меннонитчи” немислар билан битта қишлоқда ёнма-ён яшаган ўзбекларнинг авлодлари тақдир тақозоси билан Овруподан Хоразмга келиб қолган ўша муҳожирларни ҳозиргача ниҳоятда меҳнаткаш ва ҳалол инсонлар сифатида эҳтиром ила эслайди.
Дарвоқе, май ойи охирларида зарур ишларим борлиги сабаб Тошкентга қайтдим. Ёз чилласида эса олмончани сув қилиб ичган Узро қизим ҳамроҳлигида яна Хоразмга бориб, тарихий йўқламани қолган жойидан давом эттирмоқчи бўлдим. Аммо шароит тақозоси билан қизим бу сафарда менга ҳамроҳлик қилолмади, натижада битта ўзим изланишларимни поёнига етказдим.
Рисола ёздим. Менингча, қизиқиб ўқилса керак. Яна қайдам, ҳакам ўзингиз, ўқувчим.
Н. Б.

МЕННОНИТЧИЛИК ТЎҒРИСИДА

(Википедия эркин энциклопедиясидан олинди)

Меннонитчилик – насронийларнинг протестант мазҳабига мансуб диний оқим бўлиб, унга Менно Симонс (1496–1561) асос солган. Менно Симонснинг миллати голланд бўлган. XIV асрнинг 30-йилларида меннонитчилик пайдо бўлади; ўша кезлар Голландияда ислоҳотчилик ҳаракати бошланади, бу ҳаракатда радикал ва муросасоз анабаптистлар ҳам қатнашади. Меннонитчилар куч ишлатмаслик, қаршилик кўрсатмаслик ғоясини дастуруламал этиб олган бўлиб, шунга кўра, улар қўлларига қурол олмайди, ҳарбий хизматдан бўйин товлайди. Меннонитчилик давлат манфаатларига мос келмагани учун ҳам сиёсий норозиликдек кўринади. Ҳокимият маъмурлари меннонитчиларни ҳарбий хизматга сафарбар этмоқчи бўлса, улар эмиграцияни маъқул кўрган. Яъни, ўзлари яшаб турган мамлакатни оммавий равишда ташлаб чиқиб кетган. Улар илк бора XVI асрнинг 40–50-йилларида шундай ҳижратни амалга оширган. Дастлаб Голландиядан Шимолий Олмонияга, сўнгра Ғарбий Пруссияга кўчиб ўтадилар. 1560 йилда меннонитчилар иккинчи марта оммавий равишда кўчади. Бу сафар Англия, Франция, Олмония ва Польшага кўчиб борадилар.
XVIII асрнинг иккинчи ярмида қиролича Екатерина Иккинчи таклифига биноан меннонитчиларнинг катта қисми Россияга кўчиб келади.

* * *

Менно эсини таниган чоғларида қишлоқда католик руҳонийси эди. Реформация даврида ислоҳотчиларнинг кўплаб китобларини мутолаа қилади. Хусусан, Мартин Лютер асарларини ўқийди. 1531 йилда Леуварденда анабаптистлар қатл этилишига гувоҳ бўлади. Ноҳақ қатл этилган одамларга ачинади. Сўнг анабаптистлар ҳақ эканига ишонч ҳосил қилади, бунга Инжили шарифдан далиллар топади. Меннонинг укаси ҳам анабаптистлар сафига қўшилиб кетади. 1535 йилда анабаптистлар ишғол этган Доккума яқинидаги ибодатхонага ҳарбий кучлар ҳужум қилади, ҳужум чоғида Меннонинг укаси ўлдирилади.
Ички руҳий тўлғонишлардан сўнг Менно 1536 йилда католик маз­ҳабидан ошкора юз ўгиради ва анабаптистлар сафига қўшилади. У анабаптистларнинг асосий ғояларини қабул қилади. Лекин черковнинг сиёсий, жанговар йўналишини қабул этмайди. Ҳатто анабаптистлар раҳнамоси бўлмиш Иоанн Лейденский таълимотига қарши асар яратади. Иоанн Лейденский ҳукмдорликка даъво қилса, Менно эса уруш-жанжалсиз тинчгина яшашни тарғиб қиларди. У анабаптистларнинг “ҳаворий”лари-дан бўлмиш Обби Филипс томонидан қайта чўқинтирилгач, “элкезар даъватчи” фаолиятини бошлайди. Тез орада Кёльнда, жанубий Олмонияда, Мекленбургда ўз атрофига йирик жамоаларни бирлаштиради. 1543 йилда барча меннонитчиларнинг епископи рутбасини олади.
Буюк Литва князлиги вилоятларида ҳам ўз таълимотини беш йил тарғиб қилади. Болтиқ бўйида “Троица тўғрисида” номли асосий асарини яратади.
Меннонитчилик таълимотининг ўзига хос томонлари шулардан иборат: дунёда Тангри салтанатини тиклаш учун черковнинг соф ва илоҳий асосини яратиш керак; таълимотнинг асосий манбаи Инжили шариф эканини сўзсиз тан олмоқ лозим; Троицанинг илоҳий аҳамиятини эътироф этмоқ даркор…
Бундан ташқари, худди баптистлар каби балоғат ёшига етган одамларгина чўқинтирилади, токи одамлар онгли равишда диндор бўлсин, дунёвий кирлардан фориғ бўлсин. Судлашув, қасамёд, ҳарбий хизмат рад этилади. Меннонитчилик ўзининг тинчликсеварлиги, муросасозлиги билан фарқланиб туради. Ҳеч қачон зўравонликка, ёвузликка даъват этмайди. Ҳар бир мустақил қавм бошқаларга боғланмаган ҳолда ҳаёт кечиради. Қавмнинг ўзи диний раҳнамосини, таълимот ҳомийсини сайлаб олади. Қавм муаммоларини ҳал этиш учун черковнинг “умумий йиғилиши” чақирилади, йиғилиш қарори “диний раҳбарлар конвенти” томонидан тасдиқланади. Конвент қавмнинг расмий ҳокимият олдидаги вакили хисобланади.
XIX асргача меннонитчилик ҳаракати доимий курашлар тарихидан иборат бўлган. Ташқи “душман” – католиклар билан протестантлар бўл­са, ички “душман” – меннонитчилар орасида пайдо бўлган фирқалар эди.
Менно Симонс вафот этгач (1561 йил), Голландияда меннонитчилар ўн йил давомида қаттиқ таъқиб этилади. Катта ёшдаги одамлар чўқинтирилгани, қасамёд рад этилгани, ҳарбий хизматдан бўйин товлангани учун халқ уларни нафақат черковга, ҳатто давлатга ҳам душман деб ҳисобларди. Бу пайтларда намунали меннонитчилар энг қадимий насронийлар каби ҳаёт кечиришни, яъни қабила бўлиб яшашни афзал кўрарди. Шундай бўлса-да , улар орасида ҳам “масъала талашув”лар бўлиб турарди. Масалан, “Фақат ибодатхонада одамлар бир-бирининг оёғини ювиши керакми ёки хусусий уйларда ҳам бировнинг оёғини ювиш жоизми?” деган “масъала” юзасидан қизғин тортишувлар бўлиб ўтган.
Голландиялик меннонитчилар 1795 йилда ҳуқуқий жиҳатдан католик ва ислоҳатчиларга тенглаштирилади.
1847 йилда Пруссияда меннонитчилар ҳарбий хизматга мажбуран чиқариладиган бўлади. Шу боис уларнинг катта қисми Русияга кўчиб ўтади.
Украинага илк бора 1789 йилда 228 меннонитчи оиласи кўчиб келади. Уларга эътиқод эркинлиги берилган, ҳарбий хизматдан озод этилган. Ўн йил давомида солиқлардан қисман озод қилинган, ҳар бир оилага 65 дес­ятинадан ер берилган.
1874 йилда Русияда меннонитчилар ҳарбий хизматга мажбуран жалб этилиши тўғрисида фармон эълон қилинади. Оқибатда Русиянинг турли вилоятларида истиқомат қилаётган меннонитчилар Америка қитъасига кўчиб кета бошлайди.
1885 йилда бир гуруҳ меннонитчилар Туркистонга кўчиб келиб, Хива хонлиги ҳудудида ватан қуради.
Кўчирма: “Туркистонда Русия ҳукмдорлари мазҳабчи немисларга – меннонитлар билан адвентиларга тоқат қилишади, зуғум ўтказишмайди; улар диний урф-одатларини бемалол амалга оширишади. Уларнинг хўжаликлари бадастир эди. Мустамлака асорати остида қолган мазлумларга улар ҳар томонлама ўрнак этиб кўрсатилади. Шу боис меннонит мазҳабидаги немисларга махсус қўрғончалар барпо этиб яшашлари учун рухсат берилади. 1919 йилда улар бешта қўрғонча барпо этган эди (Центральная Азия в составе Российской империи. Европейский университет в Санкт-Петербурге. Факультет истории. Новое литературное обозрение. 2008 г. Стр. 257).
Бу маълумот Русия империяси “меросхўрлари” томонидан тайёрланганди ва талқин қилинган. Унга танқидий ёндашиб, мулоҳаза учун мавзу сифатида қараш лозим. Қолаверса, Туркистон генерал-губернаторлиги ҳудудида яшаган меннонит немислар ва бошқа сектантчи-мазҳабчилар тўғрисида гап кетяпти. Хива хонлиги ҳудудидаги меннонит немислар бевосита мусулмонлар қуршовида ҳаёт кечиради. Санк-Петербургда нашр этилган “Янги адабий шарҳ”да эса Оқмасжидда истиқомат қилган немислар тўғрисида лом-мим дейилмайди.
Биз Оқмасжидда туғилган ёки Хива хонлигида яшаган меннонит немисларининг дунёдаги турли мамлакатларга сочилиб кетган авлодлари билан ҳамкорликда ўз эътиқоди сабаб мисли кўрилмаган азоб-уқубатларни бошидан кечирган инсонлар тўғрисида тўлақонли тадқиқот-китоб яратишни ўз олдимизга эзгу мақсад этиб қўйганмиз. Худо хоҳласа, мақсадимиз рўёбга чиқса, китобхонлар изланишлар самарасидан баҳраманд бўлажак.

(Давомини журналдан ўқийсиз)

2019/9

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x