Мутриб Хонахаробий (1865-1925)

DO`STLARGA ULASHING:

Мутриб Хонахаробий (тахаллуси; асл исми Муҳаммад Ҳасан Ҳожи Табиб ўғли), (1865-Хива-1925) — шоир. Хивадаги Муҳаммад Аминхон мадрасасияа таҳсил олган. Мақомчи-бастакор сифатида ҳам машҳур бўлган (Мутриб—созанда, тахаллуси шундан).

Мутриб Хонахаробийнинг серқирра иқтидорини юқори баҳолаган Феруз уни саройга жалб этиб, девонбегилик вазифасига тайинлаган. Бу йилларда Мутриб Хонахаробий ёзган ғазал ва мухаммаслар кўплаб баёз-мажмуалардан ўрин олган, жумладан, Табибий тузган иккала тазкирада шоир асарларидан кўплаб намуналар учрайди.

Мутриб Хонахаробий 20-асрнинг 20-йилларида сарой тугатилгач, Хоразмда пайдо бўлган маҳаллий матбуотда фаол иштирок этади, «Хоразм хабарлари», «Инқилоб қуёши» газеталарида адабий ходим лавозимида хизмат қилади. Илк шеърларини 1890 йилда ёза бошлаган. Унинг баёз, девон ва мажмуалар орқали 14 минг мисрага яқин ғазал, мухаммас, мусаддас, қасидалардан иборат адабий мероси етиб келган.

Мутриб Хонахаробий қолдирган ижодий мерос асосини ишқ-муҳаббат мавзуида битилган ғазал, мурабба, маснавий, мухаммас, мусаддас ва рубоийлар ташкил этади. Унинг хон ва шоир Феруз шаънига бағишланган қасидалари ҳам мавжуд. Мутриб Хонахаробийнинг илммаърифатга даъват, ҳуррият мавзуларида ёзилган шеърлари маҳаллий матбуот саҳифаларида, шунингдек, Хивада 1924 йилда нашр этилган «Юғурмия» тўпламида чоп этилган. Бу туркум шеърларида («Кўрунг эмди халойиққа…», «Билинглар, эй халойиқ», «Кўнглума бир турфа сўз келди равон» ва б.) тарғибий-ташвиқий руҳ, хитоб, даъват оҳанглари ҳукмронлик қилади.

Мутриб Хонахаробий меросининг асосий қисми 1909 йилда Муҳаммад Шариф ибн Муҳаммад Ёқуб — Ҳаррот тартиб берган девон (300 саҳифа)да жамланган. Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институти фондида 2 кичик девони (инв. №903, 906) сақланади. Лаффасийнинг Феруз давридаги хоразмлик ижодкорларга бағишланган тазкирасида Мутриб Хонахаробийнинг «Шоҳ Комрон» шеърий асари борлиги ҳақида маълумот берилган.

Абдурашид Абдуғафуров

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x