Бундан анча йил аввал маҳаллий ёзувчиларимиздан бирининг асарини ўқиб қолдим. Унга ҳам газетадаги бир мақола сабаб бўлди. Мақолада ушбу роман жуда кўкларга кўтарилган, ўзига хослиги, оммабоплиги “эътироф” этилган эди. Мен “Ие, ҳаётдан орқада қолиб кетибман-ку!” деб, унинг электрон вариантини олиб, саёҳатга кетдим. Сафарнинг учинчими, тўртинчими куни роман мутолаасини бошладим. Асарнинг эллик бетини ўқиб бўлдим ҳамки мутлақо ҳеч нарса тушунмадим. Кейин асарда рўй берадиган воқеалар хотирамда тиклана бошланади. Яна кейинроқ эса ичимда бир шубҳа пайдо бўлди. “Мен бу китобни ўқиганман!” Шунақа дейману, нега ундай бўлса, ёдимда қолмаган? Нима учун мен асар сюжетини тамоман эсимдан чиқариб юборганман? Бу китобнинг таъсир кўлами, кўтарган муаммоси, қалбингга кира олиш кучига боғлиқ бўлса керак. Баъзан бир асарни эллик марта ўқийсан. Вақт ўтиб, яна ўқигинг келади. Баъзи асарларнинг икки саҳифасини ўқиганингдан кейин ҳафсаланг пир бўлади, сал ўтмай, номи ҳам ёдингда қолмайди! Шунинг учун ҳам хорижда, ўзга халқлар адабиётида нималар бўлаётганини билиб туриш, классик ва замонавий адиблар ижодларидан баҳраманд ва хабардор бўлиб туриш ниҳоятда муҳим.
Бу ишни ҳар ким ҳар хил уддалайди. Кимдир эринмасдан кутубхонада қўлига нима тушса, шуни ўқийди. Кимдир ижтимоий тармоқлардан топади кўнгли тусаган асарларни. Яна кимдир бировларнинг тавсияси ва кўрсатмасига кўра китоб ўқийди. Аммо “Жаҳон адабиёти”га дўст тутинганлар учун бу масаланинг ҳам ечими осон. Бу ерда сиз қўшниларимиз адабиётини ҳам, гўёки тиллаша оладиганимиз Европа ва Америка адибларининг асарларини ҳам топишингиз мумкин. Шулар қаторида бизларга, менталитетимизга умуман нотаниш, бегона миллатга мансуб адиблар ёзган асарлар ҳам бериб бориладики, бу ҳолат журналнинг бошқа нашрлардан фарқли жиҳатини кўрсатади.
“Жаҳон адабиёти” ўз оти билан жаҳон адабиёти бўлиб, шу номга мувофиқ келадиган ҳаракатлар қилади.
Журнал таъсис этилаётган пайтда ўз зиммасига қандай вазифа ва бурчларни олган билмайману, аммо у бугунги адабий жараён ва матбуотнинг, ўқувчиларнинг эҳтиёжини тўла қондираяпти, деб айта оламан. Зеро, “Жаҳон адабиёти” журналининг мақоми ва нуфузи ҳам мана шундан далолат бериб турибди. “Жаҳон адабиёти” бор – биз жаҳон адабиёти ичидамиз.
Бизнинг уйда ҳамиша “Шарқ юлдузи” журналининг бир неча йиллик тўплами бўларди. Бу нашрни оиламиз билан ҳаммамиз севиб ўқир эдик. “Гулистон”, “Тафаккур”, “Ёшлик” журналларини ҳам қўлдан қўймай, шитоб ўқиб чиқар эдикки, кимдир навбат кутиб турарди. Аммо бугунга келиб, “Жаҳон адабиёти” бизнинг асосий маънавий ҳамроҳимизга айланди.
Журнал ташкил этилган илк кунларнинг шавқи ҳамон эсимда. Жуда катта шов-шув бўлган, бутун оммавий ахборот воситалари бу ҳақда бонг урган эди. Сухандон сифатида мана шу воқеалар билан боғлиқ қайси бир тадбирга бошловчилик қилганим, “Ахборот”да шу ҳақда бир неча материаллар ўқиганим, лавҳалар намойиш қилинганини яхши эслайман.
Ўша шукуҳли кунларга ҳам йигирма йил бўлибди! Йигирма йил ўзи нима? Ҳеч! Аммо бу йиллар “Жаҳон адабиёти” нинг тепасида турган қанчадан-қанча улуғларимизни орамиздан олиб кетди. Ўзимизникилардан ҳам, жаҳон адабиётидан ҳам. Ахир, ўзимизникилар ҳам жаҳон адабиёти намоёндалари эдилар-да! Одил Ёқубов, Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф…
Мен бугун мана шу юбилей шодиёналари кунида “Жаҳон адабиёти»нинг бугунги жонкуяр ходимларини, ўтган йигирма йил орасида бу даргоҳда ишлаб, кўз нури, билими, қалб қўрини бахш этиб кетганларни самимий табриклайман. Табриклашга неча ўнлаб асослар бор-да. Ахир бу давр ичида оламу жаҳон қандай кунларни бошдан кечирмади? Бу йиллар ичида қанча молиявий, маънавий инқирозлар юз берди. Эътиқодлару ирқлар муҳорабалари бўлиб ўтди. Лекин қойил қоладиган ери “Жаҳон адабиёти” ҳеч қачон иккиланмади, йўлидан адашмади, ўзини ҳам, сўзини ҳам ўзгартирмади. Мана шулар учун ҳам мухлислар “Жаҳон адабиёти” га садоқат сақлаб келмоқдалар.
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2017/11/14/%d0%bc%d1%83%d1%81%d0%bb%d0%b8%d0%bc%d0%b1%d0%b5%d0%ba-%d0%b9%d1%9e%d0%bb%d0%b4%d0%be%d1%88%d0%b5%d0%b2-%d1%8d%d1%8a%d1%82%d0%b8%d1%80%d0%be%d1%84%d0%b3%d0%b0-%d0%bc%d1%83%d0%bd%d0%be%d1%81%d0%b8/