Мураккаб операциялар ва хайрли натижалар

Олий тоифали жарроҳ, тиббиёт фанлари доктори Маҳмуджон Усмонов билан суҳбат.

– Қорин соҳасидаги нуқсонларнинг пайдо бўлишига сабаб нима?

– Баъзан жигар хасталиги, шунингдек киндик чурралари ёки турли операциялардан кейин қорин катталаша боради. Бу муаммо асосан кўп бора туғруқни бошидан ўтказган аёлларда, кейин қорин ва киндик атрофида турли яраларнинг катта ўсмаларга айланиб кетиши туфайли ҳам юзага келади.

– Илгарилари бундай муаммолар қандай бартараф этилган?

– Қорин териси қаттиқ тортилиб тикиларди, натижада кичик қорин синдроми келиб чиқарди. Бунда беморларнинг нафас олиши бузилиб, баъзан нафас ва юрак етишмовчилиги натижасида ўлим ҳолатлари ҳам кузатиларди. Негаки, операциядан кейин қориннинг кичрайиши туфайли қорин бўшлиғида ички босим ортиб кетарди. Бу йўналишда бугун амалга оширилаётган жарроҳликларимиз айрим ҳамдўстлик давлатлари, қолаверса, жаҳоннинг етук жарроҳлик клиникалари билан солиштириб кўрсак, кўрсаткичлари, сифати ва сони жиҳатидан тенглаша олади. Биз улардан илгарилаб кетдик десам ҳам муболаға бўлмайди.

– Агар бу жарроҳлик амалга оширилмаса, қорин нуқсонлари бемор саломатлигига жиддий хавф туғдирмайдими?

– Мабодо операция қилинмаса, қоринда катталашиб кетган чурралар ва осилиб қолган тери беморнинг соғлом турмуш кечиришига халал беради, унинг яшаш сифати бузилади. Ҳатто, қорин терисидаги нуқсонлар очилиб кетиб, ўлим ҳолатига олиб келиши мумкин.

– Эндиликда бажарилаётган жарроҳлик амалиёти қай жиҳати билан устун?

– Айни пайтда биз қўллаётган жарроҳлик усулида қоринга махсус синтетик алломатериаллар қўйилмоқда. У безарар бўлиб, қоринолди териси, девори ва мушакларига тезда сингиб, ўсиб кетади. Бу операцияни сунъий қорин девори ясаш, деб атасак ҳам бўлади. Чунки илгариги йиллардаги терини тортиб тикишдан устунлиги шундаки, ясалган сунъий қорин, яъни операцияда қўлланилган синтетик алломатериал эластиклик хусусиятига эга. У беморнинг қорин соҳасидаги катта босим ва эгилувчанликларига мослашади. Бу синтетик материаллар ҳали ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилмагани боис чет мамлакатлардан олиб келинади. Алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, беморнинг шалвираб қолган қорин териси жарроҳлик йўли билан тўғриланади. Қорин деворини қайтадан мустаҳкамлагач бемор қаддини бемалол ростлаши ва ҳатти-ҳаракатлари яхшиланиши мумкин. Энг асосийси, у олдинги меҳнат фаолиятига қайтади. Ҳозиргача бу кўрсаткич 70-75 фоизни ташкил қилмоқда.

– Синтетик алломатериал хориждан келтирилса, беморга қимматга тушмайдими?

– Йўқ. Бу сунъий қорин ясаш жараёнидаги қорин ҳажмига боғлиқ. Бемор сарфлаган пул чет элга бориб даволаниб келишдан камида 10 баробар арзонга тушади.

– Жарроҳлик амалиёти узоқ чўзилса керак-а?

– Камида 6-7 соат давомида жарроҳлар бемор саломатлиги учун тер тўкишади. Ҳар битта томир, мушак, нерв толаси бўйлаб синтетик алломатериаллар қўйиб чиқилади.

– Бемор операцияга қай тарзда тайёрланади?

– Уй шароитида бир ой давомида қорин махсус мустаҳкам бандажлар билан боғланиб беморга алоҳида парҳез буюрилади. Имкон қадар ичак фаолиятини яхшиловчи дорилар ҳам тавсия этилади. Парҳезда таркибида клетчаткаси кўп ва ёғсиз овқатлар истеъмол қилинади. Бандажлар билан қоринни тортишдан мақсад – операциядан кейин бирданига қисилиб қолмаслигини таъминлашдир. Операцияга қадар беморнинг юрак-қон томирлари ва ўпка фаолияти яхшилаб кўрикдан ўтказилади. Агар ёндош касалликлар бўлса, жарроҳлик амалиётига қадар комплекс даволанади. Бемор буткул операцияга тайёр бўлгунича ҳар томонлама назоратда туради.

Ҳидоят САДРИДДИНОВ суҳбатлашди.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x