Мумтоз тилимиз ҳақида ўйлар

Мустақиллик халқимизга маънавий жиҳатдан катта озодлик берди. Буни бугунги кунда бутун жаҳон аҳли кўриб турибди. Мустамлака йилларида ўтмишда 98 фоиз аҳолиси саводсиз бўлган деб камситилган, мактабда давлатчилик тарихи Киев Русидан бошланган деб ўрганишга маҳкум этилган халқ яна қаддини тиклаб олди. Озодлик шабадаси эсиб, эзгу орзу-армонларимиз амалга ошаётган истиқлол йиллари давомида жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнимизни эгалладик. Бу энг катта бахтимиз, ғурур, ифтихоримиздир.

Бой тарихимиз ва қадимий тилимиз ҳақида тўғри ёзиш, тўғри фикрлашга эришдик. Минг шукрки, Шўро замонида зўравонлик, сохта мафкура зуғуми туфайли нотўғри баҳоланган ёки очиқдан-очиқ тескари ёритилган кўп масалалар ҳаққоний ечимини топаётир. Бу борада салмоқли тадқиқотлар қилинди. Олимлар, ёзувчилар, журналистлар ниҳоят, тилининг учида тугун бўлиб, дилида пинҳон қолиб келаётган дардларини очиқ айта бошлади. Шу ўринда атоқли ёзувчи, раҳматли Пиримқул Қодировнинг “Тил ва эл” бадиасини тилга олиш лозим. (Бу салмоқли асар дастлаб “Шарқ юлдузи” журналида ва 2005 йилда ўафур ўулом номидаги ижод уйида босилиб чиққан).

Мазкур асар менда яхши таассурот қолдирди. У темурийлар давридаги тил муаммоларини ёритишга бағишланган. Мавзу талабига кўра, адиб адабий тилимизнинг минг йиллик тарихий илдизларига назар солади ва уни янгича тафаккур асосида ёритишга интилади. Шу ниятда у ҳали тилшунослар томонидан деярли ўрганилмаган Алп Эр Тўнга – Афросиёб достонининг тили ҳақида нозик мушоҳадалари, ёзувчи ва олим сифатидаги кузатишларини ўртага ташлайди: уни тилимизнинг илк сарчашмаларидан бири сифатида таҳлил қилади.

Шу пайтгача Афросиёб афсонавий қаҳрамон деб талқин қилингани маълум. П. Қодиров тарихий манбалар, жумладан, Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарига асосланиб, Афросиёбни тарихий шахс сифатида баҳолайди ва у эрадан олдинги еттинчи асрда яшаб ўтган, деган фикрлар ҳақиқатга яқин эканини таъкидлайди. Бу фикрни тарихий-адабий манбалар тасдиқлайди. Жумладан, Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” достонида Алп Эр Тўнга ҳақида қисқа бўлса-да, меҳр билан қуйидаги мисраларни ёзган эди:

Бу турк бегларидан оти белгулук,

Тўнга Алп Эр эрди қути белгулик.

Бедук (буюк) билги бирла

ўкуш (ҳунар) ардами,

Билиглик, ўкушлик (заковатли),

будун кўдруми (халқ сараси).

Тожиклар айтур ани Афросиёб,

Бу Афросиёб мймму эллар талаб.

(Афросиёб кўп элларни ўзига

бўйсундириб, идора этди).

Тожиклар битигда битмиш муни,

Битигда йўқ эрса, ким ўқғай ани.

 

(“Қутадғу билиг”, Тошкент, 1972 йил, 102-бет).

 

Парчада Алп Эр Тўнга машҳур турк бекларидан бири сифатида таърифланади, билимли, заковатли, халқ сараси деб улуғланади. Шоир тожиклар ҳам уни Афросиёб деб улуғлагани ва бу ҳақда ёзиб қолдирганига алоҳида урғу беради. Пиримқул ака юқоридаги парчани бироз қисқартириб келтиради. Аммо гап бунда эмас. Муаллифнинг битик маъносини чақиб, чиқарган хулосаси муҳим.

Маҳмуд Қошғарийнинг “Девон”и 1960–62 йилларда, “Қутадғу билиг” эса 1972 йилда, “Бухоро тарихи” 1966 йилда ўзбек тилида тўла эълон қилинган. Ўтган асрнинг 80-йилларида “Шарқ юлдузи” журналида тарихчи Тожихон Қодированинг “Сўғдиёнада халқ ҳаракатлари” мақоласида Афросиёб тарихий шахс сифатида баҳоланиб, мазкур шеърий парча келтирилади. Тилшунос олим Худойберди Дониёровнинг ҳам Афросиёб ҳақидаги йирик мақоласи мазкур журналда чоп этилган эди. Аммо на тилшунос, на тарихчи олимлар уларга муносабат билдирдилар. Ахир, юқорининг фикри билан ҳисоблашишга, шамолнинг йўналишига қараб иш тутишга одатланган эдик-да!

Мустақилликнинг дастлабки йилларидаёк Алп Эр Тўнга – Афросиёб талқинига янгича қараш тамойили бошланди. Бу ижобий ҳодиса адабиётшунос Насимхон Раҳмоновнинг “Турк хоқонлиги” (1993) ва Абдурашид Абдураҳмоновнинг “Алп Эр Тўнга ёки Афросиёб жангномаси” (1995) китобларида кўринди. Кейинги тадқиқотда “Девони луғотит турк”даги шеърий парчалар (табдил муаллифи академик Азиз Қаюмов) мазмунан бирлаштирилиб, Афросиёбга бағишланган қаҳрамонлик достонининг бўлаклари, деган қараш илгари сурилди. Профессор Фитрат, I. Стеблева, М. Иброҳимовлар ҳам “Девон”даги шеърларга яхлит асарнинг парчаларидир деган мулоҳаза билдирган эдилар.

Пиримқул Қодиров ҳам ана шу йўлдан борар экан, куюнчаклик билан ёзади: “Наршахий “Бухоро тарихи”да, Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг”да, Маҳмуд Қошғарий “Девону луғотит турк”да Алп Эр Тўнга – Афросиёбни бунёдкор шахс бўлгани ҳақида гувоҳлик берган эканлар, биз буни инобатга олишимиз керак. Юсуф Хос Ҳожибдек буюк шоир Алп Эр Тўнганинг номини форсийзабон муаллифлар ўз талаффузларига мослаб Афросиёб деб атаганларини аниқ қилиб ёзган бўлса, бунга ишонмасликка асосимиз йўқ. Буларнинг ҳаммасини инкор этиб, Афросиёбни икки минг йил яшаган жодугар, золим қилиб кўрсатган афсоналарга ишониш илм-фан талабларига мутлақо жавоб бермайди”. Бу тўғри, адолатли хулосадир.

Мана шу куюнчаклик ва тарихий адолатга садоқат руҳи Аҳмад Яссавий ва ундан кейинги адабий тилимизга доир мулоҳазаларда ҳам устуворлик қилади. У Яссавий ва унинг буюк ишини давом эттирган Аҳмад Югнакий, Рабғузий, Хоразмий, Қутб ва Сайфи Саройи, Ҳайдар Хоразмийларнинг асарлари битилган тилни олтин кўприк деб атайди. Бу шоирларнинг тили қипчоқ-ўғуз шевалари асосида таркиб топган туркий тиллар, жумладан, қозоқ, татар, озарбойжон, усмонли турк тилларига эмас, айнан бизнинг тилимизга яқинлигини алоҳида қайд этади. А. Самойлович, А. Боровков, Э. Нажиб каби олимлар Яссавий тилини ҳам, Хоразмий, Қутб ва Сайфи Саройи асарлари тилини ҳам Олтин Ўрданинг Фапб қисмидаги Жўжи улусининг адабий тилига мансуб деган қарашни илгари сурганлар. Пиримқул ака улар билан баҳслашар экан, чуқур мантиқ изидан боради. Юқоридаги шоирларнинг асарларини усмонли турклар, татарлар, қозоқлар бугунги кунда таржима қилиб ўқисалар, ўзбек китобхонлари уларни ҳеч қандай таржимасиз бемалол тушунадилар. П. Қодиров бу борада етарли мисоллар келтириб, жиддий хулосалар чиқаради: “Хоразмдай қадимий маданият марказида туғилиб ўсган ва шу ўлканинг адабий тилида “Муҳаббатнома” асарини Сиғноқда ёзган Хоразмий қандай қилиб “Олтин Ўрда адабий тили”га мансуб бўлади? Ўша даврда Сиғноқ Олтин Ўрдага қарашли бўлгани учунгинами? У даврда Москва ҳам Олтин Ўрда давлатига қарашли бўлган. Москвада ўша вақтларда ёзилган асарларни Олтин Ўрдага мансуб қилиб кўрсатиш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди-ку”. Адиб мана шундай нозик кузатишлар, умумлашмалар, қиёслар йўлидан бориб, “Олтин Ўрда адабий тили” деган ибора “чиғатой тили” деган истилоҳ каби илмий асосдан маҳрум” эканини тўғри кўрсатади.

Пиримқул ака “Жаҳон адабиёти” журналида (1999 йил, 1-сон) ўтказилган давра баҳсида ҳам бу хусусда баъзи мулоҳазаларини айтган эди. “Тил ва эл” бадиасида эса бу қарашларини янада чуқурлаштириб, илмий жиҳатдан пухта далиллаб беради: “Аниқроқ қилиб айтганда, бундай тил тарихда бўлган эмас. Агар чиғатой тили тарихда бўлганда Алишер Навоийдек, Бобур Мирзодек улуғ сиймолар ўз асарларида бу тилни албатта қаламга олган бўлардилар. Улар Чиғатой улуси ва туркийлашган чиғатой – мўғул қавми борлигини қайд этганлар. Аммо ўзлари ижод этган тилни ҳамма жойда “туркий тил” деб атаганлар. Бунинг энг кўп далилини “Муҳокаматул-луғатайн”дан топиш мумкин”.

Темурий шаҳзодалар, айниқса, Султон Ҳусайн Бойқаро давлатида мумтоз туркий тилда шеър ёзиш, илмий-бадиий асарлар яратиш маънавий эҳтиёжга айланди. Уйғониш даври буюк шахсларни, даҳоларни етиштиради. Алишер Навоий ана шундай ижодкор сифатида намоён бўлди. У она тили – мумтоз туркий тилни қўл етмас юксак чўққиларга кўтарди ва форсигўй шоирлар билан мусобақада ғолиб чиқди. (Бу масала ҳам Пиримқул аканинг бадиасида чуқур ёритилган). Алишер Навоийнинг тарихий хизматига Султон Ҳусайн Бойқаро мана шундай баҳо берган эди: “(У) Турк тилининг ўлган жасадига Масиҳ нафаси билан жон киргизди, бу руҳни топганларга туркий тил ўриш-арқоғидан тўқилган кийим ва енгил кўйлак кийгизди”. (Адабиётшунос Афтондил Эркинов табдил қилган.)

Тарих тақозосига кўра ҳозир мамлакатимиз Ўзбекистон, тилимиз ўзбек тили деб номланади. Юртимиз қадимги Турон – Туркистон – Мовароуннаҳрни англатишини, ўзбек тили эса Пиримқул аканинг бадиасида тўғри кўрсатилганидек, Алп Эр Тўнга давридан бошлаб шаклланган, Яссавий даврида камолотга эришган, Навоий сиймосида юксак босқичга кўтарилган мумтоз туркий тилнинг мантиқий давоми эканини ҳаммамиз, айниқса, мактаб ўқувчилари ва ёшлар, яхши англаб етишимиз зарур.

Мухтасар айтганда, тилимиз ва адабиётимиз муаммоларини, халқимизнинг бой ўтмишини ҳаққоний ёритиш борасида Пиримқул Қодиров ўзидан кейинги тил, адабиёт фидойиларига, шогирдларига, ёшларга ўрнак ва намуна бўлди. Шунингдек, у кишининг мазкур бадиасида тилга олинган муаммолар кўрсатадики, бу борада ҳали кўп изланишимиз, теран тадқиқотлар олиб боришимиз зарур. Бу муқаддас вазифаларни амалга ошириш йўлида тилшунос, адабиётшунос, тарихчиларимиз фидойилик билан изланишлари, заҳмат чекишлари ва энг муҳими, тарихий ҳақиқатни тўғри ёритишлари лозим.

 

Ортиқбой АБДУЛЛАЕВ,

филология фанлари номзоди

 

“Ҳуррият”дан олинди.

https://saviya.uz/hayot/nigoh/mumtoz-tilimiz-haqida-oylar/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x