Муҳаммад Раҳимхон Феруз (1845-1910)

DO`STLARGA ULASHING:

Феруз, Муҳаммад Раҳимхон II (1845, Хива, 1910) Хива хони (1864—1910); шоир ва бастакор. Кўнғиротлар сулоласидан. Хива шаҳридаги Араб Муҳаммадхон мадрасасиаа таҳсил кўрган, давлат, ҳуқуқ илмини замонасининг машҳур мударриси, шоир ва олим Доий, Юсуфхўжа охун ва бошқадан ўрганган. Огаҳий Ферузга устозлик қилган, унга шеърият сирларини ургатган, тарих, таржима илмидан сабоқ берган.

Отаси Сайид Муҳаммадхон вафотидан сўнг (1864) Хива тахтига ўтирган. Бу воқеа муносабати билан Огаҳий Ферузга бағишлаб қасидалар битган. 1873 йил Хива хонлигига К.П. фон Кауфман бошчилигидаги Россия армияси ҳужум қилиб, хонликнинг асосий шаҳарлари ва пойтахтни босиб олган. Гандимиён шартномаси (1873 йил 12 август)га кўра, Хива хонлиги подшо Россиясига қарам бўлиб қолган. Феруз ана шундай мураккаб шароитда ярим асрга яқин муддат давомида Хива хонлигини бошқарган. Феруз саройга адабиёт ва санъат арбобларини тўплаган. Огаҳий, Комил, Табибий ва бошқа таъсирида ўзи ҳам Феруз (бахтли, ғолиб) тахаллуси билан шеърлар ёзган.

Феруз китобат ишларига катта аҳамият берган: девон тузиш, тарих ёзиш, таржима ишларини ривожлантирган. Хоразмда таржима мактаби яратган. Форс ва араб адабиётининг энг нодир тарихий, адабий, илмий асарларини ўзбек тилига таржима қилдирган. Унинг ҳукмронлиги даврида Огаҳий ва Баё’нийлар томонидан Хоразм тарихига оид асарлар ёзилган. Комил Хоразмий мумтоз мақомлар учун нота ёзувини ихтиро қилган. Хивада босмахона (тошбосма) ташкил эттирган. Унда Хоразм шоирлари ҳақидаги «Мажмуат уш-шуаро» тазкираси, Алишер Навоий асарлари, Хоразм шоирлари девонлари нашр қилинган.

Феруз Ҳиндистон, Арабистон, Эрон, Туркия савдогарлари орқали Хоразмга чет эллардан ноёб китоблар келтиртирган ва уларни кўп нусхаларда кўчиртирган, тарих ва адабиётга оид китоблардан иборат бой кутубхона яратган. Феруз меъморлик, наққошлик, хаттотлик каби санъат турларини ҳам ривожлантирган. Бу даврда фотография ва кино санъати вужудга келган, ободончилик ишлари амалга оширилган.

Феруз 1871 йил Кўҳна Арк каршисида ўз номи билан аталувчи 2 қаватли мадраса қурдирган. Ферузнинг бевосита раҳбарлиги ва ташаббуси билан 30 дан ортиқ мадраса, масжид, минора, хонақолар қад ростлаган. Феруз ерларни сув билан таъминлаш, боғ-роғлар барпо этиш ишига ҳам алоҳида аҳамият берган. Унинг буйруғига мувофиқ, Қўнғирот тумани сарҳадида катта ариқ бунёд этилган. Ҳозирда ушбу ариқ «Хон ариги» деб аталади.

Феруз мумтоз шеъриятнинг анъанавий жанрларида лирик шеърлар яратган. Шеърлари, асосан, ишқ-муҳаббат мавзуида. Инсон ва ҳаёт, севги ва садоқат Феруз ижодининг ғоявий асосини ташкил қилади. Улар оҳангдорлиги, тасвирий-ифодавий бўёқларга бойлиги ва шаклан ранг-баранглиги билан ажралиб туради. Унинг кўпчилик ғазаллари ўз замонасида созандалар ва гўяндалар томонидан куйга солиб куйланиб келинган.

Шеърларига «Девони Феруз» номи билан тартиб берган (1879). Бу девон Муҳаммад Шариф томонидан қайта кучирилган (1900). Ферузнинг ўзи Паҳлавон Маҳмуднинг 350 рубоийсини қўлда кўчириб, китоб ҳолига келтирган. Феруз Шашмақом куйларини ўрганган, саройда мақом ансамблини тузган. «Наво», «Дугоҳ», «Сегоҳ» мақомларига боғлаб куйлар яратган. Феруз Сайд Маҳруйжон мажмуасидаги Сайид Моҳи Руйи Жаҳон мақбарасида дафн қилинган.

Шеърлар девони нусхалари Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти (инв. № 3442, 1119)да сақланади.

Ҳабиб Абдуназар, Иброҳим Каримов.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x