МРТ афзалликлари

Ташхислашда оммалашиб бораётган замонавий аппаратлардан бири магнит резонанс томографияси бўлиб, бунда магнит тебраниши ёрдамида танадаги мавжуд ўзгаришлар аниқланади. Компьютер томографиясидан фарқли равишда МРТ нурлантирмайди ва мутлақо хавфсиз. Аммо диагностика магнит тўлқинлари билан боғлиқлиги сабабли кийимларида металли предметлар бўлган ёки танасига кардиостимулятор (юрак ишини меъёрлаштирувчи асбоб) ва бош қа хил металл имплантант ўрнатилган кишилар бу текширувдан ўтолмайди.

МРТ асосан юмшоқ соҳаларни, масалан мушаклар, асаб толалари, мия, орқа мия ва умуртқалар аро дисклар, бўғимларни яхши “кўра”олади. Лекин суяклардаги кальций миқдорини аниқлаб беролмаслиги мумкин. Шунинг учун суякларни аниқ тадқиқ қилиш учун компьютер томографияси ёки рентген текшируви ўтказилгани маъқул.

Бўғимлардаги дегенератив (артроз) ва яллиғланиш (артрит) ҳолатлари ривожининг эрта босқичида, шунингдек бўғим юзасидаги турли шикастлар, пай, мушак ва пайчалардаги майда узилишларни аниқлашда МРТнинг аҳамияти катта. Одатда бўғимлар МРТ си бевосита текширилаётган соҳани операция қилишдан олдин ҳамда беморнинг операциядан кейинги аҳволини назорат қилиш мақсадида ўтказилади.

Текширувнинг рентген усули билан таққослаганда бўғимлар МРТси ўта аниқликка эга, ҳатто ультратовуш ёрдамида ташхислашдан кўра анча юқори туради. МРТ шикастланган тўқималар патологиясини аниқроқ кўрсатиб беради. Маълумки, бўғимлар шикастланиши энг кўп учрайдиган жароҳат турига киради ва 70 фоизни ташкил этади. Айниқса йирик бўғимлар тез-тез жароҳатланади. Замонавий ташхислашда йирик бўғимлар шикастланишидан шикоят қилган беморларга ички ва ташқи тузилмаларнинг қай тарзда жароҳатланганини фақат МРТ ишончли тарзда аниқлаб беради.

Бордию бемор ҳомиладор бўлса, бу ҳақда текширув ўтказаётган шифокорга айтиши керак. Аслида МРТ компьютерли томог рафия ва рентгенографиядан кўра хавфсиз, чунки бу текширувда ионлаштирилган радиация (рентген нурлари) ишлатилмайди. Шундай бўлсада МРТдан сўнг танада айрим қизишлар рўй бериши мумкин. Шундай экан, ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойида МРТ қилинмагани маъқул. Кейинги ойларда эса ҳомиладор аёллар бундай текширувдан бемалол ўтишса бўлади.

МРТ текшируви оғриқсиз кечади. Бемор магнит майдони ва радиотўлқинларни деярли ҳис қилмайди. Текширув пайтида эшитиладиган нохуш товушларнинг қулоқлар учун зарари йўқ. Текширувдан ўтаётганда бемор эркин нафас олиши, бош ва танасини қимирлатмаслиги керак. Акс ҳолда ортиқча ҳатти-ҳаракатлар тасвирни бузиб юбориши мумкин.

Баъзи кишилар томографдан ўтаётиб безовталанишади. Бундай вақтда бемор микрофон орқали МРТ лаборанти билан сўзлашиш имкониятига эга. МРТ текширувлари қарийб ўн-йигирма дақиқа давом этади.

Нигора ТУРСУНОВА,
умумамалиёт шифокори.

2 1 голос
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x