Мия эхинококкозлари

Эхинококкоз – паразитар касаллик бўлиб, кўпинча жигар, ўпка, талоқ сингари аъзоларни, камдан-кам ҳолларда эса бош ва орқа мияни зарарлайди. Касаллик асосан уй ҳайвонларини парваришлаш давомида улардан (ёки уларнинг эхинококкоз личинкалари билан зарарланган ахлати теккан маҳсулотлар орқали) одамларга ўтиб қолиши мумкин.

Эхинококкоз кисталарининг иккита асосий кўриниши (солитар ва рацемоз) фарқланади. Солитар кўринишида якка-якка кисталар кузатилиб, уларнинг ҳажми баъзан катта ўлчамларда бўлиб, диаметри эса 8-10 см гача етади.

Рацемоз эхинококкда бош ва орқа мия тўқималарида пуфак шингиллари жойлашиб, уларнинг атрофида кучли реактив ўзгаришлар кузатилади. Эхинококк атрофида яллиғланиб ўзгарган мия тўқимаси билан ўралган бириктирувчи тўқимали капсула ҳосил бўлади, унинг кундан–кунга ошиб борувчи таъсири туфайли мияда қон қуйилиши ва эзилиш ўчоқлари кузатилади. Пуфаклар пардасида яллиғланиш белгилари ҳам аниқланади.

Бош мия эхинококкозларининг клиник манзараси гипертензион синдром ва ўчоқли симптомлар кўринишида бўлиб, бош мия ўсмаларининг клиник кечишини эслатади. Калла суяги ичида босимнинг ошиб кетиши – гипертензион синдром бош оғриши, бош айланиши, кўнгил айниши, қайт қилиш, кўрув нерви димланиши, умумий ҳолсизлик ва эпилептик хуружлар билан намоён бўлади. Ўчоқли ўзгаришлар эса паразит кистаси миянинг қайси соҳасида жойлашганлигига қараб аниқланади.

Эпилептик хуружлар

Кўп ҳолларда қўл ва оёқларда эпилептик хуружлар кузатилиб, кейинчалик ўша хуруж кузатилган қўл ёки оёқларда фалажликлар келиб чиқади. Бош мия нервлари фалажликлари юзага чиқиши ҳам учрайди. Депрессия, ақли заифлик кўринишидаги психик бузилишлар пайдо бўлиши мумкин.

Ривожланиб борувчи эхинококкозларда ўчоқли ўзгаришлар ва калла ичи босими ошиб боради. Якка ва кўп камерали эхинококкозларда кўпинча 1-2 йил давомида эхинококк кистаси мияга кучли босим ўтказмайди, яъни консистенцияси юмшоқлиги туфайли беморнинг аҳволи нисбатан қониқарли даражада бўлиб туради.

Бош мия эхинококкоз касаллигининг кечишида бир қанча босқичлар тафовут этилади: биринчи босқич – латент, яъни организмга паразит киргандан бошлаб субъектив белгилар пайдо бўлгунга қадар давом этса, иккинчи босқич – кам сезиларли субъектив белгилар, бош оғриғи шикоятлари билан кечади. Учинчи босқичда – кучли намоён бўлувчи неврологик симптомлар рўй берса, тўртинчи босқич эса бош мия фаолиятига доир ҳар хил асоратлар билан кечади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу касалликка тўғри ташҳис қўйишда қуйидагилар муҳим аҳамиятга эга:
– ички аъзолар эхинококкози (кўпинча жигар, ўпка);
– айрим анамнестик маълумотлар;
– касби (ҳайвонлар билан доимий алоқада бўлувчи чўпон, соғувчи, қишлоқ хўжалик ходимлари, уй бекалари, болалар);
– қонда қайд этиладиган эозинофилия;
– теридаги Кацони ва РСК Гедин-Вейнберг синамалари.

Орқа мия суюқлигида эозинофилли плеоцитоз ва оқсил миқдори ошиши кузатилади, айрим ҳолларда пуфакнинг алоҳида қисмлари, янтар кислотаси аниқланиши мумкин.

Тўғри ташҳис — самарали даво

Бугунги кунда бош мия эхинококкозларига ўз вақтида тўғри ташҳис қўйиш имкониятлари катта бўлиб бош мия компьютер ва магнит-резонанс томография текширувлари нафақат ушбу касалликни аниқлаш, айни ҳолда унинг ҳажми, бош миянинг қайси соҳасида жойлашганлиги, мия таркибий қисмларига муносабатини, мўлжалланаётган операциянинг техник томонларини аниқлаш, асоратларини камайтириш, оқибатларини башорат этиш имкониятини яратади.

Бош мия эхинококкозларини операция қилиш малакали нейрохирурглардан ҳам юқори даражадаги профессионал ҳатти-ҳаракатларни талаб этадики, ўтказилаётган операция жараёнида мабодо юпқа, ўта нозик эхинококкоз пардаси ёрилиб кетса ягона киста ўрнида сон-саноқсиз эхинококкоз кисталари пайдо бўлади ва аксарият ҳолларда унинг оқибати фожиали якунланиши мумкин.

Бош мия эхинококкозларидан фарқли ўлароқ, орқа мия эхинококкози яширин даврнинг қисқа бўлиши билан характерланади, ҳатто унча катта бўлмаган киста ҳам орқа мия босилишини, ҳаракат ва сезги бузилишлари (қўл ва оёқлар парез ва параличлари, чаноқ аъзолари фаолияти ўзгаришларини келтириб чиқариши мумкин.

Орқа мия эхинококкозлари бирламчи (орқа мия ва умуртқа поғонасининг тишсимон моддаси кичик томирларига гематоген йўл билан тушиши) ва иккиламчи (атрофдаги жараёндан контакт йўли билан ўтиши ёки эпидурал клечаткада киста ёрилиши натижасида умуртқа канали структураларига қайта тушиши) бўлади. Паразит фақат умуртқа танасида жойлашган даврда касаллик узоқ вақт симптомсиз кечади. Паразит умуртқа танаси ва ёйининг қанчалик даражада катта майдонини зарарлашига, орқа мия ва уни қоплаб турувчи пардалар босилиш даражасига қараб клиник симптомлар кучайиб бораверади. Орқа миянинг эхинококкоз кистаси орқа миянинг бўйин соҳасида жойлашган ҳолларда дастлаб беморнинг қўл ва оёқларида ва кўкрак қафасида ўраб олувчи оғриқ пайдо бўлади. Кескин ҳаракат, йўтал, акса уриш, яъни мия пардалари таранглашган вақтларда оғриқ кучаяди. Жараён ривожланиши натижасида умуртқа ҳаракати чегараланади, кифоз, кифосколиоз келиб чиқади. Эхинококк билан зарарланган соҳада умуртқа ўткир ўсимталари оғриқли бўлади. Шу соҳада бел тўғри мушаклари таранглашиб қалинлашади.

Даволаш ва профилактика

Эхинококкоз кистаси кўкрак ва бел соҳаларида жойлашганда орқа миянинг босилиши кучаяверган сари оёқларда нимжонлик (парапарез) ҳам авж олавериши мумкин. Ушбу касаллик орқа мия ўсмалари ва сил касаллиги билан дифферинциал диагноз ўтказилишини тақозо этади.

Орқа мия эхинококкозларига бош мия эхинококкозлари сингари анамнез, аллергологик (Кацони реакцияси), иммунобиологик текширишлар натижалари, орқа миянинг компьютер ва магнит–резонанс томографик текширувлари натижалари инобатга олиниб, сўнг ташхис қўйилади. Бош ва орқа мия эхинококкозлари хирургик усулда даволанади.

Бош мия эхинококкозларининг профилактикасида ушбу касалликка чалинган ёввойи ва дайди ҳайвонлар (бўри, тулки, ит, мушук) билан муносабатда бўладиган уй ҳайвонларини (ит, мушук) мунтазам равишда ветеринария текширувларидан ўтказиб туриш – уларнинг ветеринар врач назоратида бўлишини таъминлаш, ёш болаларнинг дуч келган ит ва мушуклар билан ўйнашларини тақиқлаш, тегишли текширишлардан ўтказилмаган қорамол, қўй ва эчкиларнинг гўштларини меъёрига етказиб пишириб (узоқ муддат давомида қайнатиб) истеъмол этиш, ҳар хил нохуш асоратларнинг олдини олиш учун эса касалликнинг илк аломатлари пайдо бўлганданоқ, эхинококкоз кистаси катталашиб кетмасдан туриб малакали нейрохирургга мурожаат қилишлари ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Амирқул ШОДИЕВ,
Самарқанд давлат тиббиёт институти
“Неврология, нейрохирургия, травматология ва ортопедия”
кафедрасининг доценти, тиббиёт фанлари доктори.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x