DO`STLARGA ULASHING:
Тарихий мавзудаги асарлари билан эл-юрт оғзига тушган Миркарим Осим 1907 йили Тошкентда зиёли оиласида дунёга келган. 1918—1921 йилларда «Шамс ул-Урфон» номли бошланғич мактабда ўқиган. 1921 — 1924 йилларда эса Наримонов номидаги таълим ва тарих техникумида таҳсил кўрган. Дўстлари Ойбек ва Ҳ. Ёқубовлар билан бу техникумда адабиёт сирларини ўрганган. 1926 йилда эса Москва Давлат педагогика институтининг тарих-иқтисод факультетида ўқиб, уни 1930 йилда тугатган. Сўнг Самарқанддаги ўқитувчилар тайёрлаш курсида, 1932 йилдан эса Ўзбекистон Маориф халқ комиссарлиги қошидаги Педагогика илмий-тадқиқот институтида ишлаган.
Миркарим Осим ўз фаолиятини шеърлар ёзиш билан бошлади. Тарих фанидан қўлланма, тавсия, дарсликлар яратди. 1940 йилдан Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи «Астробод», «Алишер Навоий ва Дарвиш-али», «Бадарға», «Навоийнинг хислатлари», «Улуғбек ва Навоий» сингари тарихий қисса ва ҳикоялар ёза бошлади. Адиб бир умр тарихий қиссалар ёзиш билан машғул бўлиб, янги-янги авлодларни тарихий ўтмиш ва унинг машҳур кишиларига нисбатан муҳаббат руҳида тарбиялаб, ватан-парварлик, инсонпарварлик ғояларини улуғлади.
Тарихчи адибнинг асарларини даврий жиҳатдан уч гуруҳга ажратиш мумкин:
1. Тарихимизнинг қадимги даврлари ҳақидаги ҳикоялар (Македонский, араб халифалиги, Эрон шоҳлари босқини, мўғул истилоси).
2. Ўрта асрлар тарихидан ҳикоя қилувчи асарлар (фан ва маданият арбоблари ҳақида қисса ва ҳикоялар).
3. XVIII асрдан то 1917 йилга қадар бўлган давр тарихий ҳаёти ҳақидаги асарлар.
Айни пайтда Миркарим Осим асарларини мавзу йўналиши бўйича уч катта гуруҳда таҳлил қилиш, баҳолаш мумкин:
1. Тарихий-қаҳрамонлик мавзуидаги асарлар.
2. Тарихий-маиший мавзудаги асарлар.
3. Тарихий-биографик асарлар.
Қаҳрамонлик мавзуига ижодкорнинг «Ўтрор», «Тўмарис», «Темур Малик», «Александр ва Спитамен» каби асарларини киритиш мумкин.
Маиший мавзудагиларга «Моҳлар ойим ва Хонпошша», «Карвон қўнғироғи», «Элчилар» каби асарлари киради.
Тарихий-биографик асарларнинг намуналари қилиб адибнинг «Зулмат ичра нур» (Навоий), «Жайҳун устида булутлар» (Беруний), «Ибн Сино қиссаси», «Алжабрнинг тугилиши» (Ал-Хоразмий), «Синган сетор» (Машраб) каби қиссаларини кўрсатиш мумкин.
Миркарим Осим 40-йилларда Сталин қатағонининг бегуноҳ қурбонларидан бири бўлди. Унинг ватанпарварлик, миллатпарварлик, ўтмишга муҳаббат руҳидаги асарлари ўз муаллифига қаро кунлар олиб келди. Адиб кўп йиллар шўро режимининг азобларини чекди.
50-йилларда ватанига қайтган санъаткор тарихий асарлар ёзишда давом этади. Нашриётларда адабий ходим вазифасида ишлайди.
Миркарим Осим тарихчи адиблар орасида асл тарих ҳақиқатини бузмай, қайта бадиий жонлантириши билан ажралиб туради. Унинг асарлари тарихнавис адиблар учун адабий мактаб вазифасини ўтади.
Бугунги тарихнавис адиблар Миркарим Осимни ҳақли равишда ўзларининг устозлари деб биладилар.
Адибнинг 70 йиллиги муносабати билан унга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони берилган.
Миркарим Осим М. Шолоховнинг «Тинч оқар Дон» (2-китоб), С. Бородиннинг «Елдирим Боязид» романлари ва Л. Г. Батнинг «Ҳаёт бўстони» қиссаси на бошқа асарларни ўзбек тилига таржима қилган.
Миркарим Осим 1984 йил Тошкент шаҳрида вафот этган. Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2002).