Милк яллиғланиши

Милк касалликлари тишларнинг ҳуснини бузибгина қолмай, оғиз бўшлиғи меъёрий ҳолатига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли, милк касалликларини ўз вақтида аниқлаб даволаш жуда муҳим. Кенг тарқалган милк касалликларидан бири гингивитдир.

Милк яллиғланиши (гингивит) да милкнинг тишга туташиб турган четки қисми ва тишлар орасини тўлдириб турадиган милк сўрғичлари зарарланади.

Касалликнинг бир қанча турлари фарқланади. Катарал гингивитда милклар қизаради, шишади, қонайди, бироз қичишади, овқатланиш пайтида оғриқ пайдо бўлади. Кўпинча тишларда юмшоқ ва қаттиқ қатлам тўпланади.

Сурункали гингивитда бемор деярли ҳеч қандай оғриқ ва безовталик ҳиссини сезмайди, милклардаги яллиғланиш жараёни эса узоқ ва суст кечади. Шу сабабли, сурункали гингивит кўпинча стоматолог кўриги вақтида аниқланади.

Бемор тишларини тозалаётганда милклар қонаши кузатилади. Оғиздан ёқимсиз ҳид келиб туради. Милклар бироз қизариб, милк сўрғичлари бўртади.

Касаллик зўрайганда милклар қизғиш тус олиб, шишади ва қонайди. Тишнинг қаттиқ тўқималари зарарланиши мумкин.

Ярали-некротик гингивитда милкларда яралар пайдо бўлади. Бу эса оғриқ келтириб чиқаради, оғиздан ёқимсиз ҳид келиб туради. Беморнинг умумий аҳволи ёмонлашади, ҳолсизланиб тана ҳарорати кўтарилиши мумкин.

Гипертрофик гингивит касалликнинг камроқ кузатиладиган тури бўлиб, кўпинча организмдаги эндокрин ўзгаришлар натижасида ривожланади. Шу сабабли, гипертрофик гингивит асосан ўсмирлар, ҳомиладор аёллар ва қандли диабет билан оғрийдиган кишиларда учрайди.

Касалликнинг сўнгги босқичларида милклар оғриб, қонайди. Атрофик гингивитда милк тўқималарининг ҳажми кичрайиб тиш илдизи кўриниб қолади. Совуқ ёки иссиқ таом истеъмол қилинганда оғриқ пайдо бўлади.

Тиш ва оғиз бўшлиғи гигиенасига етарлича амал қилмаслик натижасида тишлар сиртида тўпланадиган юмшоқ караш кўпинча гингивитга сабаб бўлади. Юмшоқ караш патоген (касаллик қўзғатувчи) микроблар кўпайиши учун қулай озуқавий муҳит ҳисобланади. Микроблар ажратган токсин (заҳар) лар милкларда яллиғланиш жараёнини келтириб чиқаради.

Нотўғри ўрнатилган пломба, коронка ва сифатсиз тиш протезларининг милк тўқимасини зарарлаши туфайли ҳам милкнинг зарарланган жойи яллиғланиб гингивит ривожланиши мумкин.

Гингивит тамаки чекувчилар орасида кўп кузатилади. Тамаки тутунидаги токсик (заҳарли) компонентлар оғиз бўшлиғи дисбактериозига олиб келади, оқибатда сўлакнинг водород кўрсаткичи (pH) нордонлашади, никотин оғиз бўшлиғини қон билан таминлайдиган томирларни торайтиради, яллиғланиш медиаторларини фаоллаштиради. Бу эса кашанда милкларини гингивит касаллигига мойил қилиб қўяди.

Кўпинча иммунитет сусайиши, етарлича тўйиб овқатланмаслик, қандли диабет, ҳомиладорлик, витамин С етишмаслиги, депрессиялар, грипп, ангина, ОИТС, сил ва бошқа касалликлар, шунингдек организмнинг оғир металлар билан заҳарланиши, бурундан нафас олишнинг бузилиши ҳам милк яллиғланишини келтириб чиқаради. Шу ўринда айтиш жоизки, гингивит эркакларда аёлларга қараганда кўпроқ кузатилади.

Касалликни мутахассис шифокор даволайди. Касалликнинг тури ва босқичига қараб турли даво чоралари қўлланилади. Шифокор тиш сиртида тўпланган юмшоқ ва қаттиқ карашни олиб ташлайди.

Милк яралардан тозалангач, тўқималари даволанади. Антисептик, антибактериал ва яллиғланишга қарши гель ва мазьлар ишлатилади. Касаллик узоқ вақт давом этганда антибиотиклар ва оғриқ қолдирувчи дорилар қўлланилади.

Милк яллиғланишини дарҳол даволаб тузатиш муҳим. Акс ҳолда у асорат бериб, беморда пародонтит, гематоген инфекциялар (инфекцион эндокардит, гломерулонефрит) ривожланиши мумкин.

Гингивитнинг олдини олиш учун оғиз бўшлиғи гигиенасига қатъий амал қилиш лозим. Тишларни ҳар куни икки маҳал (эрталаб ва кечқурун) овқатланиб бўлгандан сўнг тозалаш керак. Кашандалар тамаки чекишдан воз кечишса, бу нафақат гингивитнинг, балки бошқа бир қатор касалликлар пайдо бўлишининг ҳам олдини олади.

Зайнаб ВАЛИЕВА, стоматолог.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x