Ҳозирги кунда мигренни тўла-тўкис даволашнинг иложи йўқ. Лекин баъзи бир қоидаларга амал қилиб, хуружларнинг олдини олиш мумкин. Яъни:
Стрессларга бардошли бўлинг. Одам эмоционал зўриққанида организмда оғриқ қолдирувчи медиаторлар (норадреналин, серотонин, эндоген ва опиоид пептидлар) миқдори ошади. Стресс ўтиб кетгач эса уларнинг миқдори кескин камаяди ва мигрен хуружига сабаб бўлади. Шу сабабли, одам ўзини стрессларга бардошли қилиб тарбиялаши лозим. Бу борада психотерапевт маслаҳатлари, массаж, игнали рефлексотерапия ёрдам беради.
Уйқу-тетиклик режимини тартибга солинг. Мигрени бор одамларга тун ярмидан ошгунча ўтириб, сўнг қуёш тиккага келгунча ухлаш мумкин эмас. Мигрен касаллигида одам ҳар куни 8 соат ухлаши керак. Соат кечки 11 дан ошмасдан ўринга ётиш лозим. Одатий кун тартибларини бузиш мигрен хуружига йўл очади. Баъзи одамлар дам олиш куни ўринларидан анча кеч турадилар ва оқибатда бош оғриғига дучор бўладилар.
Зарарли одатлардан воз кечинг. Қон томирларининг бирданига кенгайиши натижасида мигрен хуружи рўй бериши мумкин.
Унутмаслик керакки, тамаки чекканда ёки спиртли ичимликлар ичганда ҳам илк дақиқада томирлар тораяди, кейин эса тезда кенгаяди.
Гормонал ўзгаришларни фарқлаб олинг. Агар аёллар мигрен хуружлари билан ҳайз ўртасидаги боғлиқликни сезган бўлсалар, гинеколог шифокорга мурожаат этишлари зарур.
Баъзида организмдаги гормонал тебранишларни бир маромга туширадиган контрацептив воситаларни тўғри танлаш хуружлардан халос қилади.
Чарчоқнинг олдини олинг. Руҳий ёки жисмоний зўриқишлар ҳам мигрен хуружини келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли, бундай одамларга бир меъёрдаги иш тартиби мос келади. Навбатли график ва чекланмаган иш куни мигрен билан “чиқиша” олмайди.
Алоҳида тавсиялар. Кўзни ёрқин қуёш нуридан ва ёниб-ўчиб турган ёғдудан ҳимоя қилиш лозим. Қишда атрофни қор қоплаган қуёш чиққан кунларда ҳам қорайтирилган кўзойнак тақиш зарур.
Зиёфатларда бирданига кўп овқат еб қўйишдан, алкоголли ичимликларни кўп истеъмол қилишдан тийилиш керак.
Тўй тантаналардаги, оммавий томошалардаги шовқинли товушлар, ёруғликнинг тез-тез ўзгариши ҳам асаб тизимини таъсирлантирувчи омиллар ҳисобланади ва мигрени бор одам улардан сақланиши зарур.
Бошқа шароитга ўтганда яхшилаб ухлаб олиш ва янги жойга организмни кўниктириш лозим.
Сули, гречиха, ясмиқ, уй паррандаси гўшти, яшил сабзавотлар ва кўк чой мигрен хуружини камайтирувчи гистамин моддасининг миқдорини камайтирадиган воситалардан ҳисобланади.
Мигрен хуружи пайтида фақат қон томирларини торайтирадиган дори воситаларни ишлатиш керак. Бош оғриғининг бошқа турларида ёрдам берадиган спазмолитиклардан фойдаланиш қатъиян мумкин эмас. Чунки бу аҳволни баттар ёмонлаштириб бош оғриғини кучайтиради.
Зуҳриддин САЛОҲИТДИНОВ,
Андижон тиббиёт институти
“Умумий амалиёт шифокори тайёрлаш” кафедраси профессори,
тиббиёт фанлари доктори.