Маҳмуд ТАЙМУР (1894 – 1973)

Мисрлик ёзувчи Маҳмуд Таймур Қоҳира Араб тили академиясининг ҳақиқий аъзоси. Миср реалистик новелла жанрини бошлаб берган ёзувчилардан. Асарлари 1920 йилдан нашр қилина бошланган. Таймурнинг илк ижодига А.П.Чехов, Ги де Мопассан каби жаҳон классик ёзувчиларининг асарлари таъсир қилган.
Инқилобий ўзгаришлардан сўнг (1952) Таймур ижодида реалистик анъана устунлик қила бошлади ва у ижтимоий мавзудаги “Шамрух” (1958) ва “Мовий чироқлар” романларини ёзди. Унинг ҳикоя ва пьесалар тўплами, шунингдек, адабиёт тарихи ва назариясига бағишланган қатор асарлари бор.

САЛОМ ПОШОНИНГ ХОЛАСИ

Камолбек “Ал Жунд” қаҳвахонасида дўстлари билан ҳар доимгидек қаҳвахўрлик қилиб, чилим тортиб ўтирарди. Қўлида ҳозиргина сотиб олинган газета. Кечки пойтахт газетасининг одатда таъзияномалар бериладиган жойида, йўғон ҳошия ичига олинган каттагина таъзиянома босилганди. Унда шундай дейилган:
“Оғир мусибат, мудҳиш жудолик! Аслзодалар ичида ўз муруввати ва шарафли фаолияти билан донг таратган, собиқ ҳукумат амалдори муҳтарам жаноби олийлари Муҳаммад Салом пошонинг меҳрибон холалари бандаликни бажо келтирдилар. Улар ўзларининг Шаржадаги қасрида, ҳатто ҳозиқ табибларни ҳам ожиз қолдириб, узоқ давом этган оғир касалликдан сўнг ҳаётдан кўз юмдилар. Марҳума жасади эртага эрталаб соат тўққизу ўттизда махсус поездга солиб, соат роппа-роса ўнда вокзалдан жўнаб кетади. Майит ва жиянининг мавқеи важидан дафн маросимида кўплаб таниқли шахслар иштирок этиши кутилмоқда”.
Камолбек кўзга яққол ташланган бу хабарни диққат билан ўқиб чиққач, хандон отиб кулиб юборди ва атрофидагиларга қараб:
– Фавқулодда муҳим хабар, дўстлар! – деди.
Ҳамма унга ҳайратланиб қаради. Камол кулиб давом этди:
– Салом пошонинг холаси оламдан ўтибди.
Суҳбатдошлардан бири ҳайрон бўлиб сўради:
– Бунинг нимаси кулгили?
– Мен унинг холаси борлигидан бехабар эдим.
У яна кулди. Дўстларидан бири Камолга қараб:
– Мен эса бу ҳақида эшитганман, – деди.
– Ажабо!
– Ажабланишга ҳаққинг бор, чунки унинг борлигини ҳаммадан яширишарди. Салом пошо ўз холаси ҳақида одамлар ҳеч нима билмасликларига ҳаракат қилар эди.
– Нимага ундай қилган экан?
– У шов-шувдан қўрқарди. Шаржа яқинидаги кулбасида қўл учида кун кўраётган фақир холаси борлигидан одамлар хабар топса, нима бўлишини биласанми?
Ҳамма Рифъатбек томон ўгирилиб олди, Камолбек яна сўради:
– Бундан чиқди, газетада таъкидланган марҳума оламдан ўтган қаср аслида йўқ нарса экан-да?
– Албатта йўқ. Салом пошо холасининг танг аҳволдалигини, фақирона яшашини билса ҳам, ёрдам бермасди. Мен аниқ биламанки, у холасига охирги йилларда бошқарувчи воситасида эллик қурш берган, холос. Салом пошо у билан қариндошлигини инкор қилган, аммо бечора аёл, аксинча, турли йўллар билан ундан ёрдам олиш учун ҳаракат қилиб келган. Бироқ пошо бу қариндошидан қочар ва ҳазар қиларди. Чунки холаси пошонинг оғир ва қора ўтмиши билан боғловчи ягона ришта эди. Ўша машъум кунларда пошо ўзининг оддий кўк кўйлаги ва қўпол жунқалпоғини кийиб, мол боқар, товоқ бошига қўйиб, далада ишлайдиган отасига тушлик олиб борар эди.
– Қизиқ. Сен булар барини қаердан биласан, Рифъатбек?
– Мен буларни Салом пошо тарбия топган оиланинг бир аъзосидан эшитганман. Салом пошо ҳақида қайғурган оила бошлиғи меҳрибон ва очиққўл одам эди. У Саломни қаноти остига олиб, ўз ўғиллари қаторида Қоҳирадаги бошланғич мактабга беради ва то шаҳодатнома олгунича ўқиш пулини ҳам тўлайди. Саломнинг ўрта мактабда ўқишни давом эттиришга лаёқатсизлиги маълум бўлгач, валинеъмати, ўзи таниган одамларга ялиниб-ёлвориб, уни ҳукумат идораларидан бирига оддий югурдак бўлиб ёлланишига ёрдам беради. Салом ўз мавқеийда яхши ўрнашиб, мансаб пиллапояларидан анча юқорилаб олгач, оддий ва итоаткор ўспирин бориб-бориб ўжар ва такаббур одамга айланди. Унинг омади чопгандан-чопди, тез орада катта лавозимларга ўтди ва димоғи баттар шишиб кетди. Саломнинг феъл-атворидаги ғаразгўйлик тўлиқ ошса ошдики, камаймади. У ўтмиш билан боғлиқ ҳамма нарсани, ҳатто уни тарбиялаб ўқитган, унинг омадли келажагини таъминлаган кишини ҳам унутди. Ҳа, дўстлар, Салом нонкўр чиқиб қолди ва энди ношукурлиги бундан-да ошса, ажаб эмас. Биз бу одамнинг феълини яхши биламиз ва ана шу сабабдан мен у ҳақда айтилган юқоридаги гапларга ажабланмадим.
– Наҳотки, ана шу бечора холасидан бошқа унинг қариндошлари қолмаган бўлса?
– У ягона тирик қолган қариндоши эди. Холасидан нафратланиши ва уни тан олишдан орланишининг асосий сабаби ҳам ана шунда.
– Лекин у барибир холасини тан олибди-ку.
– Ҳа, ўлимидан кейингина тан олди.
– Энди тан олишнинг нима кераги бор?
– У бу ишни шуҳратпарастлиги сабабли қилмоқда. Салом холаси ҳаётлигида арзимас нарса берган бўлса, энди у вафот этганида катта пуллар сарфлайди. Бундан мақсад – умри давомида ортидан қувган ва ягона қувончи деб билган сохта асъасаю дабдабага қараб интилишдан бошқа нарса эмас. Зотан бу тантанали мотам ва дабдабали дафн маросими ўзини кўрсатишдан бошқа яна нима ҳам бўлиши мумкин? Мамлакатнинг кўзга кўринган арбоблари, оқсуяк зодагонлар ва ҳукуматнинг олий мавқели амалдорлари ушбу тантанали маросимда қатнашиб, ҳамдардлик билдиришлари, тасалли беришлари пошога хуш ёқмайдими?
Камолбек кулди:
– У ақлдан озган! Мен ана шу маросимда иштирок этиб, у ерда рўй берадиган қизиқ воқеаларни кўришни жуда истардим.
– Нимага? Сен бу одамни танимайсан-ку?
– Сен қанчалик билсанг, мен ҳам шундай.
– У ҳолда, жанозага бориш учун нима сенга монелик қилади?
– Мен эртага далага боришим керак.
Ўтирганлардан бири маслаҳат берди:
– Сен унга телеграмма жўнат.
– Сен ҳақсан, худди шундай қиламан.
Рифъатбек:
– Мен эса жанозага бориб, у ерда кўрганларимни сенга айтиб бераман – деди.
Камолбек қошиқни тақиллатиб, хизматчини чорлади-да, қоғоз ва қалам олиб келишни буюрди. Ўзи эса, телеграмма матнини тузишга киришди. Ўйлаб туриб:
– Лекин бу аҳмоққа нима деб ёзишни ҳам билмайман, – деди.
– Қисқароқ ёзавер, дўстим. Масалан: “Биз ҳаммамиз Аллоҳники ва Унга қайтажакмиз”.
– Бу етарли эмас, Рифъатбек. У мени бахил деб ўйлаб, назарга илмай, устимдан кулсинми? Шундай телеграмма ёзиш керакки, қиймати ўттиз қуршдан кам бўлмасин…
Кейин у Ҳуснибекка юзланди:
– Сен менга мана шу одамга ўз ҳамдардлигимни билдириш учун бир неча қайғули ва таъсирчан сўзларни айтиб туролмайсанми?
Ҳуснибек бу давранинг шоири саналар эди. У Камолбекка узоқ тикилиб туриб, сўнг сўради:
– Насрда бўлсинми ё назмдами?
– Насрда бўлгани яхшироқ, осон ва тушунарли бўлади, ҳолбуки бу одам ўзингизга маълум, нодон ва аҳмоқ.
– Бўлмасам, ёз!
Ҳуснибек айта бошлади.
– Бу нима, дўстим? Сен назмда айтаяпсан, мен сендан насрда сўрадим-ку.
– Бу ҳали бошланиши. Киши ўз қайғусини изҳор этмоғи лозим. Ёз, ёз…
“Мен бугун бошингизга тушган оғир мусибат – меҳрибон ва муниса аёл, хонадонингиз устуни меҳрибон холангиз вафоти ҳақидаги хабарни ниҳоят даражада ғам-ғуссага ботиб ўқидим. Холангизни Худо ярлақасин, менинг самимий ва чин дилдан ҳамдардлигимни қабул этгайсиз. Аллоҳ сабрингизни мукофотлаб, умрингизни узоқ қилсин. Марҳумани ўз раҳматига олган бўлсин.
Маҳзун ва қайғуга ботган Камол”.
– Баракалла, Ҳуснибек. Бироқ, бу телеграмма қирқ ё эллик қурш чиқса кераг-ов.
– Ҳечқиси йўқ!
Ўтирганлар орасида илгари Салом пошони кўрмаган ва у ҳақда ҳеч нима эшитмаган Носирбек ҳам бор эди. Унинг бу борада бугун эшитганларидан кўра, кўпроқ нарсаларни билгиси келди.
– Бу жоҳилнинг кўриниши қандай? – Камолбекдан сўради. – Ёши нечада? Билганича менга гапириб бер-чи.
Камолбек чўнтагидан портсигарасини чиқариб, дўстларига тутар экан, деди:
– Салом пошо – барваста, баланд бўйли киши. Унинг юзи буғдойранг, деярли қоп-қора, кўп ичкилик ичганидан доим қизариб юради. Қизарган кўзлари атрофидаги кўкиш ҳалқалар унинг қартайганидан далолат. У бадбашара, юзидаги чечакдан қолган излар “ҳуснига кўрк” қўшади. Эллик бешга борган бўлса ҳам ҳамон суюқоёқ. Ақлли одамлар сахий бўлган ўринларда бахил, улар аҳмоқона деб билган нарсаларга эса, пулни сувдек сарфлайди. Нодон ва уқмаган, у фақат ташқи ялтир-юлтур ва ёлғон шарафга қўлидан келган барча имкониятларни – иккиюзламачилик, лаганбардорлик, сотқинлик, алдов ва пулни ишга солиб интилади. У ўрта мактабда омадсизликка юз тутган ҳамоно валинеъматининг тавсияси орқали амалдор бўлди. Салом лаганбардорлик билан мансаби ошиб, юқори мартабаларга кўтарилди ва ҳаром йўл билан мол-дунё орттирди. Ерлар сотиб олди, қасрлар қурди ва энг бадавлат одамлардан бирига айланди. Ахийри унинг қалбаки ишлари очилди ва уни ҳукумат ишидан шармандаларча ҳайдашди. У яна лаганбардорлик ва пасткашлик йўлига ўтиб бўлса ҳам, ҳар тарафдан пул оқиб келадиган ўрнини сақлаб қолишга интилди. Аммо пошога ҳеч ким ёрдам бера олмади ва билишимча, анчагина сармоя ва машҳурлик билан ўз аризасига мувофиқ ишдан кетди. Кишилар бу можарони тез унутдилар ва бироз вақт ўтмасдан унинг исми яна Қоҳирада ҳурмат ва эътибор билан тилга олина бошлади. Бугун эса, у атрофдагиларга ўз таъсирини ўтказа олар даражада машҳур, муҳташам қасрида тўкин-сочинликда ҳаёт кечирмоқда.

* * *

Мартабали шахслар, ўнлаб машҳур қорилар, узун жун қалпоқ кийган сўқир ва дарвешлар, исириқ тутатувчилар, оқ салла ўраб, яшил ридо кийган турли тариқат шайхлари, барча тоифадаги ходимлар иштироки билан жаноза дабдабали ва тантанавор ўтди. Олдинда тўрт сандиқ мева ва ширинликлар ортилган икки туя турибди. Бу каффора деб номланади…
Салом пошо жаноза учун махсус сотиб олинган қора ридо ва янги қора ялтироқ пойабзал кийиб, маҳзун ва ғамгинроқ кўринишга ҳаракат қилган. Лекин унинг овозидан бу ясамалик аниқ сезиларди. У ҳамсуҳбатларига меҳрибон марҳуманинг қадр-қиммати ҳақида сўзлар, ғам-андуҳини васф этар, уни эъзозлаб ҳурматлагани, холаси ҳам ўз ўрнида унга оналарча ғамхўр бўлганидан гапирарди.
Бу вақтда эса унинг иш бошқарувчиси дўстларидан бирининг қулоғига:
– Агар пошо холаси тириклигида унга мана шу дафн маросимига кетказган маблағининг ўндан бирини берганида, бу уни умрбод қашшоқликдан қутқарган бўлар эди… Пошо менга тўртта сандиқни энг лаззатли мевалар ва ширинликлар билан тўлдиришни буюрдики, холаси уларни хаёлига ҳам келтирмаган. Марҳума устига раҳматлар ёғилиши ва номини абадийлаштириш мақсадида уларни бечораларга тарқатишим лозим.

* * *

Оқшом чўкди. Салом пошо яшайдиган кўчадаги йўлларда чироқлар порлай бошлади. Чироқлар шу қадар кўп эдики, йўловчилар ўзларини гўёки танти бир бойваччанинг кечки шодиёнасига кириб қолгандек ҳис қилардилар. Чиройли матолар билан ўралган, қимматбаҳо гиламлар тўшалган, кўз қамашар даражада ёритилган муҳташам чодир одамлар билан тўлган, номи чиққан қориларнинг Қуръон тиловати қулоққа чалинди. Салом пошо сел бўлиб ўтирарди. Атрофдан таомлар тайёрланаётгани ва дас­турхонлар тузалаётганининг шовқини келарди. Салом пошо яқин дўстлари ва юксак мартабали кишиларга энг сара ва тансиқ ноз-неъматларни тортишни буюрди.
Пошо ҳамдардлик билдириб келган меҳмонларни мулозамат билан кутиб олиб дастурхон олдига борди ва хизматкорларига бир ишни буюриб бошқасини тўхтатиб, ниманидир талаб қилиб ё рад этиб, баланд овозда фармойишлар бера бошлади.
Кейин ўз ўрнига қайтиб, яна меҳмонларни оралаб ўтар экан, қайғусини намойиш этишга тиришди ва оғир хўрсиниб, марҳуманинг фазилатлари, унинг вафоти ҳамда бу машъум хабарни эшитгач, қандай ғам-ғуссага ботганлигини гапирди.
Қори Қуръондан бир сурани тамомлаб, юзига фотиҳа тортгач, меҳмонлар Салом пошога ҳамдардлик билдириб, тарқала бошлашди. Чодирда пошо ва унинг яқин гумашталаригина қолди.
Пошо оёқларини бир-бирига чалиштириб ўтираркан, дастрўмоли билан терини артиб, елпина бошлади. Сўнг чуқур нафас олиб:
– Уҳ, роса чарчадим! Маросимлар бу қадар қийин бўлишини билмаган эканман, – деди.
Пошонинг ёнида калта мўйлов ва сийрак соқоллик, итоаткор ҳамтовоқларидан бўлган кўримсиз бир чол қўлларини арта туриб деди:
– Нимасини айтасиз, албатта, чарчадингиз, агар сиз чарчамаганингизда маросим бу қадар дабдабали ва тантанавор ўтмасди. Ёшу қари ҳамма бу ерда кўрганларини гапириб юради энди.
Пошо унга жавобан янада қаттиқроқ уҳ тортиб, хўрсинди:
– Қасам ичаманки, Абдунаби, кеча оқшомдан бери мижжа қоқмадим, бир дақиқа бўлса ҳам ўтириб дам олишга фурсатим етмади. Сен ўзинг кўрдинг, кечқурун қанча меҳмон келганини. Уларни ёлғиз қолдира олармидим?
– Албатта, йўқ. Бу сиздек одамнинг қўлидан келмас.
– Мен бир неча бор уларни айланиб ўтиб, таъзиялари учун ўз миннатдорчилигимни билдирдим. Дастурхоннинг қандай тузалгани ва таомларнинг қандай тортилганини ўзим назорат қилдим. Бу борада хизматкорлардан биронтасига ишонишим мумкинмиди?
– Йўқ, пошом, йўқ. Сиз доим ҳамма нарса ҳақида фақат ўзингиз қайғурасиз.
Абдунаби бир эснаб олиб, давом этди:
– Аллоҳ таоло, унинг пайғамбари ва барча муқаддас нарсаларга қасамки, мен умрим давомида бугунгидек тотли таомларни емаганман ва ҳеч қачон бундай тантанали, дабдабали маросимни кўрмаганман. Марҳума холангизнинг руҳи поклари ҳозир бошингиз узра чарх уриб, унинг олдидаги ўз муқаддас бурчингизни адо этганингиздан миннатдор бўлмоқда.
Абдунаби яна эснади, сўнг, кетиш учун изн сўради. Пошо унинг бу лаганбардорлиги ва мақтовларига миннатдорчилик юзасидан қўлини узатар экан, киссасига пул солиб қўйди.
Шундан сўнг пошо бир керишиб, баланд овозда чақирди: – Азиз афанди! Дид билан кийинган ўттиз саккизлардаги бир киши пошонинг хос котиби вазифасида эди. У олдига яқинлашганда пошо бир ўқрайиб:
– Жаноза маросими менга умуман ёқмади. Мен сенинг бу қадар кам маблағ сарфлаганингдан ҳайронман… Одам дегани ҳам бу қадар қурумсоқ бўладими? Ахир пуллар менинг чўнтагимдан чиқаяпти-ку…
– Мен бахиллик қилибманми?! Лекин жаноза ҳаддан ташқари дабдаба ва асъаса билан ўтди-ку!
– Ёлғон!
– Маросим уч юз метрга чўзилди ва пойтахтнинг энг катта кўчасини тўлдирди. Биз ҳатто барча муҳим йўналишлардаги трамвайларни тўхтатиб қўйдик ва бутун ҳаракат анча вақтгача тўхтаб қолди. Бирон-бир фойтун ёки автомобилга маросимни қувиб ўтиш ёки кесиб ўтишга имкон бермадик. Сиз жаноби олийлари дарвешларни кўрмадингизми!? Биз уларни бутун Қоҳира бўйлаб тўпладик. Олдинда борган қориларни айтмайсизми!? Исириқ ва хушбўй тутатқилар тутатган бир гуруҳ одамларга кўзингиз тушгандир?! Улар бизга оз-мунча пулга тушмади. Мен уларнинг ҳар бирига янги белбоғ сотиб олдим, ҳайдовчи – уста Абдуга уларнинг кийимларини бензин билан ювиб бериш ва Халилга эса уларнинг турбушларини дазмоллашни буюрдим.
Хизматкор ва яқинларингиз борасида эса, жаноби олийлари ўзингизга маълумки, уларнинг ҳар бирига янги либос ва оёқ кийим харид қилдик. Улар барчанинг эътиборини тортдилар. Қасамки, эй хўжам, кўчаларнинг икки тарафида одамлар ҳурмат ва сукут билан жаноза маросимининг дабдабасини кузатиб турдилар. Улар бу кимнинг жанозаси деб сўрадилар ва мен баланд овозда уларга Салом пошонинг холалариники – дедим, улар сидқидилдан таъзия изҳор қилишди. Жаноби олийлари, наҳотки сиз қашшоқлар мева ва ширинликлардан олганларида сизни дуо қилганларини эшитмадингиз?! Уларнинг овозлари ҳатто қорилар тиловатини ҳам босиб тушди.
Пошо котибининг сўзларини завққа тўлиб, кибрланиб тинглади. Бироқ, сўнгида у хўмрайиб олди ва Азиз афанди сўзини кесиб, яна ўшқирди:
– Полиция-чи? Аҳмоқ, у қаерда эди? Холамнинг жанозасида атиги икки отлиқ ва тўрт пиёда полициячи иштирок этиши уят эмасми?
– Қасам ичаман, жаноби пошо, менга бундан ортиғига рухсат беришмади.
– Сенга рухсат беришмади?! Абдукарим пошо онасининг жанозасида ўнта чавандоз ва йигирмата пиёда полициячига рухсат беришганди-ку.
– Жаноби олийлари, биласизми, ҳар ҳолда Абдукарим пошонинг бугунги мавқеи…
Салом пошо унинг гапини бўлди:
– Бас, гапимга қулоқ сол! Авваламбор, мен шуни аниқ биламанки, сен эътиборсизсан. Қандай уят?! Холамнинг жанозасида менинг бугунги ҳолатим ва ўтмишда ҳукуматда қилган хизматларимга мутаносиб равишдаги етарли миқдорда полиция ходимлари бўлмаса?! Мени бўлса, мамлакатга донғи кетган одамлар танийди! Энди улар мен ҳақимда нима деб ўйлашади? Мен одамларнинг бу ҳолдан ажабланишларини олдиндан сезиб турибман. Бунинг ҳаммаси сен туфайли!
– Сиз фақат мақтовларнигина эшитасиз.
– Сен эртагаёқ ўз хатоингни тўғрилашинг лозим.
– Буюринг, амрингизга мунтазирман.
– Газеталар дафн маросими ҳақида хабар ёзишсин, тантанани батафсил ёритсинлар, иштирок этган машҳур кишиларнинг исмлари берилсин ва тобутни кузатиб борган полициячилар сони кўрсатилиши керак.
– Жаноби олийлари дафн маросимида нечта полициячи иштирок этишини истар эдингиз?
– Қирқта пиёда ва ўттизта отлиқ.
– Худди шундай бўлади.
– Сен газетада дафн маросимининг дабдабаси, анвойи дастурхон, қориларнинг машҳурлиги каби барча нарсаларнинг хабарини беришинг керак. Газетачиларга сахийлик қил, ҳаргиз қурумсоқлик қила кўрма.
– Ҳаммаси сиз истагандек бўлади.
Пошо қаттиқ эснади, бир оз сукут сақлаб, сўнг овозини пасайтириб гапирди:
– Сен қўшиқчиларга бўнак бериб қўйдингми?
– Ҳа, жаноби олийлари, наҳотки базм ўтказмоқчи бўлмасангиз?
– Албатта, ўтказаман, ким ўтказма дебди? Мен бошқача бўлиб қолишни истамайман. Мен доим ўтказиб келадиган шўх базмлар давом этаверади. Мотам маросимига келсак, сен ҳаммасини ўзинг биласан. Ёки берган буйруқларимни яна бошқатдан қайтарайми?
– Йўқ, шарт эмас, ҳаммаси тушунарли.
– Сенга бир нарсани тушунтиришнинг ўзи бўлмайди. Дафн маросимидан уч кун ўтиб, ҳар оқшом қориларни бу ерда – уйда ва мозорда тўплайсан… Ҳар кеча то қирқинчи кунгача… Бунинг ҳаммаси марҳуманинг ҳурмати ва одамлар олдидаги вазифамиз юзасидандир… Уқдингми?
– Уқдим, хўжайин.

* * *

Оқшом пайти Абдунаби пошога Азиз афанди томонидан газетага берилган мотам маросимига оид хабарни ўқиб берар эди. Пошо диққат билан тинглар, боши билан тасдиқ ишорасини қилар эди.
Мақолада дафн маросими батафсил ёритилган, унда иштирок этган машҳур шахсларнинг исмлари номма-ном қайд қилинган, тиланчиларга улашилган садақаю эҳсонлар, одамларнинг марҳумани хотирлаб йиғлаганларию, уни дуо қилиб Аллоҳдан марҳамат сўраганлари, ўз бурчини маромига етказиб бажарган пошонинг кўрсатган ғайрати ва ҳиммати мақталган эди…
Хабар “Маҳобатли манзара” номи билан босилган бўлиб, у қуйидагича бошланган: “Газета босиш учун тайёр бўлган чоғда, биз махсус мухбиримиздан муҳим бир хабар олдик ва жаноби олийлари Муҳаммад Салом пошо ҳамда у кишини билганлар ҳаққи-ҳурматини эътиборга олган ҳолда, мазкур хабарни газетага жойлаштиришни лозим деб топдик”.
Шундан сўнг “зоти шарифлари” ва “жаноби олийлари” деб бошланувчи узундан узоқ исмлар рўйхати берилган, полициячилар ва уларнинг сони алоҳида қайд этилган эди.
– “Тобутни ўттизта чавандоз ва қирқта пиёда полициячилар ўраб олган ҳолда кузатиб бордилар”.
Пошо мамнун бош силкиди:
– Бу тўғри. Улар бу хизматни сўраганимизда рад этмадилар, агар мен бундан-да кўпроқ сўраганимда ҳам, ҳеч ким менга йўқ дея олмасди.
Абдунаби қўлларини арта туриб:
– Сиз ғоят машҳур одамсиз. Наҳотки, сиздек ҳукуматга садоқат билан хизмат қилган кишига рад жавобини беришлари мумкин?
– Абдукаримнинг онасига бўлган жанозада полициячилардан бор-йўғи саккиз нафар иштирок этган эди, чамамда…
Абдунаби ўқишда давом этди. Хабарнинг охирида бундай дейилган эди:
“Пошо ҳазратлари, Аллоҳ ул зотнинг умрини узоқ қилсин, жуда ғамгин ва қайғуга ботган  ҳолатлари барчада самимий ҳамдардлик ҳиссини уйғотди”.
– Бу тўғри… Бу жуда тўғри. Сиз жуда маҳзун эдингиз, хўжам.
– Нима ҳам қила олардик. Аллоҳнинг иродаси.

* * *

Пошо ва унинг ҳамтовоғи газета ўқиб, суҳбатлашиб ўтирган чоғларида, оёқда аранг қилпиллаб турган бир қари чол қаср остонасида ўтирарди. У ёнгинасидаги қаср соқчиси берган тамакини тутатарди.
Бу қартайган чол узоқ йиллар пошонинг ерларида ишлаган чоракорлардан бири. Унинг кўзлари кексаликдан хира тортган, соқоллари оқарган. У қишлоқча кийинган, бошида эса титилиб кетган салла.
Узоқ жим ўтиргач, соқчига мурожаат қилди:
– Аллоҳга қасамки, марҳума Шаржа томонларда болаларга шакарқамиш сотар эди, аммо нима учун унинг шаънига бундай ишлар қилинмоқда, тушунмадим. Наҳотки, мен ўзим тушунмайдиган нарсани гапирадиган ва бошқалар кўрмаётган нарсани кўрадиган даражада ақлимни еб қўйган бўлсам?
Қаср дарбони унга яқинроқ келиб шивирлади:
– Асло ундай эмас. Сиз ҳақсиз, отахон. Аммо пошо шуни истайди, пошонинг истаги эса ҳар нарсадан юқори…

 

Араб тилидан
Сарвар АБДУЛЛАЕВ
таржимаси

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/01/04/%d0%bc%d0%b0%d2%b3%d0%bc%d1%83%d0%b4-%d1%82%d0%b0%d0%b9%d0%bc%d1%83%d1%80-1894-1973/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x