DO`STLARGA ULASHING:
Матёқуб Қўшжонов (1918.5.5, Тошҳовуз вилояти, Туркманистон — 2005.16.8, Тошкент) — адабиётшунос олим. Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (2000), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1978), филология фанлари докторири (1972). 2-жаҳон уруши қатнашчиси (1942—45).
Тошҳовуз шаҳридаги Ўқитувчилар институтини (1946), Ўрта Осиё университетининг филология факултетини (1950) тугатган. Ўзбекистон КП МК да масъул ходим (1950-53), Ўрта Осиё университети (ТошДУ)да доцент (1957—60), Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида катта илмий ходим (1960—75), директор (1975-86), етакчи илмий ходим, илмий маслаҳатчи (1986 йилдан) бўлиб ишлаган.
Матёқуб Қўшжоновнинг асосий илмий ишлари 20-аср ўзбек адабиётининг ривожланиш тамойиллари, адабий танқид ва адабиётшунослик методологияси муаммолари, адабиёт назарияси ва ёзувчи маҳорати масалаларига бағишланган. Тадқиқотларида Қодирий, Қаҳҳор, Ойбек, П.Қодиров, О.Ёқубов, А.Орипов ва бошқа ёзувчи, шоирларнинг маҳорати ўрганилган ва бадиий асарнинг сюжет, композиция, характер ва конфликт масалалари таҳлил қилинган.
Матёқуб Қўшжоновнинг 90-йилларда ёзган «Ўзбекнинг ўзлиги» (1994), «Абдулла Орипов» (ҳамкорликда, 2000) ва бошқа асарларида машҳур ёзувчилар ҳақида фикр юритилган. Олимнинг «Тепки босилди» (1990), «Алам» (1996), «Дагиш» (1999), «Армон» (2004) каби бадиий-биографик асарлари ҳам бор.
Матёқуб Қўшжонов икки жилдлик «Адабиёт назарияси», беш жилдлик «Ўзбек адабиёти тарихи», икки жилдлик «Ўзбек тилининг изоҳли луғати», икки жилдлик «Русча — ўзбекча луғат», бир жилдлик «Ўзбекча — русча луғат» ва бошқа нашрларнинг яратилишига бош-қош бўлган. Унинг раҳбарлигида 5 та фан доктори, 15 та фан номзоди етишиб чиққан.
Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1977). «Эл-юрт ҳурмати» (1999), «Буюк хизматлари учун» (2003) орденлари билан тақдирланган.