Умримнинг қирқ беш йили давомида мунтазам матн тайёрлаш, матн таҳрир этиш, матн танқиди билан шуғулландим. Ҳаётим мазмунини мумтоз адабиётимиз намуналари нашрининг саҳиҳлигида билдим ва элликка яқин ўзбек мумтоз адабиёти асарларига масъул муҳаррирлик қилдим. Имкони борича асарларни қўлёзмаларга солиштириб, нусхаларни қиёслаб матн ҳақиқатини юзага чиқаришга интилдим.
Қўлёзма билан ишлашда аввал ўз фаҳм-фаросатим, ақлу идроким, интуициямни ишга соламан. Шу жараёнда ишнинг тўқсон фоизидан кўнглим тўлади. Сўнгра қўлёзма ёки тошбосма манбаларга сўзма-сўз солиштириб чиқаман. Ўн фоизлик қолган таҳрир ҳам ниҳоясига етгач, енгил тортиб, ўз ишимдан бироз қониқаман. Гоҳо изланиш жараёнида қўлёзма, тошбосма ёки бошқа нашрлардан мазмун саҳиҳлигида ажойиб, кутилмаган бир сўз чиқиб қолади-ю, менинг байт бўйлаб чеккан талай риёзатларимнинг барчасини йўққа чиқаради-қўяди. Шу чоқ қувончим чексиз бўлади! Чунки матн аслияти ва ҳақиқати тантана қилади-да!
Демак, ҳар бир таҳрир давомида билим, идрок ва тажрибамни шу асар орқали ўз имтиҳонимдан ўтказиб оламан. Айниқса, қайта нашрларни таҳрир қилаётганимда юзлаб маротаба: “Наҳотки нашрга тайёрловчи олим шу нуқсонни ёки мантиқий зиддиятни сезмаган бўлса?” дея афсусланаман ва бунинг сабабини ҳам ўзимча топган бўламан: нашрга тайёрловчи яхши адабиётшунос бўлса-да, тажрибасиз матнчи, унинг масъул муҳаррири эса қўлёзмани ўқимаган.
Кўплар буни фарқ этишмайди. Мумтоз адабиётнинг ҳар қандай мутахассиси матншунослик билан шуғулланаверади, деб ҳисоблашади. Мумтоз матнни нашрга тайёрлашда яхши адабиётшуносдан кўра, менимча, ўртамиёна матнчи афзалдир.
Алишер Навоий “Тўла асарлар тўплами” устида таҳрир ишлари олиб борган пайтимда “Мукаммал асарлар тўплами”нинг олтинчи жилдидаги қуйидаги байтни қай тахлит тузатганимни баён қилай:
Илм афлокида бир жис маҳал,
Барча ашкол ўлум оллида ҳал (483-бет).
Биргина байтдаги тўрт сўзнинг хато ўқилгани, яъни “бир жис, ашкол, ўлум” сўзлари китобхон фикр-идрокини боши берк кўчага киритиб қўяди. Демак, нашрга тайёрловчи ҳам, масъул муҳаррир ҳам бу байт мазмунини тушуна олмаган. Олдинги нашрдан шундоққина кўчиришни компьютерчига юклашган, холос.
Энди шу хом-хатала байтни араб ёзувида тасаввур қилиб, сўзма-сўз тузатиб ўқишга уриниб кўрамиз: биринчи бўлиб “бир” ва “жис” сўзларини бирлаштирамиз. Чунки “жис” деган сўз йўқ. “Биржис” сўзи пайдо бўлгач, калаванинг учи топилади, яъни Муштарий сайёраси назарда тутилганини англаймиз. Мана, энди биринчи мисра эпақага келди:
Илм афлокида Биржис маҳал
(Мазмуни: Илм осмонида давр Биржиси).
Нашрга ишонсак, иккинчи мисра қуйидаги мазмунни беради:
Барча шакллар ўлум олдида ҳал бўлади.
Афсуски, байтдаги мисралар мазмунан бир-биридан жуда йироқ. Демак, матн соғлом эмас. “Ҳал” сўзи менга “ашкол” сўзини таҳрир қилишга туртки беради. Нимани ҳал этиш керак? “Ашкол”ни. Ахир “ашкол” (шакллар)ни қандай ҳал этиш мумкин? Демак, бу сўз аслиятда “ишкол” (муаммо) бўлса керак.
Барча ишкол ўлум оллида ҳал.
Энди буни тушунса бўлади, ҳарҳолда маъно бирмунча тикланди. Бироқ Навоий шундай деганмикан? Араб ёзувида “улум” ва “ўлум” шаклдошдир. Шунга кўра, “ўлум”ни “улум” (илмлар) сўзи билан алмаштирамиз:
Барча ишкол улум оллида ҳал.
Вазнни тузатиш учун “барча”ни “борча”га ўзгартирамиз. Ва “ишкол” билан “улум” сўзлари алоқасини йўлга қўйиш учун “ишкол”га “и” изофасини қўямиз:
Борча ишколи улум оллида ҳал.
Шундай қилиб байтни саҳиҳ ҳолатга келтирдик:
Илм афлокида Биржис маҳал,
Борча ишколи улум оллида ҳал.
Мазмуни: У илм осмонидаги замона Биржисидир. Илмларнинг ҳар қандай муаммоларини у ҳал қила олади.
Бу иш ниҳоясига етгач, қўлёзмага қараб, қиёслаб, уринишларимиз самарали бўлганига қониқиш ҳосил қиламиз.
Бошқа бир мисол:
Шаҳри Хай, мулку ҳашамни кўрдунг,
Сен доғи мулку ҳашам кўп сурдунг.
(Алишер Навоий, Мукаммал асарлар тўплами, 6-жилд, “Фан”, 1990, 483-бет).
Бу байт ҳам “Фавоид ул-кибар” девонидан олинди. Биринчи мисрада иккита жиддий нуқсон бор. Чунки мен билган Шарқ жуғрофиясида Хай деган шаҳар йўқ. “Лайли ва Мажнун” достонида қабила, жой номи сифатида “Ҳай” сўзи кўп учрайди. Тўғри, “ҳай” сўзининг “тирик” деган маъноси ҳам бор-у, лекин бу байт мазмунига тушмайди. “Хай” сўзининг “тер” (терлаш) маъноси ҳам байт мазмунига тегишли эмас. “Навоий асарлари луғати”да “Ҳай” сўзининг бир неча маъноси изоҳланган бўлиб, жумладан, қишлоқ ва маҳалла маъноларида ҳам қўлланилиши қайд этилган. Шунга кўра, “Хай”ни “ҳай” турдош оти билан алмаштирамиз. “Шаҳри ҳай” бирикмаси бўлмайди. Шунинг учун буларни “шаҳру ҳай” (шаҳар ва қишлоқ) тарзига келтирамиз:
Шаҳру ҳай, мулку ҳашамни кўрдунг,
Сен доғи мулку ҳашам кўп сурдунг.
Шундай қилиб, йўқ шаҳар номини матндан олиб ташлаб, “ҳай” – “қишлоқ” билан алмаштирдик. Энди уюшиқ бўлаклар тўғри тизимга келди: шаҳар, қишлоқ, мулк…
Аммо бунда тўхташ илмга хилоф. Қўлёзма ва бошқа нашрларга биз топган матн “ҳақиқат”и мос келмоғи зарур. Илмда тахмину фол билан иш битмайди.
Турк олими Ўнал Кайа 1996 йили Анқарада нашр эттирган нусхага бу байтни солиштириб, анграйиб қолдим. Унинг матндаги битта сўзни тўғри ўқиши менинг юқоридаги барча изланишларимни чиппакка чиқарди-қўйди! “Шаҳри Хай” эмас, балки “Шоҳрухий” экан!
Шоҳрухий мулку ҳашамни кўрдунг.
(Мазмуни: Сен Шоҳрух даври мамлакат идораси ва ҳашаматини кўргансан).
Мана буни энди чинакам ҳақиқат тантанаси деса бўлади!
Мен “ҳайф шунча машаққатларим”, дея афсусландимми? Йўқ, Ўнал Кайанинг шу сўзни тўғри ўқиганига қойил қолдим, холос. Ҳақиқатга тан бериш олимга хос фазилат бўлмоғи керак.
Учинчи мисолга мурожаат этамиз:
Висол умидиға ўзин яқин олур ошиқ,
Фироқдин неча жавринда давр бош бўлса
(376-бет).
Байтнинг биринчи мисрасида матн муаммоси йўқ. Иккинчи мисрадан соғлом мазмун чиқариш имконсиздир. “Жавринда”, “давр”, “бош” сўзлари ўзаро ҳечам қовушмайди. “Давр бош” сўзлари таҳририда поэтика талабларидан келиб чиқилади. Биринчи мисрадаги “яқин” сўзининг қарама-қарши маъноли сўзи “йироқ”дир. Тазод санъатининг ушбу амалиёти қўл келади. “Йироқ”нинг маънодоши “дур”дир. Нашрга тайёрловчи ўша сўзни шаклдоши “давр” билан чалкаштирган. “Дур” сўзига “бош”ни қўшсак, “дурбош” (“Йироқлаш!”, “Нари тур!” маъносидаги) бирикма ҳосил бўлади. Илгари шоҳ ёки беклар кўчага чиққанида мулозимлари шундай дея ҳайқириб юришган.
Энди “жавринда” муаммоси қолди. Фироқ, жудолик инсоннинг қаерини қийнайди? Жонини. Ҳа, бу ҳам тахминан топилди:
Фироқдин жонинда неча дурбош бўлса.
Энди байтни қўлёзмага қиёсласак, уринишларимиз зоеъ кетмаганига амин бўламиз.
Висол умидиға ўзин яқин олур ошиқ,
Фироқдин жонинда неча дурбош бўлса.
Мазмуни: Айрилиқ унинг жонида “Йироқлаш!” деб таҳдид солиб турса-да, ошиқ висол умидига ўзини яқин тутади.
Қуйидаги байт таҳририда ҳам бир қанча муаммони ҳал қилишга тўғри келди:
Макридин хориж қилиб, мулки дину айлаб насиб,
Қарнлар саргаштаю оворалиғ даврон аро.
(А. Навоий, Мукаммал асарлар тўплами, 6-жилд, 1990, 8-бет ).
Биринчи мисрадаги тўртта сўзни “ислоҳ” қилиш лозим. Нашрдаги ҳолатига кўра мисра мазмуни: Макридин чиқариб ташлаб, дин мамлакатини унга бериб…
Бу мисрани интуиция билан таҳрир қилиш имкони йўқ. Бир илинж – “Фавоид ул-кибар” девонининг бошқа нашрларини топишдир. Чунки 1959–60 йиллардаги “Хазойин ул-маоний” нашрида байтнинг ҳолати айнан шундай.
“Тамаддун” нашриётида 2011 йили чоп этилган девонда матн қуйидагича бироз ўзгартирилган:
Макридин хориж қилиб, мулки даний айлаб насиб,
Қарнлар саргаштаю оворалиғ даврон аро.
Демак, бу ерда ҳам байт эпақага келмаган. Энди бошқа нашрларга мурожаат этамиз. Ўнал Кайа нашрга тайёрлаб, 1996 йили чоп эттирган девоннинг 7-саҳифаси:
Макридин хориж қилиб, мулкидин айлаб бенасиб,
Қарнлар саргаштаю оворалиғ даврон аро.
Ўнал Кайа биринчи мисранинг иккинчи ярмини тўғри кўчирган. Аммо асосий сўздаги нуқсонни (макридин) бартараф қилолмаган. “Макридин хориж қилиб” гапи мутлақо мантиқсиздир. Кишини макридин хориж қилиб бўлмайди, бирор шаҳардан хориж қилиш мумкин. Энди дин тарихи ҳақидаги билимимиз захирасини титкилаш керак. Чунки бу ғазалда муаллиф Одам Атонинг яратилиши, Аллоҳнинг унга ўз сирини ишониб топширгани, эъзозлаб уни жаннатга киритгани, шайтон васвасаси туфайли Одам Атонинг Момо Ҳаво билан буғдой еб қўйиб, жаннатдан қувилганлари, Одам Атонинг Сарандибга тушиб, сўнг Макка шаҳрига боргани, у ердан яна Ҳиндистонга кетгани… Ие, ие… Шошма, Ваҳоб! Шунда тўхта! Мабодо “Макридин” сўзи аслиятда “Маккадин” эмасмикан? Эврика! Топдинг!
Маккадин хориж қилиб, мулкидин айлаб бенасиб,
Қарнлар саргаштаю оворалиғ даврон аро.
Фикр ҳам, вазн ҳам жойига тушди. Энди навбат Навоий девони қўлёзмасига… Ишим жараёнини эшитиб, одамлар менинг устимдан кулиб юборсалар керак, “Аввалданоқ қўлёзмага қараб қўяқолинг эди-да!” деб. Йўқ, мен матншунослик зеҳнимни қайраб туриш учун ўзим ўрганган усулдан воз кечолмайман… Хуллас, ўйлаганларим, бошқа нашрга қиёсим Навоий қўлёзмасига мувофиқ келди…
Ҳозир учтагина байт устидаги таҳрир жараёнини айтиб бердим. Бундай байтлар ҳозирги имлода нашр этилган мумтоз адабиётимиз намуналарида кўплаб учрайди.
Энди Атойининг бутун бир ғазали матни устидаги тузатишларни кўриб чиқамиз:
Не иноятсиз манга, жонони тақсир айладим,
Жонға етдим қайғудин, оёни тақсир айладим.
Баски фикр эттим гуноҳимни узун тун то саҳар,
Тутти кўнглумни ғаму савдони тақсир айладим.
Ақлу ҳушум, зикру фикримда таманно ўзгани
Қилмадим, бир лаҳзайи, ҳаққони тақсир айладим.
Сиз ҳамон рухсораси лола бегимсиз, қадди сарв,
Қуллуғунгда мен ҳамон лолони тақсир айладим.
Банданинг ҳаққидағи анвои лутфунгдин бурун,
Эмди йўқтур бири ҳам пайдони тақсир айладим.
Хидматингда ўзгалар аъло маротибға етиб,
Барчадин бўлди бу қул аднони тақсир айладим.
Дер Атойи ҳасратингда ҳар замон юз оҳ уруб,
Ёд қилмассен мени ёрони тақсир айладим.
(Атойи, Девон, “Фан”, 2007, 156-бет).
Ушбу ғазалнинг бизнинг таҳриримиздан кейинги ҳолати:
Беиноятсиз манга, жоно, не тақсир айладим?
Жонға етдим қайғудин, оё, не тақсир айладим?
Баски фикр эттим гуноҳимни узун тун то саҳар,
Тутти кўнглумни ғаму савдо. Не тақсир айладим?
Ақлу ҳушум, зикру фикримда таманно ўзгани –
Қилмадим, бир лаҳзае. Ҳаққо, не тақсир айладим?
Сиз ҳамон рухсораси лола бегимсиз, қадди сарв,
Қуллуғунгда мен ҳамон лоло. Не тақсир айладим?
Банданинг ҳаққидағи анвои лутфунгдин бурун,
Эмди йўқтур бири ҳам пайдо. Не тақсир айладим?
Хидматингда ўзгалар аъло маротибға етиб,
Барчадин бўлди бу қул адно. Не тақсир айладим?
Дер Атойи ҳасратингда ҳар замон юз оҳ уруб,
Ёд қилмассен мени, ёро, не тақсир айладим?
Нашрга тайёрловчининг Атойи ғазалидаги ҳар бир байтни кўчириши жараёни мантиғидан лолман. Ахир ушбу етти байтли ғазалнинг ҳамма байтлари мазмуни хароб ва мавҳум-ку? Араб ёзуви кирилл ва лотин ёзувидан ўқиш усулига кўра фарқ қилади. Замонавий ёзувларимизда тизилган ҳарфларни бир-бирига қўшиб сўз ва гап ясаб кетаверамиз. Эски ёзув маъно-мазмун ёзувидир. Унда ҳарф шакли мазмунга алоқадор қилиб ўқилади. Масалан, “кавн” (олам) ва “кун” шаклдош. Ўқишда ва кўчиришда мазмун қайси бирини талаб қилса, ўшаниси танланади. “Икки кавн” (икки олам)ни “икки кун” тарзида кўчирсак, муаллифнинг фикри азият чекади.
Ғазалнинг биринчи мисраси “Не иноятсиз манга” деб кўчирила бошланган. Бу нима дегани? Тушунмадим. Мазмун чиқариш учун биринчи сўзга бир остки нуқта қўшдим: “Беиноятсиз манга” бўлди. Бу бирикмада туппа-тузук мазмун бор. Ошиқона ўпкалашни айтмайсизми? Фақат бир нарсага эътибор бериш зарур: жумладаги – сиз қўшимчаси бўлишсизлик маъносида эмас, у иккинчи шахс эгалик қўшимчасидир. “Жонони тақсир айладим” сўзлари маъносиз тизмадир. Агар зўраки мазмун чиқарсак, “Жононни гуноҳкор қилдим” бўладики, бу гап мумтоз ошиққа тўғри келмайди.
Ноширнинг шеър бўйлаб сўзлар чегаралари фарқига бормагани кишини лол қолдиради (жонони – жоно не, оёни – оё не, савдони – савдо не, ҳаққони – Ҳаққо не, лолони – лоло не, пайдони – пайдо не, аднони – адно не, ёрони – ёро не). Саккиз маротаба сўзлар чегараларини илғай олмаслик… Ҳеч ақлга сиғмайди!
Нашрга ишонсак, шеър бўйлаб ахборот, маълумот берилган (айладим дейилган). Ҳолбуки, аслида барча байтларда сўроқ, илтижоли савол бор эди…
Нуқсонлар бири биридан жиддий, бири биридан қалтис. “Ҳаққони тақсир айладим” – Худони гуноҳкор қилдим, демакдир. Ваҳоланки, араб ёзувидаги “Ҳаққо, не тақсир айладим?” сўзларида “Эй Аллоҳим, мен не гуноҳ қилдим?” деган илтижо бор эди…
Хуллас, Атойи – муаллиф боғдан келса, олим – нашрга тайёрловчи тоғдан келаяпти.
Бизнингча, матнчида қунт, билимдан ташқари аслият муаллифи ва унинг асарига нисбатан чин муҳаббат бўлиши керак. Муаллифнинг фикрий кашфиётларига – нукталарига қизиқиш билан, меҳр билан ёндашиб, байтлар мазмунини чиқаришдан эринмаслик лозим. Бундан ташқари, матнчида мумтоз асар олдида, унинг муаллифи олдида, мумтоз сўз олдида юксак масъулият ҳисси бўлиши зарур…
Ваҳоб РАҲМОНОВ,
филология фанлари номзоди
1940 йили таваллуд топган. Хўжанд педагогика институтининг тарих-филология факультетини тамомлаган.
Матншунос, мунаққид, таржимон.
Ўнлаб илмий-маърифий асарлар, кўплаб мақолалар муаллифи.
https://saviya.uz/ijod/adabiyotshunoslik/matnshunoslik-tajriba-intuitsiya-va-masuliyat/