Сўнгги йилларда сут безлари касалланган бемор аёллар сони ортиб бориши кузатилмоқда. 30 ёшгача бўлган аёлларнинг ўртача 25 фоизи ва 40 ёшдан ошганларнинг 60 фоизи сут безлари хасталикларидан азият чекишади. Репродуктив ёшдагилар ўртасида кўкрак бези хавфсиз ўсмаси – мастопатия кўпроқ учрайди. Турли тадқиқотчилар маълумотларига кўра, фарзанд кўриш ёшидаги 40 фоиз аёллар мастопатиянинг у ёки бу даражасига чалинганлар.
Сут безларининг ўсма касалликлари пайдо бўлишида генетик омиллар, атроф-муҳит ифлосланиши ва носоғлом турмуш тарзи муҳим рол ўйнайди. Касалликка туртки берувчи омилларни эрта аниқлаш профилактик тадбирларни самарали ўтказишга имкон беради.
Бир гуруҳ аёллар ўртасида ўтказилган тадқиқот давомида маълум бўлишича, мастопатиядан азият чекаётганларнинг тахминан 1/3 қисмида ҳайз келиши кечроқ, яъни 15-17 ёшдан бошланган. 52,1 фоиз аёлларда эса ҳайз циклининг давомийлиги 30 кунни ташкил этади.
Аёллар организми табиатан кўп (5 ва ундан ортиқ) фарзанд кўришга мосланган. Агар аёл гўдакларини 1-1,5 ёшгача эмизиб боқмаса, кўкракда кўп миқдорда аёллар гормони эстроген тўпланиб, ҳайз циклининг иккинчи ярмида оғриқларни келтириб чиқаради. Тадқиқот жараёнида аёлларнинг 60,9 фоизи кўкракдаги оғриқлар ҳайз циклига боғлиқлигини билдиришган. Қолган аёлларда эса кўкракдаги оғриқлар доимий характерга эга.
Шунингдек, ҳомиладорликнинг сунъий равишда тўхтатилиши сут безлари патологияси ривожланиши хавфини сезиларли равишда оширади. Уч ва ундан кўп маротаба бола олдирган аёлларда мастопатия ривожланиш хавфи 7,2 марта юқоридир. Чунки бола олдириш сут безларидаги табиий жараёнларни тўхтатиб қўяди ва тўқима тескари равишда ривожланади. Бундай ўзгаришлар туфайли сут безлари ривожланишида нуқсон ва камчиликлар келиб чиқади.
Тадқиқотда иштирок этган аёллар бир мартадан тўққиз мартагача, жумладан аёлларнинг 2/3 қисми 2 мартадан 4 мартагача ҳомиладор бўлишган. Лекин барча ҳомиладорликлар туғруқ билан якунланмаган. Бу аёлларнинг ярмидан кўпи (53,3 фоиз) ҳаёти давомида бир ёки бир неча маротаба ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатган. Мастопатиядан азият чекаётган аёлларнинг 1/3 қисми 2 мартадан 4 мартагача бола олдиришганини таъкидлашди.
Режалаштирилмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш учун ҳозирги кунда кўплаб дори воситалари ишлаб чиқарилган. Албатта, гормон воситаларининг қабул қилиниши аёллар ҳаётини сезиларли равишда енгиллаштиради, организмдаги кальций миқдорини бошқаради, юрак-қон томир тизимини қўллаб-қувватлайди. Лекин, гормонал воситаларнинг 10 йил давомида қабул қилиниши сут бези саратони касаллигига чалиниши хавфини 2 мартага ортишига олиб келиши исботланган.
Сут безларининг жароҳатланишлари нохуш оқибатларга олиб келиши маълум. Метро ёки автобусдаги тиқилинчларда қолиб эзилишлар, кўкрак соҳасига тасодифан тирсак ёки сумка билан уриб юборишлар оқибатида келиб чиққан кичик жароҳатланишлар ҳам баъзан мастопатия ривожланиши хавфини ошириши мумкинлиги аниқланган. Кузатувимиз остида бўлган аёлларнинг 60,4 фоизи у ёки бу сабаб юзасидан кўкрагидан жароҳат олганликларини айтишди.
Баъзи олимларнинг таъкидлашларича, мастопатия ривожланишида жинсий аъзоларнинг яллиғланиш касалликлари, жигар, ўт йўллари ва ўт қопи касалликлари, қалқонсимон безининг турли касалликлари ҳам муҳим аҳамият касб этаркан. Жинсий аъзоларнинг яллиғланиш касалликлари организмда гормонал мувозанатнинг бузилишига олиб келиши мумкин. Гормонал бузилишлар эса энг аввал кўкрак соҳасига ўз таъсирини ўтказади. Бундан ташқари, организмда ишлаб чиқилаётган эстрогенларнинг ортиқча миқдори жигарда парчаланади. Жигар касалланганда эса унинг парчалаш хусусияти пасаяди ва оқибатда мастопатия ривожланиши хавфи ортади. Тадқиқот давомида аёлларнинг 56,2 фоизида жинсий аъзоларнинг яллиғланиш касалликлари, 54,4 фоизида жигар ва ўт йўллари касалликлари, 63,3 фоизида қалқонсимон без касалликлари мавжудлиги аниқланди. Шунингдек, аёлнинг ёлғиз яшаши ёки оилавий ўзаро муносабатлардаги муаммолар, буларнинг барчаси кўкракда патологик жараёнларнинг ривожланишига туртки бўлиши мумкин.
Семириш, қандли диабет ва артериал гипертензия касалликлари мастопатиянинг ривожланишида муҳим рол ўйнаши мумкинлиги исботланган. Бу учлик мавжуд бўлган организмда сут бези ўсма касалликлари ривожланишининг хавфи ҳам бир неча баробарга ортади. Бундан кўринадики, мастопатия ривожланишида қуйидаги омиллар етакчи ўрин эгаллайди:
-кеч (35-40 ёшдан кейин) она бўлиш;
-ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш;
-болани кўкрак билан эмизмаслик ёки қисқа муддат эмизиш;
-ёндош касалликлар (жинсий аъзоларнинг яллиғланиши, жигар, ўт йўллари ва ўт қопининг, шунингдек қалқонсимон безнинг турли касалликлари) мавжудлиги;
-жинсий ҳаётнинг тартибсиз кечиши;
-ирсий мойиллик ва сут безларидаги жароҳатлар.
Сут безининг ўсма касалликларида овқатланишини тўғри йўлга қўйиш лозим. Масалан ўта қувватли овқатлар истеъмол қилинганда мастопатиянинг вужудга келиш хавфи ортади, шунинг учун углеводли егуликлар истеъмолини камайтириш зарур. Ун маҳсулотлари, шакар, асални ширин бўлмаган резаворлар, сабзавот ва мевалар билан алмаштириш лозим бўлади.
Маълумки, эстроген сут бези ўсмалари ўсишини рағбатлантиради, шунинг учун, агар оилада сут бези саратони касаллигига наслий мойиллик кузатилган ҳолларда аёллар салат, гулкарам, сарсабил (спаржа) ва ловия сингари озиқ толаларга бой бўлган мева ва сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилишлари, крахмалга бой бўлган картошка ва ун маҳсулотларини чеклашлари лозим. Бундай маҳсулотлар ўрнига дон, гуруч, сули ва дуккакликларни таомномага киритиш мумкин.
Қаҳва, қора чой, кола, шунингдек таркибида кофеин сақловчи бошқа ичимликлардан вақтинча воз кечиб, кўпроқ суюқ дамланган чой ичган маъқул. Кўк чой ҳам фойдали бўлиб, у кўкрак ўсмаси профилактикаси ва даволашда организм учун зарур антиоксидантларнинг қимматли манбаи ҳисобланади. Асал қўшиб, ўтдан тайёрланган чой куннинг иккинчи ярмида истеъмол қилинса, аёллар организмига тинчлантирувчи таъсир қилади.
Унутмаслик керакки, мастопатия ривожланишига сабаб бўлувчи хавф омилларини эрта аниқлаш профилактик тадбирларни самарали ўтказиш имконини беради.
Гўзал ТОШМАТОВА,
Тошкент тиббиёт академияси
«Болалар, ўсмирлар ва овқатланиш гигиенаси» кафедраси ассистенти.