DO`STLARGA ULASHING:
Маъруф Жалил 1936 йил 10 октябрда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги Пайшанба қишлоғида туғилган. У 1961 йил Тошкент Давлат университетининг филология факултети сиртқи бўлимига ўқишга киради. Меҳнат фаолиятини 1958 йили босмахона ишчисига шогирд бўлиб бошлади. Кейинча Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида корректор ва муҳаррир, «Муштум» журналида адабий ходим, «Мулоқот», «Шарқ юлдузи» журналларида бўлим мудири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи, Ўзбекистон радиосида муҳаррир бўлиб ишлади.
Маъруф Жалилнинг илк шеъри 1961 йили республика матбуотида эълон қилинган эди. «Мен сизни севардим», «Раҳмат, одамлар» (1970), «Сени ўйлаб» (1973), «Нотаниш йўллар» (1975), «Қўшиқ иштиёқи» (1979), «Мен сув ичган дарёлар» (1981), «Паризодим» (1984), «Дарёни излар шамол» (1987), «Бахтимга сен борсан» (1989) каби шеърий китоблари, «Бунёдкор қалб» (1984), «Орол мадад сўрайди» (1987) очерк ва публицистик мақолалар тўпламлари босилиб чиқади. Шавкатли боболаримиз жасоратини акс эттирган «Соҳибқирон» драматик қиссаси ҳам унинг қаламига мансуб.
Маъруф Жалилнинг шеърлари ортиқча жимжимадор ҳам, баланд парвоз ҳам эмас. Улар оддий, самимий ва табиий, сокин дарёлардек чуқур, пурмаъноли эканлиги билан қимматлидир.
Маъруф Жалил «Дарёни излар шамол» тўплами учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ҳамид Олимжон номидаги йиллик мукофотига, қуриётган Орол денгизи ҳақидаги публицистик мақолалар туркуми учун эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг биринчи мукофотига сазовор бўлган.
Маъруф Жалил Кристофер Марлонинг «Улуғ Темур» шеърий трагедиясини, Явдат Илёсовнинг «Сўғдиёна» тарихий романини, Евгений Евтушенко, Леся Украинка каби шоирларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.
Маъруф Жалил 1999 йили «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.