Америкалик таниқли рассом Марк Ариан 1947 йили Ғарбий Қўшма штатларда туғилган. Болалигида китобдаги расмлардан, кейинчалик фотосуратлардан нусха кўчириш орқали расм чизишни бошлаган.
Бадиий таълим олиш мақсадида Миссури штатидаги Марисвилл университетига ўқишга киради. Кейинчалик у машҳур голланд рассомларидан Йоханнес Вермеер, Питер Паул Рубенс ва Рембрандт, француз рассомларидан Вильям-Адольф Бугро ҳамда америкалик Жон Сингер Саржент асарларидан илҳомланганини қайд этади.
Йигирма бир ёшида Ариан дин тарғиботига киришади ва ўн саккиз йил мобайнида диний мавзуларда асарлар яратади. Шу давр ичида черков унинг рангтасвир сирларини чуқурроқ ўрганиши ҳамда дунё кезиши учун шароит яратиб беради. Хорижий сафарлар мусаввирнинг дунёқараши, ижодий феномени шаклланишига хизмат қилди. Жумладан, унинг ижодида мавзулар хилма-хиллашади, янги образлар акс эта бошлайди.
Марк Ариан нозик рангларнинг биридан иккинчисига ўта билади, нур ва соя ўйини орқали асарларининг таъсирчанлигини ошира олади. Унинг ишлари ҳаёт завқи ва гўзаллиги билан тўйинган.
Арианнинг катта кўламдаги рангтасвир асарлари қаторига Ғарбий Виржиния штатига қарашли Олтин Сарой деворига ишланган нафис фрескаларни ҳам киритиш лозим. Ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан келадиган сайёҳлар мазкур асардан ҳайратланиб, рассом ижодига юксак баҳо берадилар.
Марк Ариан рококо ва импрессионистик оқимлар уйғунлигида ижод қилади. Картиналарида натюрморт, кундалик ҳаёт, раққосалар, балериналар ёки оддий аёлларнинг турмуш тарзи акс эттирилади. Бир қарашда асар композицияларида ҳаётнинг муайян лавҳаси, оний парчасигина тасвирлангандек туюлади, бироқ бу картиналар пухта ўйлангани, маълум ғоя ва ҳис-туйғуни ифодалаши билан қимматли.
Журналимизнинг 1-бетида Арианнинг рококо услубида ишланган “Мутолаа” асари акс этган. Унда танланган нафис ранглар уйғунлиги руҳиятга ёруғлик бағишлайди. Бундан ташқари, сарғиш, пушти ва кўкимтир яшил ранглар асарнинг таъсирчанлик қувватини оширади. Ҳаётдан мамнун ва хотиржам қиз романтик китобни катта қизиқиш билан ўқимоқда, асар қаҳрамони фирдавсмонанд ёруғлик қуршовида, ёшлик гўзаллигига йўғрилган, лирик ва поэтик руҳиятда тасвирланади. Рассом қуёш нурини қизнинг юзига туширади, айнан шу нур орқали ёноқлари ва лабининг қизиллиги, киприклари узун ва қуюқлигини кўрсатади. Ҳарир оқ кўйлаги устидан пушти рангдаги шойи тасмали белбоғ боғланган, бу унинг балоғат ёшидаги, турмушга чиқмаган қиз эканига ишорадир.
Бир сўз билан айтганда, Марк Ариан яратган образлар аёлнинг борлиқдаги энг гўзал хилқат экани ва мудом муҳаббату эҳтиромга лойиқлигини эслатиб туради.
Камола НИШОНОВА,
Камолиддин Беҳзод номидаги миллий
рассомлик ва дизайн институти ўқитувчиси
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2017/03/28/mark-arian-gozallik-kuychisi/