Махсус парҳезлар

Бир неча хил махсус парҳезлар ишлаб чиқилганки, уларни қўллашдан мақсад зарарланган аъзо ва тизимларни тўлиқ эҳтиётлаш, фаолиятини яхшилаш, моддалар алмашинувини меъёрлаштиришга ёрдам бериш, тўпланиб қолган ортиқча маҳсулотларни, натрий ва суюқликларни организмдан чиқариб юбориш ҳамда танадаги ёғ ҳажмини камайтиришдан иборат.

Махсус парҳезлар озиқавий моддалар устунлиги бўйича шартли равишда бир неча турга бўлинади:

  • оқсилли (творог, гўшт, балиқ);
  • углеводли (шакар, мева, гуручли-мевали);
  • ёғли (қаймок, сметана);
  • магнийли ва калийли (магний ва калийга бой маҳсулотлар);
  • кўпроқ суюқлик қабул қилиш (шарбатлар, чой).

Озиқ-овқат маҳсулотларининг устунлиги бўйича белгиланган махсус парҳезлар эса қуйидагиларга бўлинади:

  • вегетериан – ўсимликлардан иборат таомлар;
  • сутли (сут, кефир, творог);
  • шакарли;
  • гўшт ва балиқ;
  • ичимликлар (сабзавот ва мевалар шарбати, наъматак дамламаси, минерал сувлар).

Махсус парҳезлар қувватлилиги ва кимёвий таркиби бўйича тўла қийматга эга эмас, шунинг учун уларда касалликнинг кечиши ва беморнинг кўтара олиши ҳисобга олиниб, 1–2 кунга ёки ҳафтада 1–3 марта (енгил овқатланиш) белгиланади. Илгарилари махсус парҳезлар кетма-кет рационда ўртача 10–15 кунга белгилаб қўлланган. Ҳозирги вақтда уларнинг давомийлиги ўртача 2–3 кун бўлиб, енгил таомлардан иборат парҳез тавсия этилади.

Танани енгиллаштирувчи (углеводли, оқсилли, ёғли) парҳезлар турли вариантларга бўлинади, улардан онда-сонда фойдаланиш мумкин ёки турли парҳезли дастурлар таркибига киритилади. Масалан, углеводли парҳезлар қуйидаги тартибда бўлади:

Шакарли парҳез ўткир нефрит, буйрак ва жигар етишмовчилигини бартараф этишда тавсия этилади. Бир кунда 5 маҳал 1 стакан чой 30 г шакар билан ичилади.

Гуруч-компотли (Кемпнер парҳези) артериал гипертензия, қон айланиши етишмовчилиги, буйрак етишмовчилиги, жигар ва ўт қопи касаллигида буюрилади. Бир кунда 6 маҳал 1 стакан ширин компот билан, 2 марта сувда тузсиз пишган ширин гуручли бўтқа ейилади. Бир кунда жами – 1,5 кг янги ёки 240 г қуруқ мевалар, 50 г гуруч, 120 г шакар, 1,5 л суюқлик қабул қилинади.

Олмали парҳез семириш, артериал гипертензия, қон айланиши етишмовчилиги, ўткир нефрит ва буйрак етшмовчилиги, жигар ва ўт қоп касаллигида тавсия этилади. 300 г яхши пишган олма ёки олмали таом кўринишида, ҳар куни 5–6 маҳал. Ҳаммаси бўлиб 1,5–2 кг олма истеъмол қилинади.

Қуруқ мевалар парҳези артериал гипертензия, қон айланиши етишмовчилиги, жигар ва ўт қопи касаллигида тавсия этилади. 100 г ивитилган қора олхўри (ёки туршак, майиз ва бошқалар) ҳар куни 5 маҳал, ҳаммаси бўлиб 0,5 кг.

Тарвуз артериал гипертензия, қон айланиши етишмовчилиги, нефрит, подагра, фосфатуриясиз буйрак-тош касаллиги, жигар ва ўт йўли касаллиги, семиришга қарши еб туриш керак. Кунига 5 маҳал 300–400 г дан тарвузнинг ўртаси, энг ширин жойи, ҳаммаси бўлиб 1,5–2 кг истеъмол қилинади.

Картошкали парҳез нефритлар, артериал гипертензия, қон айланиши етишмовчилигида тавсия этилади. 300 г пўсти билан қайнатилган ёки тузсиз пиширилган картошка, ҳаммаси бўлиб 1,5 кг ейиш лозим.

Бодринг семириш, артериал гипертензия, қандли диабетнинг II тури семириш билан, нефритлар, жигар ва ўт йўли касаллиги, подагра, фосфатуриясиз буйрак-тош касаллигида тавсия этилади. 300 г янги бодринг тузсиз, ҳар куни 5 марта, ҳаммаси бўлиб 1,5 кг бўлиши керак.

Салатли парҳез семириш, атеросклероз, артериал гипертензия, метаболик синдром, нефритлар, жигар ва ўт йўли касаллиги, подагра, фосфатуриясиз буйрак-тош касаллигида буюрилади. Янги, хом сабзавот ва мевалар, бир кунда 5 маҳал 250–300 г дан, тузсиз, ўсимлик ёғи ёки сметана қўшилган ҳолда тавсия этилади.

Сули семириш, атеросклерозни бартараф этишда ёрдам беради. Бир кунда 5 маҳал 140 г дан сувда пишган сулили бўтқа, жами 700 г. Шунингдек 1–2 стакан чой ёки наъматак қайнатмаси ичилади.

Оқсилли, енгил парҳезлар қуйидаги тартибда белгиланади:

Сутли (кефирли) парҳез семириш, атеросклероз, артериал гипертензия, метаболик синдром, қон айланиши етишмовчилиги, нефритлар, жигар ва ўт йўли касаллиги, подагра, фосфатуриясиз буйрак-тош касаллигида тавсия этилади 200–250 г дан сут ёки кефир, простокваша (ёғи кам бўлиши мумкин) кунига 6 маҳал, жами 1,2–1,5 л ичган маъқул.

Творог — семириш, қандли диабетнинг II тури, атеросклероз, артериал гипертензия семириш билан, қон айланиши етишмовчилиги, жигар ва ўт йўли касаллигида фойдали. 70 г 9% ёғли ёки ёғсиз творог, бир кунда 5 маҳал.

Бундан ташқари, 2 стакан чой, 1 стакан наъматак қайнатмаси, 2 стакан ёғсиз кефир (ҳаммаси бўлиб 1 л) суюқлик ичиш мумкин.

Творог-кефирли (сутли) (Яроцкий парҳези) қулай вариант ҳисобланади: 250–400 г творог ва 1 л кефир (сут) кун давомида.

Гўштли (ёки балиқли) парҳез семириш, атеросклероз, метаболик синдромда тавсия этилади. 70 г ёғсиз қайнатилган гўшт ёки қайнатилган балиқ бир кунда 5 маҳал, жами 350 г.

Шунингдек 100–150 г сабзавотлар (карам, сабзи, бодринг, томатлар) бир кунда 5 маҳал, ҳаммаси бўлиб 0,6–0,9 кг; шакарсиз 1–2 стакан чой қабул қилинади.

Ёғли, енгил парҳезлар (сметана) семириш, камдан-кам ҳолларда қандли диабетнинг II турида буюрилади. Бунда 80 г 20% ёғли сметана бир кунда 5 маҳал (жами 400 г), ўша куни 1–2 стакан наъматак қайнатмаси тавсия этилади.

Енгил парҳезларда суюқлик истеъмол қилиш қуйидаги тартибда белгиланади:

Шарбатли парҳез семириш, атеросклероз, артериал гипертензия, қандли диабетнинг II тури семириш билан, буйрак, жигар ва ўт йўли касаллиги, подагра, фосфатуриясиз буйрак-тош касаллигида тавсия этилади. 600 мл сабзавот ёки мева шарбати, 200 мл сув ёки 0,8 л наъматак қайнатмаси билан аралаштирилган, 4 маҳал қабул қилинади.

Чой ўткир гастрит, ичакнинг диарея билан сурункали ёки ўткир касалланишида буюрилади.

Бир кунда 7 маҳал 1 стакан чойга 10 г шакар қўшиб ичилади.

Анатолий ХУДАЙБЕРГАНОВ, парҳезшунос,
тиббиёт фанлари доктори, профессор.

 

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x