Мақсуд Шайхзода (1908-1967)

DO`STLARGA ULASHING:

Ўзбек адабиётининг атоқли намояндаларидан бири, машҳур шоир, забардаст драматург, адабиётшунос олим ва таржимон Мақсуд Шайхзода 1908 йил 25 октябрда Озарбойжоннинг Оқдош шаҳрида таваллуд топти. Бошланғич ва ўрта маълумотни Оқдошда олгач, Боку Олий педагогика институтида сиртдан ўқиди ва 1925 йилдан бошлаб Деркенд шаҳрида муаллимлик билан шуғулланди.

Шайхзода 1928 йилда Тошкентга келиб, турли газета ва журналлар муҳарририятларида, 1935—1938 йилларда эса Фанлар Қўмитаси қошидаги Тил ва адабиёт институтида илмий ходим, 1938 йилдан то умрининг сўнгига қадар Низомий номли Тошкент Давлат педагогика институтининг ўзбек мумтоз адабиёти кафедрасида доцент вазифасида хизмат қилиб, юқори малакали кадрлар тайёрлади. Шоирнинг адабий фаолияти 1929 йилдан бошланди. Унинг «Ўн шеър» (1932), «Ундошларим» (1933), «Учинчи китоб» (1934), «Жумҳурият» (1935) тўпламларининг нашр этилиши адабиётга ўзига хос овозли шоир кириб келаётганидан дарак берди.

Уруш йилларида шоир бутун ижодий қувватини, қалб ҳароратини душман устидан ғалаба қозонишга сафарбар этди. Урушнинг биринчи кунлариданоқ жанг қаҳрамонларини улуғловчи, фронт орқасидаги кишиларнинг фидокорона меҳнатини ифодаловчи «Кураш нечун» (1941), «Жанг ва қўшиқ» (1942), «Капитан Гастелло» (1941), «Кўнгил дейдики…» каби шеърий тўпламлари, «Жалолиддин Мангуберди» (1944) тарихий драмаси ва бошқа қатор публицистик асарларини яратди.

Урушдан кейини тинч қурилиш йилларида қатағонлик жабрини тортган бўлса ҳам, ўз эл-юртига фидоий шоир Ватанимиз бўйлаб кенг қулоч ёзган зафарли меҳнат, тинчлик учун кураш ҳақида «Ўн беш йилнинг дафтари», «Олқишларим», «Замон торлари», «Шуъла», «Чорак аср девони» каби шеърий тўпламларини яратди.

1958 йили адибнинг кўҳна ва айни чоғда навқирон Тошкент шаҳрига бағишланган, унинг тарихи, ўтмишдаги маданият ва халқаро алоқаларини тасвирловчи «Тошкентнома» лирик достони яратилди. Истеъдодли драматург 1960 йилда ёзган «Мирзо Улуғбек» трагедиясида буюк ўзбек мунажжими ва маърифатпарвар подшоси образини яратди. Шайхзода Пушкиннинг «Мис чавандоз», Лермонтовнинг «Кавказ асири», Маяковскийнинг «Жуда соз» достонлари ва кўплаб шеърларини, Шекспирнинг «Ҳамлет», «Ромео ва Жульетта» трагедиялари ва сонетларини, Нозим Ҳикматнинг шеърларини, озарбойжон шоирлари асарларини ўзбек тилига ағдарди. Шайхзоданинг ўзбек адабиёти тарихи, ўзбек халқ оғзаки ижодиёти, хусусан, Алишер Навоий ижодини тадқиқ этиш борасида яратган илмий ишлари ҳам таҳсинга сазовордир. У филология фанлари номзоди, доцент ҳам эди.

Шайхзода асарлари қардош халқлар ва хорижий тилларга таржима қилинган. Шоир таржима жараёнида қардош халқлар ва жаҳон адабиёти намоёндаларининг маҳорат мактабидан таълим олиб, илғор анъаналарини ўзида мужассамлаштирган шеърлар ёзган.

Шайхзода 1967 йил 19 февралда вафот этди. У Тошкентнинг Форобий қабристонида дафн этилган.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x