Ловиянинг мағзи тўқ, оқ ранглиси мазалидир. Унинг таркибида мой, витамин, пантотен кислота, минерал тузлар мавжуд.
Меъдада шира ажралишини яхшилайди. Шу боисдан ҳам ловия парҳез таом сифатида меъда кислотасининг пастлиги билан боғлиқ бўлган гастритга фойдали.
Пўстидан олинган қуюқ суртмани сочингизга сурсангиз, у юмшоқ ва майин бўлади. Шундай суртмани мағзи ва пўстидан тайёрлаб, юзингизга сурсангиз, доғ, сепкил ва қизил қонталашни кетказиб, терисини тиниқлаштиради.
Кўнглингиз беҳузур бўлиб, узлуксиз қайт қилиш сизни қийнаётган бўлса, ловия талқонини ўз ҳолича сув билан ёки атала қилиб ичинг.
Буйрак ва қовуғингиз оғриётган бўлса 20 г ловия гулига 200 мл қайноқ сув қуйиб, чойдек дамланг. Уни овқатдан олдин ярим стакандан кунига 3-5 маҳал ичсангиз, тезда соғайиб кетасиз.
Ловиянинг қуюқ бўтқаси кўкрак шишганда ва кўкракда сут туриб қолганида шифодир.
Бош оғриғи бор беморлар ловияни истеъмол қилмаганлари маъқул.
Холида ОЧИЛОВА, шифокор.