Лоранс КОССЕ (1950 йилда туғилган) 31 АВГУСТ

Роман

Рус тилидан
Рустамжон УММАТОВ
 таржимаси

Сўзбоши ўрнида

Граф Спенсер насл-насабига кўра аслзодалар сулоласидан бўлса-да, хийла камбағаллашиб қолгандики, қиролича хонадони билан қудалашув унинг тушига ҳам кирган эмас. Ана шунақа оддий оилада балоғатга етиб, валиаҳд шаҳзодага узатилган инглиз қизини сўнгги уч юз йил ичида Букингем саройи ҳам кўрмаганди. 1981 йили уч асрлик “анъана”га нуқта қўйилди: йигирма ёшли нозанин Диана Елизавета Иккинчи ҳазрати олияларига келин бўлиб, тахт вориси билан битта ёстиққа бош қўйди.
– Мен, Диана Спенсер, ушбу дақиқадан ўзимни Чарльз Филипп Артур Георгга ўз ихтиёрим-ла бахшида этаман, – деди у никоҳ чоғи…
Диана шаҳзода Чарльзнинг портретини ётоқхонаси деворига осиб қўйганида ҳали ўн икки яшар сочи жамалак қизгина эди. Дегандики:
– Ё балерина бўламан, ёхуд Уэльс маликаси мақомига эришаман.
Ажабо, Худонинг марҳамати билан ақл бовар қилмас фантастик орзу (бундан бўлакча баҳолаш амри маҳол) саккиз йил деганда рўёбга чиқди.
Унаштирилган чоғи Диана болалар боғчасида мураббия эди. Спенсерлар шажараси бенуқсон, Диананинг таржимаи ҳоли чашмадаги оби зилолдай беғубор бўлиб, келинбола қиролича хонадонидаги талабга бемалол жавоб берарди. Никоҳ маросими Вестминстер аббатлигида нишонланиб, мисли йўқ тантаналар билан кечди. Бундай олиймақом тўйлар тансиқ ва ўзига хоски, Чарльз ва Диана иштирокидаги ўша шоуни камида етти юз эллик миллион телетомошабин кўргани овоза бўлганди.
Икков гўё бир жуфт булбул, бутун дунё ҳавасда. Шаҳзода ва малика икки ҳафталик саёҳатга йўл оладилар. Шоҳона шароитлар, мукаммал “Британия” яхтасида йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Ўртаер денгизида тўйгунча сузиб, Шотландияга қайтишди. Келин-куёв илк бор журналистлар қамалида:
Мухбир: – Қалай, оилавий ҳаёт сизга ёқдими?
Диана: – Ёқди, мен уни ҳаммага тавсия қиламан.
Уч ойдан сўнг келинбола юкли бўлиб, 1982 йилнинг июнида тўнғич шаҳзода Уильям дунёга келди. Сарой муҳитига аста-аста кўникаётган Диана она бўлгач, яна ҳам очилиб, гул-гул яшнаб кетди, у мафтункор, мағрур ва масрур эди.
Лекин бахтлимиди? Шаҳзода Уильямнинг икки ёшлигини нишонлаш баҳонаи сабаб бўлиб, гўё оила бахтиёр экани элга кўрсатиб қўйилди. “Намойиш” асносида Букингем соҳиблари, жумладан, ёш шаҳзода ва малика ҳам жилмайиб туришди, бу табассумлар фото ва телевидение томонидан муҳрланди. Ушбу “бахтиёрлик” дақиқаларида Диана фарзанд кутаётганди, 1984 йил кузида иккинчи ўғил – Гарри таваллуд топди.
Таассуфки, шаҳзодалар туғилган оиланинг қўрғони дарз кетиб, тобора нурай бошлаганди. Аввалбошданоқ Чарльз гўзал рафиқасига ҳеч исигани йўқ.
Боз устига икковнинг ўртасида учинчи шахс (Дианага ағёрами ё кундошми?) бор, исми – Камила Паркер Боулз. Аслида бу аёлнинг иштироки янгиликмас, у шаҳзоданинг ҳаётига бурунроқ кириб келган. Лекин маликанинг суянган тоғи бўйнидаги бу гуноҳини лоақал яширмасди, ўзини оқлаш ё узр-маъзур хусусида эса гап бўлиши ҳам мумкин эмас! Узунқулоқ сўзларга ишонилса, шаҳзода Камилага шаҳар ташқарисидан алоҳида жой олиб берган, бу – Диананинг ётоғидан ўн олти километр нарида холос. Гўё бу ҳам кам экан: эри ўзи иқрор бўлиб, “Камила – умрбод қалбим ардоғи” деворган-да, сариқ матбуот буни илиб олиб, жиртагини чалаверган. Диананинг кўзи – кўрмас, қулоғи – кармас, эл оғзига элак тутиб бўлмаса…
Оддий қизни маликаликка юксалтирган бомурувват қисматнинг бемурувватлиги озгина бўлармиди? Дианага яна бир зарба: ўзини дунёга келтириб, улғайтирган граф Спенсер оиласи вайрон бўлди – ота ва онаси ажралишди, никоҳлари бузилди…
У ёқда – у ғалва, бу ёқда – бу ғалва. Диана нима қилсин? Арзини кимга айтсин? Уни ким тушунади? Эри хиёнат билан бахтиёр. Алам, рашк, эзилиш…
– Ҳаммаси мени ўлдириб қутулади, – дерди у.
Малика жонига қасд қилишга чоғланди, йўлларини топди. Лекин энг сўнгги лаҳзада ўзини қўлга олди. Ўғилларини етим қолдирмайди! Йўқ, қисматга қасд қилиб яшайди. Қирол саройига муносиб эканини, асл малика бўлолганини, тож-тахтга чинакам ворис тарбиялашни кўрсатиб қўяди.
Уильям ва Гарри унинг орзу-умидлари тимсолига айланди. Оммавий тадбирларга, спорт клубларига қатнай бошлади, мурувват ва хайрия ишларига бош қўшди. Малика Диана ажойиб она эди: ўғлонларини ёнига олиб, бемор ва ногиронлар ҳолидан хабар оларди. Шаҳзодаларга бу инсонийлик сабоғи эдики, улар саройдан ташқаридаги дунёни, ғариблар ва йўқсиллар оламини қалб кўзлари билан кўрардилар, ҳис этардилар.
Кимсан малика Диананинг қўл бериб сўрашгани, зоти олиялари билан суратга тушиш, ҳатто унинг саломига алик олганлари ҳам дардли кишиларга мадад, шифо эди…
Малика ОИТСга ва моховга қарши кураш жамғармаларининг раҳнамолигини зиммасига олди. Қизил хоч жамиятининг тадбирлари усиз ўтмасди. Бугинамас, Диана уруш шароитида пиёдаларни тутдай тўкувчи миналарни тақиқлаш ташаббусини кўтарди. Ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган минтақаларга бориб, миналаштирилган жанг майдонларидаги аҳволни ўз кўзи билан кўрди. Зобитлар ва аскарлар қалбига ҳалимлик билан таъсир қилди. Бу инсонпарварликкина эмас, улуғ жасорат эди, албатта.
Диана ўз интилишлари эри томонидан қўллаб-қувватланишини истайди. У эса парвойи фалак, бефарққина эмас, аксинча, хавотирда. Ди хонимнинг шуҳрат топаётгани, арбоб сифатида Бирлашган қироллик ҳудудидан ташқарида ҳам танилиб бораётгани унга хуш келмасди.
Диананинг қайноғаси Эндрю (1986) уйланди. Бу Дианага юпанч эди, негаки, овсини Сара меҳридарё аёл чиқиб, унга ҳамдард ва ҳамкор бўла бошлади…
Малика Цицерон ва Демосфен каби антик минбар соҳибларининг китобларини ўқиди. Қайнонасидан олдинги марҳум қирол (қайнбуваси) Георг Олтинчи дудуқ бўлса-да, қийналиб талаффуз қилган оддийгина сўзлари билан ҳам қалбларга йўл тополганини эшитди. Шу ҳавасда устозлар ёллаб, ўз нутқини камолга етказди, тавозе, одоб, минбар маданияти дарсларини ўқиди. Либоси қоматига ярашган, зар-зар кокиллари чеҳрасини безаган, жозибали овози жонон пиёладай жаранглагувчи Ди хоним шундай сўзлардики, издиҳом ҳузурланиб, сарҳуш ҳолга тушарди. Миллион-миллион мухлисларнинг эркасига айланди, уни ҳамма суярди, йигитлар ҳам…
Ди хонимнинг ҳаётига янгилик бош суқди. Нима, алданган аламзада ўч олмоқ қасдидами? Ким билсин… Эри севмаган сулувни севгувчилар йўқ эмас-да… Бирови чин ошиқ эди, юрагини унинг пойига ташлади. Бошқаси маликалик мақомидан наф кўрмоқчи, ичида ишқмас, ғараз қутқуси бор.
Алқасос дунё деганлари ҳақ, хиёнат-хиёнатни чақирадики, эр-хотинни шайтон жиловлаб олди-да, бири-биридан олислаб кетаверди. Бу оралиқ ахийри тубсиз жарга айланди, 1992 йили шаҳзода ва малика жисман, қалбан ва руҳан бегоналашиб бўлишганди. Диананинг қиролича оиласидагилар, дейликки, қайнонаси билан муносабати салом-аликдан нарига ўтмасди.
Ўша йили (1992) маликанинг падари граф Спенсер инфаркт хуружидан қазо қилди. У ёруғ дунёда ишониши мумкин бўлган ягона суянчиғидан айрилиб қолганди.
1993 йили Букингем саройи икковнинг ётоғи бўлиниб, минбаъд тўшаклари алоҳида эканини расман эълон қилди. (Ажабо, шундай эълон ҳам бўларкан-да!) Бу ҳаммаси тамом дегани бўлиб, қалтис хотиманинг илк аломати эди.
Табиийки, шундан сўнг сариқ матбуотга Худо бериб қолганди. Объективини милтиқ мисоли ўқталган папарацци маликанинг ҳар бир қадамини таъқиб қилибгина қолмасдан, оҳунинг изига тушган овчидай қувлаб юрарди. Ди хоним безор, улар эса беор: Диана бир гал биттасининг устига бостириб борди-да, шартта мотоциклининг калитини юлқиб олди. Барибир, фотограф уммондаги хилват оролдан, тупконнинг тагидан ҳам уни топиб оларди.
Сариқ матбуотнинг хиралиги жонидан ўтган хорижий актёрлардан бирининг шундай кинояси бор:
– Ашаддий папараццининг зўри ҳожатхонанинг остидан ҳам ўзига жой топа олади…
Ҳар томонлама сиқилиб, писта пўчоғига жо бўлгудай ҳолга етказсалар-да, малика мағрур эди, гапини букмасди, дилида неки борини хаспўшламасдан дангал айтарди. Матбуот, телерадио минбаридан папараццига тоб-тоқати қолмаганини, қиролича хонадонида бегона эканини гапираверарди, тап торт­масди. Эрининг келажакда давлат бошқаришга лаёқатсизлиги хусусидаги фикрини ҳам яширмади.
– Уйдаги ва кўчадаги таъқибу тазйиқларга чидолмайман, – деворди бир сафар.
Саройдаги шов-шувларни илинтириш учун ўзини томдан ташлайдиган сураткашларга Диана нақд “ўлжа”, тайёр “ем” эди. Уларга муқаддас нарса йўқ, оиланинг сирини, сарой асрорларини оламга ёйишдан пул топади. Маликани нозик бир вазиятда, ё кийинаётган, ё ечинаётган ҳолда суратга туширса – бахт. Папараццининг усули пасткашликдан ҳам тубан эди…
Лекин нафсиламрини айтганда, монархиянинг минг йиллик обрўси хавф остида. Қиролича булғанган чойшаб хусусида бош вазирга ва архиепископ Кантерберийскийга мурожаат қилди. Шунингдек, зоти олияларининг расмий номаси ҳам бўлиб, ўғил ва келинга ажралиш тавсия этилганди.
Никоҳ 1996 йил августда бекор бўлди: энди Диана “Уэльс маликаси” бўлиб қолса-да, “ҳазрати олиялари” рутбасидан маҳрум. Лекин қиролича ғазнасидан 28 миллион доллар миқдорида моддий марҳамат олди.
Ота-онаси кексайган чоғида кўрган ажрашиш кулфати ёш жонида Диананинг бошига келганди. Бундай бўлишини у ҳеч қачон истаган эмас.
– Ҳаётимнинг энг қора куни! – дея йиғлайди у.
– Биз, мен ва укам Гарри, – дейди тўнғич шаҳзода Уильям, – сиз қандай бўлсангиз, шу ҳолингизда севамиз. Рутбангиз бўлмаса, ҳечқиси йўқ, сиз бизга ҳазрати онажонсиз…

* * *

Диана фақат маликаларгина кийишга ҳақли расмий либосларининг бир қисмини кимошди бозорига чиқарди. Шоҳона сарполар савдосидан тушган уч миллион долларни хайрияга ва савобли ишларга харжлади. Тақдирга тан бергач, боши очиқ аёлга айлангани ҳам истиқболли имконият туюла бошлади. Ҳаётини янгича изга солиб, катта-катта қадам босмоқ учун йўлга чиқди. Дастлаб Америка Қўшма Штатларига борди, Нью-Йоркда, Чикагода тантаналар билан қаршилашди…
Тақдир уни Додий ал-Фоид билан учраштирди. Бунинг ҳидини олган папараццининг патагига қурт тушди. Сураткашлар икковнинг етган ерига бориб, игнадай тирқишга ҳам камерасини тўғриларди.
Додий ал-Фоид (уни Эмод ҳам дейишарди) Лондонда истиқомат қилувчи мисрлик миллионер Муҳаммад ал-Фоиднинг ўғли бўлиб, Дианага уйланмоқчи эди. Диана ва Додий француз Ривьерасида ўн кун дам олгач, 1997 йил 30 августда Парижга келишди. Уларнинг изидан исковучдай эргашган папарацци ўша куни ҳам эртадан кечгача кўз очирмаганди. Додийнинг отасига қарашли “Ритц” меҳмонхонасига киргачгина бу жазавадан оз-моз қутулишди. Аммо ташқарида қолган “пойлоқчилар” ҳушёр, улар ҳамиша сергак туришга одатланганки, ўзаро маслаҳатлашиб иккига бўлинади. Биринчи гуруҳ Парижнинг 16-округи томон йўл олди, чунки, ўша ҳудудда Додийнинг хусусий уйи бор. Иккинчи тўда эса ўрнидан қимирлагани йўқ – “Ритц” остонасида “соқчилик”ни давом эттиради.
Ярим тунда меҳмонхона қўриқчилари қарғадай кўз тиккан расмчиларни чалғитмоқчи бўлишди. Шу режага кўра ичкаридан бир хилдаги машиналар чиқаверди – биттасининг рулида Диананинг ҳайдовчиси ўтирарди ва ҳаммаси ҳар ёққа жўнаворди. Папараццининг ошиққани уларга эргашди, шохидамас, баргида юрадиган энг олғирлар ўрнидан жилгани йўқ…
Диана ва Додий ана шу олғирларнинг қурбони бўлди: мотоциклдаги фотомухбирлар қора “Мерседес”ни қува бошлади. Бирдамлик майдонида таъқибчилар машина билан тенглашди. Хатарли қувлашмачоқ Сена дарёсининг ўнг тарафида соҳил ёқалаб давом этарди. Жорж Помпиду трассасининг мазкур қисмида соатига 50 километрдан юқори суръатда юриш мумкин эмас. Бироқ анави “думлар”дан қутулишнинг бўлак иложи бўлмагач, на чора! Рулдаги Анри Поль оёқлари остидаги тезлик тепкисига зўр берди, сим-сиёҳ “Мерседес” ўқдай учди, тезлик кўрсатгичи “160” рақами устида ликилларди. (Газеталарда тезлик бир юз саксондан юқори бўлгани ва ҳайдовчи ичиб олгани ҳам ёзилган. Шунингдек, машина ижарага олинган бўлиб, Анри Поль “Ритц” отелининг ходими экан.)
Алқисса, “Мерседес” жонли чақмоққа айланган эдики, ана шу мислсиз шиддат билан Альма тоннелига кириб борди. Тоннель шаклан шундайки, бошланиши нишаблик, пастга тушгач, аввал сал-пал чапга, кейин хиёл ўнгга бурилади. Қарама-қарши йўналишларни ва автоҳаракат қаторларини айириб турувчи ўттизга яқин темир-бетон устуннинг ўн учинчиси…
Негадир малика ўтирган автомобиль бошқарувдан чиқиб, худди ўша… 13-зилдай устунга жуда қаттиқ урилган, бир неча бор думалаган ва сирпаниб бориб, йўлнинг ўртасида тўхтаган. Темирнинг даҳшатли ғижирлаши, резина ғилдиракларнинг чийиллаши, бомба суронидай машъум гумбурлаш… Ўша атрофда ҳаракатланаётган машиналар бари тошдай қотади.
Фалокат 31 август куни соат 00.25 дақиқада содир бўлганди. “Мерседес” мажақланиб, бир уюм металлга айланган. Сигналнинг сими туташиб қолгани боис узлуксиз сирена қулоқни азоблаб, юракларда акс садо берарди. Додий ал-Фоид билан Анри Поль ўша ондаёқ ҳалок бўлган, малика Диана билан тансоқчи Тревор Рис-Жонснинг пажмурда танасида ҳаёт нишонаси йўқ.
“Мерседес”нинг тирқишларидан қон томади. Ичкарида икки инсон ўлиб ётибди. Яна иккиси жон талашмоқда. Уларга ҳамманинг раҳми келади, биргина фотомухбирларга шафқат бегона.
Бу расмчилар ана шундай аянчли фожиа устида ўзининг ашаддий ўлаксахўр эканини ўз қилмиши билан исботлади. Жабрдийдаларга ёрдам қўлини чўзиш етти фотографдан бирортасининг эсига келгани йўқ. Улар ўлжа устидаги калхат мисоли фақат нафснинг қулига айланган эдики, сурат олишни ва сурат сотишни ўйларди холос.
Диананинг қўли юзини тўсиб, папараццининг ғайриодатий “санъати”га халақит қиларди. Улардан бири (унинг Ромуальд Рат экани ёзилганди) маликанинг қўлини четга суриб, қонга беланган чеҳрани очди ва суратини олаверди. Шунақа фотосуратлар ўша кунлардаёқ олтин баҳосида сотилгани маълум.
Воқеа жойида ҳозир бўлган сураткашлар дарҳол қўлга олиниб, муваққат ҳибсхонага топширилди…
Автоҳалокатдан ўн дақиқа ўтгач, “тез ёрдам” етиб келди. Қутқарувчилар узоқ ва қаттиқ тер тўкишди, олдин Дианани, кейин бошқа йўловчиларни жуда катта қийинчиликлар билан машинадан чиқариб олдилар. Улар Питье-Сальпетриер госпиталига етказиб борилганда тунги соат икки эди. Тансоқчи Тревор Рис-Жонс оғир яраланган, яқин орада ҳушига келиши амри маҳол бўлса-да, мунтазам ва малакали муолажалар ёрдамида яшаб кетишига умид бор.
Собиқ ҳазрати олияларининг аъзойи баданида бешикаст жой йўқ ҳисоби. Бошидан кучли зарба еган, тан жароҳатлари саноқсиз, кўплаб суяклари синган, кўкрак қафаси эзилиши оқибатида ички қон кетиш бошланган. Жарроҳлар ҳарчанд саъй қилдилар, аммо қонни тўхтатишнинг чораси топилгани йўқ. Тонгги соат тўртда Ди хонимнинг юраги уришдан тўхтади.
Эрталаб Франция президенти Ж.Ширак ва бош вазир Л.Жоспен шифохонага ташриф буюриб, марҳума хотирасига сўнгги эҳтиром бурчини адо этдилар…
Кейин 6 сентябрь келди. Кунига шанба эди. Лондон, Буюк Британия ва аҳли дунё Дианани абадият ошёнига жўнатди. Эрталабки соат ўндан замин куррасидаги миллион-миллион одам телеэкранларга термулди. Майдондаги издиҳомнинг нигоҳи қиролича оиласи аъзоларида. Шаҳзода Чарльз Филипп Артур Георг шу ерда. Қачонлардир Диана Спенсер деган қиз ўзини шу йигитга бахш айлаганди. Ўн уч яшар Гаррининг боши букик – кенжа шаҳзода тобут пойига гул қўяди: оппоқ атиргуллар ва шундай битик – “Mummy” – “Онажонимга”…
Диана башоратга, турли-туман сеҳр-жоду ва сирларга ишонувчан эди. Айтишларича, мистикага муккасидан кетгани шунчаларки, ана шунақа “билим соҳиблари” (экстрасенс, кароматгўй, иситма-совутма қилувчилар) даврасида тез-тез бўлар, уларсиз туролмас экан. Спиритик сеанслар асносида неча бор йиғлаб, неча бор кулганини кузатишган. Алалхусус, Рита Роджерсга ихлоси зўр бўлиб, фожиадан 19 кун бурун ҳам унинг ҳузурига келган, Додий бирга эди. Ританинг фолида нималар кўринган, маликага не башоратларни айтган – буниси номаълум…

* * *

Диана ҳалокати билан боғлиқ қидирув-тергов ҳужжатларида оқ “Фиат” қайта-қайта тилга олинган. Додий ал-Фоид ва Ди хоним ўтирган “Мерседес” ана шу “дардисар-машина”га сидирилиб ўтгач, ҳалокат содир бўлгани айтилади. Аммо ўша “Фиат-уно” қани? Арвоҳдай ғойиб бўлган, 1997 йилда топилмаганди, ҳамон топилганича йўқ.
Умуман, “Фиат”нинг айби борми? Хўп, айбдор бўлса, бу исботланганми-йўқми? Гувоҳлар ва ашёвий далиллар-чи? Шофёри нега қочиб кетган? У ҳибсга олинадими? Полиция “дардисар-машина”ни нега қидирмайди?.. Бу каби жавобсиз саволларнинг адоғи йўқ.
Йигирма йилдирки, бу жумбоқ қалам аҳлининг фантазиясини жунбишга келтиради. Бир талай асарлар яратилди: бирида ҳақиқат унсурлари борга ўхшайди, бошқаси куракда турмайди, тутуруқсиз тахминлар ва уйдирмалардан иборат чўпчакларни ҳам ёзаверишган…
Кези келгани учун таъкидлаймизки, Диана Спенсер қироличага келин бўлган куниданоқ ўзи хоҳламаса-да, журналист ва ёзувчиларнинг қаҳрамонига айланган. Диана ҳақидаги илк китоб 1992 йил июнь ойида чоп этилган. Асар маликанинг иштироки ва ҳамкорлигида яратилган бўлиб, кейинчалик ўзи бу ишидан афсус чекканди…
Альма тоннелидаги автоҳалокатдан сўнг ўқувчиларнинг Ledy Dies образига қизиқиши авж олиб, бу эҳтиёжга жавобан муаллифларнинг илҳом ва ижоди хуружга келди. Унинг болалиги, тўй тантанаси, ўқиган газеталари, уст-боши, ҳатто ич кийимлари, эри билан муносабати, лаб бўёғи, кулгани ё йиғлагани, Додийнинг феъл-атвори, икковнинг ошиқ-мошиқлиги, 31 август автоҳалокати, Лондондаги ҳазрати олиялари… Эҳ-ҳе, нималарни ёзишмади дейсиз…
Диана мавзусида қалам тебратиш эпидемияга айланаёзганди. Кен Уорфга ҳам шу “хасталик юқиб”, китобини “Кўз қорачиғидай асралган асрорлар” деб номлади. 2002 йили чоп этилган ушбу хотиранома бестселлерга айланиб кетди, бунинг муболағаси йўқ. Кен Уорф 1987–1993 йиллар давомида Дианага тансоқчи бўлиш билан бирга, яқин сирдош ҳам эдики, малика анчайин пардали гапларни ундан яширмасди.
“Кўз қорачиғидай асралган асрорлар” қиролича оиласидан ташқари, аксарият британияликларнинг ҳамиятига теккан, ҳатто ғазаблантирган эди. Шунингдек, асар муаллифини сотқинликда айбловчилар ҳам оз эмасди. Ахир, малика ишонч билдириб, пинҳона гапларни ошкор этган бўлса, у эса ўша сирларни оламга достон қилса, бу валинеъмат беканинг хотирасига хиёнат эмасми?..
Кен Уорф бу каби маломатларни ўзига олмайди. Унинг фикри батамом бўлакча: эмишки, у ҳақиқат ва ёлғонни бир-биридан ажратиб, китобхонларнинг кўзини очиб қўймоқчи бўлган ва шу воситада марҳума бекасининг безовта руҳи олдида ҳурмат бажо этган. Унингча, “Кўз қорачиғидай асралган асрорлар” мемуаргина эмас, муҳим тарихий ҳужжат бўлиб қолиши керак.
Балки муаллиф ҳақдир, эҳтимол ноҳақ. Лекин тарих шоҳидки, машҳурлар қисмати ҳамиша шундай: уларнинг таваллудидан – қазосигача, бешигидан – тобутигача тинч қўймайдилар. Ўша бешикни ёки тобутни шундай кавлаштирадиларки, пул ясамагунча тинмайдилар, тинчимайдилар.
Бунинг мисоллари саноқсиз, лекин қуруқ бўлмаслиги учун биттагинасини келтирамиз. 1812 йил 23 июнь куни Неман дарёси соҳилида Наполеоннинг оти ҳуркиб кетган. Бор воқеа шу холос, лекин икки асрдан ошибдики, муаллифлар шу эпизодни маҳкам ушлаб олишган. “Ие, от бўлгандан кейин ҳуркади-да”, – дейдиган биров йўқ…
Француз романнавис адибаси Лоранс Коссе хоним Альма тоннелидаги фожиага бутунлай бошқача – мантиқ ва адолат нуқтаи назаридан ёндошган. Шунинг учун ҳам “маликаномалар” орасида “31 август” ўктам ўринлардан бирини эгаллайди. “Фиат-уно” ҳайдовчиси қочиб кетмаса ва яширинмаса илож йўқлигига муаллиф бизни ишонтиради.
Тоннелда оддий официант жувоннинг пайдо бўлиши мутлақо тасодиф эди. “Мерседес”нинг унга суйканиб ўтиши ҳам шу тасодифнинг мантиқий давоми холос. Уни қидириб, бутун Франция полицияси оёққа турган, папарацци исковучдай пойлаб юрибди. Кимсан маликанинг ва мисрлик миллионернинг ҳаётини заҳарлаган, ахийри, бу икковнинг бошини еган фотографлар учун Лу деган аёл ким экан! Уни ҳам ана шу сураткашлар адо қиладики, ўлдирмай қўймайди-да.
Йўқ, оқ “Фиат-уно” ҳайдовчиси ўлимдан, полициядан қўрқаётган эмас. Малика Диана расмчи балосидан қандай қочган бўлса, Луиза Ориган ҳам бу мараздан шундай қочади. Ана шу жиҳатдан қаралса, бу икки аёл – Диана ва Луиза кулфатдош бўлиб чиқади…
Ҳатто бу икков тақдирдош эканини сезиш қийинмас. Малика Диананинг дўсти деб сифатланаётган Додий ҳали унинг эри эмас. Уларнинг “дўстлиги” на дунёвий ва на диний маънода қонунлашмаган эдики, бу муносабат ўша ножўя ҳолича абадий хотималанди.
Қарангки, асар қаҳрамони Луизанинг “оиласи” ҳам шунинг ўзгинаси: Ивон деган йигит унинг ҳаётига қандай асоссиз кирган бўлса, ўшандай изсиз чиқиб кетади. Хуллас, иккала аёлнинг пешонасида оила йўқ, икковнинг охирги “мукофоти” ҳам аён…
Муаллиф алоҳида айтмаса-да, рамзий ишорани топиб олиш қийинмас: оила – муқаддас, уни кўз қорачиғидай асраш шарт…
“31 август”нинг яна бир фазилати шуки, асар кўз ўнгимизда Парижни яққол намоён этади. Роман ана шу жиҳати билан шаҳар ва атрофининг ўзига хос бадиий харитасига айланган. Китобхон қаҳрамонлар ёнида Франция пойтахтида гўё саёҳат қилади.
Лоранс Коссе Париждаги “Галлимар” – “Gallimard” нашриётининг синалган ва ишончли муаллифларидан бири. “31 август” романи адибанинг шон-шуҳратини яна ҳам ошириб, оламга машҳур қилиб юборди. Асар қисқа муддатдаёқ бир қатор Европа тилларига таржима қилинганди. Мана энди у ўзбек китобхонларининг ҳам мулкига айланди.
Таржимон

Августнинг сўнгги санаси:
Қутурган довул еларди.
Биз томон инглиз кемаси
Долғани эзиб келарди.

Денгизчилар қўшиғи

БИРИНЧИ БЎЛИМ

1. ТЎҚНАШУВ ВА ТУНГИ ВАСВАСА

“Чатоқ, – ўзини даккилади Лу, – қочворганим жудаям чатоқ!” Тўхтаса бўларди, лекин тўхтамади-да. У моторни ўчирди ва суянчиқнинг ёстиқчасига бош қўйиб, кўзларини беҳол юмди. Ортида темир жаранг­лади, гараж эшиги шовқин билан ёпилди. Сукунат чўкди. Кўкси безовта гупиллаб, юраги ва томирлари (чаккасида, бўйнида, чап кўкраги остида) яна ва яна хуруж қиларди.
“Наҳотки… бу тоннелда бошланди, наҳотки? Шу забун ҳолимда Париждан машина ҳайдаб келдимми? Тағин ўқдай учиб… мени ёв қувладими?”
Унинг кўзлари очилди. Фаралар ҳамон ёниқ. Ўнгу сўлига аланглаб, вужуди қулоққа айланди: оёқ товуши, шовқин-сурон, шивир-шивир эшитилмасди. Фақат сокинлик, гаражнинг автомат эшиги жипс беркилган. Ҳеч ким йўқ. Биров изига тушган эмас. Эҳтимол, машинасининг рақамини ҳам ёзиб олишмагандир.
Мотоцикл ўз жойида – ўнг тарафда, блокли девор ёнида турибди. Ивон ухлаб қолган бўлса керак. Лу соатига қаради: ўн дақиқа кам бир. Балки Ивон яхталар ҳақидаги журналларга, чизма ва техник тафсилотларга кўмилганча бедор кутаётгандир. (Елканларни қанчалик чуқур ўргангани сайин шу қадар уларнинг шайдоси бўлиб бораётганди)
“Кошкийди шу бугун қорасини ўчирса. На ўзига, на сўзига тоқатим борми? Ухласа-ухламаса, гумдон бўлгани яхшироқ эди”.
Ҳозир кириб борса-да, уй бурунгидай бўм-бўш бўлса қанийди-я. Бунақа “орзу” унинг хаёлидан биринчи бор ўтиши эмас, аммо айни дамда инсон зотини кўрмаса-куймаса бас. Кимсасиз хонада бир амаллаб каравотига етиб олса ва чўзилса бўлгани. Яна жиндай кутади: унгача ваҳимаси ҳам босилади ва Ивон ҳам ухлаб қолса ажабмас.
Қўққисдан чап тирсагида оғриқ сезди. “Демак, менгаям зарба тегибди-да. Қаттиқ урилгани йўқ эди-ку, ие, қаттиқ қанақа бўлади ўзи? Иккала машина ишқаланди, даҳшатли ғижирлаш эшитилди, мен қаёққадир, чамаси, ўнг тарафга оғиб кетдим. Ғалати-ку, унақада оғриқ нега ўнг қўлимдамас?”
Зарбадан салгина бурун, ҳа-ҳа, жиндай олдинроқ, рулни бурганди, бироқ қаёққа – бунисини эслолмайди. Афтидан, бурилиш иложсиз тарафга, яъни чапга. Сўнг мудҳиш ғижирлаш, унинг хаёлидан ўтди: “тамом бўлдим”. Сим-сиёҳ балойи азим ёндан келиб ишқаланди-да, Лу “тамом бўлдим” деган лаҳзанинг ўзида қора машина тўсатдан нарига учиб кетди. “Ўйловдимки… “Тамом”ни қачон айтувдим, ўша сониядами ё кейинроқми?” Мана ярим соатдирки, оний “томоша”нинг аввалию охирини тинимсиз кўз олдидан ўтказмоқда. Ҳаммаси лаҳзада бўлди: ажалнинг ўқидай елган машина тоннелга кираверишда ортидан келиб, ёнига шовқин билан суйкалди-да, дарҳол ажралиб, икки тарафга чайқала-чайқала метиндай устунга қарсиллаб урилди.
“Ўша сониядаёқ газни босдим”. Атрофда бўлак машиналар бормиди-йўқмиди? Бу саволга у жавоб беролмайди. Аммо ярим тундан саноқли дақиқалар ўтганди холос, Лу уйига хотиржам қайтаркан, шаҳар кўчаларида қатнов озмунча эмасди, демак, тоннелда ҳам бошқа автомобиллар бўлгани аниқроқ.
Ана шу дақиқадан бери ўша “қора махлуқ”дан бошқа ҳеч нарса хаёлида йўқ: у бало-қазодай пайдо бўлди-да, аввалига бир туртди, кузовга зарб билан ишқаланиб, ўнг ёққа сапчиди ва гандираклаб бориб, кўз ўнгида зилдай устунга урилди, хамир мисоли эзилди. Унинг эсида қолгани фақат шуки, тормоз сурон солиб чийиллади, темир ваҳимали гумбурлади, ку­йинди ҳиди…
Лу машинада ким борлигини кўрганича йўқ: тезликни ошириб, ўқдай учаверди. Тоннелдан яшиндай чиқаркан, хаёлида биргина сўз – қочиш! Унинг миясида, аниқроғи, талвасанинг зўридан қақшаётган мускулларида, жон-жаҳди билан газ тепкисини эзғилаётган оёғида яккаю ягона тилак – фақат қутулмоқ!
У чуқур тин олиб, машинанинг эшигини очди. Ўз чамасида оёқларидан жони чиқиб бўлганди, аммо қаддини қийналмай тиклади. Бир қадамгина ортига тисарилди-ю, тошдай қотди-қолди: кузов бошдан-оёқ тирналган, чизғичда тортилгандай бир энлик “ҳошия” ярақлаб турарди. Лу қўлини чўзди, лекин сийпалаб кўришга журъати етмади-да, “оҳорли безак”ни олд эшикдан ортки қанотгача қадамлаб кузатди. Ана шу ерда яна юраги увишиб олди: орқа чироқ тўкилиб битган, на пластмасса қобиғи ва на лампочкасидан ном-нишон йўқ, фақат тарновчада саноқли синиқларигина осилиб турибди. Липилловчи чироқ бут-бутун. Бампер ҳам шикастланмабди.
“Эсим борми ўзи: бу қанақаси… ахир, нега қутуламан деб хомтама бўляпман? Модомики, орқа фонарь тутдай тўкилган экан, тоннелда синиқлари қолган-ку! Чап тарафим шилинган, демак, эллик метр наридаги устунга урилган машинанинг ўнг қанотида ҳам шундай “жароҳат” қолгани аниқ”.
У яна бир муддат туриб қолди, вужуди гўё акашак. Сўнгра ўзини теткиб, юришга ва машинага қарамасликка уринди. “Йўқ, чап бера оламан. Эртага ҳаммасини тузаттираман, яшириниб юрармидим? Ортки фонарни янгилаш, ёнини бўятиш – шуям иш бўптими? Кампир шафтоли егунча…”
У учинчи қаватга оҳиста одимлай бошлади. Лифт чақириб, ҳаммани уйғотгандан кўра, шуниси ўнғайроқ. Уйининг эшигини очди, кириб ёпгач ҳам қоронғи коридорда бир зум тўхтади. Башарти, Ивон уйғонган бўлса, уни чақирарди. “Тиқ” этган товуш йўқ. Лу чироқни ёқди. Ҳамон жимжитлик. Полда Ивон эртанги Ле-Мюро сафарига ҳозирлаган лаш-лушлар сочилиб ётибди: спорт сумкаси, у икки кун уриниб тиккан елкан, юмшоқ печенье қутиси. Соат саккизда Ренан акасини олиб кетгани кириши керак, Лу уларга ҳамроҳ бўлишга ваъда берганди. У қатъий бош чайқади: “Йўқ, йигитлар, мен бора олмайман, эртага бошқа ишларим бор”. Лу ҳам лаш-лушлар ёнига сумкасини қўйиб, тўппа-тўғри ваннахонага йўл олди.
Кўзгудаги аксига боқиб, бир ҳайратланиб олди, қиёфаси ўзгармаган, бинойидай эди. Нигоҳини салгина ташвишли демаса, юз-кўзи аввалгидай. Ҳатто ваннадаги чироқ ҳам одатдагидан равшанроқ порларди. Чеҳраси моматалоқмас, ҳеч ери тирналмаган, оғриётган тирсаги ҳам бут-бутун.
Лу ювина бошлади. Автоҳалокатда кимлардир жароҳат олган. Балки биров ҳалок бўлгандир. Қора машинанинг тезлиги бир юз элликдан ортиқ эдики, кам эмасди. Ўзини алдаш беҳуда, унинг “Фиат”ини пайқамасликлари мумкинмас, кўришган, албатта. Эҳтимол радарга тушгандир. Ҳали-замон қидира бошлайдилар. Орқа фонарь бўлаклари ўша ерда сочилиб ётибди, ахир.
Ҳовлиқма, ўзингни бос. Эртага машинани тўғрилаб беришади. Уста “stop”-чироқни алмаштиради, “ҳошия”га бўёқ суради, бунга ҳеч қанча вақт кетмайди. Эртанги оқшомгача заррача асорат қолмайди, “Фиат” яп-янги бўлади.
Лу радиони ёқиб, қандайдир мусиқага қулоқ тутди ва ўчириб қўйди… У Париж бўйлаб оҳиста бораётганди, тун илиққина, дам олиш арафаси, эртага августнинг сўнгги якшанбаси. Тоннелга қандай тезликда кирди? Соатига эллик километрча эди чоғи, у машинани учириб ҳайдашга ишқибоз эмас. Ва шу тезликда ҳам жаҳаннамга гирифтор бўлди: анави қоп-қора рўдапо тиккасига бостириб келаверди, зарба, ғижирлаш, тормозларнинг чийиллаши, қасир-қусур – бари бир зумда ўтди ва ўзи ҳам бир зумда қочиб қолди.
Худога шукурки, Ивон эртага мотоциклини минмайди. Кетаётиб гаражга киришнинг унга даркори йўқки, ҳайтовур машинанинг аҳволини ҳам кўрмайди. Уни жўнатади-да, бир соатдан сўнг ўзи… Лу ваннанинг четига ўтирди, юраги тағин ҳаприқа бошлаганди. Ивон кетгач, бир соат ўтиб… Эртага – якшанба-ку, йўқ, якшанба бўлди ўзи. Устахоналар душанбага борибгина очилади.
“Гап мундоқ, болалар, сизлар билан Ле-Мюрога борганим бўлсин. Уйда қанчалик камроқ бўлсам, шунчалик яхши”.
У тўшакка секингина чўзилди. Бу – унинг ётоғи. Негадир бизнинг ётоқ дегани тили бормасди. Ивон эса шунчаки “тўшак” дейди-қўяди. У дамини чиқармаса-да, Ивон бир ағдарилиб, алаҳлаб олди. Лу ҳайкалдай қотди. Шу топда йигитни кўрмаслик учун жонини беришга ҳам тайёр. “Қорангни ўчирсанг-чи, Ивон. Эртагача. Азизим, қаёққадир гумдон бўлақол, лоақал бир кеча, шугина кеча йўқолгин”. Лу унинг кўзини кўрмасди, юзини ҳам қоронғиликда элас-элас туслаётганди. Ивон бир маромда пишиллай бошлади. У қаттиқ уйқуда.
Лу безовта қилмаслик учун оҳиста ағдарилиб, кўкка қараб олди. Ўзига уқтирди: “ухлашинг зарур”. Эрталаб бир гап бўлар. Ҳозир ортиқча заҳмат: ўқдай учаётган хаёлининг тезлиги икки юз километрдан каммас, ўнг оёғи газни босади, қўллари рулга ёпишган, елкаси ва ўмрови, ҳатто қорин мускулларигача зўриқиб бўлди. “Нега, нима учун тўхтамай кетвордим? Тўхтасам бўларди. Ҳамиша тўхтар эдим-ку”. Унинг касб-кори табиатан ўзгаларга эътиборни талаб қиладики, шунга кўра ҳам тўхташга, ёрдам беришга тайёр эди. “Аммо мен газни босавердим. Ҳар ҳолда шуниси бегумонки, тўхташ хаёлимнинг кўчасигаям келгани йўқ. Қочавердим-да. Бироқ мен эмас, ё оёғим, ё ваҳима шундай қилди”.
Ҳар қанақасига ҳам бўлар иш бўлди, бўёғи кўчди. Кўз ўнгида машина мажақланиб кетди, Лу эса тўхташ ўрнига туёғини шиқиллатишга шошди. Унинг баҳонаси тайёр: “Мен жўрттага қилганим йўқ, бирон-бир ғаразни кўзламовдим, ақлим ишламай қолди, тушуняпсизми? Бу менинг ихтиёримдан ташқари содир бўлди, ахир”. Унга қарши айблов ҳам шай: “Воқеа жо­йидан қочиб қолгансиз, автоҳалокат жабрдийдаларига ёрдам қилмагансиз”.
Бошқалар тўхташган, албатта. Энг асосий гувоҳ Лу эди, бироқ ягона гувоҳ эмас. Ёз кезлари кечиккан ҳайдовчилар аксарият йўлни Альма тоннели тарафга соладилар. Улар тўхташган, бунчалик мудҳиш ҳалокатни кўргач, тўхтамай кетишлари мумкин эмас-да. Ягона қочоқ “Фиат”ки, уни ана шуларнинг бари кўрган-билган.
Энг ёмони шуки, Лунинг тўхташи учун заррача монелик йўқ эди. Шу ҳақда ўйлагани сайин кўз олдида шундай ҳол яққол намоён бўлаверарди: ана, Лу биринчи бўлиб тўхтади, ёрдам сўраб ҳайқирди, ўзгаларни ҳам тўхтатди, хуллас, қўлидан келганича уринди.
Соат иккидан ҳам ошгандир. Ҳаяжоннинг зўридан Лунинг оёқлари карахт, қимирлашга юраги дов урмасди. Қанийди шу тунда одам зотини кўрмаса. Уч ойдирки, Ивон билан ҳамхона, бироқ бу ҳаётга ҳануз кўниколмасди. Йўқ, Ивонга эшигини ва бағрини очганига афсус чекмайди. Манави кори-ҳолга ва ўзининг шу топдаги аҳволига армон қилади, холос. “Унга сим қоқиш менга ёқарди: бирга тушликка чиқамизми? Унинг қўнғироғи бундан ҳам ёқимли: икковлон тамадди қилайликми? Аслида эса Худонинг берган куни бирга овқатланардик. Эндиликда эса айни масала ҳатто муҳокама қилинмайди, келишиб ўтириш ҳам йўқ: ҳаммаси ҳал этилган. Ҳар доим тушликни баҳам кўрамиз, нонуштани биргаликда қиламиз, ёнма-ён ухлаймиз. Уйғонган заҳотимдаёқ ёлғиз қолиш орзуси жунбишга келади”.
… У фақат рулни бурди холос, наҳотки, шу ҳам ўша автомобилни йўлдан чиқариб юборса? Биргина сония тўқнашдилар, тамом – машина соҳибининг ихтиёрига бўйсунмасдан, ўзини у ёқ-бу ёққа ура бошлагач, ҳайдовчи эплолмай қолди. Шунчаки ёни билан тўқнашди, бор-йўғи синган “stop”-чироқ ва тирналган “ҳошия”…
Дарвоқе, Лу рулни айнан чапга бурганига ҳам амин эмасди. Эҳтимол, аксинча, ўнгга буриб, учиб келаётган машинага йўл бермоқчи, уни ўтказиб юбормоқчи бўлгандир. Ҳа, шу боис ҳам орқа чироқ зарбага йўлиққан.
Шуниси ҳам борки, у рулни аниқ бурдимикан? Зарбадан бир сапчиди, эсида – рулга ёпишган қўллари қалтис ҳаракатланди, бу ниҳоятда тез бўлдики, рул шунақа буриладими?
Унинг дод солгиси келарди: “Менинг заррача айбим йўқ, ахир! Соатига эллик километргина тезликда уйимга кетаётгандим. Алалоқибат, икки соатдирки, кўзимни юмолмайман, миямда даҳшат чарх уради, аъзойи баданим қақшамоқда. Ножўя ҳаракатим асло йўқ эди, ўриндиқда бир сакратишди мени – бу жиноятим эмас-ку! Ўқдай учган машинани устимга солиб юборишди, мени ўлдириб қўйишларига пичоқ дами қолувди. Аслида даъвогар жабрдийда мен бўлишим керак!”
Соат уч. Тонгга қадар эшикка термулиб ётаверсинми, жандармлар тақиллатишини пойлайверсинми? Ҳеч-да, Лу ўрнидан туриб, ҳапдорини топди: “Могадон”. Энди ухлайди, жандармлар келса-келмаса, садқайи сар.
У емакхонанинг чироғини ёқди: Ивонни уйғотиб юборишдан қўрқмасди. Башарти, йигит суриштиргудай бўлса, яшириб ўтирмайди: ухлолмаётганини ва эртанги режаси ўзгарганини очиқ айтади-қўяди. Лу ёндафтаридан бир варағини йиртиб олди-да, ушбуни ёзди: “Тонгги соат уч. Ҳали кўз юмолганимча йўқ. Жигар хуружими ё бошқами – билмадим. Эрталаб ухлашга уриниб кўраман. Хафа бўлма, сен билан Ле-Мюрога боролмайман”. Қоғозни жўмрак устидаги кўзгуга ёпиштириб қўйди.
Лунинг бахтига эртанги якшанбада Ивонга ўхшаш қайиқ-пойгага ашаддий ишқибозларнинг ўқув машқи бўлади, жуда жиддий, ҳатто мусобақа деса ҳам бўлаверади. Ивон уни бортга таклиф этмаган, томошабинлар қаторида қатнашуви керак эди.

2. ФОТОМУХБИРЛАР ҚОТИЛНИНГ ЎЗГИНАСИ

Ивон ўрнидан тураётиб, уни ҳам уйғотиб юборди. Лу уйғоқ эса-да, кўзларини жўрттага юмиб ётганди. Салдан сўнг лифт шовқин солди, ке­йин пастдан моторнинг гуриллагани эшитилди: бу – Ренаннинг машинаси.
Лу ортиқ ухлолмади. Уни топа олмасликларидан умид борми? Ҳозир бир неча соат бурунги ваҳимаси йўқ, тунги қўрқув хийла чекинган. Ортки фонар синиқларидан машина русумини тусмоллашлари қийинмас. Лекин бу ашёвий далил бўлолмайди. Тахмин ҳақиқат дегани эмас-да. Барча машиналарнинг орқа чироғи озми-кўпми ўзаро ўхшамайдими? Барибир, автомобилнинг русумини аниқлаш – бошқа, автоҳалокатга алоқадор муайян машинани топиш – бошқа.
Йўқ, аслида муҳими бу эмас, муҳими шуки, “Фиат”нинг рақамини ёзиб олишга кимдир улгурганмикан? Агарда шундай бўлса, бир кун ҳам ўтмайди, қуёш ботмасиданоқ полиция етиб келади. Тунги таҳликадан чамаси анча енгиллаб олган. Бу ерга топиб келсалар, бор гапни ошкора айтаверади: “ақлимни йўқотиб шошиб қолдим ва ура қочавердим. Шундан бўлак айбим ҳам йўқ, ўз ихтиёрим билан яқин орадаги комиссариатга бормоқчи ва бўлиб ўтган воқеадан хабардор қилмоқчи эдим”.
Боши тош осгандай оғир, ўрнидан туриб, деразаларни очди. Осмон шишадай тиниқ. Ойнинг сўнгги якшанбаси, ўттиз биринчи август.
Ивоннинг столида “Елканлар” газетаси очиқ, “Олд мачтага елкан боғлаш” сарлавҳаси кўриниб турибди. Ётоқхона остонасида бир парча битик: “Ухла, жоним Лу, уйқуга тўйиб, тўлишиб ол. Тузалиб қолгин. Тушдан сўнг қайтаман”.
Лу қоғозни чаккасига босди. У ёлғиз қолиб фикрлаш имконидан мамнун эди.
Шунда илк бор хаёлига келдики, аслида энг осон ва энг маъқул йўл полицияга бориш-ку. Бир амаллаб баҳона топарди: “Эсим бор-йўқ алфозда бош-учимни йўқотиб қўйдим, баъзан киши нега унақамас, бунақа қилаётганини билмай қоларкан. Уйга кириб, тўшакка йиқилганимча, ақлу ҳушим энди сал жойига келди”.
Лу совуқ сувни очди, юз-кўзини ювиб, жажжи радионинг қулоғини буради, бу нарса ҳамиша ваннахона токчасида турарди.
… Унинг шаҳзода Чарльз билан оиласи дарз кетгани 1992 йили маълум бўлганди, – дерди сухандон. – Никоҳ бекор қилингани ҳақидаги қарор 1996 йил августда чиқди. Маликанинг яхтада тушган сўнгги суратлари ҳаммага мангу эсдалик бўлиб қолди, яхта унинг дўсти миллиардер Додий ал-Фоидга қарашли эди.
Лу ҳушёр тортиб, юзини артди.
Аянчли можаронинг фожиона хотимаси, – давом этди радио. Лу таёқдай қотди. – Чорак кам тўққиз. Ахборотнинг махсус сони. Малика Диана бугун кечаси Париждаги автоҳалокатда дунёдан кўз юмди. Тун ярмидан ўтган маҳали Диана ва унинг дўсти Додий ал-Фоид ўтирган “Мерседес” Альма тоннелининг устунига урилди. Фожиа тафсилотларини Жан-Ив Арбелнинг репортажидан билиб оласиз.
Дарҳақиқат, – давом этди Жан-Ив Арбель, – ярим кечадан салгина ўтган бўлиб, соат нолу йигирма дақиқа эди. Малика Диананинг автомобили номаълум сабабга кўра бошқарувдан чиқиб, ниҳоятда юқори тезлик билан тоннелнинг устунига урилган. Машинада француз ҳайдовчи Анри Поль, малика Уэльская, унинг дўсти мисрлик миллионер Додий ал-Фоид (яна бир исми – Эмод) ва тансоқчи Тревор Рис-Жонслар ўтиришган. Додий ал-Фоид ва Анри Поль воқеа жойида ҳалок бўлди. Врачлар малика Дианани қутқара олишмади, у тўрт соатдан сўнг оламдан ўтди. Ёлғиз тирик қолган киши тансоқчи бўлиб, шифохонага ётқизилди, аҳволи жуда оғир. Энди фожиона тун воқеаларининг тафсилотига ўтамиз…
“Шофёр ва уч йўловчи, – такрорлади Лу, – уч киши ҳалок бўлган, биттаси оғир жароҳатланган. Икков ўша ондаёқ, малика эса тўрт соат ўтгач…”
… Машина ҳали “Ритц” меҳмонхонасидан олислаб улгурмаганди, йўловчилар пайқашдики, мотоцикл минган беш ё олти папарацци уларнинг ортидан эргашди. Таъқиб қувлашмачоғи ана шундай бошланиб, Бирдамлик майдонида сураткашлар “Мерседес”ни қувлаб етдилар.
Сенанинг ўнг соҳили бўйлаб ҳаракатланаётган машина тезликни оширади. Дастлабки тахминларга кўра, соатига бир юз қирқдан кам бўлган эмас.
Бир километрлик “мусобақа”дан сўнг “Мерседес” Альма тоннелига етиб боради. Афтидан, олдинроқда тоннелга ошиқмай кириб бораётган автомобилни ҳайдовчи жуда кечикиб кўрган. Эслатамиз, магистралнинг айни қисмида қоидага кўра соатига эллик километрдан тез юриш тақиқланади. Ҳайдовчи ҳалиги дардисар-машинани ёнлаб ўтмоқчи бўлган-да, “Мерседес”ни бошқаролмай қолган чоғи. Айрим шоҳидларнинг гувоҳлик беришича, “Мерседес” ўша автомобилни туртиб ўтган ва шундан сўнг сўл томонга отилиб, устунга қаттиқ урилган.
Дардисар-машина. Лу бу таърифни илк бор эшитиб турарди. Аммо қанақа машина? Бунисини била олишмаган, русуми ҳам, ранги ҳам айтилмади.
… Гувоҳларни ларзага солган кор-ҳол шуки, фотографлар бу фожиа лаҳзаларини ноинсоний хуруж ва ваҳшиёна жазава билан суратга олишган. Ўша дамда тоннелдаги автомобилчилар ўнга яқин бўлиб, уларнинг айтишларича…
“Ўнга яқин автомобилчи”, диққат билан қулоқ солди Лу. Демак, у ерда анча одам бўлган.
Радио эса давом этади:
Қутқарувчилар мажақланган машинадан дастлаб маликанинг жуссасини чиқариб олишди. “Тез ёрдам” врачлари кўрдиларки, унинг бош суяги ва бош мияси лат еган, ташқи жароҳатлар бир талай бўлиб, суяклар кўп еридан сингани билиниб турарди. Кўкрак қафаси қаттиқ эзилган ва шунинг оқибатида қовурғалар синганки, Дай хонимнинг ўлимига айнан ана шу жароҳат зомин бўлгани тахмин қилинмоқда. Кўкрак қафасининг эзилиши билан ўта кучли ички қон кетиш бошланган ва тўхтамаган.
Лу ойнадаги ўз аксига назар солди: эгнида тунги футболка, сийнаси оппоқ газмол остида бўртиб турибди. Ана кенг елкалар, кўкрак қафасини зийнатлаган дўмбоққина қўш сийна, ҳар қандай синовга шай туюлса-да, гугурт қутисидай мўрт ва муваққат. Лу нигоҳини ундан юқорига қаратолмасди, на юзни, на кўзни кўришга бардоши етмайди… Пажмурда чеҳра, жонсиз кўзлар, қон-қушга беланган кокиллар…
Радио давом этмоқда:
Бугун тонг чоғи президент Ширак ва рафиқаси Питье-Сальпетриер шифохонасига ташриф буюриб, марҳума маликага сўнгги эҳтиром бурчини адо этишди. Бош вазир Жоспен жаноблари ҳам улардан кейиноқ етиб бориб…
Лу токчадан транзисторни олиб, ётоғига қайтди. Деразани ёпиб, жойига чўзиларкан, ҳамон сўзлаётган сухандонга қулоқ тутди:
… Бугун сураткаш-папарацциларга отилаётган ҳақли маломат тошларининг адоғи йўқ. Автоҳалокатнинг бош айбдори деб уларни ҳисоблашмоқда. Чиндан ҳам ҳайдовчи машинадаги ҳамроҳларининг ҳаётини хатарга қўйиб бўлса-да, хира пашшадай ёпишиб олган фотомухбирлардан қутулиш учунгина тезликни шунчалар оширишга ноилож мажбур бўлган. Ди хоним ўзи неча бор ранжиб сўзлагандики, худди ана шу изидан қолмаётган, Худонинг берган куни таъқиб қилиб кўнгли тўлмаётган шилқим папараццилар унинг бахт косасига оғу соларди.
Спортклубнинг гимнастика зали малика учун ижарага олинган бўлиб, у ўқув машқларига қатнашиб турарди. Фотомухбир ўша жойга ҳам яширин камерасини қўйганки, бу қилмишда унга ҳамтовоғи…
Лу радионинг унини ўчирди. Полиция хусусида гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Ҳозирча боши қотган, нима қилажагига ақли етмай турибди, бироқ полицияга бормайди. Қочиш керак, аммо қаерга? Ла-Сьотга – онаси ҳузурига борса-чи? Асло! Ҳеч кимнинг остонасига бош урмаслиги керак. Мабодо, дардисар-машинанинг русумини аниқлагудай бўлсалар, унинг соҳибини ҳам топишлари муқаррар. Башарти, Лу волидаси ё ёлғизгина дугонаси қошига бораркан, бир зумда тутиб келишади. Модомики, ҳеч ёққа кетмаса, ҳавога сингиши, ҳаётини мутлақ ўзгартириши лозим. Якшанба – ойнинг охирги куни: ҳамёнида ҳемири йўқ ҳисоби. Фақат банкоматдан чойчақага етгудай нимадир олиши мумкин. Шунисига ҳам шукур, шартта кетади-қўяди, кейин не қилажагини ана ўшанда ўйлаб кўради.
Кетгани-кетган, хуллас, “Фиат”ни ҳам устага обормайди. Ҳамма ашёвий далиллар нақд – ана гаражда тайёргина турибди. Луни топа олмасалар-да, машинаси шу ерда: керакли далил-исботлар қўлларига тушгач, соат нолдан йигирма дақиқа ўтган маҳали тоннель оғзида бўлган ҳайдовчининг шахси ҳам аниқланади, албатта.
Ҳаммадан бурун Ивонга маълум бўладики, “Фиат”нинг жароҳатини энг аввал угина кўради-да. Бу оқшомдаёқ ёки эртага – душанбада содир бўлади. Лу ғойиб бўлгач, Ивон хавотир ола бошлайди: гаражга тушиб, “Фиат”ни кўрган заҳоти не гаплигини фаҳмлайди. Энг яхши ниятда (ёмон ниятда эмас) тегишли жойга дарров хабар беради…
Унда нима қилсин? Ахир, машинани дала-тузга ташлаб кетолмаса…
Лу тикондай ботаётган тўшакда тағин бир ағдарилиб, кўзларини очди. Азбаройи ҳазар, машинани таъмирлатгани камхатарроқ, кейин кетаверарди…
“Ибтидога қайтайлик-чи: башарти, радар рақамимни илғаб қолган бўлса, буни бир кундан сўнг биламан. Демак, ҳозирдаёқ хабар қилишлари керак эди. Чунки, фото ўша ондаёқ тайёр бўлади. Шу топгача негатив плёнкалар ювилиб, Альма тоннели ҳудудидаги барча ўтган-кетганнинг суратини заррабинда кўриб бўлишган. Яхшиси шуки, яна бир кун сабр қиламан. Агар, эртанги тонгдаям полиция келиб, ҳибсга олмаса, аёнки, машинамнинг рақами уларга маълум эмас. На сурат, на гувоҳ йўқ. Қаттиқ қидирсалар ҳам, бир неча кунсиз тополмайдилар. Унгача дунё-дунё вақт борки, “Фиат”ни бемалол таъмирлатаман. Машинанинг яп-янги қиёфаси хитлантиргудай бўлса-чи? Баҳона қилиб кўраман: “Ярим тунда қайтганим тўғри, лекин бошқа йўлдан юрдим, Альма томонга қадам босганим йўқ”.
Лу тағин радионинг мурватини буради.
… Анри Поль Додийнинг доимий шофёримас, “Ритц” отелининг хизматчиси эди, “Мерседес” ижарага олинган. Миллионернинг ҳайдовчиси эса фотомухбирларни чалғитиш учун олдинроқ йўлга чиққан. Шифохонадаги соқчининг аҳволи оғир, батамом тилдан қолган. Питье-Сальпетриер касалхонасининг юрак-қон томир жарроҳлик бўлими Европа бўйича маълум ва машҳур саналади. Турли агентликларга мансуб етти фотограф воқеа жойида қўлга олинган, вазиятга аниқлик киритилгунга қадар муваққат ҳибсхонада сақланмоқда. Қиролича оиласи ушбу якшанба Шотландиядаги Балморал қасрида экан. Қиролича “ларзага тушибди”. Шаҳзода Чарльзнинг яқин соатларда Парижга етиб келиши кутилмоқда.
Соат ўн ярим. Лу ўрнидан туриб, жиндайгина сут ичди. Қорни очгандай, аммо кўнгли айниб турибди. Уй офтоб нурига тўлиб-тошганди. У тамаддихонага тўшалган плиталарга ўтириб, тиззаларини қучоқлаган кўйи ғужанак бўлиб олди, таслим бўлгани йўқ. Нимадир йўл топиши керак. Топмаса бўлмайди.
Бу шунчаки муваққат кор-ҳолмас, уч-тўрт ойда барҳам топмайди. Борлиқ умрингга татийди. Ҳаммасини барбод қилишади, аввалгидан ҳеч вақо қолмайди. Бу тамғадан сўнгги нафасинггача қутулолмайсан. Қанча умринг бўлса, ҳамиша малика Диананинг ҳаётига зомин бўлган шахс қиёфасида яшайсан, вассалом. “Врачга, новвойга, эримга, ҳали ёруғ дунёни кўрмаган болаларимга – кимлигимни мутлақо ҳузурланиб ҳикоя қиладилар. Ҳамма мени оёқ учида кўрсатиб, бармоқларини бигиз қилади: Ди хонимни мана шу хотин ўлдирган, аварияга сабаб бўлгани ҳолда парвойи фалак туёғини шиқиллатаверган”.
У ўрнидан туриб, иккита “Могадон” ичди ва яна жойига чўзилди. Йигирма тўрт соат ўтгач, ҳаммаси батамом бўлакча бўлади. Гараждаги машинадан ном-нишон қолмайди, ўзининг эса думини ҳам тутолмайдилар. Йигирма тўрт соат нима экан? Йигирма тўрт карра бир соат, холос-да.

* * *

– Ухлаяпсанми?
Бу Ивоннинг овози бўлиб, ундан денгиз ва сувга бўккан елкан ҳиди анқиб турарди.
– Кўнглим беҳузур, – ингради Лу кўзини очаркан.
– Сенингча, жигар хуружи эмасми?
– Уҳ-ҳ-ҳ-ҳ, – инқиллади у овозига иложи борича хастаҳол тус бериб.
Ивон унинг томоғига кафтини босди.
– Ренан шу ерда, унга ловияли қовурдоқ ваъда қилувдим. Биз тўртинчи ўринни олдик, итдай очман. Айтганча, маликани эшитдингми?
– Қанақа малика, Ивон?
– Наҳотки сен? – ҳайрон бўлди Ивон. – Диана-да.
У французча талаффуз қилганди – Диана. Лу ҳам худди ўша оҳангда қайта сўради:
– Дианага нима қипти?
– Ҳали билганинг йўқми? – хитоб қилди йигит. – Ахир, ойдан тушган эмассан-ку. У шу кечаси ўлибди, аварияда ҳалок бўлган. Соҳилда ҳамманинг оғзида фақат шу гап.
Лу тўшакнинг қўзғолишидан Ивон ўрнидан турганини сезди.
– Майли, сенга халақит бермайман, жонгинам Лу, – ғулдиради у. – Афтидан бунинг сенга иссиғиям, совуғиям йўқ шекилли.
Ва ҳайратангиз товушда писанда қилди:
– Радио бу ёққа қандай кириб қолди, айтолмайсанми?
Лу кўзларини ярим очди:
– Қани? Ўзинг опкирганинг йўқмиди?
– Ҳеч қачон, ҳеч қаёққа, ҳеч ким ваннахонадан чиқариши мумкин бўлмаган радиони-я? Бу қоидага кўникканманки, асло ундай қилмайман. Шу боис уни зудлик билан ўз жойига қайтарганим бўлсин. Ухлайқол, Лулу.
“Даф бўла қолса-чи, – кўнглидан кечирди Лу. – Бир йўла икковиям кўзимдан йўқолсайди. Умуман, булар ҳеч қачон келмаса кошки-я. Вақт йигирманчи, лоақал йигирма бешинчи августга қайтганда борми…”

Димоғига пиёздоғ ҳиди урилиб, тамаддихонадан йигитларнинг қаҳқаҳаси эшитилди. Кейин ташқи эшик очилиб-ёпилди ва Ренаннинг машинаси сокин кўчада шовқин солиб жўнаб кетди.
Ана, “Ямаха”нинг овози, мотор жунбушга келди, олға учди ва мотоцикл олислаб, охири уни ўчди.
Лунинг хаёлида нимадир “лоп” этди: гаражга тушиши, қараб қўйиши… Қарайди? Нимани қарайди? У каравотнинг бир четига ўтириб, қўнишиб олди.
Ивон мотоциклини гаражнинг ўнг тарафига қўяди. Бу икки ғилдиракли арава сўл томонда турса нима қиларкан, а? У мотоциклини ортига тисариб оп чиқади, “Фиат”га қайрилиб қарагандир? Йўғ-е, ўзи билан ўзи овора бўлган, ё ортига, ёки деворни кўчирмаслик учун ёнига кўз солган. Гараждан чиққач, мотоциклни қайтарган ва эгарга ўтирган. Дарвоза автоматик ёпилгач… ортига ўгирилиш Ивонга зарилми?
Лу ваннани тўлдира бошлади. Радио бутунлай бошқа олам, унинг бу аёлга хусумати йўқ. Радио афт-ангорингизни намойиш қилмайди. “Уни эшитмаслигим мумкин эмас. Чунки, сухандон дардисар-машинанинг русумини, ранг-рўйини айтади, уни топиш бўйича қидирув натижаларини эълон қилади”
Ивон кечки пайт қайтди.
– Ўрнингдан туролдингми? Хийла тузукмисан?
Лунинг кўнглидан ўтди: унинг сўз оҳанги одатдагидай эмас. Аёл тунги футболкасида эди, унинг истиқболига ўрнидан қўзғолмади.
– Оёқларимнинг жони йўқ. Қайларда юрибсан?
– Қайиққа борувдим, – деди Ивон, сувюқмас плаши билан асбоб тўла қопчиқ ва сумкасини оёқ остига қўйди. – Шверт бўшаб кетган экан, Ренан эрталаб айтувди, шуни тузатиб келдим. Денгизда ҳеч ким йўқ, якшанба куни бунақаси бўлавермайди. Афтидан, бутун халқ телевизорга термулиб ўтирган шекилли.
– Тунги автоҳалокат туфайлидир-да, а? – Лу шундай оҳангда сўрадики, аслида ўзи бунга бефарқ бўлса-да, беназокат қиз бўлиб кўринишни гўё истамасди. – Сенингча, бу кимнидир изтиробга соладиган воқеами?
– Бўлмаса-чи! – таъкидлади Ивон.
“У менга бўлакча тикилиб қолди. Ўзиям бугун ғалатироқ”.
– Тузукмисан? – сўради йигит. – Ғалатироқ кўринасан.
– Бошим айланяпти, – ғулдиради Лу, – жойимга ёта қоламан.
Ивон унинг тўшакка ёнбошлашига зеҳн солиб қараркан, Лунинг кўнглидан ўтди: “Врачнинг ўзгинаси-я”.
– Сени бунчалар ҳалак қиладиган бирон нарса еган эдингми?
– Қайдам, – деди Лу. – Тунда қайтган чоғим жудаям оч эдим, паштетни паққос туширдим, ҳозир ўшандан кўриб турибман.
Ивоннинг қошлари чимирилди.
– Шиша банкадаги қуён жигарими? – салмоқлади у. – Ахир, мен уни тушликда еб тугатгандим-ку. Уйда ёлғиз эдим, бу аниқ эсимда, аввалига банкасини у-буга асқатар деб, асраб қўймоқчи бўлувдим, кейин ташлаб юбордим.
– Афтидан, каллам ҳам яхши ишламаётганга ўхшайди, Ивон.
“Мана энди унинг мендан шубҳалана бошлагани аниқ. У бир нимани сезди, мени кузатаверади”.
Парда ортидаги Ивон телевизорни ёқди. Лу бошини бирмас, икки ёстиқ остига яширди. Автоҳалокатдан бери йигирма соат ўтди. Ақлли инсонга аёнки, изқуварлар “Фиат”нинг рақамини билолган эмаслар. Умуман, “Фиат” эканини аниқлай олишганми? Даргумон. Хўп, борингки, буни билишган, гувоҳлар ҳам бир овоздан шаҳодат берсинлар: “жажжигина оқ рангли “Фиат” эди, ҳа, худди шундай эди”. Аммо ҳали аниқлаш лозим – қайси “Фиат”? Луиза Ориган бу тун ҳеч нимадан хавотир олмайди.
“Менга кераги, – жазм қилди Лу, – сабр ва қаноат. Тонггача бардош беришим зарур. Эртага эса Худо пошшо. Ивон уйда бўлмайди. Мен қўл қовуштириб ўтирмайман-да, банкка бориб, қанча пулим қолганини биламан, механикниям топаман”.
Бир, эҳтимол икки соат ўтиб, Ивон ҳам ётди. Лу “қилт” этгани йўқ. Йигит уни уйғотиб юбормаслик учун секингина сассиз-садосиз тўшакка чўзилди.
Лу диққат билан қулоқ солиб, Ивоннинг бир текис нафас олишини, қотиб ухлашини кутарди. Аммо уйқу Ивоннинг хаёлида ҳам йўқ. Илгарилари боши ёстиққа етиши биланоқ тошдай қотадиган йигитнинг бугун уйқуси қочган. Лу унинг нафас олишига қараб, қандай шубҳалар, қанақа тахминлар миясига ин қурганини аниқлашга уринарди.
“У билиб бўлди, – кўнглидан кечирди Лу, – унинг билишини пайқаганимни ҳам билиб ётибди. У шуни ҳам биладики, мен ўзимни ухлаганга солганман ва унинг уйғоқ эканини ҳам биламан. Аслида Ивон ўзим “ёрилишим”ни кутмоқда. Кўнгли тусаганича кутавермайдими, мен оғзимниям очмайман”.
Лу жиндай енгил тортиш илинжида қаддини ростларкан, кўнгли озиб кетди ва кун бўйи туз тотмагани эсига тушди. “Эй овқат орзуси, даф бўл!” Билъакс, ошқозони қистовга олиб, қорни қулдирашга тушади.
Унинг фикр-ёди пружина эдики, сиқилган ҳолидан аслига қайтди: ўйламасликка ҳарчанд уринса-да, яна ўша хилқатда – оламга достон олтинсоч соҳибжамолда тўхтади. Унинг жисми жонсиз ва пажмурда, бугун башариятнинг диққат марказига айланган марҳума маликани кимлар қуршамаган дейсиз: қондош-жондошлари, шифокорлар, Франция ва Англиянинг расмий доиралари, фотографлар, телерадио мухбирлари, мотамзадалар, бекорхўжалар, текин томоша талабгорлари…
Мажақланган жасадни тонг отаргача “таъмирлаб”, оломонга сўнгги бор кўрсатиш учун обдан “пардозлашган”. Лу бу машъум юмушнинг замонавий технологиялари ҳақида кўп ўқиган ва тасаввур қила олади. Иш устасидан қўрқар эмишки, мурдашунос мутахассислар ўликхонада қилни қирққа ёра олишлари Лунинг кўнглидан ўтди. Улар суяк ва мўгизларни тўғрилагач, керак ўринга қайтадан эт ёпиштирадилар, лахтак териларни омбирда тортиб жойига келтиргач, миттигина игналарда чоклашади. Юзидаги яра-чақаларни шам билан силлиқлайдиларки, алқисса, қиёфа ўзгариб, ё танийсиз, ё танимайсиз. Даҳшат…
Ҳайтовур Ивон уйқуга кетди. Айни муддао: очлик Лунинг жонини азоб­лай бошлаганди. Жиндай бир нима кавшаб олмаса иложи йўқ.
У оёқ учида емакхона томонга ўтди ва музлатгични очди. Қўлига кирган маза-матрасиз қолдиқ гуруч ва бир бўлак пишлоқни зангори нур ҳошиясида тик турганча чайнашга бошлади.
Лу жойига қайтиб, ётишга чоғланаркан, Ивон бир сўз демасдан оғушига тортди. Аёлнинг кўзларидан дувва ёш қуйилди.
– Нима гап? – сўради йигит ва ҳиқиллаётган бечорани юпатишга тутинди. – Хайрият, қорнинг очибдими, демак, тузалганинг шу.
– Ҳа, – бош ирғади Лу…

3. ДАРДИСАР-МАШИНА

– Негадир бугун жуда эрта отланиб қолдинг? – деди Ивон, у курсига ўтириб, кафтлари орасидаги финжондан қаҳва хўпларди, тунги пижамаси ҳамон эгнида.
– Фақат шу бугун холос, – оёқ устида қаҳва ичаётган Лу йўлга тараддудланиб бўлганди. – Ишим ўз вақтида бошланади, аммо унгача Янги кўприкдаги “Конфорамлар”да Анжела билан учрашамиз: олтита тўқима оромкурсини иккита машинага юклаб, ишхона очилгунга қадар оп келишимиз буюрилган. – Лу қўшимча қилди: – Кечқурун вақтим бемалол, соат етти яримда қайтаман.
Ивон унга яна зеҳн солди:
– Рангингда-ранг қолмабди-ку. Тан-жонинг соғми ўзи, бу аҳволингда ишга ярайсанми?
– Албатта. Ўтиб кетди, қутулдим.
Лу сумкасини олиб, қўл силкиркан, ўзига фармон қилди: “Кулиб қўй!”
Пиллапояга қадам босгачгина эркин нафас олди. “Унинг эътибори, ғамхўрлиги, ўқдай нигоҳи… “Пақ” этиб ёрилишимга бир баҳя қолди”.
Лу гаражга кираркан, кўнглида телбаларча умид уйғонди – қанийди машинаси бус-бутун бўлса. Йўқ, кузовнинг “жароҳати” ҳам, дабдала “stop”-чироқ ҳам ўша-ўша, мўъжиза ўрнига яна жаҳаннам намоён. “Фиат”ни гараждан ҳар кунгидай тисариб олиб чиқди ва одатдаги йўлга тўғрилади: аввал Сабль, кейин Марэ кўчасидан, сўнгра Генерал Леклерк авенюси ва Севр кўпригидан ўтиб, Парижга боради.
Мана Марэ кўчаси – бу ерда Ивон кўриб қолишидан хавфсирамайди, у рулни қарши томонга – Версаль сари бурди.
Ўн беш километр юриб, Поршфонтен ва Версаль қасрини ортда қолдиргач, Сен-Сир йўлига ўтди. Осмон булоқ сувидай беғубор. Лунинг эсига тушди: қачонки у дафн маросимига борса, ҳамиша ҳаво очиқ бўлаверади.
У машинасини Сен-Сирнинг марказига, кўҳна ва чиройли иморатлар ёнига қўйди. Лу буларни ибодатхонага ўхшатган кўйи олға интилди. Ўзини шунчалар эркин сезардики, чопқиллашни истаб қолди. Йўқ-йўқ, ўзгаларнинг диққатини тортиш ярамайди: у қадамларини секинлатди.
Лу йигирма метрча юриб, Париж миллий банкининг филиалига кўзи тушди, банкомати ҳам бор экан. Кредиткасини олиб, омадини синаб кўрди: пул машинаси минг франк ҳақидаги талабини рад этди. Энди уч юз сўрайди: банкомат буни маъқул топди. “Сираям ақлим етмайди, бу нарса рухсат этилган энг катта миқдорни қандай аниқлайди? Ҳалироққа тағин бир уриниб кўраман”.
Биров изига тушган эмас чоғи. “Бу табиий ҳол-ку. Мени таъқиб этиш кимгаям зарил келсин”. Бироқ таъқиб кимга зарурлигини Лу ўзи яхши биларди. Жан-Жорес кўчасидаги оломон оралаб бораркан, Лу Ивонни учратиб қолишдан қўрқаётганди.
Ўткинчиларнинг афт-ангорига шунчалар жавдирардики, ҳеч қачон бунчалар кўпчиликни учратмаганга ўхшарди. Шу топда улар билан ўзининг ўртасида тубсиз жар ётгандай туюлиб, кетди. Кўнглига нохуш бир гап келди: дардинг бедаво саратон бўлса-ю, бунга ўзингдан бўлак ҳеч ким парво қилмаса, ана ўшанда ўзгаларга шундай қарасанг керак.
Лу харид қилган егулигини тишлаб-тишлаб, иштаҳа билан еяркан, телефон маълумотномасидан олтита устахонанинг тайинини топди. Муайян русумдаги машиналарга ихтисослашмаган ягона таъмирхона – “Барча русумдаги автомобилларни тузатиш павильони” – энг олисда экан.
Сен-Сирдан чиқаверишда, шарқий темирйўл устидаги бу эски устахонада хизмат кенг кўламли бўлиб, цемент полига минг хил бўёқ чапланиб ётарди. Хира тортган ойналари ёруғ ўтказмайди, зал тўридаги қоғоз уюлиб кетган хона идора вазифасини бажарса керак.
Дафъатан бу ерда ҳеч ким йўқдай бўлса-да, Лу ичкарига қадам қўйгандаёқ олтмиш ёшлардаги чорпаҳил одам ортидан кириб келди.
– Хўш, нима хизмат? – талаффузига қараганда у ё рус, ё хорват эди.
– Икки жойини тузатадиган, унчалик жиддий эмас. Ўзингиз бир кўрасизми?
Лу “Фиат” ёнига етакларкан, бир дақиқа ўтар-ўтмас ёғиладиган саволларни ўйлаб, музлаб борарди.
– Бу кор-ҳол шу кеча рўй берди, – изоҳлади у. – Машинани кўчамдаги бехавотир жойда қолдирувдим, мана оқибатни кўриб турибсиз. Хайр-маъзурни насия қилиб қочворишибди.
– Бундан баттарларини ҳам кўрганман, – деди ҳалиги киши, Лунинг тусмоллашича, у устабошига ўхшарди.
– Ишонаман, албатта, – ошиқиб маъқуллади у.
– Бўпти-да, – деди рус-хорват, – чоршанбага қўлдан чиқади.
Лу жавобдан қониқмаганини яширолмади:
– Бугун-чи, сираям иложи йўқми?
– Кўнглингиздагидай бўлмайди. Орқадаги фонарь масаласи оппа-осон, Маньидаги эски эҳтиёт қисмлар дўконидан бугуноқ топамиз. Сизга чироқ яп-янги бўлиши шарт эмасдир, тўғрими?
– Албатта, – ошиқди Лу. – Қанча арзон бўлса, шунчалик яхши.
– “Stop”ни оқшомга қадар алмаштириб қўяман, – давом этди устабоши. – Аммо бўёқ масаласи икки кунни олади, агар, икки сидра суртилсин ва аслидай бўлсин десангиз, гап шу.
– Бироқ мен ишга қатнашим учун машина керак бўларди-да.
– Бу масалада муаммо йўқ, хоним, “Фиат”ингиз битгунча, бошқасини бериб туришим мумкин. Бироқ у “Мерседес” эмас-да…
“Мерседес”ни эшитибоқ Лунинг юзига қон тепди. Мезбон ихчамгина “Рено”ни кўрсатди. Мовий-бўзранг машина гижинглаб турарди.
– Ишхонангиз олис эмасми?
– Йўқ, – бош чайқади Лу, бўлак улов дарҳол қўлига кирганидан терисига сиғмай қолганди.
– “Фиат”ни эртага кечки пайт олишингиз ҳам мумкин.
– Майли, чоршанба куни барвақтроқ кела қоларман, – деди Лу ва ўз “сценарийси” бўйича юз карра “репетиция”дан ўтган ясама андишани актёрларча умидсизлик билан такрорлади: – Эсим қурсин! Шу десангиз, ҳозиргина хаёлимга келди… Техпаспортни олмаганга ўхшайман-да.
– Ҳечқиси йўқ, хоним. Дарвоқе, “Рено”нинг бардачогиниям қараб қўярканмиз, ишқилиб, унинг техпаспорти жойидамикан? Юринг-чи, фамилиянгизни, телефонингизни ёзиб олайин.
Идорага киришгач, Лу дугонаси Анжеланинг рақамини айтди ва қўшиб қўйди:
– Бу мен ишлайдиган ресторан, уйимга қараганда ўша ердан топилишим осонроқ.
– Исмингиз, фамилиянгиз? – сўради устабоши.
– Луиза Леруа, – Лу кечқурун танлаб-танлаб, ана шу фамилияда тўхтаган. – Луизани сўрайверасиз, у ерда менинг бўлак адашим йўқ.

* * *

У машинани учириб, устахонадан тобора олислаб боради. Шу топда ҳамма ҳузур ҳаворанг “Рено” рулидаги мадемуазель “Леруа”ники: ахир, елкасидан зилдай тоғ ағдарилган, буни жисму жонинг билан ҳис этишнинг роҳатига не етсин! Сўнгги бир кечаю бир кундуз мобайнида илк бор яйраб нафас олди.
Лу ўн дақиқа чамаси юргач, рулни Поршфонтен томонга бурди ва тўхтади, асосий йўл ёқасидаги хиёбонлардан бирида хотиржам ўтириб, ақлини обдан пешлаб олмоқчи эди. Аслида ишига бораверса ҳам бўларди. Аммо у ўтган тунда қандай қарорга келган эса, шундай қилишни маъқул кўрди: автоҳалокат тўғрисида ўсмоқчилайдики, дардисар-машина ҳақидаги миш-мишларга қулоқ тутади, башарти, қочиб кетишига зарурат туғилса, унга ҳам шайланиб туради.
Лу машинадан тушиб, у ёқ-бу ёққа қаради ва истаганини топди: телефон йўл ёқасида экан, дарров рестораннинг рақамини терди.
– Анжела, ўзингми? – Лу овозига носоғлом оҳанг берди. – Дугонажон, мазам йўқ. Билолмадим, нимадир менга хил келмади… Йўқ, сенинг рес­торанингда эмас. Бу кўргилик уйимда бўлгандир… кечаги тухум-дўлма ёқмадимикан деб…
Энди навбат газеталарга. Бу холи хиёбон Луга маъқул келди, ўзини дўппидай уйидагидан кўра хушҳол ва эркин сезаётганди. Анави “оқсоқол”, аммо шинамгина “Рено”га ўтириб олади-да, газета ўқийди, ҳеч ким кўрмайди ҳам.
Автоҳалокатга “Либерасьон” – ўн бет, “Фигаро” – тўрт саҳифа бағишлабди.
Лу “Либерасьон”дан бошлади. Аввалига барча варақларга ошиғич кўз ташлаб чиқди: қани, дардисар-машина хусусида тишга босгудай гап борми? Мавзунинг етакчи “шапка”си шундай овоза қиларди: “Lady Dies”. У ўн саҳифанинг барига бирма-бир назар солди, аммо на “дардисар-машина” ва на “эллик километр тезликда бораётган автомобиль” тилга олинган эмас. “Қип-қизил жинниман-да”. У энди газетанинг ҳар бир устунини синчиклаб кўздан кечирдики, яна ҳеч нарса тополмади. “Либерасьон”ни умбалоқ ошган “Мерседес”мас, айни фожиада иштирок этувчи шахслар – малика, қиролича хонадони, фотомухбирлар, докторлар – жуда қаттиқ қизиқтириб қолибди.
Автоҳалокат ҳақидаги хабарлар иккинчи саҳифадан жой олганди. Лу ҳамма устунларни аввалидан охирги нуқтасига қадар ўқиб чиқди, бирорта сўзни қолдиргани йўқ. Қуйироқда Альмадаги машъум хотиманинг чизма-тасвири илова қилиниб, ўртада қоп-қора хоч ва икки томонга йўналган кўрсатгич-стрелка. Расм остидаги чорбурчак ичида қуйидаги (тахминий) хулоса баён этилганди: “Мерседес” яшин тезлигида ҳаракатланмоқда. Йўл нишаб, аввал чапга, сўнг салгина ўнгга қайрилади, ўттизга яқин тўрт қатор цемент устун қатновни икки тарафга ажратиб туради. “Мерседес” ўша тезликда ўн учинчи устунга урилган ва тилка-пора бўлиб, тоннелнинг ўртасига думалаб тушган”.
Лу барини ўқиди… У кўзларига ишонмасди. Муаллиф тоннелга имиллаб кираётган ва “Мерседес”нинг йўлига монелик қилган машинани ҳам, икки ўртадаги тўқнашув ва орқадаги фонар майдаланиб кетганини ҳам буткул қаламга олмабди. Фақат ғарибона ва дудмол сатрлар: “Воқеа жойида ўндан зиёд одам ҳозир бўлиб, улар орасида Ди хоним ўтирган автомобилдан олдинда бораётган машиналардаги йўловчилар ҳам бор эди”.
Газетанинг кейинги бетида фотомухбирлар, малика ва шаҳзода, ворислар, қиролича, жудолик боис умумхалқ мотами ҳақида ёзилиб, “автоҳалокат устида олган суратлари миллион-миллион долларга баҳоланаётган папараццилар” ҳам туртиб ўтилганди.
Дардисар-машина тўғрисида яна жимжитлик.
Лу “Фигаро”ни қўлига олди. Автоҳалокат фожиаси газетанинг сўнгги саҳифасида муфассал шарҳланганди. Йирик ўлчамдаги суратларнинг бирида – “Мерседес”нинг дабдала сиёқи, иккинчисида – маликанинг тобути фахрий соқчилар сафи оралаб эзгин бормоқда. Авария тафсилотлари қарийб “Либерасьон”дагининг такрори: “Тоннель марказида автомобиль бошқарувни йўқотди ва қарама-қарши йўналишларни ажратиб турувчи устунларнинг ўн учинчисига урилди. Зарб шунчалар шиддатли эдики, “Мерседес” тўнтарилиб, ўнгдаги деворга сапчиди ва сирпаниб бориб, тоннелнинг ўртасида тўхтади. Гудок кабелининг қисқа туташувидан сигнал чалинганича қолиб, хавфсизлик болишлари ишлаган эди”.
“Фигаро” ҳам шошилмай юрган машина хусусида сукут сақларди.
“Эҳтимол, – Лу умидворлик билан тахмин қилди, – ашёвий далиллар ва гувоҳлар йўқлиги туфайли ўша ҳалокат омилларидан саналувчи тошбақа-машинани қидирмай қўйишгандир”.
Бироқ фожиадан кейинги илк тонгдаёқ дардисар-машина ҳақида эълон қилинганди-ку. Демак, исбот топилмаса-да, барибир гувоҳлар бўлган.
“Рено”нинг радиоси йўқ эди. Лу Вирофле тарафга ўтди. Ўн бирга яқинлашиб қолган бўлса, “Монд” сотувга чиққунча орадаги уч-тўрт соатни уйда ўтказиб, радио эшитади.
Ўзи яшайдиган қаватга кўтарилгач, тағин оёғи лақиллай бошлади. Сабаби ўзига аёнки, Ивон уйда бўлиб, ёлғони фош бўлишидан қўрқаётганди.
Аммо уйда ҳеч ким йўқ экан. Бўм-бўш бўлса-да, бари бетартиб: нонушта дастурхони йиғилмаганди, финжонлар қўл ювгичда, тўшак ёзилганча қолганди, демак, йигит буларнинг барини чорак дақиқада басар қилган.
“Ногаҳон у қайтиб келса-чи?” Тўсатдан эшикни очиб, саволга тутса-я: “Пастдаги “Рено” кимники?” Лунинг қўрқадиган жойи йўқ, жўяли сабаб (“монолог”) тайёр: “Янгикўприкда оромкурсиларни олиб бўлувдик ҳамки…” деб бошлайди-да, барини дадил-дадил “тахлаб”, охирида “томи кетган”нинг йўлни кесиб ўтиши ва ўнг қанотни алмаштиришга мажбур бўлгани билан якунлайди…
У қўлида “Либерасьон” ва “Фигаро” борлигини қўққисдан эслагач, хайҳотдай диванга таппа ўтириб қолди. Рўпарасида телевизор ўшшайиб турибди, итга – тор, мушукка – кенг каталакда унинг сиёқи сўлоқмондай туюлиб кетди. Уни ёқишга аёлнинг юраги бетламасди. Лу шунисидан ҳадиксирардики, сенсация намойиш этиб қолишади. Уни ҳаваскор суратга олган ва тўппа-тўғри Биринчи каналга қўшқўллаб топширган. Бу шов-шувни шарҳлаётган сухандон ҳам ўқтин-ўқтин ҳансираб олади: “Экранга диққат билан қаранг, кичкина, оқ рангли “Фиат”ни кўздан қочирманг, ана у, кўрдингизми? Ҳеч нарса бўлмагандай кетиб бормоқда. Ўзингиз аниқ кўриб турибсизки, фожиа унинг шундоққина кўз олдида содир бўлди, ҳайдовчи эса тормоз бериш қаёқда, аксинча, газни босди, босаверди”.
“Ваҳимани бас қил, Лу. Ким кечаси суратга олади? Устига-устак тоннелда ёруғлик танқис-ку”.
Лу газеталарни диванга ташлаб, ваннахонадаги радио сари йўл олди. Унинг овозини шунчалар пастлатдики, калит эшик қулфида ярим айлансаёқ эшитарди. Транзисторни қулоғига босганча ётоғига қайтиб, жойига чўзилди.
У “Франс-Инфо” тўлқинини бир соатча эшитиб ётди. Автоҳалокат ҳақида икки оғиз гап бўлди холос, зотан, энди у янгилик эмасди. Эшиттириш асосан “Франс-Инфо”нинг Лондондаги махсус мухбири йўллаган репортаждан иборат. Бир кун аввал Диана ётган тобут Лондонга олиб борилган. Гулдаста ва гулчамбар тутган минг-минг англияликлар Букингем ва Кенсингтон қасри пойига тўпланишибди. Шаҳзода Чарльз Балморал қасрига қайтган. Якшанба куни кечки пайт Додий дафн этилган, мусулмонлар унга Лондоннинг бош жомеъ масжидида жаноза ўқишди. Бугуннинг – душанбанинг етакчи муҳокамаси расмчиларнинг фожиада айбдорлиги эди. Жамоатчиликнинг нуқтаи назари ягона – ҳамма сариқ матбуотни қатъий қораламоқда. Диананинг акаси эса синглисининг қотили айнан фотографлар эканини комил ишонч билан таъкидлаган. Тунги фожиа чоғи ушланган етти нафар сураткаш ҳамон муваққат ҳибсхонада сақланмоқда, уларнинг кейинги тақдири тергов натижасига боғлиқ…
Лу радиони ўчирди. Унинг кўзлари юмилиб борарди: бу уйқу истагиданмас, фожиани жиндайгина бўлса ҳам унутиш учун жон-жаҳди билан интилишидан эди. Ётоғидаги соатнинг қўнғироғини уч-у ўн беш дақиқага тўғрилаб, ечинмай узала тушди…
Соат жиринглади. Ўзига қолса, Лу атиги беш дақиқа ухлаганди. Демак, боши ёстиққа тегар-тегмас кўзи юмилган экан-да. Эсига тушди – “Монд”. Энди “Монд”ни ўқийди.
У газетани Вирофледанмас, қайсидир бўлак жойдан олишга аҳд қилди. Бўзчининг мокисидай бориб-келавериш жонига тега бошлаганди. Ҳар қадамингда хавфсираб аланглайверсанг, меъдангга урадики, сени пайқаб қолишганми-йўқми, юрган-турганинг камера кузатувида эмасмикан?..
Лу “Рено”га ўтириб, беш дақиқада Шавилга етиб борди. Иштаҳаси бўлмаса-да, икки-учта озиқ-овқат дўконига ва матбуот шохобчасига назари тушиб, Салангро кўчасида тўхтади. Барибир тамадди қилиб олиши керак. Негаки, кечқурун тўйгунча овқатланмайди, ахир, Ивоннинг наздида ҳали соппа-соғ эмас ва буни унутмаслиги лозим.
Пишган гўшт дўконидан киш лоррен ва олма сотиб олди. Пирогнинг суви қочаёзганди, Лу уни бир амаллаб егач, олмани қолдириб, “Монд” сари йўл олди.
Тонгги газеталарнинг мухбирларидан кўра “Монд”нинг репортёрларида вақт бемалол экан, улар кенгроқ ва мукаммалроқ ёзишибди. Газетфуруш қайтимини узатгунчаёқ Лу “Монд”га бир сидра қараб улгурди: “Малика Уэльскаянинг мудҳиш ўлими. Вазият. Дунё қандай муносабатда? Фотомухбирларнинг жавобгарлиги бўйича мулоҳазалар”.
Бир хилдаги бу гаплар Лунинг ҳиқилдоғига келгандики, газетани улоқтиришига сал қолди. Бироқ у дарҳол ўзини босди ва машинага ўтириб, автоҳалокат мавзусидаги олти бетнинг барини ўқиб чиқди. Сарлавҳаларга тез-тез назар солди: “Афсонавий никоҳ оқшоми”, “Букингем қасрини ларзага солган янгилик”, “Ўн миллион франкка тушган бўса”… У автоҳалокат тўла шарҳланган иккинчи саҳифага қайтди. “Қувлашмачоқ… Ярим тундан салгина оғувди… Алдамчи манёвр… Ҳийланиннг ҳидини олишганди…” Лу бошдан-оёқ ёд бўлиб кетган фильмни такроран томоша қилаётгандай сезарди ўзини. Вандом ва Бирдамлик майдони, Сена соҳили бўйлаб… “Соҳил” сатрига етгач, у мутолаани секинлаштириб, ҳар бир сўзга зеҳн сола бошлади. “Ўқдай учаётган машина бир километр юргач, Альма тоннелининг бўсағасига етди. Унинг йўлига ғов бўлган бошқа автомобиль Жорж Помпиду трассасидаги ушбу масофада чекланган тезлик (соатига 50 километр) қоидасига биноан ҳаракатланарди. Ана шу машинани четлаб ўтишга уринган “Мерседес” ҳайдовчиси бошқаришни уддалай олмаган”.
“Чак” этди: Лу манглайидан газетага тушиб, қоғоз юзига ёйилган тер томчисини кўриб турарди. Бу гап аниқ-тиниқ ёзилган, саҳифанинг қоқ ўртасида турибди: имиллаган ўша машина ҳалокатга сабабчи! Лу яна хатбошига қайтиб, такрор ва такрор ўқиди. “Монд” гапнинг индаллосини айтиб қўйганди: дардисар-машина асосий омил!
У бошини ўриндиқнинг суянчиғига ташлаб, зўр-базўр чуқур нафас олди. Ҳали ҳам ғишт қолипдан кўчганича йўқ. Газета радионинг бир кун бурунги хабарини такрорлаяпти холос. “Бошқа автомобиль” ва “ана шу машина” дегани мавҳум гаплар холос-ку. Яна бир кун охирламоқда, демак, рулдаги шахс тағин бир кун ютади.
Ие, арғамчини узун ташлаб турган бўлсалар-чи? Машинанинг русумини эртага газетада босишлари ёки бугун оқшомдаёқ радиодан айтишлари ҳам мумкин. Лу чоршанбада “Фиат”ни олгани боришини эслаб, устабошининг сирли нигоҳини тасаввур қилди: “Мана, заводдан яп-янги чиққандай қилиб қўйдик. Менимча, узукка кўздай ярашди. Бир-икки қараган полициячи ҳам ҳеч нимани пайқолмайди”.
Ёки ундан ҳам баттар бўлса-чи? “Ҳа-ҳа, оқ “Фиат”ми? Ҳозир, бир дақиқада оп келамиз”. Машина қаёқда – сенга иккита полициячини рўпара қилишади.
Фотографлар тўдасига йўлиқсанг, ундан ҳам баттар.
Лу “Рено”га ўт бериб, кўзлаган манзили бўлмаса-да, Шавиль бўйлаб бир мунча йўл босди. Дарахтларни, ўрмон ёқасини кўриб, Мэдонга етганини тусмоллади ва чеккага тўхтаб, ўриндиқда тин олди.
У Вирофлега қайтган маҳали соат бешдан ўтганди. Одатига кўра “қўли қичиди”, яъни уйни саранжомлашга киришди. Ивон масаласи Лунинг юрагини ўйнатаверардики, асосан унинг изини қириб ташлашга жаҳд қилди. Астойдил фикрини жамлаб, аварияга дахлдор ҳеч нарсани эсламасликка уринган ҳолда супуриб-сидираверди. Аммо бу азми ўн сониягина кор келди-ю, кўз олдида яна мажақланиб битган бир уюм темир, пажмурда қурбонлар ва суратга олгани қулай жой талашиб, бири-бирини туртаётган, машина эшикларини тортқилаётган фотографларнинг қиёфаси намоён бўлди. Алалоқибат унинг асаблари дош бергани йўқ, ошхонани тозаларкан, радиони ёқиб, йигирма дақиқача қулоқ солди. Сўнгги ахборотнинг иккита лавҳасида муҳим янгилик йўқ. Ҳа, янгилик деса бўлгудай гап шу эдики, диктор Ди хоним дафн этиладиган кунни эълон қилди. Видолашув маросими олтинчи сентябрь – шанба куни Вестминстер аббатлигида ўтади. Камида бир миллион кишининг иштироки кутилмоқда. Дунёнинг барча телеканаллари бу шов-шувни трансляция қилиш учун музокараларга ошиқади.
Лу қўлларини артиб, деразага кўз тикди, унинг хаёл қуши шунчалар шиддатли парвозда эдики, шу топда ҳеч нимани кўрмасди. У йўлак деворидаги жавонни очиб, эскирган сафар сумкасини олди ва тун ярмида йўлга отланган кишига нелар лозим бўлса, ўшаларни жойлади. Улар унчалик кўп ҳам эмас: футболка, икки жуфт труси, жинси, пардозқути ва соч қуритгич. Пардозқутига икки юз франкни аввал қўйганди, кейин қўлига олди. Ахир, сумкачасини қолдириб кетмайди-ку, ўшанга солаверади пулини. Дарвоқе, Англия қироличаси кўз олдига келди: ўрта ёшлилар сумкасини ҳеч қўлидан қўймайди, гўё ип-нина билан билагига чатиб қўйилган. Зоти олияларига бундай юриш нечун зарур келганига Лунинг ҳеч ақли бовар қилмасди. Ўзининг сумкачаси эса осиб юришга мос, уйдан чиқишда доимо елкасига илиб оларди.
У сафарга шайлаган йўл сумкасини шкафнинг тўрига, анча-мунча лаш-лушлар ортига яшириб, эшигини зичлаб ёпди.
Одатдагидай соат етти яримда қайтган Ивон суриштирувни худди Лу кутган савол билан бошлади:
– Пастдаги “Рено” кимники?
Лу “сценарий” бўйича “монолог” ижросига киришди: ишга боргач, ўқчиди ва қайтар чоғи қандайдир “томи кетган”га йўлиқди, қанотини янгиламаса бўлмасди ва ҳоказо.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/12/11/%d0%bb%d0%be%d1%80%d0%b0%d0%bd%d1%81-%d0%ba%d0%be%d1%81%d1%81%d0%b5-1950-%d0%b9%d0%b8%d0%bb%d0%b4%d0%b0-%d1%82%d1%83%d2%93%d0%b8%d0%bb%d0%b3%d0%b0%d0%bd-31-%d0%b0%d0%b2%d0%b3%d1%83%d1%81%d1%82/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x