Ларингит

Ларингит – томоқ, аниқроғи, ҳиқилдоқ яллиғланиши бўлиб, у болаларда тез-тез йўталиш ва тана ҳароратининг кўтарилиши билан ўткир кечади. Бир ёшдан етти ёшгача бўлган боланинг нозик организми уни ўраб турган муҳитдаги вируслар билан доим ҳам кураша олмайди. Шу сабабли улар ларингит каби шамоллаш касалликларига тез-тез чалинадилар.

Ларингитда бурун-томоқ соҳасига тушган вирус секин-аста бола ҳалқумига ёйилиб, ўша ерда ривожланади, беморнинг овози бўғилиб чиқа бошлайди. Овоз ўзгариши асосан томоқнинг яллиғланиши, овоз бурмаларининг шишиши туфайли содир бўлади. Баъзан овоз бурмалари остидаги бириктирувчи тўқималарининг тўсатдан шишиши натижасида нафас бўғилиб қолиши ҳам мумкин. Агарда нафас олиш шовқинли бўла бошласа, зудлик билан “тез ёрдам” чақиртиринг. Ларингит асосан куз ва қиш ойларида, баъзида ёзда ҳам кузатилади. Кўпинча болалар яхна ичимликларни, музқаймоқни яхши кўриб истеъмол қилишади. Натижада нафас йўли шамоллаб, ларингит келиб чиқади. Ларингит гоҳида овознинг зўриқиши (масалан, ўта қаттиқ товушда сўзлашиш) оқибатида пайдо бўлади. Аксарият ҳолларда бу касалликни турли вируслар, айрим бактериялар, замбуруғлар ва ҳатто чанг ҳам (агар у кўп миқдорда бўлса) вужудга келтириши мумкин.

Касалликнинг ўткир ва сурункали турлари мавжуд. Организмнинг қарши курашиш қобилияти пасайиб, кучли совуққотиш, хонада чанг кўтарилиши, иссиқ ва қуруқ ҳаво, овознинг ҳаддан зиёд зўриқиши, бурундан нафас олишнинг бузилиши ўткир ларингитнинг асосий сабабларидир. Сурункали ларингитнинг ривожланишига одатда доим такрорланадиган ва охиригача даволанмаган ўткир касалликлар, респиратор яллиғланиш жараёнлари, шу билан бирга аллергик жараёнлар сабаб бўлади.

Аввалига боланинг бурни оқади, секин-аста қуруқ йўтал безовта қилади. Бироз вақтдан сўнг эса боланинг овози ўзгара бошлайди. Нафас олиши тезлашиб, қийинлашади. Айниқса, касалликнинг бундай белгилари болани эрталаб ва кечқурунлари безовта қилади. Тана ҳарорати жуда баланд бўлмайди, камдан-кам ҳолларда кўтарилади. Чунки бола кундуз куни бемалол ўйнаб, жисмоний ҳаракатда бўлади. Кечқурун уйқуга кетганда эса вагус деб аталувчи вегетатив тизим тонуси ошиши туфайли касалликнинг асорат бериш хавфи ошиб боради. Натижада беморда бўғилиш ҳолати юзага келади.

Томоқ шиши тезроқ тузалиб кетиши ва овознинг аслига қайтиши учун бемор томонидан риоя қилиниши лозим бўлган тартибни қўллаш, яъни овозни зўриқтирмаслик, иложи бўлса умуман гапирмаслик ёки ҳеч бўлмаганда пичирлаб гапириш лозим. Бундан ташқари танани иссиқ тутиш ва жисмоний зўриқишдан сақланиш керак. Давони фақат шифокор белгилайди. Асло ўзингизча иш тутиб, болага дори берманг.

Касалликнинг ўткир даврида овоз бурмаларидаги шишлар қайтишида ингаляциялар ҳам яхши ёрдам беради. Лекин ингаляция қилинадиган буғ қайноқ бўлмаслиги лозим. Эндиликда кенг тарқалган замонавий небулайзер ёки ультратовушли ингаляторлардан фойдаланиш мумкин. Унутмангки, ларингитда бўйин соҳасига турли иситувчи компресслар қўйиш мумкин эмас.

Болага кўп суюқлик ичириш, касалликнинг ўткир даврида кузатиладиган интоксикация (заҳарланиш ) аломатларини камайтиради, иситмани туширади. Илиқ сут, малинали ёки лимонли чой, турли хил мевали компотлар (илиқ холда) ва минерал сувлар ичиринг. Боланинг ўйнайдиган, ухлайдиган жойи доимо тоза бўлиши лозим.

Салқин тушиши билан болани иссиқроқ кийинтириш керак. Лекин жуда иссиқ кийинтирилса ҳаракатдаги бола терлайди, бу эса тананинг кескин совушига олиб келади. Айнан шу ҳолат шамоллашга сабаб бўлади. Совуқ нарсалар истеъмол қилишига йўл қўйманг. Айниқса, музлатгичдан олинган маҳсулотларни имкон қадар иситиб беринг. Ширинликларни, шунингдек ёнғоқ, ерёнғоқ ва турли ичимликлар (фанта, кола, спрайт сингарилар) ни меъёрида, яъни парҳезга амал қилган ҳолда болага берилса мақсадга мувофиқ бўлади.

Улуғбек ЭРГАШЕВ,
ЛОР шифокори, тиббиёт фанлари номзоди.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x